Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:44

Шерзод Қудратхўжаев: "Иди в свою Россию", деган гап луғатимда йўқ (ВИДЕО)


Шерзод Қудратхўжаев

"Иди в Россию" деган гап сўз луғатимда йўқ. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб бошлиғи Шерзод Қудратхўжаев ўзи ва русийзабон аёл ўртасида бўлиб ўтган даҳанаки жанжални изоҳлар экан, шундай баёнот берди.

Ўтган ҳафта сўнгида Facobookда тарқалган видеотасвирда акс этган мазкур жанжал ўзбекистонлик юзерлар ўртасида қизғин ва эҳтиросли баҳсларни келтириб чиқарди.

Шерзод Қудратхўжаев ҳодисани "ахборот ҳужуми" деб атади ва айни ҳодисани дарс пайтида ўз талабалари билан бирга кўриб чиқишга ваъда берди.

"Давлат тилида гапиринг"

Facebookда тарқалган видеода ўрта ёшдаги русийзабон аёл билан Шерзод Қудратхўжаев ўртасидаги жанжалнинг, унинг айтишича, бир қисми тасвирланган.

Видео афтидан олдинроқ бошланган даҳанаки тортишувнинг қуйидаги нуқтасидан ёзиб олинган:

Аёл (рус тилида): Бу менинг ватаним, мен бу ерда туғилганман. Тушунасизми?"

Қудратхўжаев (рус тилида): Ўзбек тилида гапиринг. Тушундингизми? Ва бизга бошқа тилда гапиришни ўргатманг....

Аёл ( рус тилида) Мен айтаётганим йўқ. Мен сиздан, шунчаки, рус тилида гапиринг, деб сўрадим.

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Уятсиз! Башаранг қурсин сани!

Шу жойда тортишувга ҳарбий либосдаги эркак киши аралашади ва аёлга қараб рус тилида: "Гражданка, тинчланинг," дейди.

Аёл ҳарбийга қараб (рус тилида): У ҳозир мени... Эшитмадингизми, у миллий масалани кўтарди!

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Ўзбекнинг нонини, ўзбекнинг нонини 70 йилдан бери ейди.

Аёл (рус тилида): У менга "Ўзингни Россиянга жўна", деб айтди.

Ҳарбий киши (рус тилида): У бу гапни айтгани йўқ.

Аёл Қудратхўжаевга қараб (рус тилида): Сиз мен ўзимни мамлакатимдаман, деб айтдингиз. Мен ҳам "мен ҳам ўз мамлакатимдаман," дедим.

Қудратхўжаев (рус тилида): Ҳа нима?! Яшаяпсанми, ўзбек тилида гапир!

Аёл (рус тилида): Биринчидан, сизлаб гапиринг. Биринчидан, сизлаб гапиринг!

Қудратхўжаев (рус тилида): 40 йил, қанча йилдан бери, 60 йилдан бери ўзбек нонини ейсан!

Аёл (рус тилида): Биринчидан, сизлаб гапиринг.

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Уят! Уят! Уят!!

Аёл (рус тилида): Менинг ота-онам бу ерда туғилган!

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Уят! Уят!! (рус тилида) Унда ўзбек тилида гапир!

Аёл (рус тилида): Менинг бувим шу ерда туғилган, менинг онам шу ерда туғилган!

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Уят!

Бошқа аёл тортишувга қўшилади ва Қудратхўжаевга қараб ўзбек тилида:

Журналист ўртоқ, (рус тилида) Уят! Уят!!

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Уят! Сизга уят!!

Иккинчи аёл (рус тилида): Эшитаяпсизми, уят!

Қудратхўжаев (ўзбек тилида): Ҳой, мен ўзбек тилида гапиряпман!

Биринчи аёл (рус тилида): Нима мен ўз мамлакатимда яшамаяпманми?

Қудратхўжаев (иккинчи аёлга қараб, ўзбек тилида): Сиз уятсиз! Ҳе, уятсизлар!!

Иккинчи аёл (рус тилида): Сиз биринчи навбатда! (Ўзбек тилида) Биринчи бўлиб, сизга уят!

Биринчи аёл (рус тилида): У менга "Ўзингни Россиянгга кет," деди.

Иккинчи аёл (рус тилида): Хуллас, Россия элчихонасига мурожаат қилиш керак!

Ҳарбий киши (рус тилида): У бу гапни айтгани йўқ.

Иккинчи аёл (рус тилида): Қўйсангизчи! Қўйсангизчи! Сиз менга ҳозир ёлғон гапираяпсиз!

