Линклар

logo-print

Ўшга Ўзбекистондан газ берила бошланди


Тўққиз ой давомида ўшликлар мана шу тарзда овқат тайёрлашга мажбур бўлдилар.

Тўққиз ой давомида ўшликлар мана шу тарзда овқат тайёрлашга мажбур бўлдилар.

“Ўзтрансгаз” ширкати Россиянинг Gazprom Schweiz AG ширкати воситачилигида дерли 9 ой “зангори олов”сиз қолган Ўшга газ таъминотини қайта тиклади. “Газпром – Қирғизистон” расмийсининг билдиришича, Ўзбекистон газининг ҳар минг кубометри 165 доллардан сотиб олинмоқда.

“Газпром –Қирғизистон” ширкати расмийси Риспек Аруновнинг Озодлик радиосига билдиришича, 30 декабрдан бошлабЎшга газ таъминоти қайта тикланди.

-“Газпром-Қирғизистон” ширкати ўз абонентларига Gazprom Schweiz ширкати билан 2015 йил учун газ бўйича шартнома имзоланганини маълум қилади. Жанубий вилоятларга бериладиган газ миқдори 100 миллион куб метргача бўлган миқдорни ташкил қилади, -деди Арунов.

Расмийнинг айтишича, ҳар куб метр газ нархи ўшликлар учун Бишкекдаги каби 13 сўм 54 тийинни ташкил қилади. Бугунги кунда 1 АҚШ доллари 10 тийини кам 59 қирғиз сўмига тенг. Шундан келиб чиқилса, бир куб метр газ нархи тақрибан 23 центни ташкил қилмоқда. Арунов газ нархи январь ойида доллар қийматига қараб ўзгартирилишини айтди.

-Газнинг чегарагача етиб келиши 165 долларни ташкил қилмоқда. Бунга Қирғизистон томони солиқларни ва бошқа харажатларни қўшганидан сўнг газнинг таннархи келиб чиқади, - деди Риспек Арунов.

Суҳбатдошимиз айтган нарх Ўзбекистондан аввалги йилларда олинган газ нархидан анча арзондир. 2014 йилнинг январида ҳар минг куб метр газни Ўзбекистон Қирғизистонга 290 доллардан сотиши хабар қилинган эди.

Деярли 9 ойдан бери газсиз қолган ўшликлар учун газ таъминотининг тикланиши кутилмаган совға бўлди. Чунки бундан аввал Қирғизистон расмийлари Ўзбекистон Ўшга газ беришидан умид узганлари ҳақида очиқ-ойдин айтган эдилар.

Ўшлик журналист Хулкар Исомованинг айтишича, газ келиши ҳақидаги хабарни эшитган ўшликларнинг қувончи чексиз.

-Ҳозир расмийлар телевидения орқали ва бозордаги радиоузеллар орқали аҳолини газ берилишидан огоҳлантирувчи эълонларни беришмоқчи. Газ берилиши тўғрисидаги хабарларни эшитган қўшниларимиз хурсанд, бу биз учун кутилмаган Янги йил совғаси бўлди, -деди Хулкар Исомова.

Ўзбекистон Ўшга газ беришни шу йилнинг 14 апрелида тўхтатган эди. Бунга 10 апрель куни “Қирғизгаз” “Газпром”га бир долларга сотилгани, бунинг ортидан Қирғизистонни газ билан таъминлаш ваколати тўлиғи билан Россия ихтиёрига берилгани сабаб қилиб кўрсатилган эди. Қирғизистон расмийлари аввалроқ Ўзбекистон билан газ таъминотини қайта тиклаш масаласидаги музокаралар натижасиз якунланаётгани ва Ўшга қачон газ берилиши номаълум қолаётгани ҳақида баёнотлар берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG