Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2021, Тошкент вақти: 04:07

Тадқиқот: Россия интернет-троллари Ғарб матбуотига ҳужум қилмоқда


Тадқиқотда айтилишича, троллар фаолияти ғарбликлар Россия ва президент Путин сиёсатини гўё кенг кўламда қўллаб-қувватлашини намойиш этишга қаратилган.

Кардифф университетининг Жиноятчилик ва хавфсизлик тадқиқотлари институти (Буюк Британия) экспертлари жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга қаратилган йирик амалиётни фош қилди. Бунинг ортида Россия интернет-троллари турганлиги айтилмоқда.

Тадқиқотчиларга кўра, дунёнинг 16 мамлакатига оид 32 машҳур медиа, жумладан, “Mail Online”, “Express”, “Times”, “Fox News”, “Le Figaro”, “Der Spiegel”, “Die Welt” ва “La Stampa” тролларга нишон бўлган.

Хорижий ОАВларда чиққан турли мақолалар остига троллар томонидан ёзилган изоҳлардан кейинчалик Россия нашрларида мақолалар учун асос сифатида фойдаланилган.

Буюк Британиядаги университет экспертлари ушбу тактикани шу йили пайқашганини таъкидлаганлар. Бироқ ушбу амалиёт, камида 2018 йилдан бери ўтказилмоқда. Сўнгги пайтларда троллар эътибори Ғарб коалицияси қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши мавзусига қаратилган.

Тадқиқотчилар мисол сифатида Кобулнинг толиблар тарафидан босиб олиниши ҳақида АҚШ ва Россияда чиққан мақолалар остига қолдирилган изоҳларга таянган ҳолда ёзилган рус тилидаги 18 та мақолани келтиради.

Хусусан, “Mail Online” нашридан олинган айрим изоҳлар асосида Россиянинг “РИА Новости” хабар агентлиги журналисти ёзган мақола “Британияликлар толибларнинг иқтидорга келишини Ғарб тамаддуни хотимаси ўлароқ баҳолади” деб номланади.

Ушбу мақолалар гўё либерал демократиянинг ҳалокати ва НАТО инқирози ҳақидаги иддаоларни дастаклаш мақсадида тайёрланган ёки Украинадаги воқеалар билан боғлиқ ҳаволалар билан бирга эълон қилинган.

Шунингдек, Би-би-си ёзишича, британиялик экспертлар Россияга дахлдор мақолаларга жавобан провокация тусидаги кремлпараст ёки аксил‑Ғарб баёнотлар жойланган тахминан 240 та материални аниқлаган. Урғуланишича, бу ишлар Ғарб мамлакатлари фуқаролари Россияни ва президент Путин сиёсатини гўё кенг кўламда қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида амалга оширилган.

Мақолалар Россияда ва айрим Европа мамлакатларида, хусусан, Болгарияда эълон қилиниб, сўнг ижтимоий тармоқларга кўчирилган ва шу тариқа кўпроқ ўқувчиларни жалб этишга ҳаракат қилинган.

Профессор Мартин Иннес ижтимоий тармоқлар бу каби жамоатчилик фикрини ўзгартириш кампанияларини фош қилишга катта маблағ сарфлаётган пайтда медиа-ташкилотларнинг анъанавий сайтларида тролларнинг кўпайишига тўсиқ қўйиш имкониятлари чекланганига диққатни тортади.

Унинг айтишича, ўтган йили июнь ойида очилган шундай аккаунтлардан бири ўтган вақт мобайнида локациясини 69 марта, исмини эса 549 марта ўзгартирган.

Россия ҳукумати ўзининг пропаганда ва ёлғон маълумотларни ёйишга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни ҳамиша рад этиб келган.

XS
SM
MD
LG