1087 одамни алдаган хусусий бандлик агентлиги раҳбари 9 йилга қамалди

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди Recruit consulting work хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига ҳукм ўқиди. Хусусий бандлик агентлиги раҳбари Жаҳонгир Аллабердиев 1087 нафар фуқарога 8 миллиард сўмлик моддий зарар етказганликда айбдор деб топилди.

“Ўзбекистон 24” телеканалининг хабар беришича, Жаҳонгир Аллабердиев Жиноят кодексининг 168-моддасининг (фирибгарлик) 4-қисми “а,б” бандлари ва 25, 168-моддасининг (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш, фирибагарлик) 4-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

У 2020 йилнинг октябрида 1100дан ортиқ одамдан Корея, Япония, Латвия, Литва, Чехия, Нидерландия, Германия, Швеция, Словакия каби давлатларга ишга жўнатиш учун катта миқдорда пул олган. Аммо у ўз мажбуриятини бажармаган.

Recruit consulting work хусусий бандлик агентлиги раҳбари билан бирга судланган Алишер Эргашев базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари миқдорида, яъни 91 миллион 430 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. У етказилган зарарларни ўз вақтида қоплаб бергани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан боғлиқ бўлмаган жазо чораси қўлланган ва суд залидан озод қилинган.

Озодлик Recruit consulting work хусусий бандлик агентлиги ҳақида 2019 йилнинг сентябрида мақола эълон қилган эди.


Бундан аввал ҳам Ўзбекистондаги қатор хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан жиноят ишлари очилган.

Масалан, ўтган йилнинг октябрида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди “Amilee Bahora” хусусий бандлик агентлиги раҳбарлари Жаҳонгир Тоҳировни 7 йилга, Баҳора Рауповани 5 йилга кесган эди.

Бундан ташқари агентликнинг турли вилоятлардаги яна 12 вакили ҳам судланиб, уларнинг ҳар бири 6 йилдан 9 йилгача қамалди.

Суд ҳукмида қайд этилишича, агентлик 300 нафардан ошиқроқ кишини хорижга ишга жўнатиш бўйича мажбуриятини бажармаган ва улардан олинган пулларни ҳам қайтармаган.

“Amilee Bahora” хусусий бандлик агентлигига алдаганларнинг кўргиликлари тўғрисида Озодлик 2019 йилнинг 26 декабрида хабар қилган эди.