Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2020, Тошкент вақти: 14:42

Айрим пиллакорлар режани пул тўлаб, қоғозда бажармоқда


Наманган ва Андижондаги айрим пиллакор фермерлар пилла режасини қоғозда бажармоқда.

Бунинг учун фермерлар пилланинг бир килоси учун 40 минг сўмгача пул тўлаяпти.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси расмийси режани бажара олмаган пиллакорлардан пул олинаётганини тасдиқлади.

Уюшма расмийсининг Озодликка билдиришича, бу пул “Агропилла” ширкатлари ҳаражатини қоплаш учун олинмоқда.

Пиллакор фермерлар шикояти

Наманган вилоятининг Поп туманидаги бир гуруҳ фермерлардан Озодликка келган хатда пилла режасини пул тўлаб, қоғозда бажариш ҳолати тилга олинган:

“24 майдан бошлаб фермерлар тилида “магазин” деб аталадиган пилла билан боғлиқ ҳолат бошланди яъни нақд пул эвазига пилла режасини бажариш учун коррупцион схема иш бошлади. Фермерлар бир кило пилла ўрнига 40000 сўмдан мажбуран тўлаяпмиз. Икки кундан кейин тўланган пулдан ҳар кило пилла учун 20400 сўмдан ўзимизга қайтариляпти. Қолган 19600 сўм қаерга кетяпти? 120 тонна пилла режаси қўйилган туманимиз режани аранг 50 фоизини бажарганини инобатга олсак, қолган 60 тонна пилла учун фермерлардан ортиқча олинган 1 миллиард 176 миллион сўм кимларнинг чўнтагига тушади?”.

Поплик фермерлар Озодликка тақдим қилган телефон сўзлашувларида маҳаллий раҳбарлар пилла учун фермерлардан пул сўрагани ва бу пулни фермерлар бераётганига оид маълумотлар мавжуд.

Озодлик фермерлар илтимосига кўра, улар шахсини ва телефон сўзлашувларини очиқламаяпти.

Поп туманидаги пилла қабул қилиш пункти.
Поп туманидаги пилла қабул қилиш пункти.

Наманганнинг Тўрақўрғон туманидан Озодликка боғланган фермерлар ҳам режани қоғозда бажарганини айтди.

“Ҳоким турли ноқонуний талаблар билан фаолиятимизга ғов бўлиб келмоқда. Баҳорда раҳбарлар талаби билан тут кўчати сотиб олиб, қуриб кетган ариқ бўйига экдик – кўкармади! Тут барги яхши бўлмагач айримларимиз режани бажара олмадик. “17000 сўмдан пилла сотиб оламиз, пул йиғиб беринглар”, дейишди, йиғиб бердик”, дейди хавфсизлик боис исми очиқланмаслигини сўраган тўрақўрғонлик фермер.

Бўстон туманидаги пилла қабул қилиш пункти
Бўстон туманидаги пилла қабул қилиш пункти

Пилла режасини қоғозда бажариш ҳолати Андижонда ҳам кузатиляпти. Бу ҳақда вилоятнинг Бўстон туманидаги фермерлар Озодликка маълум қилди.

“Ариқлар четида озгина тут дарахтлари бор. Лекин пилла учун фермерга катта-катта режа қўйишган. Кўпчилик режани бажара олмади. Сводка учун фермерлардан бир кило пилла учун 15 минг сўмдан пул олишди. “Агропилла” ходимларига бердик пулни. Айрим фермерлар 400 килогача сотиб олди. Бу ҳар йили сводка учун қилинадиган иш. Неча йилдан бери пилла боқсам, ҳар йили режани қоғозда бажараман. Шуни қилмасам, еримни олиб қўяди. Мажбурман​”, дейди аноним қолиш шарти билан гапирган бўстонлик фермер.

Озодликка ҳар пилла мавсумида шу каби шикоятлар кўплаб бўлади.

Расмийлар тасдиғи

Озодлик пилла етиштириш бўйича масъул ташкилот – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси расмийларидан бири билан 15 июнь куни телефон орқали боғланди.

Исмини очиқламаётганимиз мулозим пилла режасини бажара олмаган фермерлардан пул олинаётганини инкор қилмади:

“Ҳозир ипакчилик корхоналари давлатдан ёрдам олмайди. Улар пилла уруғини олиб келиб, уни жонлантириб, қайта ишлаб, то ипакка келтиргунча ҳаражат қилади. Корхона фермерларнинг боқиб бермаган пилласи учун 40 минг сўмдан пул олса, буни ҳаражати учун оляпти. Мажбурликдан оляпти. Корхона пул ўрнига пилла олгани маъқул. Агар корхона бу пулни олмаса, у ўз ҳаражатларини қоплай олмайди. Станоклар тўхтаб қолади. Ишчилар кетиб қолади”.

Пилла етиштиришни ошириш режаси

2017 йили президент Мирзиёев 2021 йилгача Ўзбекистонда пилла етиштириш ҳажмини 50 фоизга кўпайтириш ҳақидаги махсус фармонни имзолади.

Ушбу фармондан келиб чиқиб, жорий йилда тўрт мавсумда ипак қурти боқиш белгиланган бўлиб, жами 21 минг тонна пилла топшириш режаланган.

“Бу йил совуқ келгани учун биринчи мавсум кечикди. Баҳорги табиий офатлар сабаб уруғни жонлантирмай турдик. Лекин ёмғир кўп ёққани сабаб тут барглари яхши ривожланди. Бу йил ҳосил мўл бўляпти. Биз 1-2 мавсумнинг ўзидаёқ режани бажарамиз, деб турибмиз. Фермерлар Озодликка мурожаат қилгани учун уялсин. Фермерларга ёрдам берамиз, деб биз фақат командировкада юрибмиз. Биз фермерлардан пул олмайлик. Улар пиллани қилиб берсин. Уларнинг ўзлари дангасалик қилгани сабаб пилла режасини бажара олмайдида, кейин Озодликка шикоят қилади”, деди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси расмийси.

Расмий маълумотга кўра, дунё бўйича Ўзбекистон ипак толаси ишлаб чиқариш бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин 3-ўринни эгаллайди, аҳоли жон бошига пилла ишлаб чиқариш бўйича эса дунёда 1-ўринда.

XS
SM
MD
LG