Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:46

Бош прокуратура Тошкент ҳокимига "мансублиги таъкидланган" аудиони ўрганишни бошлади


Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгдан биринчи ) президентнинг кичик куёви (чапдан биринчи) Отабек Умаров билан бирга (Иллюстратив сурат)

Бош прокуратура ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий нашрларда тарқалган ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани иддао қилинган аудиоёзув бўйича суриштирув бошлаганини билдирди.

16 ноябрь куни тармоқларга чиқарилган ёзувда, овоз эгаси журналистларни жисмонан йўқ қилиш, гейга чиқариб маҳалласида сазойи қилишини айтиб, очиқдан-очиқ таҳдид қилади.

Аудиоёзув тарқатилганидан бир кун ўтиб, Kun.uz нашрининг ёзишича, бу таҳдидлар нашр мухбирлари - Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедовлар "ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган".

Kun.uz билдируви

17 ноябрь куни нашр "Ортиқхўжаевча сўз эркинлиги: Пойтахт ҳокими Kun.uz мухбирларига таҳдид қилганди" сарлавҳали мақолани чоп этди.

Мақолада айтилишича, 16 ноябрь куни тарқалган аудиоёзувдаги таҳдидлар шу йилнинг август ойида Kun.uz мухбирларига нисбатан айтилган.

"Мазкур таҳдид шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига Kun.uz мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган", дейилади мақолада.

Айтилишича, "таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Ваҳобов ва Kun.uz ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган".

"16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса таҳририятнинг алоқаси йўқ".

Баёнот

Бош прокуратура 16 ноябрь куни тарқалган аудиоёзув юзасидан 17 ноябрь куни баёнот берди.

"Ж.Ортиқхўжаевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади", дейилади баёнотда.

Ошкора таҳдид

16 ноябрь куни тармоққа чиқарилган ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда, овоз эгаси кўча тилида журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиши билан таҳдид қилади:

"Я за шесть секунд вас посажу в одно такси с геем, и всё! (Мен олти секундда сизларни ичида гей ўтирган таксига ўтқазаман ва тамом!) Фотографируют и вас объявляют геем (Сизни фотосуратга олишади ва гей деб эълон қилишади). Ёқадими раҳбаримизга, ёқмайдими мени ўзимнинг ҳам характерим бор. Я могу это делать. Шесть секунд могу сделать. Организовать могу. Или сомневаешься? Тушунтиролдимми?" - дейди овоз эгаси.

Сўнгра овоз эгаси журналистларни жисмонан йўқ қилишини айтади ва бундай тақдирга учрамаслик учун, журналистларни ҳокимият билан ҳамкорлик қилишга зўрлайди:

"Шунинг учун, лучше с нами работайте (яхшиси биз билан ишланглар). Если у вас будут какие-то проблемы, помогите нам, чтобы мы решили эту проблему (Агар сизларда қандайдир муаммо туғилса, бизга бу муаммони ечишда ёрдам беринглар)", дейди овоз эгаси.

Оммавий қоралов

Бу аудиоёзув тарқалгач, ижтимоий тармоқларда жуда катта норозилик уйғонди.

Оддий фойдаланувчилару блоггер ва сиёсий фаол шахслар журналистларга таҳдид қилган мулозимга чора кўрилишини талаб қила бошлади.

Айни пайтда, аввалгидан фарқли тарзда, Ўзбекистондаги қатор сиёсий партиялар ва ташкилотлар етакчилари ҳам бу кампанияга қўшилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолатни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини билдирди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам аудио бўйича тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

"Биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муайян тўхтамга келинади", дея маълум қилди агентлик.

Яна бир аудиоёзув

Шу йилнинг 16 август куни Тошкент шаҳар ҳокимига тегишли экани иддао қилинган бошқа бир аудиоёзув Озодликка келиб тушганди.

Унда овоз эгасининг қабулига борган ўндан ошиқ шикоятчига “Қаерга борсанг шу ерга бор, хоҳласанг президентга, хоҳласанг, Худога бор!” деб бақиргани, столга баклажка билан қаттиқ уриб, ходимларини хонадан ҳайдаб чиқаргани эшитилади.

Ўшанда Озодлик изоҳ сўраб, Тошкент шаҳар ҳокими қабулхонасига қўнғироқ қилган.

Матбуот котиби Озодлик саволларини эшитиб турган бир пайтда, иккинчи линияда пайдо бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаевникига ўхшаш овоз соҳиби, унга Озодлик билан гаплашишни ман қилган ва шу билан мурожаат жавобсиз қолганди.

Озодлик қўшимча тафсилотларни аниқлашда давом этмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатишда давом этинг!

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG