Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Муҳожир ҳаёти: Волгоградда ишсиз қолган оила Ўзбекистонга кета олмаяпти


Шаҳзода қайнонаси ва фарзандлари билан.
Шаҳзода қайнонаси ва фарзандлари билан.

24 яшар Шаҳзода Жамиева ўзи ишлаган фермада иш мавсуми тугагани боис, икки боласи ва қайнонаси билан қарийб кўчада қолди: Россияда (Волгоград области) қолиб яшайверайлик деса, ижара ҳақига, Ўзбекистонга кетайлик деса, йўл кирага маблағлари йўқ.

Шаҳзоданинг фермада чўпон бўлиб ишлаган эри эса, анчадан буён нолегал мақомда.

Россияда давом этаётган иқтисодий инқироз мамлакат минтақаларида ишлаётган кўплаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳам оғир аҳволда қолдирмоқда.

24 ёшли бухоролик Шаҳзода Жамиева Волгоград вилоятида турмуш ўртоғи, онаси ва икки нафар боласи билан ўтган йилнинг бошларидан бери яшаб келади.

Бухоролик аёл у яшаб келган Жондорда уй-жойи йўқлиги сабабли Россияга оила аъзолари билан бирга келишга мажбур бўлганини Озодликка сўзлаб берди:

- Турмушга чиққанимга 7 йил бўлди. Ўтган йил ишлагани келгандик, бир йил бўляпти. Ойижоним биздан ҳам олдин келган эдилар. Олдин ойимнинг укасининг уйида яшадик. У киши уйландилар ва бизни чиқардилар у ердан. Мен маҳаллага ҳам, ҳокимиятга ҳам ёрдам сўраб бориб кўрдим – бўлмаганидан кейин Россияга ойижоним олдиларига келдим.

Шаҳзода эри ва онаси билан бирга Советский туманидаги маҳаллий фермалардан бирида ишлаб келган, мол боққан. Унинг турмуш ўртоғи шу фермада чўпон бўлган, аёллар эса фермадаги ишларни бажариб келган.

Бироқ, бундан 4 ой олдин фермерлик ширкати касодга учраган ва улар оилавий ишсиз қолган.

Иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги ташкил қиладиган Волгоград вилоятида иш мавсуми ҳали бошланмаган. Шу сабабли Шаҳзода 6 яшар қизи ва 1,5 яшар ўғли билан ҳатто ётоқ пулини топишга қийналиб қолди:.

- Шароитимиз жуда оғир, ижарага тўлашга пулимиз қолмади. Болаларим билан кўчада қолмайлик, деб Интернетдан эшитиб, Озодлик радиосига мурожаат қилдим. Турмуш ўртоғим нима иш бўлса қиладилар, лекин ишнинг ўзи йўқ. Ҳужжат қилишга пулимиз йўқ. Ўзбекистонда ҳам бу киши иш тополмадилар-да, Россияда ҳам шу аҳвол. Еб-ичишга етса, ижарага етмаяпти. Шу аҳвол.

Жондорлик аёл яқин орада ижара пулини тўлолмаса боласи билан кўчага чиқариб юборилиши хавфи остида қолганини билдирди.

Маълум бўлишича, бухоролик аёлнинг турмуш ўртоғи ҳужжатлари жойида бўлмагани боис, анчадан бери нолегал ҳолатда яшаб келмоқда. У узоққа бориб ёки давлатга қарашли корхоналарда ишлаш имконидан маҳрум бўлган.

Шаҳзоданинг сўзларича, у Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига ёрдам сўраб, мурожаат қилиб кўрган. Аммо элчихона ходимлари “Ўзбекистонга қайтгингиз келса қайтаверинг, биз пулингиз бўлмаса ёрдам бера олмаймиз. Бизда унақа ваколатимиз йўқ, биз сизнинг вазиятингизга аралаша олмаймиз!” деган жавоб қайтарган.

Шаҳзода Жамиева Озодлик билан суҳбатда унинг барча муаммолари Ўзбекистонда шахсий турар-жойи йўқлигидан, деб билишини айтди:

- Юртимда уй-жойим бўлишини хоҳлардим. Менга одамлар айтди – мурожаат қилсанг сени эшитишади, ёрдам беришади уй олишингга, деб.

Шаҳзода Жамиева Волгограднинг Советский туманида яшамоқда.
Шаҳзода Жамиева Волгограднинг Советский туманида яшамоқда.

Россиянинг жанубида жойлашган Волгоград вилояти мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи минтақаларидан бири саналади. Бу вилоятда полиз экинлари ва боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришга асосан ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари жалб қилиниши ва уларнинг ишлаш шароитлари ҳақида Озодлик олдин ҳам хабар берган.

Волгоград вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий маълумотича, 2019 йил давомида минтақада расман рўйхатдан ўтиб ишлаган Ўзбекистон ватандошлари сони 78 минг 287 нафарни ташкил этган. Қиёслаш учун: ўтган йили Волгоградда Тожикистондан келиб ишлаган меҳнат мигрантлари сони 25 мингдан зиёдроқ бўлган.

Полиция расмийлари вилоятда ноқонуний юрган муҳожирлар сонига оид бирор аниқ маълумот келтирмаган.

Волгоград область Думаси депутатлари бундан бир неча йил олдин сабзавот етиштириш ишларига ҳар бир хўжалик томонидан жалб қилинган хорижликлар сони 50% дан ошмаслигини қатъиян белгилаб қўйган эди.

Волгоград ИИБси маълумотига биноан, мигрантлар сонини чеклашга қаратилган тадбирлар ва полиция рейдлари натижасида олдинги йилларга нисбатан нолегал ишлаётган мигрантлар сони кескин камайган.

XS
SM
MD
LG