Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:53

Хусусий агентликка алданганлар чиқиндихонада жон боқаяпти. Миграция агентлиги ёрдам ваъда қилди (ВИДЕО)


Ўзбекистонда яна бир хусусий меҳнат агентлиги одамларни алдади. Бу галгисининг номи "Амили Бахора"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи миграция масалалари бўйича агентлиги Озодлик радиоси тақдим этган маълумот асосида Литва пойтахти Вильнюсда қуллик шароитига тушиб қолганини иддао қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари муаммосини ўргана бошлади.

25 декабрь куни Озодлик радиосига Вильнюсда ишлаётган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари учта видеодан иборат мурожаатларини жўнатган эди.

Видеони жўнатган меҳнат муҳожирларидан бири Телеграм орқали Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик расмийлари улар билан 26 декабрда боғланганини тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг Латвия пойтахтида жойлашган Болтиқбўйи давлатлари бўйича элчихонаси ҳам Озодлик радиосига мазкур масала назоратга олинганини билдирди.

Озодликка келган учта видеода, муҳожирлар Самарқанддаги “Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлиги” уларни алдаганини иддао қилган эди. Муҳожирлар видеода агентлик раҳбарини Жаҳонгирбой деб атайди:

-“Амили Баҳора” агентлиги томонидан Германияга жўнатилишимиз керак эди. Аммо 15 августдан бери Литвада сарсон-саргардон бўлиб, қарзга ботиб юрибмиз. Биз Жаҳонгирбойга ишонмаймиз. Бизларга ўхшаб “Амили Баҳора” томонидан жўнатилганлар юзлаб кишиларни ташкил этади.

Яна бир муҳожир видеода:

- Прокуратурага ёздик, элчихонага ёздик, Самарқанд ҳокимиятига ёздик, бирортаси ёрдам бера олмаяпти, - деб иддао қилди.

Бошқа бир муҳожир эса:

- Бизнинг келганимизга учинчи ой бўлди. 2230 еврони мендан “Амили Баҳора” долларда олган. Ҳозир бу ерларда оч-яланғоч юрибмиз. Ҳозир бу ерда юздан ортиқ одам тўпланиб қолганмиз. Ёрдам берасизлар, деган умиддамиз, - деб айтди.

Видеода муҳожирларнинг аҳлатхонада ишлаётганини кўриш мумкин. Улар бу ишлари учун кунига 10 евродан ҳақ олаётганларини ва бу пул қорин тўйдиришдан ошмаётганини ҳам айтганлар.

Ўзини Озодликка Жамол Набиев деб таништирган муҳожирга кўра, бир неча ойлик сарсон-саргардонликдан сўнг имкониятини топган шериклари, шу жумладан, у ҳам ўн кун аввал Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлган:

- Вильнюсда ҳам қолганлар кўп. Ким имкониятини қилса, қайтиб келаяпти. Масалан, менга уйимдагилар қарз олиб пул жўнатишганди. Мен қайтиб келдим. Эртага яна икки киши қайтиб келаяпти.

Вильнюсдан қайтишга муваффақ бўлган муҳожирлардан бири самарқандлик Фармон Марупов айни пайтда Литва пойтахтида Ўзбекистонга қайтиш учун молиявий имкониятга эга бўлмаган 50 нафар ўзбекистонлик қолганини, улар асосан Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва Каттақўрғондан эканликларини билдирди.

Унга кўра, уларнинг ҳар бири “Амили Баҳора хусусий бандлик агентлиги”га Германияга ишга жўнатилишлари учун камида 40 миллион сўмдан пул беришган.

“Амили Баҳора хусусий бандлик агентлиги”га алданганини билдираётган Жамол Набиев Самарқандга қайтгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганларини, бироқ уларнинг аризалари натижасиз қолиб кетаётганини айтди.

Бу масалада Озодлик мухбири Ташқи миграция масалалари бўйича агентликка боғланди. Агентликнинг хусусий бандлик агентликлари фаолиятини лицензиялаштириш бошқармаси бош мутахасиси Исломбек Ибрагимов бундан аввал ҳам “Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлиги”дан алданган одамлар Youtube тармоғида бу каби видеоларни жойлаштирганидан хабари борлигини айтди.

- Бу масалада биз “Амили Баҳора” билан гаплашганмиз. Ўшанда агентлик ўша одамларни Ўзбекистонга қайтаришга ёки бошқа бир Европа давлатидан иш топиб беришга ваъда берганди. Ўтган ҳафтада биз “Амили Баҳора”га одамларни қайтариш жараёнини бошланглар деб қатъий талаб қўйганмиз. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга маълумотлар берганмиз. “Амили Баҳора” ҳақида Ички ишларнинг ҳам хабари бор. “Амили Баҳора” ҳар бири 15 кишидан иборат учта гуруҳни ишга жўнатган. Уч кун олдин Литвадагилардан айримларини Польшага ишга жойлаштириганлари ҳақида маълум қилишганди. Биз сиз берган маълумотлар асосида зудликда текширув ишларини бошлаймиз ва унинг натижалари ҳақида қўшимча маълумот берамиз, - деди Исломбек Ибрагимов.

Айни пайтда Вильнюсда бўлган муҳожирлардан бири агентлик расмийлари ўзлари билан боғланганини тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг Латвия пойтахти Ригада жойлашган Болтиқбўйи давлатлари бўйича элчихонаси ҳам Озодлик радиосига мазкур масала назоратга олинганини билдирди. Элчихонаниниг ўзини таништиришни истамаган ходими Озодликка муҳожирларни Ўзбекистонга қайтариш масаласида иш олиб борилаётганини таъкидлади.

“Амили Бахора хусусий бандлик агентлиги” билан боғланиш учун қилган ҳаракатларимиз самара бермади. Мазкур агентлик телефон рақамларига кун бўйи телефон қилдик, лекин ҳеч ким жавоб қайтармади.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари хорижга ишлагани бормоқчи бўлган одамларни алдаш ҳолатлар сўнгги пайтда кўп учрамоқда.

Навоий шаҳридаги Навоий хусусий бандлик агентлиги 211 нафар одамни 633 миллион сўмга алдади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 25 ноябрь куни хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг уч раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Олдинроқ эса, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG