Хоразм вилояти Янгиариқ туманида ота ўз ўғлини ов милтиғи билан отиб ўлдирди. ЎзА хабарига кўра, қотиллик жорий йил 19 февраль куни содир этилган.
Туманнинг Янгиариқ маҳалласида яшаган 71 ёшли эркак аввал 51 ёшли ўғлини отиб ўлдирган, кейин эса келини ва неварасини оғир жароҳатлаган.
Жиноят иши тергов-тезкор гуруҳи томонидан фош этилгани, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани билдирилган.
Маълум бўлишича, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган қотиллик жинояти Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилган.
Ҳоким ушбу жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар дастлабки тергов ва суд органлари томонидан батафсил ўрганилиши, жиноятнинг олдини олишга масъул бўлган шахслар ҳамда қотиллик содир этилган маҳалла еттилиги фаолиятига танқидий баҳо берилишини айтган.
Оила бошлиғининг фарзандлари жонига қасд қилиши билан боғлиқ жиноятлар аввал ҳам содир этилган.
2024 йил июнь ойида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи эркак унаштирилган йигитга турмушга чиқишни рад этгани сабаб ўз қизини ўлдирган.
2020 йил июнь ойида Наманганнинг Янги Замин маҳалласида яшовчи 44 ёшли эр хотини ва вояга етмагани фарзандини болта билан чопиб ўлдирган.
2018 йилда эса андижонлик ота алимент важидан 3 ёшли қизчасининг жонига қасд қилган эди.