ТИВ Туркиядаги зилзилада жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини билдирди

Измирдаги зилзилада вайрон бўлган бинолардан бири, 2020 йил 30 октябри.

Туркия ғарбида 30 октябрь куни содир бўлган кучли зилзила натижасида ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда маълум қилди.

Вазирлик Ўзбекистоннинг Анқарада шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Измир вилоятининг Тезкор штаби билан доимий алоқа ўрнатганини қўшимча қилган.

Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар берган. Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 12 нафарга етган, 419 киши тан жароҳати олган.