Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 05:37

"Ватанпарвар" газетаси мухбири қўлга олинди. У давлат сирларини ошкор қилишда гумонланмоқда


Владимир Калошин 27 йилдан буён "Ватанпарвар" газетасида ишлаб келаётганди

2 июль куни Тошкентда истеъфодаги подполковник, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли“Ватанпарвар” газетаси мухбири Владимир Калошин ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодликка Владимир Калошиннинг "фуқаровий либосдаги ходимлар томонидан ҳибсга олинишига гувоҳ бўлган" қўшнилари маълум қилди.

Владимир Калошиннинг қизи отасининг Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162- моддасида (“Давлат сирларини ошкор қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганини билдирди.

Подколковник Владимир Калошин "Ватанпарвар" газетасида 27 йилдан буён ишлаб келаётганди.

“Тинтув”

Тошкентнинг Юнусобод даҳасида истиқомат қилувчи Владимир Калошиннинг қўшниларига кўра, фуқаровий либосдаги беш киши ва участка нозири истеъфодаги подполковникнинг квартирасига 2 июль эрталаб бостириб кирган.

Эрталаб фуқаровий кийимда беш киши ва ҳарбий кийимда бир киши келди. Владимир аканинг квартирасида тинтув ўтказишди. Тинтув пайтида у билан жуда қўпол муомала қилишди”, - деди Владимир Калошиннинг квартирасида ўтказилган тинтувга гувоҳ бўлган қўшниларидан бири.

Бошқа бир гувоҳга кўра, тинтув кечгача давом этган ва сўнгра Владимир Калошинга тегишли ҳужжатлар ва компьютерни тинтувни ўтказганлар олиб кетган:

Тинтув кечгача давом этди. Охирида қандайдир ҳужжатлар, қоғозлар ва компьютерни олиб чиқиб кетишди”.

Гувоҳнинг қўшимча қилишича, тинтувдан кейин фуқаровий либосдаги шахслар Владимир Калошинни енгил машинага ўтқазиб олиб кетганлар:

Владимир Калошинни машинага ўтқазиб олиб кетишди. Қўлига кишан солганлари йўқ. Квартирани ҳам муҳрлашмади. Калошин: “Квартирани муҳрламайсизларми?” деб сўради. Фуқаровий либосдагилардан бири: “Уйингда ҳеч вақо йўқ-ку, нимасини муҳрлаймиз?” деб кулди”.

“Давлат сирларини ошкор қилиш”

Владимир Калошиннинг Москвада истиқомат қилаётган қизи Анастасия Епишева отасининг ҳибсга олинганини унга айни куни қўшнилари маълум қилганини айтди.

Анастасия Епишеванинг адвокатга таяниб айтишича, хавфсизлик ходимлари Владимир Калошиннинг халқ орасида “Гвардейский” номи билан танилган ДХХ ҳибсхонасида сақланаётганини маълум қилганлар:

"Биз отам билан ҳеч боғлана олмадик. Кейин адвокат ёлладик. У расмий сўров жўнатди. Улар адвокатга отамнинг "Гвардейский"да сақланаётгани ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан сўроқ қилинаётганини айтганлар".

Анастасия Епишеванинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб айтишича, отаси “Давлат сирларини ошкор қилиш”да гумонланмоқда:

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162- моддасида ("Давлат сирларини ошкор қилиш") бу жиноятга қуйидагича таъриф берилган:

Давлат сирларини ошкор қилиш ёки ўзгага бериш, яъни давлат сири, ҳарбий сир ёки хизмат сири ҳисобланган маълумотларнинг, бу маълумотлар ишониб топширилган ёки хизмати ёхуд касб фаолияти юзасидан улардан хабардор бўлган шахс томонидан ошкор қилиниши​”.

Озодлик Калошиннинг оила аъзолари томонидан ёлланган адвокат билан суҳбатлаша олмади.

"Ватанпарвар" газетасининг ўзини таништирмаган ходими Владимир Калошиннинг ҳибсга олинганидан таҳририят ходимлари ўтган ҳафта охирида хабар топганликларини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, "Владимир Калошинга қандай айблов қўйилганини ҳеч ким билмайди".

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматидан Владимир Калошиннинг иши юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

“Ватанпарвар” мухбири

Подполковник Владимир Калошин 2012 йилда истеъфога чиққанди
Подполковник Владимир Калошин 2012 йилда истеъфога чиққанди

Маълум бўлишича, 68 яшар Владимир Калошин 27 йилдан буён “Ватанпарвар” газетасида ишлайди.

Ҳарбий оилада таваллуд топган подполковник Владимир Калошин 1974 йилда Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган.

Дастлаб Термиз гарнизонида, сўнгра мотоўқчи, миналардан тозалаш, танкларга қарши, ракета ва танк қўшинларида хизмат қилган.

1992 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли “Ватанпарвар” газетаси таъсис этилар экан, у ушбу нашрнинг “Ҳарбий хизмат ва тарбиявий ишлар” бўлимига раҳбар этиб тайинланган.

2012 йилда истеъфога чиққан подполковник айни газетада мухбир сифатида ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 9 йиллиги муносабати билан Владимир Калошин "ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кўрсатган хизматлари" учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Владимир Калошин охирги пайтларда давлат сирларига алоқадор жиноятларни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган илк ўзбекистонлик эмас.

Озодлик радиоси жорий йилнинг 12 март куни дипломат Қодиржон Юсуповнинг ​ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганини хабар қилган эди.

Давлатга хиёнатда айбланган тарихчи олим Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрида суд ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

XS
SM
MD
LG