Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:28

Каримов қарши бўлган Роғун ГЭСининг иккинчи агрегати ишга туширилди


Президент Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиши билан гидроиншоот ишига старт берилди.

9 сентябрь Тожикистон давлат мустақиллиги куни Роғун ГЭСининг иккинчи агрегати ишга туширилди. Президент Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиши билан гидроиншоот ишига старт берилди.

Роғуннинг ишга туширилишига бағишланган тадбирга юқори лавозимли амалдорлар, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар келди. Иккинчи агрегат шу йилнинг июнидан бери синов режимида ишлаётган эди.

Расмийларга кўра, Роғун ГЭСи Тожикистон учун ўта муҳим объект ҳисобланади ва мазкур гидроиншоот тўла ишга тушганидан кейин хукуматнинг учта стратегик мақсадларидан бири бўлмиш узоқ кутилган энергетика мустақиллигига эришилади.

Гидроэлектростанциянинг биринчи агрегати ўтган йилнинг ноябрида тантанали равишда ишга туширилган эди, аммо шу йилнинг мартида фаолияти тўхтатилди ва бир неча ҳафталик сукутдан сўнг хукумат “сув омборидаги сув чиқариб юборилгани” борасидаги миш-мишларни тасдиқлаган эди.

Расмийларнинг айтишича, сув «профилактика ишлари ва ГЭС биринчи агрегатининг ҳолатини текшириш мақсадида” чиқариб юборилган.

ГЭС мутахассисларининг ишонишларича, бу гал иккинчи агрегат ишга туширилиши билан бирор бир - техник ва молиявий жиҳатдан мураккабликлар бўлмайди.

Июннинг биринчи ярмида Украинанинг "Днепр-Спецгидроэнергомонтаж" корхонаси Роғун ГЭСининг агрегати эксплуатацияга тайёр экани юзасидан баёнот берган эди. Роғун ГЭСининг иккита агрегати тасдиқланган лойиҳага кўра вақтинча ишлайди ва 2021 йилга қадар электроэнергия ишлаб чиқаради ва сўнг ўзгартирилади.

Роғун Тожикистондаги энг қиммат лойиҳалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили Роғун ГЭСи акциялари аҳолига сотилиши ва 500 миллион долларлик евробондларнинг хорижий ташкилотларга сотилиши ҳисобидан миллионлаб сомони сарфланади. Шунингдек, мамлакат бюджетидан ҳам молиявий маблағлар берилади. Молия вазирлигининг маълумотига кўра, биргина 2019 йилда давлат бюджетидан бу мақсадлар учун 2 млрд 100 млн сомони ёки салкам 222 млн доллар ажратилган.

Роғун ГЭС лойиҳаси советлар давридаёқ ишлаб чиқилган ва қурилиш бошланган эди, аммо фуқаролар уруши ва дарёнинг қуйи оқимидаги давлатларнинг қаршилиги билан Тожикистон хукумати ГЭС қурилишини 2016 йилга келибгина қайта тиклашга муваффақ бўлди.

Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига Ўзбекистоннинг аввалги раҳбарияти қарши чиққан эди: ўшанда Тошкент зилзила юз бергудек бўлса, ГЭС тўғони бузилиш хавфи мавжудлигидан ташвиш билдирган. Бироқ Душанбе мамлакатида Роғун сингари ГЭСлар мавжудлигини, улар бир неча ўн йилдан бери сейсмик барқарор эканлигини намоён этиб келаётганини айтиб келган. Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти Вахш дарёсига янги ГЭС қурилишига қарши чиқмаяпти.

Роғун ГЭСида 6 та агрегат бўлади ва улар эксплуатацияга туширилганидан кейин бир йилда 17 млрд кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Расмийларнинг фикрича, бу нафақат Тожикистонни арзон электроэнергия билан таъминлайди, балки қўшни Афғонистон ва Покистонга электрэнергия экспорт қилиш имконини беради.

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG