Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:57

Халқаро хабарлар

Тожикистонлик таниқли уламонинг ўғли Россияда қўлга олинди

35 ёшли Ғозиев Тожикистон сўрови билан 15 август куни Қозонда қўлга олинган.

Россия таркибига кирувчи Татаристон республикасида тожикистонлик таниқли уламо, марҳум Саид Қиёмиддин Ғозининг ўғли Баракатулло Ғозиев қамоққа олинди. Расман билдирилишича, қўлга олиш Тожикистон ҳукуматининг сўровига асосан амалга оширилган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Душанбе суди ўтган ойда уни қўлга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Қозон шаҳар Совет туман суди 35 ёшли Ғозиев Тожикистон сўрови билан 15 август куни 40 кунга қамалганини тасдиқлади. Суднинг билдиришича, Ғозиев Тожикистонда Жиноят Кодексининг “Диний низо қўзғатиш” ва “Давлатга хиёнат” моддалари асосида айбланмоқда.

Ғозиевнинг яқинлари мазкур жиноят иши соҳталаштирилганини, агар Баракатулло Душанбега экстрадиция қилинса, бу ерда қийноқларга солиниши мумкинлигини айтмоқда. Тожикистонг ҳукумати ҳозирча бу маълумотларга муносабат билдирмади.

Ғозиевнинг отаси Саид Қиёмиддин Ғози 2017 йилда Санкт-Петербургда ўғирланган ва Тожикистонга олиб кетилган. 2018 йилда у 25 йилга қамалган ва 2019 йилда Ваҳдат шаҳридаги қамоқхонада чиққан исён пайтида ўлдирилган эди.

Кун янгиликлари

АҚШ, ЕИ ва Британия Қрим ҳудудида ўтказилган Дума сайловини тан олгани йўқ

Россия президенти Владимир Путин МСК раисаси билан сайлов натижаларини муҳокама қилмоқда, 2021 йил 20 сентябри

ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ, Британия ва АҚШ ташқи ишлар идоралари баёнотларида айтилган ва халқаро ҳамжамият Қримни Украинанинг суверен ҳудуди деб ҳисоблаши урғуланган.

Россия ва Украинада бир пайтнинг ўзида йирик ҳарбий машқлар ўтказилмоқда

Украинанинг Львов вилоятида ўтказилаётган "Rapid Trident — 2021" машқларидан лавҳа

Россия ҳарбийлари қуруқликдаги қўшин бўлинмалари ва Қора денгиз флоти иштирокида йирик ҳарбий машқларни бошлади.

Бир пайтнинг ўзида Украинанинг Львов вилоятида “Rapid Trident — 2021” Украина-АҚШ қўшма машқларини ўтказишга киришилди.

Россия машқларига 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳамда тахминан 800 та техника ва қурол-аслаҳа жалб қилинган. Ушбу манёврлар Ростов вилояти, Чеченистон, ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия ҳамда аннексия қилинган Қрим полигонларида ўтказилмоқда.

Қора денгиз флоти матбуот хизматига кўра, 20 га яқин жанговар ва таъминот кемалари Новороссийск ва аннексия қилинган Севастополдаги бандаргоҳлардан денгизга чиқарилган. Манёврлар 26 сентябргача давом этиши айтилмоқда.

“Rapid Trident — 2021” Украина-АҚШ машқлари 1 октябрда ниҳоясига етади. Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, манёврларда қарийб олти минг ҳарбий қатнашмоқда. Ташкилотчи давлатлар ҳарбийларига Болгария, Канада, Грузия, Германия, Италия, Литва ҳамда Молдова вакиллари қўшилиши мумкин. Ҳаммаси бўлиб 15 та мамлакат контингентлари жалб қилинади.

Айни пайтда 22 сентябрь куни бутун Украина ҳудудида “Бирлашган кучлар – 2021” стратегик қўмондонлик-штаб машқлари бошланиши хабар қилинган. Қуролли кучлар Бош штаби вакилининг таъкидлашича, машқ доирасида катта миқдордаги ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг кўчирилиши режаланган.

Туркманистон пойтахтидаги паркларда полиция йигит ва қизларга бирга юришни тақиқламоқда

Ашхободда полициячилар йигит ва қизларнинг паркда бирга юришини тақиқлаяпти.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, полициячилар ёшларнинг ҳужжатларини текширмоқда ва бу ҳолат кўпроқ “Илҳом” паркида кузатиляпти. Агар йигит қизни “синглим” дейдиган бўлса, улардан ҳужжат талаб қилинмоқда.

Қиз йигитнинг курсдоши бўлиб чиққан тақдирда, жуфтлик полиция бўлимига олиб борилиб, талабаларнинг шахсини аниқлаш ва ота-онасига хабар бериш учун таълим муассасасига мурожаат қилиняпти.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бу каби хатти-ҳаракатлар сабабини очиқламаяптилар.

Бунгача Туркманистон пойтахтида калта иштон (шорт) кийган эркак ва аёллар полиция томонидан огоҳлантирилган, бундай кийимдаги кишиларни кўчада тўхтатишлари мумкин эди. Июль ойида Озодликнинг туркман хизмати Фараб ва Дарғанат туманларида полициячилар жинси шим ёки танасига ёпишган ва калта кўйлак кийган, макияж қилган ёки сочини бўяган аёлларни тутиб кетганлари ҳақида хабар қилган эди.

Олмаотадаги отишмада беш киши ҳалок бўлди

Олмаотада отишма бўлган ҳудуд.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 20 сентябрда содир этилган отишмада беш киши ҳалок бўлгани тўғрисида полиция департаменти маълум қилди.

Билдирилишича, ҳодиса икки полициячи ва бир суд ижрочиси суд қарори билан уйи мусодара қилинган фуқаронинг ҳовлисига келганида содир бўлган. 54 ёшдаги уй хўжайини уни кўчириш учун келган хизматчиларга қарата ўқ отган.

“Айни пайтда жиноятда гумонланувчи қўлга олинди, вазият назорат остида”,-дейилади полиция баёнотида.

Ҳалок бўлганларнинг кимлиги ҳақида маълумот берилмади.

Қозоғистонда сўнгги йилларда банкдан олинган қарзни тўлай олмай, уйи мусодара қилинганлар сони кўпайган.

Беларусь суди президент Лукашенко ҳақида твит ёзган россияликни 1,5 йилга қамади

Иллюстратив сурат.

Беларуснинг Брест шаҳар суди Россия фуқароси Ирина Викхольмни президент Александр Лукашенко ҳақида твит ёзгани учун 1,5 йилга озорликдан маҳрум қилди.

“Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Ирина Викхольмнинг Твиттердаги пости Лукашенкога тухмат сифатида баҳоланган. Судда Викхольм айбловни тан олмаган.

58 ёшли Ирина Викхольм май ойининг охирларидан бери Брестдаги тергов изоляторида сақланиб келинмоқда. У Ryanair авиаширкатига қарашли самолёт Минскда мажбурий қўндирилган пайтда Nexta телеграм-канали бош муҳаррири Роман Протасевич билан биргаликда қўлга олинганди.

Терговнинг иддао қилишича, 23 май куни Роман Протасевични қўлга олиш мақсадида Грециядан Литвага учиб кетаётган “Ryanair” рейси Минскка мажбуран қўндирилганидан сўнг Ирина Викхольм Твиттерда Лукашенконинг суратини жойлаб, “президентни террорчилик ва авиақароқчиликда асоссиз айблаган”.

Украинада ўтказилган гей парадда аввалги йилларга қараганда камроқ одам иштирок этди

Парад полиция томонидан кучайтирилган тарзда ҳимоя қилинди.

Украина пойтахти Киевда 19 сентябрда ўтказилган анъанавий йиллик гей парадда, тадбир ташкилотчиларининг билдиришича, 7000 яқин киши иштирок этди. Бу 2019 йилги кўрсаткичдан камида минг кишига оздир.

Айни пайтда гей парадга қарши норозилик ўтказганлар сони ҳам аввалги йиллардагидан бир неча маротаба оз бўлган.

Парад иштирокчилари ЛГБТ ҳаракатини тамсил этувчи камалакранг байроқни ва Украина давлат байроғини Киев марказий кўчаларидан кўтариб ўтди. Намойишда бир қатор хориж давлатлари элчихоналари, жумладан, Британия ва АҚШ дипломатик ваколатхоналарининг вакиллари ҳам бирдамлик рамзи ўлароқ иштирок этди.

Парад полиция томонидан кучайтирилган тарзда ҳимоя қилинди. Парад иштирокчиларига нисбатан ҳужумлар ёки таҳдидлар бўлгани тўғрисида маълумот йўқ.

Шу куни гейларга қарши ўтказилган намоийшда эса диний ва миллатчи гуруҳ вакилларидан иборат 700 га яқин киши иштирок этган.

Украинада гей парад 10 йилдан бери ўтказилиб келинади. 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли мазкур парадни ўтказиш қолдирилган эди.

БМТ Бош котиби: Толибон гуруҳларининг “ҳокимият учун ўзаро кураши” ташвиш уйғотмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Толибон гуруҳларининг “ҳокимият учун ўзаро кураши” Афғонистондаги вазиятни янада кескинлаштираётганини билдирди.

Бош котиб 21 сентябрда бошланадиган БМТ Ассамблеяси арафасида берган баёнотида Афғонистонни назорат қилаётган жангарилардан қатъий равишда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни ва мамлакатни “террорчилар учун бошпанага айлантирмаслик”ни талаб этди.

Гутерриш БМТнинг Толибон назорати остида бўлган Афғонистондаги иштироки “қўқисдан инклюзив ҳукумат шаклланишига сабаб бўлиши” тўғрисидаги таҳминларни “фантастика” деб атади. Айни пайтда БМТ гуманитар инқирознинг олдини олиш учун кўмак кўрсатишини билдирди.

“Толибон раҳбариятига мансуб турли гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш бормоқда. Вазият ҳозирча аён эмас”,-деди Гуттериш.

Канар оролларида вулқон отилиши ортидан минглаб одам эвакуация қилинди

Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Канар архипелаги таркибидаги Ла-Пальма оролида вулқон отилиши оқибатида 19 сентябрь куни тўртта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди.

Испания Бош вазири Педро Санчес шошилинч равишда Ла-Пальма оролига бориб, маҳаллий ҳокимият билан учрашди.

Канар ороллари президенти Анхель Виктор Торрест вулқон отилган ҳудуддан беш мингга яқин киши хавфсиз жойга кўчирилганини маълум қилди.

Олимлар ўтган ҳафтада вулқон жойлашган ҳудудда 22 мингдан кўп ер силкиниши қайд этилганини билдирган.
Вулқон отилишига зилзила сабаб бўлгани айтилмоқда. Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Қирғизистон ўз ОТМларида ўқийдиган тожикистонлик талабаларни мамлакатга қўймаяпти

Қирғиз-тожик чегарасидаги чегарачилар

Қирғизистондаги олий таълим муассасаларида ўқийдиган ва шу кунда ватанида юрган 100 дан зиёд тожикистонлик талаба Бишкекка қайтишга рухсат ололмаган. Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг тожик хизмати талабалар қирғиз расмийларига бир неча бор мурожаат қилишганини урғулаган.

Қайд этилишича, аввалроқ Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги уларга ўқишни маҳаллий ОТМларда давом эттиришни таклиф қилган, бироқ талабалар бунга рози бўлишмай, Қирғизистонда ўқишни давом эттириш истагини билдиришган.

Қирғизистон шу йил май ойида Тожикистон фуқаролари учун чегарани бир томонлама ёпиб қўйган эди.

Тожикистон расмийлари талабаларни ўқиш жойига қўйиш масаласи бўйича қирғизистонлик расмийларга бир неча бор мурожаат қилишганини, бироқ у тарафдан жўяли бир жавоб олишолмаганини айтишган.

Тожикистонлик талабалар бу каби муаммоларга шу йилнинг 28-29 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаро ортидан дуч кела бошлаганлар. Мазкур тўқнашувлар чоғида икки тарафдан 55 киши вафот этгани, ўнлаб одам яралангани, ўнлаб уй вайрон қилиниб, ёқиб юборилгани айтилганди.

Ўшанда Душанбе ва Бишкек вакиллари зиддиятнинг юзага келишида бир-бирларини айблаб чиқишиб, айрим ҳолатлар бўйича жиноят ишлари очишганди. Мазкур жиноят ишлари бўйича тергов қандай олиб борилаётгани ҳақида Тожикистон Бош прокуратураси ҳам, Қирғизистон Бош прокуратураси ҳам маълумот тарқатаётгани йўқ.

ЕИ Байденнинг Австралия ва Британия билан иттифоқ тузиш қарорини танқид қилди

Франциянинг “Шарль де Голль” учоқ ташувчи кемаси ва “Прованс” фрегати АҚШ кемалари билан 2021 йил мартида ўтказилган ҳарбий машқларда.

АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари президент Жо Байденнинг Австралия ва Буюк Британия билан стратегик Ҳинд-Тинч океани альянсини тузиш ҳақидаги қароридан норози. Вашингтон назарида мазкур иттифоқ Хитойнинг кучайиб бораётган таъсирига қаршилик кўрсатиши керак.

Euronews хабарига кўра, ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель АҚШнинг бу ишидан таассуф билдирган. Шу билан бирга, Боррель трансатлантика алоқалари яхшиланишига умид қилишини айтган.

Европа кенгашининг ташқи ишлар бўйича вакили Фредерик Грар Вашингтон қарорини кескинроқ сўзлар билан изоҳлаган: “Бу билан Европа Иттифоқига Ҳинд-Тинч океани минтақасида унга ҳеч кимнинг кўзи учиб турмаганини писанда қилишди”, деган у.

2018 йилда Франция ЕИ давлатлари орасида биринчи бўлиб ўз Ҳинд-Тинч океани стратегиясини қабул қилганди. Минтақада кучлар нисбатининг ўзгариши Франция учун “оғир зарба” бўлади, дея урғулаган Euronews. Чунки Париж, хусусан, Австралияга сувости кемалари сотишга доир кўпмиллиардли шартномани бой бермоқда.

Оқ уй Хитой ва Франциянинг норозилик баёнотларини юмшатишга уринган. АҚШ маъмурияти матбуот котиби Жен Псакига кўра, ушбу ҳамкорликнинг “бирор конкрет мамлакатга боғлиқ эмас. У Қўшма Штатлар манфаатларини олға суриш, минтақада халқаро тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган”.

АҚШ ва Буюк Британия билан келишув Австралиянинг Франция билан тузилган 43 миллиард долларлик шартномани бекор қилишига сабаб бўлган. Шартномага биноан Франция ушбу мамлакатга сувости кемалари етказиб бериши керак эди.

NYT: Исроилликлар эронлик ядрошунос олимни қотил робот ёрдамида ўлдирган

Муҳсин Фахризодани дафн этиш маросими, Теҳрон, 2020 йил 30 ноябри

Исроилнинг “Моссад” махсус хизмати ходимлари эронлик ядрошунос физик Муҳсин Фахризодани робот ёрдамида ўлдиришган. Бу ҳақда АҚШ, Исроил ва Эрондаги манбаларига таянган ҳолда The New York Times хабар қилди.

Фахризода 2020 йил ноябрда Эрон шимолида ўлдирилганди. У тушган автомобиль масофадан бошқарилган йирик калибрли қуролдан ўққа тутилган. The New York Times қайдича, исроиллик жосуслар роботлаштирилган қурилмага ўрнатилган Бельгия пулемётидан фойдаланганлар.

Айтилишича, қурилма вазни бир тоннага яқин бўлган. Шу боис у Эронга қисмларга ажратилган ҳолда олиб келиниб, ўша ерда йиғилган. Кейин эса қотил робот пикап автомобилига ўрнатилган.

Амалиёт ўтказилган куни пикап Фахризода ўтирган автомобилни йўлда кутиб турган ва яқинлашгач, унга қарата 15 та ўқ узган. Шундан сўнг пикап масофадан портлатилган, лекин, манбаларга кўра, қуролни бутунлай йўқ қила олишмаган.

Аввалроқ Эрон оммавий ахборот воситалари олим Исроилнинг сунъий йўлдош орқали бошқарилган қуроли билан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишган эди.

The New York Times маълумотига кўра, “Моссад” агентлари 2007 йилдан бери Фахризода билан бирга ядровий жанговар каллакларни яратиш устида иш олиб борган олти нафар эронлик ядрошуносни ўлдирганлар. Манбаларга кўра, Фахризодани ўлдириш дастлаб 2009 йилда режаланган, аммо гўё маълумот сиздирилиши туфайли амалиёт бекор қилинган.

Исроил янги амалиётга ҳозирлик кўришни 2019 йили – АҚШ ядровий шартномадан чиққанидан сўнг бошлаган, дея урғулаган The New York Times нашри.

АҚШ дронининг хато зарбасидан ҳалок бўлганларнинг оиласи айбдорлар жазоланишини талаб қиляпти

АҚШ дронининг янглиш зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 киши, жумладан етти нафар боланинг яқинлари адолат талаб қилишмоқда, дея хабар қилди “Америка овози”.

Уч ёшли қизи Малика 29 август куни Америка ракетаси автомобилга келиб тушиши натижасида нобуд бўлган Эмал Аҳмадий Associated Press агентлигига Вашингтондан бу фожиани тафтиш қилиб, айбдор ҳарбийларни жазолашни талаб қилишини айтган.

“Узр сўраш етарли эмас. АҚШ бу ишни қилган одамни топиши керак”, деган у.

Аҳмадийнинг қариндошлари, шунингдек, товон пули ва оила аъзоларидан бир неча кишини учинчи мамлакатга кўчиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Ушбу ракета ҳужумидан сўнг Associated Press ва бошқа ОАВлар зарба берилган машина ҳайдовчиси Земерай Аҳмадий кўп йиллар АҚШ инсонпарварлик ташкилотида ишлаганини хабар қилган. Медиа маълумотларига кўра, Пентагоннинг автомобилда портловчи қурилма бўлгани ҳақидаги иддаосини тасдиқловчи далил йўқ.

Ракета автомобиль уй олдига келиб, болалар Земерайни кутиб олгани югуриб чиқишган пайтда портлаган.

АҚШ денгиз пиёдалари генерали, Марказий қўмондонлик раҳбари Фрэнк Маккензи бу зарбани “фожиавий хато” деб атаган ва бир неча ҳафта инкор этганидан сўнг ҳужум оқибатида, аввал иддао қилинганидек, аслида “Ислом давлати” жангарилари эмас, айбсиз тинч аҳоли ўлдирилганини тан олган.

Зарба Кобул аэропортида эвакуация амалиёти бўлаётган пайтда амалга оширилган террорчилик хуружига жавоб ўлароқ йўлланган. Ўша ҳудкушлик ҳужумларида афғонистонлик 169 нафар киши ҳамда америкалик 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Маккензи хато учун кечирим сўраб, Қўшма Штатлар жабрланган оилага товон тўлаш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган.

Россия: Дума сайлови ортидан беш партия парламентга кириши мумкинлиги айтилмоқда

Бюллетенларни санаш жараёни

Россияда Давлат думаси депутатларини сайлаш бўйича овоз бериш жараёни якунланди. Уч кун давом этган овоз бериш чоғида, мустақил кузатувчиларга кўра, бюллетень ташлаш дохил кўплаб қонунбузарликлар кузатилган.

Сайловда овоз берилган овозларнинг 50 фоизи санаб бўлинганидан сўнг, МСК маълумотига кўра, ҳукмрон “Ягона Россия” (“Единая Россия”) партияси 46,11 фоиз, Россия Федерацияси Коммунистик партияси (КПРФ) 21,40 фоиз, Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) 8,07 фоиз, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия — За правду”) 7,62 фоиз, “Янги одамлар” (“Новые люди”) эса 5,97 фоиз овоз олган.

Таҳлилчилар шу кунда қамоқда бўлган мухолифатчи Алексей Навальнийга алоқадор ташкилотларни расмийлар “экстремистик ташкилот” деб эълон қилиб, бу ташкилотларга боғлиқ бўлган кишиларнинг сайловда иштирокини феълан тақиқлаб қўйгани учун бу галги сайловлар жиддий мухолифатсиз ўтганини қайд этмоқдалар.

Россия пойтахти дохил етти ҳудудда ўтказилган онлайн овоз бериш натижалари ҳали эълон қилинганича йўқ.

Овоз бериш аралаш тизим бўйича ўтказилган: 225 нафар депутат партия рўйхатлари бўйича, 225 нафар депутат эса бир мандатли округлар бўйича сайланган. Марказий сайлов комиссияси Давлат думасидаги ўринлар тақсимоти бўйича дастлабки маълумотни ҳали эълон қилмади.

Москвада қарийб икки миллион киши масофадан туриб овоз берган, бу эса, Озодликнинг рус хизмати қайдича, бир мандатли округлардаги овоз бериш натижаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Мухолифатчи Алексей Навальний тарафдорлари расмийларни сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблашмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозир Москвадаги 15 та округнинг ярмидан кўпида “Ақлли овоз бериш” деб аталган тизим томонидан дастакланган номзодлар (кўпчилиги КПРФ номзодлари) олдинда бормоқда. Бироқ Навальний тарафдорлари электрон овоз бериш туфайли вазият ўзгариб кетиши мумкинлигидан ташвишдалар. Аввалроқ экспертлар электрон овоз беришнинг шаффоф ва ишончли эмаслиги ҳақида гапирган эдилар.

Коинотга учган туристлар Ерга соғ-омон қайтиб келди

Коинотга учган тўрт турист ерга 18 сентябрь куни қайтди.

Ердан коинотга илк бор туристларни олиб чиққан SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси уч кунлик саёҳатдан сўнг ерга қайтди. Туристлар жойлашган капсула 18 сентябрь куни Атлантика океанига тушди.

Inspiration4 деб номланган мазкур экипаж 15 сентябрь куни НАСАнинг Кеннеди марказидан 15 сентябрь коинотга сафар бошлаган эди.

Бундан аввал июль ойида миллиардерлар Ричард Брэнсон, кейинроқ Жеф Безос ўз ширкатлари ишлаб чиқарган ракеталарда космосга саёҳат қилган эди.

Inspiration4 экипажини эса миллиардер Жаред Айзекман молиялаштирди ва “космос барча инсонлар учун очиқ бўлиши шарт” деган ғояни амалда исботлади.

38 ёшли Айзекман SpaceX ширкатига мазкур саёҳатни амалга ошириш учун қанча пул тўлагани ошкор этилмади. Айзекман ўзи билан коинотга геолог Сиан Проктор, АҚШ Қуролли кучлари фахрийси Крис Семброски ва шифокор Хейли Арсенони коинотга олиб чиқди.

Айзекман лидерликнинг, болалигида саратон касаллигини енгишга муваффақ бўлган Хейли умиднинг, геолог Сиан Проктор тараққиётнинг, собиқ ҳарбий Крис Семброски бағрикенглигнинг рамзи сифатида кўрилди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев туркияликларга фуқаролик берганликда айбланмоқда

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев суд залида.

Қирғизистонни 2011-2017 йилларда бошқарган Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва яна 8 собиқ амалдорга туркиялик бир неча кишига ноқонуний тарзда фуқаролик берганлик айблови билдирилди.

Атамбаев фуқаролик берган шахслар орасида 2021 йилнинг 31 майида Бишкекдан Туркия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инанди ҳам бор. 53 ёшли Инанди Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, Қирғизистон фуқаролиги берилган 10 кишининг барчаси ҳозирда АҚШда яшаётган уламо Фатҳулло Гуланнинг тарафдори бўлган. Туркия ҳукумати Фатҳулло Гуланни 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши ташкилотчиси сифатида кўради. Гулан бу айбловни инкор қилган.

Ноқонуний фуқаролик бериш айблови Алмазбек Атамбаевдан ташқари собиқ Бош вазир Сапар Исақовга ва ҳукуматнинг собиқ 7 амалдорига ҳам билдирилди. Айни пайтда Сапар Исақовга нисбатан қидирув эълон қилинди.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатганликда айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Толибон мактабга ўқувчи қизлар ва муаллималарни киритмади

Афғонистондаги бошланғич синф ўқувчилари.

Афғонистон мактабларида 18 сентябрда янги ўқув йили бошланди. Бироқ ўқувчи қизлар ва муаллималар мактабларга киритилмади. Мактабда ўқишни бошлашга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларга рухсат берилди.

Толибон аввалроқ аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ҳамда таъминланишини билдирганди. Аммо Толибон Халқ таълими вазирлиги мактаблар мадраса сифатида фақат ўғил болалар учун очилишини маълум қилди.
Ҳозирда бошланғич синфлардагина қизларни ўғил болалардан ажратиб ўқитишга рухсат этилди.

ЮНИСЕФ Афғонистонда ўрта мактаблар қайта очилганини олқишлади, аммо ўқувчи қизлар ва ўқитувчи аёллар мактабга киритилмаётганидан ташқиш изҳор қилди.

Сўнгги 20 йилда Афғонистонда қизларнинг билим олиши кафолатланган ва аёллар ўртасидаги савдохонлик даражаси 30 фоизга ўсган эди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни уч кишини ўлдирганликда айбдор деб топди

Дёрстга нисбатан тергов 30 йилдан кўпроқ давом этди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни 2000 йилда дугонаси Сьюзан Берманни ўлдирганликда айбдор деб топди.

Reuters агентлигининг билдиришича, аввалроқ суд Роберт Дёрстни 1982 йилда хотини Кэтлин Маккормакни ва кейинроқ қўшни аёл Морри Блэкни ўлдирганликда айбдор деб топган эди. Суд Калифорнияда ўтказилмоқда.

78 ёшли Дёрстга нисбатан ҳукм 18 октябрда ўқилиши кутилмоқда. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Мультимиллионерга нисбатан тергов жараёни 30 йилдан ортиқ давом этди. Биринчи марта Дёрс 1982 йилда хотинини ўлдирганликда айбланиб қўлга олинганди. Бироқ 2001 йилда суд уни оқлаган эди.

Россияда сайловнинг иккинчи кунида овоз берганлар сони 31,5 фоизга етди

Чеченистондаги сайлов участкаларидан бири олдида рақс тушаётган санъаткорлар.

Россияда Думага сайловнинг иккинчи кунида, аннекция қилинган Қримни қўшиб ҳисоблаганда, сайловчиларнинг 31,5 фоизи овоз бериб бўлди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, бу кўрсаткичга электрон тарзда овоз берганлар қўшилмаган.

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Давлат Думасига сайловлар биринчи кунида анъанавий сайлов участкаларида фуқароларнинг 16, 85 фоизи овоз беришда қатнашган.

Сайловни кузатиш жамоат штаби хабар беришича, сайловнинг биринчи кунида Москвада онлайн овоз беришда фаоллик 58 фоизни ташкил қилган.

Россияда 17 сентябрдан Давлат Думаси депутатлари сайлови бошланган эди. Сайлов уч кун давом этади. Маҳаллий ва минтақавий сайловлар ҳам ўтказилади.

Сайловчилар рўйхатида мамлакатда яшовчи 108 миллиондан ортиқ руслар, шунингдек, Россия Федерациясидан ташқарида икки миллиондан ортиқ фуқаролар ҳам бор.

Россияда Дума сайловларининг биринчи куни фаоллик 16,85 фоизни ташкил этди

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Давлат Думасига сайловларнинг биринчи кунида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 16, 85 фоизи овоз беришда қатнашган.

Гап анъанавий сайлов участкаларида қатнашиш ҳақида кетмоқда.

Сайловни кузатиш жамоат штаби хабар беришича, сайловнинг биринчи кунида Москвада онлайн овоз беришда фаоллик 58 фоизни ташкил қилган.

Россияда 17 сентябрдан бошлаб уч кун ичида Давлат Думасининг депутатлари сайланади.

Маҳаллий ва минтақавий сайловлар ҳам ўтказилади.

Сайловчилар рўйхатида мамлакатда яшовчи 108 миллиондан ортиқ руслар, шунингдек, Россия Федерациясидан ташқарида икки миллиондан ортиқ фуқаролар ҳам бор.

Пентагон Кобулда нишонни танлашда хатолик бўлганини тан олди

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи, Генерал Кеннет Маккензи 17 сентябрь куни матбуот анжуманида.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистонда 29 август куни дрон учоқлардан берилган зарба оқибатида 10 нафар тинч фуқаро - 7 бола ҳалок бўлганини тан олди.

Америка томони бу ҳодисани "фожиали хато" деб атади.

АҚШ ҳарбийлар Кобулнинг аҳоли зич ҳудудида портловчи моддалар ортилган деб гумон қилинган машинани нишонга олган.

Бу аслида америкаликларнинг хайрия фонди ходими ва унинг машинасида бомба эмас, сув бўлган.

Терговчилар, машина ҳеч қандай хавф туғдирмаган деган хулосага келишган.

Дастлаб, ҳарбийлар Кобулдаги "Исломий давлат" жангариларининг бошпаналаридан бирига зарба беришган деб ҳисоблашган.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи, Генерал Кеннет Маккензи жума куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга автомобилнинг марҳум ҳайдовчиси Земари Аҳмадийнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилди.

Маккензининг айтишича, зарбалар "Исломий давлат" Кобул аэропортига навбатдаги ҳужумга тайёргарлик кўраётганига "чуқур ишонч" билан амалга оширилган.

Ҳодисадан уч кун олдин аэропортда содир этилган теракт оқибатида 140 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улардан 13 нафари америкалик аскарлар эди.

Хориждаги 500 минг россияликка ўз ихтиёри билан ватанга қайтиш таклиф қилинади

Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хорижда яшаётган камида 500 минг нафар россияликни ватанга қайтишга кўндириши лозим. Бу Россия ҳукумати қарорида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Finanz нашри.

Икки вазирлик мулозимлари гуруҳларга бўлинган ҳолда чет мамлакатларга сафар қилиб, россиялик муҳожирларга Ихтиёрий кўчишга кўмаклашиш бўйича давлат дастури ҳақида сўзлаб беришади.

Ҳукумат мулозимларга минтақавий кўчириш лойиҳаларига таянишни ва лойиҳани амалга оширишда федерал бюджет маблағларидан фойдаланишни тавсия этган.

Жаҳон Банки маълумотига кўра, 2017 йилда Россиядан ташқарида 10.6 млн нафар фуқаро яшаган. Бу мамлакат жами аҳлисининг 7.4 фоизини ташкил қилади. Россия – хорижга муҳожир бўлиб кетган фуқаролари умумий сонига кўра дунё мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Россияликларнинг 40 фоиздан ортиғи хорижда турмуш шароити яхшилигини ва ўз мамлакатларидаги беқарор иқтисодий вазиятни муҳожирликка кетиш ҳақида ўйлашга мажбур этувчи сабаблар ўлароқ кўрсатишади. Қарийб ҳар саккиз кишидан бири Россияда ҳукумат ва мулозимларнинг бебошлигидан ҳимояланиш имконияти йўқлиги туфайли чет элга кўчиб кетишни ўйлаётганини тан олади.

“Навальний” иловаси Google Play ва App Store дўконларидан ғойиб бўлди

“Навальний” иловаси Google Play ва App Store онлайн дўконларидан олиб ташланди. Бу ҳақда россиялик мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси маълум қилмоқда.

Иловада мухолиф сиёсатчининг сайтидаги хабарлар эълон қилинади. Унда “Ақлли овоз бериш” функцияси ҳам мавжуд.

“Навальний” иловасини компьютер орқали Google Play’дан ҳали ҳам юклаб олса бўлади, аммо дўконнинг мобил версиясида бунақа имконият энди йўқ. Шунингдек, App Store мобил версиясида ҳам илова ўчириб ташланган, деб хабар беради “Дождь” телеканали.

Бу воқеа 17 сентябрда – Россияда Давлат Думасига сайловларда уч кунлик овоз бериш бошланган куни эрталаб содир бўлди.

Сайлов арафасида “Роскомнадзор” АҚШнинг Google, Apple, Cloudflare ва Cisco IT-ширкатларини “Ақлли овоз бериш” иловасига блокни четлаб ўтишда кўмаклашаётганликда айблаган. Чет эл ширкатлари “Ақлли овоз беришга” ёрдамлашишни тўхтатишга оид талабни бажармаса, бу ҳукумат томонидан “Россия сайловларига четдан аралашиш” сифатида баҳоланади, дея баёнот берган “Роскомнадзор”.

Сентябрь бошларида Москва суди қидирув хизматларига “Ақлли овоз бериш” сўрови бўйича натижаларни чиқаришни тақиқлаган эди. “Яндекс” суд қарорини дарҳол ижро қилган, лекин Google уни бажаргани йўқ. Ширкатнинг Москвадаги офисига суд приставлари борган.

ЖБ: Марказий Осиёда 2,4 миллион одам иқлим ўзгаришларидан бошқа жойга кўчиши мумкин

Халқаро молия муассасасининг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, Марказий Осиёнинг 2,4 миллион аҳолиси иқлим ўзгаришлари муаммоси туфайли яшаш жойларини тарк этишига тўғри келади.

Бу ҳақда “Репост” интернет нашри Жаҳон банки хулосаларига таяниб, хабар бермоқда.

ЖБ прогнозларига кўра, яқин келажакда дунёнинг 216 миллион аҳолиси айнан иқлим ўзгаришлари туфайли бошпаналарини йўқотиши ва ички миграция ҳажмининг ортиши кутилади. Хусусан, Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг 5,1 миллион аҳолиси , шубҳасиз, ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлади.

“Ўзбекистон аҳолисининг иқлим ўзгаришларидан жабр кўрадиган қисми мамлакат шимолидан Фарғона водийси ва Тошкент минтақаси атрофига тўпланиши эҳтимоли юқори. Бундай ҳолат Қозоғистон ва Тожикистоннинг ҳам нисбатан мўътадил минтақаларида аҳоли тўпланиши билан боғлиқ жараёнларга олиб келади.

Бу борада, иккинчи муаммо — зич аҳоли қатлами учун инфраструктура ва яшаш шароитлари барпо этиш лозим бўлади”, дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.

Ҳисоботда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг глобал инқирози халқаро келишув ва мажбуриятларнинг бажарилмаётгани, технологик тараққиёт ва экология муаммолари билан боғланади.

Россия: Давлат думасига сайловда овоз бериш жараёни бошланди

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Россия Давлат думаси депутатлари, губернаторлар, минтақавий ва шаҳар даражасидаги депутатлар сайлови бошланди. Овоз бериш уч кун давом этади ва 19 сентябрда якунланади.

Энг аввал сайлов участкалари Чукотка ва Камчаткада очилди.

Давлат думасига сайлов бир босқичда аралаш тизимда ўтказилади: 225 депутат – партиялар рўйхати бўйича ва яна 225 нафари бир мандатли округлардан сайланиши керак. Дума депутатлигига номзодларнинг федерал рўйхатида 14 та партия рўйхатга олинган. Булар: РФКП, “Яшиллар”, РЛДП, “Янги одамлар”, “Ягона Россия”, “Одил Россия – Ҳақиқат учун”, “Яблоко”, Улғайиш партияси, Россия эркинлик ва адолат партияси, “Россия коммунистлари”, “Фуқаролик платформаси”, “Яшил муқобил”, “Ватан” ва Пенсионерлар партияси.

Қатор номзодлар, биринчи галда Алексей Навальний тарафдорлари яқинда қабул қилинган экстремистик ташкилотлар фаолиятига алоқадор шахсларнинг сайловларда номзод сифатида кўрсатилишини тақиқловчи қонунга мувофиқ сайловга қўйилмаган.

Думада кўпчиликни ташкил қилиш учун 226 та, конституцион кўпчиликни ташкил қилиш учун эса 300 та мандат зарур.

Илк бор парламент сайловида электрон овоз беришга рухсат этилмоқда. МСК қарорига кўра, бу усулда фақат Москва, Мурманск, Нижегородск, Ярославль, Курск ва Ростов вилоятлари, шунингдек аннексия қилинган Қримдаги Севастополь шаҳри аҳолиси овоз бериши мумкин.

Сайлов бошланишидан бир кун олдин Алексей Навальний тарафдорлари “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси доирасида тавсияларини эълон қилишди. Мухолифатчининг сафдошлари унда ўз фикрларига кўра “Ягона Россия” партияси вакилини енгиш учун энг кўп имкониятга эга номзодлар рўйхатини келтириб, уларга овоз беришни таклиф қилишган.

Арманистон Озарбайжонга қарши даъво аризаси билан Ҳаага судига мурожаат қилди

Озарбайжонлик ҳарбий Тавагард қишлоғи яқинидаги постда, Тоғли Қорабоғ, 2021 йил 18 январи

Тоғли Қорабоғ атрофида 2020 йили зиддият кучайган пайтда Озарбайжон ўз фуқаролари ва этник арманлар ҳуқуқларини бузганини иддао қилган Арманистон Ҳаагадаги Халқаро судга даъво аризасини топширди.

Ҳаага судининг 16 сентябрь куни ёйинлаган баёнотига мувофиқ, Арманистон Озарбайжонни “давлат томонидан дастакланган нафрат сиёсати” доирасида ўнлаб йиллардан бери “арманларни ирқий дискриминацияга дучор қилиб келган”ини иддао қилмоқда. Ереван мулоҳазасича, “арманлар тизимли дискриминация, оммавий қатллар, қийноқлар ва бошқа суиистеъмоллардан жабр кўришган”.

Ҳаага суди баёнотида Арманистон “бу ҳуқуқбузарликлар, фуқаролигидан қатъи назар, арман миллатига мансуб бўлган шахсларга қаратилган”ини иддао қилаётгани айтилган.

Расмий Ереван даъво аризасида 2020 йилнинг 10 ноябрь куни оташкесим тартиби кучга киргани ортидан “ҳатто жанговар ҳаракатлар тўхтаганидан кейин ҳам” Озарбайжон армани асирларни, гаровдагиларни ва қўлга олинган бошқа шахсларни ўлдиришда, қийнашда ва бошқа йўллар билан камситишда давом этган”ини билдирган.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Боку “қатъий тарзда ўзини ҳимоя қилиши”ни, худди шу каби ҳуқуқбузарликлар бўйича Арманистон томони айбланган даъво аризасини судга киритишни режалаётганини урғулаган.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган. 2020 йил ноябрида томонлар Москва воситачилигида ўқ отишни тўхтатишга оид келишувни имзолаганлар. Келишув шартларига кўра, Арманистон этник арманилар томонидан ўн йиллар давомида назорат қилиб келинган ҳудуднинг бир қисмини Озарбайжонга топширган.

Тинчлик келишувининг имзоланиши ва урушдаги мағлубият Арманистонда сиёсий инқирознинг юзага келишига сабаб бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG