Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 06:16

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий ҳайдовчилар Россиядан чиқарилмайди


Йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий рақамли автомобил эгалари жарималарни тўламагунча Россия ҳудудидан чиқарилмайди. Россияда қонунга киритилган тегишли ўзгартишлар жорий йилнинг 7 июлидан кучга киради.

Россия давлат автомобил инспекцияси маълумотига кўра, жарималари тўланмаган чет эллик автомобил эгаларига ҳозирдан Россияга киришга тақиқ қўйилди.

Россия Федерациясининг «Халқаро автомобиллар ташувлари устидан давлат назорати ва уларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида»ги 2020 йил 8 декабрида қабул қилинган қонунига биноан 2021 йил 7 июлдан ҳайдовчи чегарага келгач, унга уч соат муддат берилади. Бу вақт давомида жарима тўланмаса, унга Россиядан чиқиб кетишга рухсат берилмайди.

Киритилган янги тартиб бўйича чет эл транспорт воситаларининг 2020 йил 8 декабрдан кейинги жарималари инобатга олинади.

Шунингдек, янги тартибга кўра, Россияга кириб келаётган хорижликка тегишли транспорт воситасида назорат пунктида олдинроқ тайинланган маъмурий жаримаси борлиги аниқланса, мамлакатга кириш ва мамлакат ичкарисида ҳаракатланиш фақат жарима тўлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.

Жарима тўламагунга қадар машина эгасига ҳам Россияга киришга тақиқ қўйилади.

Озодлик мурожаат қилган Россия Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясида (ГИБДД) кўп ҳолларда автотранспорт томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар фото- ва видеофиксаторлар томонидан автоматик тарзда қайд этилиши, жарима эса машина эгасига юборилишини маълум қилишди. Қонун ташаббусчиси бўлган автоинспекция мутахассислари жарима қўйилган автомашина эгаси тўғрисида ГИБДДда маълумот йўқлиги, чунки автомобиль хорижда қайдга олинганини таъкидлади.

ГИБДД раҳбарияти қонунчиликдаги бу камчиликни билган чет эллик ҳайдовчилар Россия йўлларида истаганча қоидаларни бузиб, “ўзларини жазосиз ҳис этиб келгани”ни таъкидлади.

Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонлик ҳайдовчилардан бири автомобил инспекцияси ходимлари илгариттан хориж автомобилларини трассаларда тўхтатиб, текшириб келганини айтади.

Исмини очиқлашни истамаган мусофир ҳайдовчи рус ҳукумати жорий этган янги тартибларга жавобан “ўзбек ҳайдовчилари албатта йўлини топишади”,- дейди.

- Ўзбек қайд рақамларига эга машинани Россиянинг бирор жойига бириктирсангиз, штраф ўша ерга келаверади. Мени машинамни ўзида 600-700 минг рубль жарима йиғилиб қолган! Йўлда ГАИ тўхтатиб, текширса албатта бу штрафлар чиқиб келади. Шу учун улар тўхтатиши билан 500-1000 рубль бериб, қутулиб кетамиз. Мен бу жарималарни тўламайман, албатта. Штрафлар чизиқ босганим, тезлик, светофор, айниқса автобус йўлаги бўйича ҳаракатланганим учун келади. Ўзбеклар Россия киритган бу қонунга жавобан иложини аллақачон топган - Ўзбекистонга бориб машина номерини алмаштириб, “тоза” рақамлар қайтиб киряпти, - деди ўзбекистонлик ҳайдовчи.

Хорижлик ҳайдовчи тўланмаган жарималари бор-йўқлигини Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси расмий веб-сайтидаги (гибдд.рф) “ЙҲХИ жарималарини текшириш” (“Проверка штрафов ГИБДД”) хизмати орқали мустақил текшириб олиши мумкин.

2017 йилдан бошлаб Беларусь ва Қирғизистон гражданларига Россия ҳудудида ГИБДДда имтиҳон топширмасдан ҳайдовчи бўлиб ишлашга рухсат берилган - улар Евросиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси бўлган ўз давлатларида олган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлаши мумкин.

Қолган давлатлардан келган муҳожирлар, жумладан ўзбекистонликлар тест синовларидан ўтишлари лозим.

XS
SM
MD
LG