Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:16

Хўжанддаги Chinatown: Хитойлик инвесторга ишониб уйи бузилган 30 оила кўчада қолди


Янги хонадонларни кутаётган 300 дан зиёд одам ижара уйларда ёки қариндошларникида яшамоқда. Тожикистон, Хўжанд, 2021
Янги хонадонларни кутаётган 300 дан зиёд одам ижара уйларда ёки қариндошларникида яшамоқда. Тожикистон, Хўжанд, 2021

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри расмийлари ва хитойлик инвесторлар Chinatown – Хитой квартали деб номланган улкан турар-жой ва дам олиш мажмуасини қуриш тўғрисида битим имзолагани ортидан 2015 йилнинг августида Сирдарё бўйида жойлашган 30 дан ортиқ уй бузиб ташланганди.

Маҳаллий аҳолига янги туманда қуриладиган илк иморатларда янги уйлар берилиши ваъда қилинганди. Расмийлар илк уйлар бир йил ичида қуриб битказилишини айтишганди.

Улкан лойиҳа доирасида 1200 та квартирадан иборат 15 та турар-жой биноси, тўрт қаватли мактаб, автотураргоҳ ва қатор дўкон ва ресторанлар қурилиши керак эди.

Дам олиш масканларини ҳам ўз ичига олиши керак бўлган лойиҳа 2020 йилда якунлаши керак эди.

Аммо ундай бўлмади.

Лойиҳага расмий старт берилганидан олти йил ўтса ҳамки, янги квартираларни кутаётган 300 дан зиёд одам ижара уйларда ёки қариндошларникида яшамоқда.

Хўжанд шаҳри расмийларининг айтишича, хитойлик сармоядорлар танланган ер дарёга яқинлиги сабабли катта қурилиш лойиҳаси учун мос эмаслигидан шикоят қилиб, 2018 йилда лойиҳани тўхтатган.

Нима учун бу муҳим масала аввалроқ кўриб чиқилмагани номаълум.

Лойиҳани қуришга масъул бўлган Хитойнинг “Husnoro-1” компанияси расмийлари лойиҳани тарк этганидан бери очиқ-ойдин изоҳ бергани йўқ.

Хавотирга тушган аҳоли аниқлик киритишни талаб қилиб шаҳар ҳокимиятига бир неча марта мурожаат қилди.

2016 ва 2018 йилларда Хўжанд расмийлари ва хитойлик сармоядорлар билан бир неча учрашув ўтказилди. Тожикистон расмийлари Chinatown лойиҳаси баъзи кутилмаган кечикишларга қарамай, ўз кучида эканини айтиб, одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилишди.

Шаҳар ҳокимияти уч йил олдин хитойлик сармоядорлар лойиҳадан воз кечганини тан олди. Аммо расмийлар аслида нима бўлгани ёки ким айбдор экани ҳақида батафсил маълумот бермадилар.

Улар янги уйлар ҳозир бўлгунига қадар уйсиз қолган оилаларни ижара уй билан таъминлашни ваъда қилдилар.

2020 йил август ойида маҳаллий ҳукумат лойиҳа туфайли уйидан айрилган оилаларни уй билан таъминлаш учун шаҳарнинг бошқа қисмида янги квартиралар қурилаётганини эълон қилди.

Оилаларга Янги йилни Хўжанднинг 18-мавзесидаги янги квартираларда кутиб олишлари айтилди. Аммо бу ҳам амалга ошмади.

2021 йилнинг февраль ойида шаҳар ҳокимлиги оилалар Наврўзга қадар тўққиз қаватли мажмуадаги янги уйларига кўчиб ўтишларини айтди.

Бу муддат ҳам ўтди. Лойиҳа туфайли уйидан айрилганлар ҳануз уйсиз яшамоқда.

Эндиликда шаҳар расмийлари кечикишлар учун оилалар қисман айбдор эканини айтишмоқда.

13 апрель куни Хўжанд шаҳри ҳукумати матбуот котиби Маамур Юсуфзод:

“Улар биринчи қаватдаги квартираларни хоҳламайдилар. Шунингдек, юқори қаватлардаги хонадонлар уларга ёқмайди”, деди.

Юсуфзоднинг айтишича, расмийлар янги квартираларни лотерея ёрдамида танлаб, оилаларга тақсимлашга қарор қилишган.

Бу орада қурилиш майдончаси ахлатхонага айланди ва Хитой квартали лойиҳаси расман ёпилди.

Хўжанд шаҳар ҳокимияти эндиликда маҳаллий сармоядорлар кўмаги билан Khujand City деб номланувчи янги турар-жой мажмуасини қуришни ваъда қилмоқда. Янги мажмуа Хитой квартали қурилиши керак бўлган жойдан атиги 100 метр нарида барпо этилади.

XS
SM
MD
LG