Германияда автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида камида икки киши нобуд бўлди

Трир шаҳридаги (Германия) ҳодиса юз берган жой, 2020 йил 1 декабри.

Германия ғарбийдаги Трир шаҳрида Range Rover автомобилининг йўловчилар устига юриши натижасида камида икки киши қурбон бўлди, йўқ деганда ўн беш одам жароҳатланди.

DPA агентлигининг маҳаллий нашрлардаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, автомобилнинг 51 ёшли ҳайдовчиси қўлга олинган. Унинг германиялик экани айтилмоқда. Ҳайдовчининг бу ишни қай мақсадда амалга оширгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Расмийлар терговчилар ишига халақит бермаслик учун шаҳарликлардан ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашмасликка чақирган.

Айни пайтда полиция воқеа ҳақида мишмиш ва текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ҳамда “маҳаллий полициянинг Твиттерда чоп қилинаётган ишончли маълумотларига таяниш” илтимоси билан жамоатчиликка мурожаат қилди.

2016 йил декабрида ҳам Германия пойтахтида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган. Ўшанда юк машинаси рождество бозорига тўпланган оломон устига юриши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 58 киши тан жароҳати олган. Германия канцлери Ангела Меркель мазкур фожиани “террор хуружи”деб атаганди.

Шу йил февралида эса Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган. Ўшанда айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзган эдилар.