Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2021, Тошкент вақти: 21:49

АҚШ Давлат котиби Хитой Шинжонда “уйғурларни геноцид қилмоқда” деб баёнот берди


Шинжондаги шаҳар кўчаларидан бирини назорат қилаётган хитой полициячилари.

Истеъфога чиқаётган АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитой “Шинжондаги этник уйғур ва бошқа мусулмон миллатларни геноцид қилмоқда ва инсониятга қарши жиноятларни содир этмоқда”, деб баёнот берди.

”Мен геноцид давом этмоқда, деб ҳисоблайман ва биз уйғурларни йўқ қилишга қаратилган тизимли ҳаракатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу иш Хитой Коммунистик партиясининг раҳбарлиги ва назорати остида олиб борилмоқда”,-деб баёнот берди Помпео 19 январь куни.

Помпео барча халқаро ташкилотларни, жумладан, судларни Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораётган сиёсати юзасидан тергов ўтказишга чақирди, шунингдек, Қўшма Штатлар Пекинга бу масалада босим ўтказишда давом этади, деб умид билдирди.

20 январдан президентликка киришадиган Жо Байден давлат котиби лавозимига номзод қилиб кўрсатган Энтони Блинкен Сенатнинг 19 январь куни ўтган йиғилишида Хитой уйғурларни геноцид қилаётгани юзасидан берилган баёнотни маъқуллашини билдирди.

БМТнинг билдиришича, Хитойда камида бир миллион уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар вакиллари “қайта тарбиялаш” лагерларида сақланмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Хитой Шинжондаги мусулмон халқларни “меҳнат лагерлари”га қамаб, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилмоқда.

АҚШ ҳукумати уйғурлар ва бошқа миллий озчилик вакилларига қарши кампания юритаётган Хитой Коммунистик партиясига босим ўтказиш мақсадида 13 январдан Шинжондан помидор, пахта ва пахтадан тайёрланган маҳсулотларга тақиқ жорий этган.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилган эди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

Озод Осиё радиосининг хабар беришича, уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон-Уйғур мухтор тумани расмийлари туркий дунёнинг энг муҳим олимларидан бири Маҳмуд Кошғарий ҳайкалини олиб ташлаган.

Озод Осиё радиосининг Уйғур хизмати сунъий йўлдош тасвирларига таянган ҳолда Кошғарий ҳайкали 2019 йилнинг 28 ноябридан кейин олиб ташланганини аниқлади.

XI асрда «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») шоҳ асарини ёзган олимнинг етти метрли ҳайкали 1990 йиллар ўртасида Қашғар яқинидаги Ўпал шаҳрида четида жойлашган мозор ёнида ўрнатилган эди.

Ўтган йили Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси биринчилардан бўлиб Шинжонда Хитой ҳукумати бошчилигида масжидлар ва қабристонлар бузиб ташланаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Жорий йил бошида Австралия стратегик сиёсат институти ушбу мавзуда яна бир йирик ҳисоботни эълон қилди. Институт ҳисобларига кўра, 2016 йилдан бери минтақадаги масжидларнинг 35 фоизи вайрон қилинган.

Юқорида тилга олинган икки ҳисобот муаллифлари ҳисобларига кўра, Шинжонда бузиб ташланган масжид, қабристон ва бошқа муҳим маданий-диний обидалар сони 15 мингдан юқоридир.

XS
SM
MD
LG