"Ахборот ҳужуми"

Фейсбукдаги саҳифаси орқали рус тилида видеомурожаат билан чиққан Шерзод Қудратхўжаев ҳодисани "ахборот ҳужуми" деб баҳолади:

- Бу ҳодиса 40 кунча олдин юз берди. Ҳаво чидаб бўлмас даражада иссиқ эди ва университет ўнгида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Асфальт олиб ташланганди. Бир неча аёл ҳокимият вакиллари билан жанжаллашаётган эди. Буни кўриб, мен уларга яқинлашдим ва, аёллар тарафини олиб, ишчиларга нотўғри иш қилганликларини тушунтира бошладим. Шу пайт аёллардан бири ёнимга югуриб келди ва қўлини юзимга яқин келтириб, баланд овозда рус тилида гапиришимни талаб қила бошлади, – дея таъкидлади Қудратхўжаев.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ректори "Ўз Россиянга кет", деган гапни айтмаганини, бундай гап унинг луғатида умуман йўқлигини билдирди.

Аммо, Шерзод Қудратхўжаев аёл уни қўпол гапиришга мажбурлаганини ва унинг иғвосига учганини айтди.

Қудратхўжаев бундай қилиши керак эмаслигини тан олди.

Унинг илова қилишича, Facebookдаги баъзи гуруҳларнинг бу даҳанаки жанжалнинг деярли 40 кун ўтиб тарқатишдан мақсад "ўз рейтингини кўтариш"дир:

- Ўзбекистонга холис журналистлар керак. Бундай шов-шув ҳисобига ўз рейтингини кўтариш ва янги аъзоларни кўпайтиришни кўзлаган троллардир. Мен ҳукм чиқармоқчи эмасман. Худонинг ўзи ҳаммамизга ҳакамлик қилади, – дея ўз баёнотига нуқта қўйди Қудратхўжаев.

Қонун нима дейди?

Ўзбекистонда 1989 йил октябрида қабул қилинган қонунга кўра, ўзбек тили давлат тили мақомига эга.

Аммо, ушбу қонуннинг иккинчи моддасига кўра, "ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди".

Айни қонуннинг 4-моддасида эса Ўзбекистонда яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларни "ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади".

Қонуннинг 24-моддасида "давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланган"и таъкидланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42- моддасида мамлакатда яшовчи "бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик - энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади," дейилган.

"Миллий адоват"ми ёки "адолат"?

Таниқли журналист ва аёл ўртасидаги тортишув ўтган ҳафта сўнгида Facobook фойдаланувчилари ўртасида қизғин ва эҳтиросли баҳсларни келтириб чиқарди.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Мурат Сарсенов, ўз таъбирида, "мамлакатдаги бош журналист" Қудратхўжаевни миллатларо адоват қўзғатишда айблаган.

"Ўзбекистонда ҳар бир ўзбек тилида гапирувчи шахс ўзини шундай тутишини тасаввур қилайлик. Менда бир савол бор: Қудратхўжаев ва ИИБнинг конститутцияга баланд қўрғондан туриб тупуриб қўйгани тушунарли. Аммо, наҳотки, бундай қилиш мумкин деганини англатса? Халқ, бу миллатлараро адоват қўзғатишдир," деб ёзади Мурат Сарсенов.

Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ишонишича, Шерзод Қудратхўжаевнинг русийзабон аёлдан ўзбек тилида гапиришни талаб қилгани “тўппа-тўғри”дир.

"Ҳар қандай Ўзбекистонда яшаётган хорижлик, ўзбек тилини ярим-бир йилда ўрганади. Лекин иккинчи-учинчи авлод яшаётган русийзабонлар, ўзбек тилини ўрганмайди. Сабаби - империалистик психология: "мен сени тилингни ўрганмайман, нолойиқсан! Сен мени тилимни ўрганасан ва мени тилимда гапирасан!", дея хулоса билдиради Камолиддин Раббимов.

Жамиятшунос Рафаел Сатторов эса Шерзод Қудратхўжаевнинг ўзидан катта ёшдаги аёлга қилган муносабатидан таажжубга тушганини яширмайди.

"Инсон катта ёшдаги одамлар билан қўпол оҳангда калондимоғлик билан гаплашаяпти. Ўзини олқиндига ўхшаб тутаяпти, бошқалар эса унда ўзбек тили ҳимоячисини кўрмоқда. Товба!"

Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг ишонишича, бўлиб ўтган жанжалда "Қудратхўжаев ҳақ"

"Ўзбекча гапир десанг, "Россиямга кет демоқчимисан?" дейди ҳозир. Яна шу юрт маники деб ҳам қўйишади. Ўзи определиться қилишсин қайси юртни одами эканлигини аввал унақалар.Не получится, жўра. Чунки Қудратхўжаев ҳақ!" деб ёзади Шуҳрат Шокиржонов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG