Сурхондарё вилояти ҳокими Деновдаги портлашда 65 та уйга зарар етганини билдирди

Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов

Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган “Инденим” савдо мажмуасида рўй берган портлаш туфайли 65 та уйга зарар етган. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов 8 декабрь куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилган.

Вилоят ҳокимига кўра, портлаш сабабли 6 уйнинг деворлари ёрилган ва яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Т. Боболов ҳодиса ортидан шикастланган уйлар эгаларида расмийлар томонидан ёрдам кўрсатилишини билдирган.

Матбуот анжуманида иштирок этган Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев савдо мажмуасидаги портлаш портловчи моддалар ёки нефть маҳсулотлари иштирокисиз рўй берганини урғулаган.

Тадбирда портлаш, дастлабки суриштирув-ўрганишларга кўра, бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Деновдаги “Инденим” савдо мажмуасида сешанбага ўтар кечаси портлаш содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган. Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.