Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Фермерлар еридан ажралиб қолишдан қўрқиб қурт боқишга мажбур бўлмоқда


Шу кунларда расмий матбуот Сурхондарëдаги пиллакорларнинг режани бажаргани ҳақида хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ бу йил мамлакатда 21 минг тонна пилла етиштириш режаланган ва бу ўтган йилгига нисбатан икки тонна кўпдир.

Озодлик суҳбатлашган пиллакорлар пилла фақат даромад келтирмайдиган мажбурият экани ва ундан келган пул сарфланган меҳнат ва харажатни қопламаслигини¸ фермерлар эса еридан ажралиб қолишдан қўрқиб қурт боқишга мажбур бўлаëтганлигини айтишди.

Ўзбекистонда етиштирилган пилла АҚШ меҳнат вазирлигининг қора рўйхатига киритилган. Бу рўйхатга кўра¸ ўзбек пилласи мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган.

Расмий статистикага кўра¸ Ўзбекистонда етиштирилган пилланинг 80 фоизи Қорақалпоғистоннинг Амударë¸ Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Бўйинтуруқ

Элликқалъа туманидаги 60 яшар фермер Нуржон опа Озодлик билан суҳбатда пиллани “бўйинтуруқ” деб атади:

- Менинг ихтиёримда бўлганда¸ пилла боқмас эдим. Пилладан пул олиб орттирган ҳеч нарсам йўқ. Фойдаси йўқ. Ўтган йили 28 кун югурдим пилланинг ортидан. Лекин навхон қурти (ипак қурти) ўлиб қолди. Бир менда бўлмади бу нарса¸ ҳамманинг пилласи ўлди. Пилла топшира олмадим ўтган йили. Бу йил ўтган йилги қарз пилланинг ўрнини тўлдириб берасиз¸ деб туришибди. Ўтган йилгини тўлдирсак¸ бу йил нима бўлади? Яна қарз бўлиб қоламанми? Эрим Москвада карантин бўлгани учун уч ойдан бери бир сўм юбормайди. Бу ерда мен ўтган йилги қарзим учун пилла боқиб ўтирибман. Боқмасам, еримни олиб қўйишади¸ дейди Нуржон опа.

Фарғона вилоят Учкўприк туманидаги 40 яшар фермер йигит ҳам Озодлик билан суҳбатда пилла боқишнинг “кони зарар” эканини таъкидлади:

- Пилланинг нархи юқори бўлса¸ етиштириш мумкиндир. Аммо ҳозирги шароитда ва баҳога етиштириш умуман бефойда. Тинчгина пахтамизни экиб, буғдойимизни суғориб юрганимиз яхши.

Мажбурий меҳнат

Ўзбекистонда пиллачилик бўйича ҳисобот чиқарган¸ Германиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбек-форум” ташкилоти вакили Лин Швайсфурт (Lynn Schweisfurth) Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ аҳолисининг камбағаллигидан фойдаланиб, уларни пилла ишлаб чиқаришга мажбуран жалб қилиб келаëтганини” айтади:

- Пилла расман Қишлоқ хўжалик вазирлиги ва “Ўзипаксаноат” уюшмасига қарасада, амалда вилоят ва туман ҳокимлари пахта секторидаги каби, пилла ишлаб чиқариш устидан назорат олиб боради. Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ ахолисининг мажбурий меҳнатига асосланган тарзда мамлакатда ипак ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ҳаракат қилмоқда. Илгариги йил бир йиғиб олинадиган ҳосил ўрнига, бир йилда икки марта пилла ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Суҳбатдошга кўра¸ агар давлат аралашмаса пилла оддий аҳоли учун яхши даромад манбаи бўлиши мумкин:

- Ҳиндистон каби ривожланаётган мамлакатларда ипак қурти пилла этиштириш қишлоқ аҳолисига, айниқса аёлларга қўшимча даромад олиш имкониятини яратади. Ўзбекистонда пиллани етиштиришга давлат маъмурий мажбурлаш воситаларидан фойдаланмоқда. Бу аснода пилладан келадиган асосий даромад давлат ва даллоллар чўнтагида қолмоқда.

Расмий фикр

Ўзбекистон Қишлиқ хўжалик вазирлигининг пилла етиштириш бўйича мулозими Қаҳҳор Ëвқочдиев Озодлик билан 20 май кунги суҳбатда пиллачиликдаги мажбурий меҳнатга оид бу танқидларни рад этди:

- Ҳеч ким мажбурланмайди. Ўз ихтиëри билан пилла боқишади. Уларга бириктирилган тутзорларга томчилаб суғориш жорий қилишса, давлат субсидия беради. Бу йил пилла боқувчиларга қатор имтиëзлар берилди. Қурт боқувчилар солиқдан озод қилинди. Пиллани боқиш учун кетган бир ой бир йилга тенглаштирилиб стажга қўшилади. Xарид нархи тавсиявий. Нархни “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси белгилайди. Бу йил килосига 24 400 сўм. Бу умумий нарх. Биринчи сорт пилланинг килосига 34 минг сўм белгиланган. Бу ўз навбатида қишлоқ ахолиси учун қўшимча даромад топишга имконият. Пул тарозининг ëнида дарhол санаб берилади.

Тешик тоғора ëнида

Озодлик суҳбатлашган Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги фермер 2020 йилги пилла режасини бажаргани¸ аммо чўнтаги катта пул кўрмаганини айтади:

- 2 қути ипак қуртидан 107 кило пилла чиқди. Пиллахонада бизга бир кило пилла учун 20.400 сўмдан пул беришди. Аммо ўша заҳоти қуртнинг уруғига деб 270 минг қайтариб олишди. Улар “қуртнинг уруғини чет элдан олиб келганмиз. Агар ўзимизда етиштирилганида эди, бепул бўларди” дейишди. Мана пиллани ҳам топширдик. Энди бизга ваъда қилинган бир ойлик иш ҳақи, яъни 700 минг сўмнинг пешига тушамиз. Бирор ҳафта ўтса, бандлик бўлимига бориб шу пулни ҳам суриштириб келаман. Аслида бизга бу пулни қурт боқаётган пайтимизда беришни айтишганди.

Ўзбекистон дунёдаги энг кўп ипак толаси етказиб берувчи уч етакчи давлатдан бири ҳисобланади. Хитой¸ Ҳиндистон ва Ўзбекистон жаҳон бозоридаги асосий пилла етиштирувчи давлатлардир.

Ўзбекистонда йилига 1100 тонна ипак толаси ишлаб чиқарилади.

XS
SM
MD
LG