Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:40

Суд Навальнийни 3,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу унинг биринчи ҳақиқий қамоқ муддати (ВИДЕО)


Алексей Навальний Москванинг Симонов туман судидаги маҳкама жараёнида - 2 февраль, 2021
Алексей Навальний Москванинг Симонов туман судидаги маҳкама жараёнида - 2 февраль, 2021

Москванинг Симонов туман суди мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни 3,5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Москва шаҳар суди биносида ўтган маҳкама жараёнида Навальнийга нисбатан 2014 йилда чиқарилган шартли қамоқ муддатини ҳақиқийсига алмаштириш масаласи кўрилган.

Даъвогар - Федерал жазони ижро этиш хизмати Алексей Навальний хориждалик вақти қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо шартларини бузган, деб ҳисоблайди.

Навальний 2014 йилда бир муддат уй қамоғида бўлгани учун у айни ҳукм бўйича 3 йилдан камроқ қамоқда қолиши кутилади. Бу Навальнийнинг биринчи ҳақиқий қамоқ муддатидир.

Суд Навальний шартли жазо муносабати билан ўзига қўйилган мажбуриятларни бажармаган, деб топган.

Сўз Навальнийга нисбатан 2014 йилда чиқарилган ҳукм ҳақида бормоқда. "Ив Роше иши" деб билинган жиноят иши бўйича Алексей Навальнийга шартли жазо белгиланган эди. 2 февраль кунги маҳкамада Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузганликда айбланган.

17 январда Германиядан даволаниб Москвага қайтиши биланоқ қўлга олинган Алексей Навальний “Матросская тишина” қамоқхонасида сақланаётган эди.

Маҳкама жараёни арафасида Россия бўйлаб Навальнийни озод этиш талаблари билан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

31 январь кунги намойишларда 5 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Навальнийни озод қилишга чақирган ва уни озод этиш талаби билан кўчаларга чиққан намойишчиларга қарши номутаносиб куч ишлатилишини қоралаган. Вашингтон ва Брюссель Россияга қарши жазо чораларини муҳокама қилмоқда.

Аввалроқ Навальний маҳкамада сўнги сўзини ирод қилган ва унда яна бир бор ўзининг ўтган йил августида заҳарланиши учун Путин масъул эканини таъкидлаган. У Путин тарихга заҳарловчи сифатида киради, деб айтган.

Суддаги сўнг сўз

“Мени яхши эшитяпсизми? Мен ўзим муҳим деб ҳисоблаган ва бу жараёнда бир оз четга сурилган ҳуқуқий масалани муҳокама қилишдан бошламоқчи эдим. Бунинг барчаси бир оз ғалатироқ. Мана икки одам ўтирибди ва улардан бири: келинглар, Навальнийни қамайлик, чунки у душанба куни эмас, пайшанба куни (руйхатдан ўтгани) келар эди, демоқда. Иккинчиси эса: келинглар, Навальнийни комадан чиққанидан кейин назорат тартибида рўйхатдан ўтишга келмагани учун қамайлик, деяпти.

Аммо мен, ҳамманинг эътиборини, матбуот эътиборини, барча одамлар эътиборини қаратиш мақсадида, мана шу хонада мавжуд унча катта бўлмаган бир фил ҳақида гапирмоқчиман, ишнинг моҳияти мен айбсиз деб топилган ва сохталаштирилган деб тан олинган жиноят бўйича мени қамашдан иборатдир.

Европа суди оқ қоғозга қора сиёҳ билан ёзилгандай аниқ қарор қилдики, жиноят ишида ҳатто жиноят аломатлари йўқ, иш тўлиқ сохталаштирилган. Бундан ташқари Россия Федерацияси бу қарорни қисман тан олди ва менга хатто товон пули тўлаб берди. Шунга қарамай, менинг укам бу иш юзасидан бир йил уй қамоғида ўтирди. Бу иш юзасидан менинг синов муддатим якунланаётган бир пайтда мени ҳибсга олишди ва адвокатлар иштирокисиз Симонов судига олиб келишиб, синов муддатини бир йилга узайтиришди.

Мана 2021 йил кириб келди, мени эса ҳамон мазкур иш бўйича судлашда давом этишмоқда. Давлат мени маньякча ўжарлик билан бу иш бўйича қамашни талаб қилмоқда.

Кимдир, мен бу мамлакатга қайтганимдан сўнг, бир қадам ҳам боса олмай қамалишимни жуда хоҳлайди. Мен бир қадам ҳам босмадим. Бунинг сабаби- бункерда яшаётган бир одамнинг нафрати ва қўрқувидир.

Шу жойда прокурор Фролова суддан Навальнийга огоҳлантириш берилишини талаб қилади. Навальний унга “Менга сизнинг огоҳлантиришингиз керак эмас”, деб қичқиради.

Навальний ўз сўзини давом эттиради:

“Мен учувчиларнинг ва врачларнинг фидокорлиги туфайли тирик қолганим оқибатида (кимнидир) қаттиқ ғазаблантирдим. Бундан ташқари, мен тирик қолдим ва яширинмадим. Шундан сўнг энг даҳшатлиси содир бўлди: тирик қолдим, яширинмадим ва ўзимнинг заҳарланишим юзасидан ўтказилган терговда иштирок этдим.

Биз бу суиқасд ортида айнан Путин ва хавфсизлик хизмати турганини исботладик. Ва айнан мана шу ҳолатнинг ошкор бўлгани бу кичкина одамни ақлдан оздирмоқда.

Ҳамма ишонч ҳосил қилдики, у тасодифан президентликка ўтирғизиб қўйилган ва ҳеч қачон дебатларда иштирок этмаган майда чиновник холос. Унинг ягона курашиш воситаси – одамларни ўлдиришга ҳаракат қилиш.

У тарихда заҳарловчи сифатида қолади. Мана, сиз биласиз, Ярослав Мудрий (Донишманд) ёки Александр Освободитель (Озод қилувчи) бўлган, у эса – Владимир Отравитель (Заҳарловчи).

Москванинг ярми ўраб олинган, чунки бункердаги кичкина одам ақлдан озмоқда. Бу жараёнда муҳими унинг нима билан якунланиши эмас -мени қамаш қийин ишмас. Муҳими – кўплаб одамларни қўрқитиб қўйиш. Миллионлаб одамни қўрқитиш учун бир кишини қамаш.

Бизда 20 миллион одам ҳеч қандай истиқболсиз қашшоқлик чегарасидан ташқарида яшамоқда. Москвада яшаш яхшироқ, лекин Москвадан четга чиқиб кўринг. Мамлакатимиз 20 минг рублдан даромад топиб қашшоқликда яшамоқда. Мен айтмоқчи бўлган муҳим гап шуки, умид қиламан, бу жараённи одамлар “кўпроқ қўрқишимиз керак экан”, деб қабул қилмайдилар – бу ожизлик намойишидир. Улар буни тушунсалар, ҳаммаси ўз ўрнига тушади.

Навальний сўзини судья бўлаб қўяди: “Келинг, Федерал жазони ижро этиш хизмати даъвосига қайтайлик. Сиз бу даъво ҳақида ҳеч нарса айтмадингиз, сиз сиёсат ҳақида гапиряпсиз”.

Навальный: " Мен нима гапираётган бўлсам, бу сизлар уюштирган даъво томошасига жавобдир ва бу менинг бу томошага муносабатимдир”.

Судья: "Алексей, биз митингда эмасмиз, даъвога қайтайлик".

Навальный: "Мен ўз муносабатимни билдиряпман, менда бошқача муносабат йўқ, илтимосим, мени охиригача тингланг”.

Алексей Навальний ўз сўзини мана бундай якунлади:

“Ҳар бир одамнинг бурчи сизларга ва бундай қонунларга бўйсунмасликдир. Мен ички иштонларни кимёвий қурол билан суртишни яхши кўрган одамларнинг тўлиқ назорати остига тушиб қолганимга қарамай, қарши ҳаракат қилишда давом этаман ва бу ишга бор имкониятимни сарфлайман.

Мен қонун тантана қилиши учун бор кучимни сарфлайман ва кўчага чиқишдан қўрқмаган барча ҳалол одамларни олқишлайман, чунки уларнинг ҳам ҳудди сиз каби ҳақлари бор! Биз ҳам ҳудди сиз каби фуқаромиз ва адолатли судловни, адолатли сайловларни талаб қиламиз. Россияда ҳозир кўп яхши нарсалар бор, улардан энг яхшиси - ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, амалига қарамай кўзларини ерга қадамайдиган ва мамлакатимизни узумзору аквадискотекаларга алмаштиришга қарор қилган мансабдорларга бериб қўймайдиган одамларимиздир. Мен бу даъвони тан олмайман ва ўзимнинг зудликда озод қилинишимни талаб этаман”.

Хавфсизлик чоралари

Суд бошланиши арафасида Москва полицияси суд биноси атрофидаги қатор кўчалар ҳаракатланиш учун тўсиб қўйилишини билдирди. Навальний штаби аҳолини суд биносига келиш ва мухолифатчи ҳимоясига намойиш ўтказишга чақирди.

Хабарларда билдирилишича, Москва шаҳар суди биноси полициячилар томонидан кучайтирилган тартибда ҳимоя қилинмоқда.

Полиция суд биносига келаётган одамларни қўлга олгани ҳам хабар қилинди. Шу соатгача юздан ортиқ киши қўлга олинган. Айрим хабарларда айтилишича, суд биносига яқин метро бекатидан чиқаверишда ОМОН ҳужжатларни текширмоқда. Бу ерда камида 20 киши қўлга олингани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG