Уяли алоқа хизматларига акциз солиғи 2023 йилдан бекор қилинади

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан уяли алоқа хизматларига акциз солиғи солинмайди. Бу ҳақда президент томонидан 10 февраль куни имзоланган “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланган.

Қайд этилишича, 2021 йили мазкур акциз солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилган, 2022 йил 1 январидан уни 10 фоизга пасайтириш, 2023 йилдан эса уни бутунлай бекор қилиш кўзда тутилган.

Уяли алоқа хизматларига акциз солиғи 2019 йилда 15 фоиз миқдорида киритилган, 2020 эса 20 фоизга оширилганди.

Мазкур акциз солиғининг бекор қилинишига оид қарор Ўзбекистон бозорига USM Telecom ва МегаФон ширкатлари кириб келгани эълон қилинган бир пайтда қабул қилинган.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов 70,32% улушига эгалик қилувчи Россиянинг Мегафон ва USM Telecom ширкатлари Ўзбекистонда уяли телефон хизмати кўрсатувчи Digital Holding қўшма корхонаси ташкил этиш борасида ўзбек томони билан келишувга эришгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.