Линклар

Шошилинч хабар
01 феврал 2023, Тошкент вақти: 13:41

Халқаро хабарлар

900 нафар украиналик Чехиядан поездда эвакуация қилинди

Украиналиклар Прага вокзалида поездга ўтирмоқда. 2020, 19 март.

19 март куни коронавирус пандемияси ортидан уюштирилган эвакуация доирасида тақрибан 900 нафар украиналик поездда Прагадан Киевга йўлга чиқди.

Поезд Чехия ва Польшадан ўтади. Украинанинг Чехиядаги элчиси Евҳен Перебийнис Чехияда яшаётган 3000 дан ошиқ украиналик эвакуация уюштирилишини сўраганини айтди.

Бу орада Украинанинг Житомир шаҳри мэри шаҳарда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Украина расмийларига кўра, бемор яқинда Австриядан Украинага келган.

Бугунга қадар Украинада камида 26 нафар одам вирусга чалинди. Уларнинг уч нафари вафот этди.

20 март куни олинган маълумотларга кўра, COVID-19 вирусини 242 мингдан ошиқ одам юқтирди. Уларнинг камида 9800 нафари вирус туфайли ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Кун янгиликлари

Лондон Абрамовичнинг қарийб 2,8 млрд доллар маблағини Украинага ёрдам ўлароқ ўтказиб бермоқчи

Россиялик миллиардер Роман Абрамович

Буюк Британия ҳукумати россиялик миллиардер Роман Абрамовичга қарашли “Челси” футбол клубининг сотилишидан тушган 2,3 миллиард фунт стерлинг (тақрибан 2,8 миллиард АҚШ доллари) маблағни Украидаги уруш қурбонларга ёрдам жамғармасига ўтказиб беришни режаламоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри ҳукуматдаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, Британия нашрлари бу қадамнинг Европа Иттифоқи томонидан маъқулланишини кутмоқда, чунки Абрамович ЕИда санкция рўйхатида киритилган. Мазкур масаланинг ҳал бўлиши бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

ОАВ қайдича, пул жўнатилиши режаланаётган жамғармани тузиш ғояси Абрамовичнинг ўзига тегишли бўлган. Бу фикр ўтган йилнинг март ойида россиялик олигарх Украинадаги уруш туфайли санкциялар дуч келгани ортидан пайдо бўлгани айтилмоқда.

“Челси” футбол клубининг савдога қўйилиши 2022 йил бошида эълон қилиниб, сотиш ишлари май ойи охирида якунига етган. Клуб америкалик инвестор Тодд Боли бошчилигидаги консорциумга 4,25 миллиард фунт стерлингга сотилган. Байдан тушган маблағ махсус банк ҳисобрақамига қўйилган, ҳисобрақамининг ўзи эса музлатилган.

Россияда военкомат биносининг ёқилиши илк бор судда теракт деб топилди

Кемеровода ўт қўйилган ҳарбий комиссариат биноси (архив сурати)

Россияда суд ҳарбий комиссариат биносини ёққанлик учун биринчи марта “террор хуружи” моддаси бўйича ҳукм чиқарди.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, Ханти-Мансийск округидан бўлган айбланувчи 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Агентлик ўз хабарида судланувчининг исмини келтирган эмас. Бироқ, афтидан, бу ерда гап Владислав Борисенко ҳақида бормоқда. Ҳукм Екатеринбургдаги Марказий округ ҳарбий суди томонидан чиқарилган.

Нижневартовск шаҳрида яшаган Борисенко Василий Гаврилишен билан биргаликда ўтган йилнинг май ойида шаҳардаги военкомат биносини ёқиб юборишга уринганликда айбланган. Ўшанда бинодаги чўмилиш хонасининг кийим алмаштирадиган хонасига ўтгани айтилган. Аланга чақириқ асосида келган полициячилар томонидан тез орада ўчирилган, ҳодиса чоғида бирор кишининг жабрлангани маълум қилинган эмас.

Украина уруши бошланганидан буён Россияда ўнлаб военкомат ва бошқа давлат муассасалари биноларига ўт қўйишга уринишлар бўлган. Бу каби ҳаракатлар президент Путин томонидан қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин кучайган. Дастлаб ҳарбий комиссариат биноларини ёқиб юборишга уринганлардан бир неча нафари “безорилик” ёки “мулкка зарар етказганлик” моддалари бўйича судланган, бироқ куз ойларидан бошлаб тергов идоралари бу каби ишларни “террор хуружи” ўлароқ малакалаётганлари кузатилмоқда.

WP: АҚШ Украинага танкларни 2023 йил охиридагина етказиб беради

АҚШ Киевга бермоқчи бўлган 31 та “Абрамс” танкини 2023 йилнинг охиригача етказиб бера олмайди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Украинага “Абрамс” танкининг модификация қилинган M1A2 варианти етказиб берилади. Бу танклар АҚШ армиясининг мавжуд заҳирасидан олинмайди, балки Украина учун махсус ишлаб чиқарилади.

CNN телеканали ҳам Киев «Абрамс» танкларини камида йил охирида олиши мумкинлигини хабар қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский 27 январда Sky News телеканалига берган интервьюсида танклар 2023 йилнинг августида етказиб берилган тақдирда ҳам «жуда кеч бўлиши»ни айтган.

Аввалроқ Украинага АҚШ 31 та «Абрамс» танкини, Германия эса 14 та «Леопард» танкини беришини ва қолган давлатларга ҳам Киевга танкларни етказиб беришга тўсқинлик қилмаслигини билдирган. Шундай қилиб, Украинага жами 112 та «Леопард» жўнатилиши режалаштирилган. «Леопард» танклари Украинага 2-3 ойда етиб келиши кутилмоқда.

Украина армияси контрҳужум учун камида 300 ғарб танклари зарур бўлишини маълум қилди.

ЖССТ COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 30 январь куни тарқатган баёнотида COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди. Баёнотда айтилишича, коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

ЖССТнинг коронавирус бўйича қўмитасининг 14-йиғилиши пандемиянинг уч йиллигига бағишланди. COVID-19 пандемияси 2020 йилнинг 30 январида эълон қилинган эди.

Йиғилишда коронавирусни бартараф этиш учун катта ишлар қилингани, аммо пандемия ўтиб кетди деб ҳисоблашга ҳали эрта экани таъкидланди. Бунга Хитойда қатор карантин чекловлари бекор қилингач яна COVID-19 кескин кўпайгани мисол қилиб кўрсатилди.

Коронавирус тўғрисидаги илк маълумотлар 2019 йилнинг декабрида Хито йда пайдо бўлди. Вирус дунё бўйлаб тез тарқала бошлади. Сўнгги уч йилда жаҳонда 670 миллион киши коронавирусга чалинди, улардан 6,8 миллиони вафот этди. Бугунги кунда 5 миллиард киши коронавирусга қарши эмланди.

Покистон масжидида бўлган портлашни худкуш амалга оширгани маълум бўлди

Портлаш 30 январь куни пешин намози пайтида содир этилди.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда содир этилган портлашни худкуш амалга оширган. Бу ҳақда “Машъал” радиоси гувоҳларга таянган ҳолда хабар берди.

Гувоҳлар имомнинг ортида биринчи қаторда турган шахс ўзини портлатганини айтганлар. Бу воқеа 30 январда 260 дан ортиқ киши масжидда пешин намозини ўқиётган вақтда содир этилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, портлаш оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган. Масжиднинг бир қисми ўпирилиб тушиб, бир неча одамни босиб қолган.

Мазкур портлаш учун масъулиятни “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда гуруҳ раҳбарларидан бири Сарбақаф Мухманд Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф портлаш ортида турганларга “қатъий чоралар” кўрилишини билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.

Европа Иттифоқи Эроннинг дрон ишлаб чиқарувчи ширкатига қарши санкция киритди

Iran Aircraft Manufacturing Industries Corporation корпорацияси маҳсулотлари

Европа Иттифоқи Эрондаги давлат корпорацияси бўлган Iran Aircraft Manufacturing Industries Corporation (HESA) ни санкция рўйхатига киритди. Бу ҳақда “ЕИ расмий журнали”да ёйинланган хабарномада айтилган.

Мазкур корпорация ҳарбий ва фуқаровий учоқлар ҳамда Россия томонидан сотиб олинаётган учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

ЕИ қайдича, “HESA Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказаётган ёки таҳдид солаётган хатти-ҳаракатларни дастаклаётгани учун масъулдир”.

Қозоғистонда бир миллиондан зиёд одам ўзини банкрот деб эълон қилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Қозоғистонда “Фуқароларнинг тўловчанлигини тиклаш ва банкротлиги тўғрисида”ги қонун кучга кирганидан кейин бир миллиондан зиёд киши ўзини банкрот деб эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда 30 январь куни Марказий коммуникациялар хизматида ўтган брифинг чоғида молия вазирининг ўринбосари Ержан Биржанов маълум қилган.

“Кўпи билан 1 миллион 100 минг тушиши мумкин. Бироқ бу банкротликка тушган одамларнинг максимал сонидир. Биро бу иш ихтиёрий ва мен аминманки, фуқароларимизнинг кўпчилиги “банкротлик”нинг қора тамға эканини ҳисобга олиб, оқилона қарор қабул қилади”, дея иқтибос келтирган Биржанов сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.

Мулозимга кўра, мазкур мақом билан қарздор 7 йилгача юради, янги кредитни эса киши “банкрот” деб топилганидан кейинги 5 йил ичида ололмайди.

Вазир ўринбосари январь ойи бошига кўра мамлакатда 10 минг чоғли одам банкротликка даъвогар эканини қўшимча қилган.

Брифингда ўзини банкрот деб топилишига қарор қилган шахс ярим йил ичида Қозоғистонни тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам билдирилган.

Покистондаги масжидда содир бўлган портлаш оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди

Покистоннинг Пешовар шаҳрида 30 январь куни худкуш шахс масжидда портлаш мосламасини ишга туширган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги мамлакат расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Нашр манбалари ҳодиса чоғида 20 дан зиёд одам ўлгани, 100 га яқин киши жароҳатланганини айтганлар. Бошқа нашрлар эса портлаш оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлганини қайд этмоқдалар.

Reuters агентлигининг ёзишича, ҳужум ортидан касалхонага 90 нафар ярадор етказилган, улардан айримларининг аҳволи ёмон экани айтилмоқда. Агентлик ҳодиса қурбонлари сони 32 нафарга етганини хабар қилган.

Портлаш масжид яқинидаги полиция бўлими ходимлари дохил 150 нафарга яқин киши намоз ўқиётган пайтда содир бўлган. Гувоҳларга кўра, портлаш натижасида масжид томи қулаб тушган. Бино вайроналари остида яна жабрланганлар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур террор хуружи учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.

Ҳайбар-Пахтунхва вилоятининг маркази бўлмиш Пешовар шаҳри Афғонистон билан чегарада жойлашган. AP қайдича, бу ерда жангарилар тез-тез террор хуружларини уюштириб туришади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.

Чехияда истеъфодаги генерал Петр Павел президентликка сайланди

Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТО Ҳарбий қўмитасининг раҳбари бўлган.

Чехияда 28 январь куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи якунланди. Унда истеъфодаги генерал Петр Павел ғалаба қилгани билдирилди.

Сайловнинг иккинчи босқичида рақиб бўлган Чехия собиқ бош вазири Андрей Бабиш 42 фоиз, Павел 58 фоиз овоз олган.

Павел Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди. Земан узоқ вақт Европа Иттифоқидаги Россияга мойил бўлган сиёсатчи сифатида кўрилган. Аммо Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг у Москвага нисбатан муносабатини кескин ўзгартирган.

Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТО Ҳарбий қўмитасининг раҳбари бўлган. Унга қадар беш йил давомида Чехия армияси бош штабининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Павел ғарбпараст сиёсатчилардан бўлиб, Россиянинг Украинага бостириб кириши борасида қатъий позицияда туради. Уни асосан ўнгчилар, консерватив ва либерал қарашдагилар қўллайди.

Павел март ойлари бошларида қасамёдга келтирилганидан сўнг президентлик лавозимини бажаришга киришади.

Павелнинг асосий рақиби бўлган миллиардер Андрей Бабиш Чехиянинг собиқ бош вазиридир. У ҳозирда ANO мухолифат партияси лидеридир. Сайлов арафасида суд уни Европа Иттифоқи дотациялари билан товламачилик қилганлик юзасидан очилган жиноят иши доирасида оқлади. Уни асосан пенсионерлар ва кам даромадли сайловчилар қўллади.

Сайловнинг биринчи босқичи 13 ва 14 январда ўтказилган эди. Ўшанда Бабиш ҳам, Павел ҳам етарли даражада овоз ололмаганди.
Чехия парламент республикаси бўлиб, унда президент ваколатлари унчалик катта эмас. Аммо анъанавий тарзда президент катта таъсир кучига эга.

Петр Павел 1993 йилда Чехословакия иккига бўлинганидан сўнг ўтган даврда Чехиянинг тўртинчи президенти бўлди. Бунга қадар собиқ диссидент ва драматург Вацлав Ҳавел (1993–2003), иқтисодчи профессор ва собиқ бош вазир Вацлав Клаус (2003-2013) собиқ бош вазир Милош Земан (2013–2023) президент бўлган. 2013 йилгача Чехияда президент парламент томонидан сайланар эди. Кейин президент умумхалқ сайловида сайланадиган бўлди.

Украина мудофаа вазири: Бизга қирувчи самолётлар ва узоққа отиладиган ракеталар керак

F-16 қирувчи самолётлари.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников Ғарб давлатлари Киевга танклар етказиб бериш қарорини қабул олганидан бир неча кун ўтгач, Канаданинг CBC телеканалига берган интервьюсида, Украинага қирувчи самолётлар ва узоқ масофага отувчи ракеталар ҳам ўта зарурлиги тўғрисида гапирди.

Сўнгги кунларда президент Владимир Зеленский ҳам Ғарб давлатларини Украинага ҳарбий самолётлар ва узоқ масофага отилувчи ракеталар етказиб беришга чақириб келаётган эди.

“Бугун иложиси бўлмаган нарсанинг эртага иложиси топилади”, - деди Резников Ғарб дастлаб Украинага танклар ва ҳаводан мудофаа тизими етказиб беришга тайёр бўлмаганини назарда тутган ҳолда.

Вазир Ғарбдан олинаётган қуроллардан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба берилмаслигини алоҳида таъкидлади.

АҚШ матбуоти Вашингтон ва НАТО Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни муҳокама қилаётгани тўғрисида ёзмоқда. Германия канцлери Олаф Шольц 29 январда Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш эҳтимолий мавжуд эмаслигини айтди. Италия мудофаа вазири ҳам Украинага ҳужумкор ҳарбий техника берилишига қарши эканини билдирди.

Аввалроқ Британия, АҚШ, Германия каби қатор ғарб давлатлари Украинага танклар етказиб беришга розилик билдирганди.

Туркия Швецияни четлаб Финляндиянинг НАТОга қўшилишига розилик бериши мумкин

Эрдўғон Швеция Анқарага курд фаолларини топширишини талаб қилмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Финляндиянинг НАТОга қўшилишига розилик билдириши, аммо Швецияга розилик бермаслиги мумкинлигини айтди.

“Лозим бўлса, Финляндия борасида Швециядан бошқачароқ жавоб беришимиз мумкин. Швеция бу жавобни берганимизда шокка тушади”,- деди Эрдўғон телевидение орқали сайловчилар саволларига жавоб берар экан.

Туркия ва Швеция муносабатлари сўнгги ҳафталарда анча совуқлашди. Анқара фикрича бунга Стокҳольм аввал келишилганидай қатор курд фаолларини Туркияга қайтармаётгани, Швецияда аксилтурк намойишлари ўтказилгани ва унда Қуръоннинг ёқилгани сабаб бўлган. Анқара курд фаолларини “террорчи ташкилот аъзолари” сифатида кўради.

“Агар сиз НАТОга аъзо бўлмоқчи эсангиз, унда бизга бу террорчиларни топширинг”,-деди Эрдўғон.

Финляндия ва Швеция НАТОГА қўшилиш учун ўтган йилнинг май ойида ариза берган эди. Россия Украинага бостириб киргунича бетарафлик позициясида бўлган бу икки давлат НАТОга қўшилиш бўйича ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлишлари учун ташкилотга аъзо 30 давлат розилик бериши лозим. Ҳозиргача 28 давлат бунга розилик берган. Венгрия ва Туркия эса розилик беришни ортга сурмоқда.

Толибон олийгоҳларга аёлларни имтиҳонга киритишни тақиқлади

Афғон қизлари.

Толибон ҳукуматининг маориф вазирлиги хусусий университетларга аёлларни қабул қилиш имтиҳонларига киритишни тақиқлади. Вазирлик бу тақиқни бузган олийгоҳлар суд жавобгарчилигига тортилишини билдирди.

Афғонистонда 40 давлат ва 150 та хусусий университет бор. Афғон олийгоҳларига кириш имтихонлари февраль ойининг охирларида бўлиб ўтади.

2022 йилнинг декабрида Толибон олийгоҳларда ўқиётган қизларни ўқишга киритмаслик тўғрисида буйруқ чиқарган эди. Шунингдек, Толибон ҳукумати аёлларни ноҳукумат ташкилотларида ишлашини тақиқлаган. Бунинг ортидан БМТ Афғонистонга бериладиган гуманитар ёрдамнинг бир қисмини тўхтатиб қўйди.

Халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматининг аёллар ҳуқуқини чеклашини кескин танқид қилмоқда. Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Толибон ҳукумати тан олиниши учун аёллар ҳуқуқига бўлган муносабатини ўзгартириши шарт деб ҳисоблайди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Толибоннинг бу ҳаракатини “инсониятга қарши жиноят” сифатида баҳолади.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг аёллар ҳуқуқи кафолатланишини ваъда қилган эди. Аммо орадан кўп ўтмай Толибон аёлларга турли чекловларни қўя бошлади.

Толибон 20 йил давомида фаолият кўрсатган Аёллар иши бўйича вазирликни тугатди, қизларнинг мактабда ўқишини ва спорт билан шуғулланишини чеклади, аёл телебошловчиларни ҳижоб кийишга мажбурлади.

Озарбайжон Эрондаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқда

Теҳрондаги Озарбайжон элчихонаси.

Озарбайжон 29 январда Теҳрондаги элчихонаси ходимларини ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қила бошлади. Бу ҳақда Reuters Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда хабар берди.

27 январь куни қуролланган шахс элчихонага кириб ўқ отган ва оқибатда элчихона хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлган, яна икки қўриқчи яраланган эди.

Tasnim агентлигининг ёзишича, қуролланган шахс элчихонага иккита ёш бола билан кириб келган. У қўлга олинганидан сўнг шахсий ва оилавий муаммолар туфайли элчихонага ҳужум қилганини айтган. У бедарак кетган хотини элчихонага яширинган деган гумонда бўлган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳужумни теракт сифатида баҳолади. Мазкур ҳужум юзасидан Теҳронда тергов ишлари олиб борилмоқда.

28 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужумни кескин қоралади.

Эрон ҳукумати ҳарбий заводга қилинган ҳужум оқибатида “арзимас зарар” кўрилганини билдирди

Исфахондаги портлаш.

Эрон ҳукумати Исфахондаги ҳарбий заводга дронлар орқали қилинган ҳужумдан “арзимас зарар” кўрилганини билдирди. Расман билдирилишича, ҳужумдан одамлар жабрланмаган.

Эрон Мудофаа вазирлиги учта дрондан иккитаси ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини билдирди. Теҳрон бу ҳужумни “қўрқоқларча берилган зарба” деб баҳолади ва ядровий дастурни тўхтатмаслигини маълум қилди.

Эрон ҳукумати 29 январга ўтар кечаси уюштирилган дрон ҳужумларига қайси давлат алоқадор эканига оид таҳминларни билдирмади. Ҳозирча бирон бир ташкилот ёки давлат ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

Эрон матбуоти шанба ва якшанба кунлари Теҳрон, Табриз ва Дазфулдаги стратегик объектларда ва нефтни қайта ишлаш заводларида портлашлар ҳамда ёнғинлар бўлганини ёзди. Бироқ Эрон ҳукумати Табриздаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш бўлганини расман тасдиқлади. Ҳукумат бу портлаш сабаблари ҳозирча номаълум эканини билдирди.

Афғонистонда ярим ой ичида совуқ туфайли 160 дан зиёд одам нобуд бўлди

Афғонистоннинг тоғли ҳудудларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда 10 январдан буён 160 дан зиёд одам ва камида 70 минг бош уй ҳайвони нобуд бўлган. Мамлакатнинг айрим жойларида ҳаво ҳарорати – 34 даражагача пасайгани сабабли бу сафарги қиш мавсуми сўнгги йилларнинг энг совуқ қиши ўлароқ эътироф этилмоқда.

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат маълумотига кўра, 10 янвадан 26 январгача мамлакатда 162 киши ўлган. Бир неча кун аввал толиблар ҳарорат кескин совиб кетиши оқибатида 70 минг бошга яқин чорва ҳайвони нобуд бўлгани ҳақида маълумот тарқатишган.

Маълумотларга кўра, совуқдан ўлганларнинг кўпчилигини чўпонлар ҳамда қишлоқларда яшаб, “тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган” кишилар ташкил қилган. Қалин қор туфайли ҳозирда Афғонистоннинг кўп жойлари бошқа ҳудудлардан узилиб қолган: тоғли жойлардаги кўп йўллардан ўтишнинг имкони йўқ – “у ерларда машиналар тиқилиб қолган, йўловчилар эса ҳарорат пастлиги оқибатида ҳалок бўлишган”.

“Толибон” вакиллари иддаосича, улар фуқароларга ёрдам бериш учун ҳарбий вертолётларни йўллашган, бироқ вертолёт учувчилари тоғли ҳудудларда ерга қўнишни уддалашолмаган.

Афғонистон пойтахти Кобулда яшовчилар “ҳалигача ҳеч қанақа ёрдам ололмаган”ларини, ўзларига нон ва ўтин сотиб олиш учун пул етмаётганини, айримлар исиниш учун пластик ёқишаётганини айтишган.

Бунга параллел равишда “Толибон”нинг аёлларга ННТларда ишлашни тақиқлашга оид фармони ортидан кўплаб гуманитар ташкилотлар мамлакатдаги ўз фаолиятларини тўхтатиб қўйишган.

БМТнинг фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс ўзининг Афғонистонга сафари чоғида халқаро ташкилот бу тақиқнинг бекор қилиниши йўлида ҳаракат қилаётганини билдирган. Гриффитсга кўра, мамлакатдаги гуманитар буҳрон туфайли 28 миллион афғонистонлик ёрдамга муҳтож, улардан 6 миллионига очарчилик хавф солмоқда.

Бундан 1,5 йил муқаддам ҳокимият тепасига келган толиблар илк кезларда мамлакатда аёллар ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан ваъдалар беришган, бироқ тез орада бу борада чекловлар киритишни бошлашган. Улар Аёллар ишлари бўйича вазирликни тугатишган, қизларнинг мактаб ва университетларда ўқиш имконидан маҳрум қилишган, аёлларга спорт билан шуғулланишни тақиқлашган, телебошловчилардан эфирга ҳижобда чиқишни талаб қилишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG