Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 19:42

Трамп Эрон билан уруш жари ёқасидан қайтмоқда, таҳдид тугадими?


Трамп 8 январдаги мурожаатида Эроннинг терроризмни қўллаётганига бўлган нафратини тинчлик ва ҳамкорлик сўзлари билан қориштириб юборди. Оқ уй, 2020, 8 январь.

АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон билан можарони кескинлаштирмоқчи эмаслигини айтди. У АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига берилган ракета зарбалари ортидан ўч олиш учун ҳарбий кучдан фойдаланмаслигини маълум қилди.

Трамп 8 январдаги анча кутилган мурожаатида Эроннинг терроризмни қўллаётганига бўлган нафратини тинчлик ва ҳамкорлик сўзлари билан қориштириб юборди. Жаҳон аҳли Яқин Шарқдаги уруш чиқиб кетишидан хавотирда эди.

Трамп Қўшма Штатлар Эроннинг ракетадан ҳужумига жавобан Эрондаги нишонларни “йирик, қудратли, аниқ, кўп талофат келтирадиган ва тезучар” ракеталар билан йўқ қилиш имкониятига эга бўлса-да, иқтисодий қудрати билан зарба беришини маълум қилди.

− Буюк ҳарбий қудрат ва қуролларга эга эканимиз улардан фойдаланишимизни англатмайди. Биз уларни ишлатишни истамаймиз, − деди Трамп.

Президент Эрон билан унинг ядро дастури бўйича янги битим тузмоқчи эканини айтди. Айни шу масала икки мамлакат ўртасидаги зиддиятларга сабаб бўлиб келмоқда. Президентга кўра, бундай битимга эришиш Эроннинг жадал ривожланиши ва гуллаб-яшнашига сабаб бўлади.

Эрон буюк мамлакат бўлиши мумкин, − деди у.

Вашингтондаги Яқин Шарқ институтининг етакчи ходими Алекс Ватанка “Озодлик” мухбирига Трамп Эрон билан мавжуд муаммога дипломатик ечим топиш учун “эшикни очиқ қолдиргани”ни айтди. Фикрича, Эрон ҳам ракеталар билан ҳужум қилган бўлса-да, ҳеч ким қурбон бўлмагани Трампга вазиятни юмшатиш учун имкон берди.

Эрон 8 январда Ироқдаги АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинлари жойлашган иккита ҳарбий базага ўнлаб ракеталар билан зарба берган эди. Ватанка Эрон атайлаб одамлар қурбон бўлишини истамаганини тахмин қилди.

Трамп ҳеч ким қурбон бўлмагани ва кам талофат кўрилгани сабабли “Эрон чекинаётганга ўхшайди”, деб айтди. Унинг ушбу некбин сўзларидан сўнг нефть нархи 5 фоиз пасайди.

Бироқ экспертлар АҚШ билан Эрон ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлаётган масалалар ҳали кўриб чиқилмагани ва вазият янада таранглашиши мумкинлигини айтмоқда.

Сулаймонийнинг ўлимидан олдин, 27 декабрда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасига ракета ҳужуми сабаб 1 киши ҳалок, 4 киши эса ярадор бўлган, ундан бир кун олдин эса эронпараст жангарилар АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кирган эди.

Трамп бу ишларни Сулаймоний уюштирганини иддао қилиб, унинг ўлдирилиши сабабини гўё “америкаликлар ҳаётига таҳдид қилгани” билан оқламоқ бўлди.

Демократлар бу ҳодисани ўйламай қилинган иш деб атади ҳамда Трампнинг Эронга нисбатан сиёсати мамлакатни уруш домига итараётганини, Сулаймоний америкаликларга таҳдид қилгани исботланмаганини айтди.

Демократ сенатор Крис Мерфи Сулаймонийнинг ўлдирилиши Қўшма Штатлар учун “фалокатли” оқибатларга олиб келганини, яъни Ироқ АҚШ қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи бўлаётганини, Эрон эса ядро дастури бўйича битимдан чиқиб кетиши мумкинлигини айтди.

Трамп нутқида Эрон билан АҚШнинг муносабатлари бузилгани учун айбни ўтмишдоши Барак Обамага тўнкади. Амалдаги президент Обамани Эроннинг уранни бойитиш дастури устидан халқаро назоратни кучайтириш ҳисобига санкцияларни енгиллатишга рози бўлгани учун айбдор деб билишини айтди.

Ўша келишув сабаб банк ҳисобларида миллиардлаб долларлик маблағлар Эронга қайтарилган эди.

‒ Ўтган кечаси ракеталар бизга ва иттифоқчиларимизга қарата ўт очди, бунинг харажатлари олдинги маъмурият рухсат берган маблағлар ҳисобидан тўланди, ‒ деди Трамп.

Лекин кўпчилик таҳлилчилар Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашувига Трампнинг АҚШни Эроннинг ядро дастури бўйича эришилган битимдан чиқариб олгани сабаб бўлганини айтмоқда.

Трамп нутқини Эронга ҳеч қачон ядро дастурига эга бўлиш имконини бермаслигини айтиш билан бошлади.

Эрон озиқ-овқат етишмовчилиги ва норозилик намойишларига сабаб бўлган санкциялар учун нефть танкерларига, АҚШнинг Ироқдаги базасига, Саудия Арабистонининг нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилиш билан ўч олди.

Экспертлар фикрича, Трампнинг Эронга қарши бошқа санкциялар қўллаш ҳақидаги баёноти АҚШнинг бу борадаги сиёсати ўзгармаслигини кўрсатади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG