Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

Тошкентда ИШИДга алоқадор деб ушланганлар сони 160дан ошди


Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил манбалар бераётган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятининг бир неча туманларидан ҳибсга олинаётганларнинг асосий қисми ИИВ рўйхатига тушган, кузатувида бўлган ва сўнгги ойларда хориждан қайтган диндорлардир. Ҳуқуқ фаоллари бу шахсларнинг "Исломий давлат"га муносабати ўрганилаётгани ва террор гуруҳига мойил кўрилганлар дарҳол 15 суткага ҳибс қилинаётганини айтмоқда.

"160 кишининг 90 фоизи ҳизбга алоқадор"

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Олмазор, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳибсга олинганлар сони жами 160 нафардан ошгани ҳақида зангиоталик манбалар - "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзоси эканини айтган диндорлар хабар қилди.

Улардан бирининг 16 ноябрь куни Озодликка айтишича, Зангиота туманининг Олтин тепа, Эшонгузар, Назарбек маҳаллаларида яшовчи ташкилот фаоллари ҳибсга олинаётганларнинг рўйхатини тузмоқда:

- Бугунгача йиғилган рўйхатдаги номлар 160дан ошди. Булар 29 октябрдан бери ҳибсга олинаётганлар, 90 фоизи бизнинг ташкилотга алоқадор. Айримлари аъзоларимиз, айримлари бизни йигитлардан дарс олишган, холос. Ёши каттаси шу 55 ёш, энг ёшлари 17-18 ёшгача. Шанба куниям Назарбек маҳалласидан бир группасини олиб кетишган, йўқ шу бўйи. Олтин тепадан ҳам кўпчилик кетган. Қаерда сақлашаётганиниям айтишмаяпти, - деди исмини сир сақлаган зангиоталик диндор.

"Огоҳлантирувсиз тинтувлар бўлаяпти"

Шайхонтоҳурлик яна бир манба - кўп йиллардан буён шаҳарда ҳайдовчилик қиладиган диндор ҳам ҳибсга олинганлар сони "160дан ошган", деди:

- Биродарлардан эшитдим мен ҳам, шу 160тадан ошиб кетибди. Айримларини 3 суткадан кейин қўйворишган, айримлари шу кетганича йўқ. Шу ИГИШ ("Исломий давлат" - таҳр.)га алоқаси борми, ИГИШни маъқуллайдими - шунақа нарсаларини текширишяпти экан. Кейин тинтув кўпайган. Индамасдан келиб, яқинда четдан келган ёки рўйхатда турганларни уйини тинтишяпти. Диний китобни любойини олиб кетяпти. Уч-тўрт кун олдин менинг синглимнинг уйида тинтув бўлди, Туркияга бориб келган эди, савдода ишлайдида. Нимаики диний нарса бўлса олиб, ёзиб чиқишган. Ўзиданам сўраган: "Нимага бордиз, қаерда турдиз, кимлар билан кўришдиз?" - мана шунақа сўрашган, кетишган. Шукр, ҳозирча тинч турибди, - дейди исмини сир сақлаган тошкентлик манба.

Расмий: Уч тоифа диндорлар текширилмоқда

Озодлик бу хабарлар ортидан Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБга боғланди, аммо маълумот ололмади. Аммо, туманда асосан диндорлар истиқомат қиладиган маҳаллалардан бирининг участка нозири билан боғланишга муваффақ бўлдик.

Исмини ошкор қилмаётганимиз милиционер "уч тоифа - қамоқдагилар, қамалиб чиққанлар ва рўйхатга олинган диндорлар билан профилактика ишлари бораётгани, хонадонларда текширувлар бўлаётгани, аммо ҳибсга олинганлар аниқ сони ҳақида маълумот берилмаслиги"ни айтди.

Унинг яна айтишича, ҳибсга олинаётган диндорларнинг кўпчилиги Зангиота туманининг Эшонгузар ва Олтин тепа маҳаллаларида истиқомат қиладиганлардир.

Расмий: Ўзбекистонда радикаллашаётганлар бор

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур Тошкентда "диндорлар билан профилактика ишлари анча аввал бошланган", пойтахтда радикаллашаётган мусулмонлар бор, деб қайд этди:

- Бунақа одамлар бўлиши мумкин. Анча аввал олдин бошланган профилактика ишлари, маҳаллаларда, бошқаларда. Бекордан бекор бировни қамоққа олмайдику. Қандайдир бир шубҳа пайдо бўлади, шубҳали ҳаракатлар бўлади. Уларни изоляция қилади ва текширади. Кўриб турибсизку, уларни ("Исломий давлат" террор гуруҳи - таҳр.) ташвиқоти бизникидан бир неча баробарга кенг кўламда олиб бориляпти. Бу Интернет орқали, телефонлар орқали ёшлар кўраяпти буни. Бизлардан маслаҳат олмай, уларга қулоқ солиб кетаётганлар бўлаяпти. Сурияга жиҳодга кетяпмиз, деб ўйлаяпти. Бу нотўғри, у ерда урушаётган икки томонда ҳам мусулмонлик даъволари бор. Қанақа жиҳод бўлади бу, бу нотўғри, - дейди Абдулазиз Мансур.

Қуйида шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тингланг:

Абдулазиз Мансур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00
Бевосита линк

Ҳуқуқ фаоли Олтин тепада 16 киши ҳибс қилинганини аниқлади

Озодлик сўрови билан Олтин тепа маҳалласига борган ва вазиятни ўрганган инсон ҳуқуқлари фаоли - Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мустақил манбаларнинг бу маҳалладан диндорлар ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларини тасдиқлади:

- Мен Олтин тепа маҳалласидан 16 киши олиб кетилганини аниқладим. Маҳалладаги энг йирик масжид имоми билан гаплашдим, у киши айтди, ўша МХХ ходими келиб, мана шунақа - 16 киши Сурияга кетишга тайёрланган, деб айтган. Энди шунақа ҳибслар бор гап. Аммо, уларнинг аниқ сони номаълум. Милиция буни айтмайди, натижада шунақа турли манбалардан тахминий рақамлар олишга мажбурмиз. Асосан, "Ҳизбут Таҳрир" аъзолари. Ҳукумат қўрқяптики, булар ИШИДга қўшилиб кетади деб, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов.

Унинг кузатувига кўра, Ўзбекистонда 2015 йилнинг бошидан буён "Исломий давлат"га алоқадорлик айби билан камида 200 одам ҳибсга олинган.

Ўтган ҳафтада Россиянинг "Регнум" агентлиги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сўнгги икки ҳафта мобайнида 150 дан ортиқ одам ИШИД гуруҳи ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

ИШИДга мойил, деб кўрилганлар 15 суткага қамалмоқда

Ҳозир АҚШда яшаётган ўзбекистонлик фаол Мирраҳмат Мўминов Тошкентда сўнгги икки ҳафта ичида қамалган фуқаролардан 4 нафарини таниши, улар 15 суткага ҳибс қилинганидан хабардорлигини айтди:

- Улардан иккитаси Америкадан борган, қолгани Европа давлатларидан борган. Бирини участка бўлимидан олиб кетишган. Бирини паспорт столидан нари олиб кетган. Яна бирини бозорда қўлга олишган. Биттаси маҳаллақўмга суҳбатга борган жойидан олиб кетилган. Булар чет элда юрганда шу ИШИДга алоқадор бўлган, деб гумон қилинган. Лекин мен билганларнинг бирортаси унақа одамлар эмас. Лекин яқинлари уларнинг номини ошкор қилманг, деб илтимос қилишяпти. Чунки, буларга босим бўляпти, акс ҳолда ака-укаларини ҳам олиб кетамиз, дейишган, - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Қуйида Мўминов билан суҳбатни тингланг:

Мирраҳмат Мўминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:43 0:00
Бевосита линк

ИДга алоқадорлар ҳақида расмий маълумотлар кўпаймоқда

13 ноябрь куни АҚШ Федерал Қидирув Хизмати томонидан ҳибсга олинган жиззахлик Жамшид Мухторовнинг укаси 35 яшар Хуршидга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро қидирув эълон қилгани хабар қилинди.

Бу ҳақда расмий идоралар сиздирган маълумотга таяниб хабар тарқатган 12news.uz сайти маълумотига кўра, Хуршид Мухторов 2014 йил ёзида Сурияга кетиб, ИШИД сафига қўшилган. Ўтган йили Би-Би-Си ва Озодлик радиоларига берган интервьюсида Хуршид Мухторов ИШИД сафида минглаб марказий осиёликлар жанг қилаётгани ҳақида гапирган эди.

Расмий баёнотларни бериб борувчи айни сайт айни куни хоразмлик 23 яшар Муҳаммад Абдуллаев ИШИДга алоқадорликда айбдор, деб топилиб 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганини хабар қилган. 12news.uz сайтига кўра, Абдуллаев Россиянинг Астрахан вилоятида ишлаётган пайтда экстремистлар таъсирига тушган, Суриядаги лагерда ўлган жангариларни кўргач, жорий йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган.

29 октябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилган 16 киши "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳининг "ашаддий тарафдори" деган гумон билан қўлга олинганини маълум қилган. ИИВ тарқатган хабарда айтилишича, ушланганларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган ва қайтгач, оиласи, болаларини экстремистик ғояга бўйсунишга мажбурлаган.

26 октябрда эса Тошкент вилоятида истиқомат қилган Фирдавс Салимов "ИШИД варақаларини тарқатгани учун" 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Собиқ коллеж ўқувчиси бўлган 18 яшар Фирдавс Салимов оиласига қарийб 10 миллион сўмлик жарима солингани хабар қилинган. Паркентда уч манзилдан ИД варақаси топилгани, туманга ИИВ ва МХХ раҳбарлари боргани ҳақида Озодлик шу йилнинг апрелида хабар қилган эди.

21 октябрь куни Озодлик Жиноят ишлари бўйича Қашқадарë вилоят суди Шаҳло Қудратова ва Нилуфар Абдуллаеваларни ижтимоий тармоқлар орқали халифалик қуришни тарғиб қилганликда айбдор деб топган, улардан бирига 5, яна бирига 7 йиллик қамоқ жазосини берганини хабар қилган. Маҳкамада аёлларнинг Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилоти аъзолари бўлгани айтилган.

8 октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 4-ўрта мактабда “Исломий давлат” варақаларини тарқатганликда гумон қилинган икки аёл ўқитувчи қўлга олинган. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича, 8 октябрь куни мактабда рейд ўтказган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ИШИД варақаларини ўқитувчиларнинг қўл телефонларидан топган.

XS
SM
MD
LG