Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:43

ММА бўйича "муҳожирлар чемпионати"да ўзбекистонликлар яхши натижа кўрсатолмади (ФОТО-ВИДЕО)


Москвада меҳнат мигрантларига тегишли 30 га яқин ММА клубларидан 2-3тасигина ўзбекистонлик муҳожирларникидир. 
Москвада меҳнат мигрантларига тегишли 30 га яқин ММА клубларидан 2-3тасигина ўзбекистонлик муҳожирларникидир. 

Москванинг “Лужники” спорт мажмуасида муҳожирлар ўртасида ММА – аралаш яккакураш тури бўйича халқаро “муҳожирлар чемпионати” бўлиб ўтди. Унда иштирок этган икки ўзбек курашчиси ўз рақибларига ютқазиб қўйди.

Мусобақаларда асосан тожикистонлик ва қирғизистонлик курашчилари иштирок этди. Маълумотларга қараганда, шу кунда Москвада меҳнат мигрантларига тегишли 30 га яқин ММА клубларидан 2-3тасигина ўзбекистонлик муҳожирларникидир. Қолган клублар эгалари қирғиз ва тожик мигрантларидир.​

Аралаш яккакураш - ММА (Mixed martial arts) бўйича Россия Мигрантлар федерацияси томонидан уюштирилган FMR Fighting Championship (FFC) мусобақаси якшанба, 1 декабрда бўлиб ўтди.

Мигрантлар федерацияси камарлари учун учинчи марта ўтказилган бу беллашувларда Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Гуржистон, Эрон ва Афғонистон спортчилари қатнашди.

Турнир ғолибларидан бири - "Танк" лақабли Жирғалбек Чомонов
Турнир ғолибларидан бири - "Танк" лақабли Жирғалбек Чомонов

Гуржистон ва Эрондан таклиф қилинган спортчиларни ҳисобга олмаганда, “Лужники” спорт марказидаги бу жангларга асосан Москвадаги спорт клубларида машқ қилаётган меҳнат муҳожирлари иштирок этди.

Шу боис мутахассислар орасида бу мусобақа “мигрантлар қоидасиз жанглари” номини олди.

“Лужники"даги жангларнинг асосий қисмида тожик ва қирғиз курашчилари иштирок этгани эътиборга молик. Маълумки, бугунга келиб биргина Москвада мавжуд 30 га яқин ММА клубларидан 2-3тасигина ўзбекистонлик муҳожирларига тегишлидир.

Қолган клублар эгалари қирғиз ва тожик мигрантларидир.

Жангларда асосан Москвадаги ММА клублари вакиллари қатнашди
Жангларда асосан Москвадаги ММА клублари вакиллари қатнашди

Муҳожирларни ўта хавфли саналган “қоидасиз жангларга” нима етаклаб келаяпти: мўмай даромад олишми, танилишми ёки спортга қизиқишми?

Озодликнинг бу саволларига жавоб берган турнир мухлислари ва иштирокчилари ММА жангларида иштирок этаётгани сабабларини бундай тушунтирди. Билдирилган фикрлардан баъзилари:

  • - Спортнинг бу тури билан бу босқичда катта даромад топиб бўлмайди. Ушбу чемпионат каттароқ босқичга кўтарилишга, танилишга имкон яратади. Тўғри, айрим йигитларимиз бу курашни ёмон йўлда ишлатиш учун ўрганаётгани ҳам сир эмас. Лекин улар ҳақиқий спортчимас.
  • - Шахсан мен яккакураш билан кичиклигимдан шуғулланиб келаман. ММАда ўз кучимни синаб кўриш учун келдим. Ўзим қўриқчи бўлиб ишлайман – асосий даромадим ҳам ўшандан.
  • - Мен Ўзбекистон байроғини юқори кўтариш, ўзбек ММА жангчиларини танитиш истагидаман. Даромад ҳақидагина ўйлаб бу спортга келаётган ёшлар узоққа боролмайди.

Ўзбекистон байроғи остида асосий жангларда иштирок этиши эълон қилинган 4 нафар курашчидан октагонга 2 нафари чиқди.

Асли қаршилик Боҳодир Холмуродов тожикистонлик Абдусалом Шамсов билан бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учради. Озодлик билан суҳбатлашган ўзбек жангчиси рақиби ундан анча оғир эканига эътибор қаратди ва мухлислари олдида ишончларини оқлай олмаганидан афсус билдирди.

Яна бир ўзбекистонлик курашчи - 93 кило вазнда чиққан Раҳматулло Сатторов тожикистонлик яна бир малакали спортчи Файзи Тобатов билан рингга тушди. Аввалига рақибига бир нечта кучли зарба бериб гангитган Раҳматулло рақибининг қатор зарбаларини ўтказиб юборди ва беллашув тожик полвони ғалабаси билан якунлади.

Жангдан кейин Озодликка интервью берган Раҳматулло Сатторов ўзининг арзимас хатоси туфайли мағлуб бўлганини билдирди:

- Мен охирги 5 йил давомида рингга жиддий жангларда иштирок этмаганим ўз таъсирини кўрсатди, шекилли. Ҳар ҳолда, ютқазиб қўяман деб ўйламагандим. Мен бу ғалабамни оиламга, президентимга бағишламоқчи эдим. Ҳечқиси йўқ – кейинги ўйинларга яхшироқ тайёрланиб келаман.

У Ўзбекистонда ММА ассоциацияси очилишини кўплаб у каби спортчилар томонидан олқишлангани ва яқин келажакда бу уюшма ўзбек жангчиларининг янги авлодини етиштириб беришига ишонишини маълум қилди.

Раҳматулло Сатторовга кўра, FFC жангларида ҳақиқатан асосан Москвада яшаб келаётган меҳнат муҳожирлари иштирок этди ва мусобақани “мигрантлар чемпионати” деб аталиши шундан.

Сатторов Москванинг Отрадное мавзесида 30-40 кишидан иборат аралаш яккакурашчилар клубини бошқариб келаётганини ва оддий ўзбек муҳожирларини профессионал жангларга тайёрлаётганини ҳам айтди.

Муҳожирларнинг ММА турнири Pamir Fighters ва "Акбар" клублари кўмагида уюштирилди.

Мусобақа ташкилотчиси Россия Мигрантлар федерацияси раиси Вадим Коженов Озодлик билан суҳбатда ММА бўйича учинчи маротаба ўтказилаётган бу чемпионликдан кўзланаётган асосий мақсадларга тўхталди:

- Бизнинг асосий мақсадимиз – мигрантларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва Россия Мигрантлар федерацияси ташкилотини улар орасида танитиш. Бизга бу турнирни уюштиришда 20 дан зиёд диаспора тузилмалари ва элчихоналар кўмак берди.

Аксар жанглар тожикистонлик курашчиларга насиб этди
Аксар жанглар тожикистонлик курашчиларга насиб этди

57 килограммгача бўлган вазн тоифасида помирлик Мурид Жонмирзоев FMR Fighting Championship (FFC) ҳакамлар қарори билан мусобақанинг мутлақ янги чемпиони камари соҳибига айланди.

66 килограмм вазнгача бўлган доғистонлик Қурбон Зайнулобидов гуржистонлик Давид Микропулога қарши жангда ўз камарини сақлаб қолишга эришди.

Озодлик сўнгги йилларда Москвада Қирғизистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари орасида ММА аралаш яккакураш турига қизиқишнинг ортиб бораётгани ортидан бир қанча миллий кураш клублари очилгани тўғрисида хабар берган эди.

Бундан олдинроқ, ММА устаси Бекзод Нурматов Чеченистон пойтахти Грознийда 4 октябрь куни Беслан Исаев билан ўтказилган жангдан сўнг вафот этгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG