Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2021, Тошкент вақти: 18:37

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент шаҳри ва вилоятига пропискадан онлайн ўтиш имконияти пайдо бўлди

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий қайддан ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар бундан буён Ягона порталдаги (my.gov.uz) “Фуқаролик” туркумига кириб, онлайн ҳужжат топширишлари мумкин. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Мазкур хизмат орқали кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқи бир шахсга тегишли бўлган объектларга доимий рўйхатга туриш имконияти бор.

Қайд этилишича, хизматдан қуйидаги тоифалардаги фуқаролар фойдаланишлари мумкин:

1) Қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга;

2) Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда;

3) Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

Хизмат автоматлаштирилгани ва 1 иш кунида тақдим этилиши ваъда қилинмоқда.

Хизматни тақдим этиш нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг (223 минг сўм) 2 фоизини ташкил этади, бу эса 4460 сўмга тенгдир.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонлик икки спортчи келишилган мусобақаларда иштирок этгани учун теннисдан четлатилди

Иллюстратив сурат.

Теннис спортидаги адолатни таъминлаш халқаро агентлиги – ITIA ўзбекистонлик Темур Исмоилов ва Амал Султонбековни теннисдан четлатди. Бунга 2019 йилда мазкур икки спортчи аввалдан келишилган мусобақаларда иштирок этгани тасдиқлангани сабаб бўлди.

ITIA Темур Исмоиловни 2021 йилнинг 21 июлидан бошлаб теннисдан умрбод четлатди ва унга 14 минг доллар миқдорида жарима белгилади.

Амал Султонбеков беш йилга – 2021 йилнинг 21 июлидан 2026 йилнинг 21 июлигача теннисдан четлатилди ва у 8 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Улар теннис мусобақаларида иштирок этишдан ташқари, мусобақаларда томошабин сифатида қатнашиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Аввалроқ Халқаро сузиш федерацияси – FINA ўзбекистонлик сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган эди. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига лицензиялари бекор қилинган.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан августда учрашиши айтилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтади. Бироқ ҳозирча учрашувнинг аниқ куни маълум эмас. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 26 июль куни бўлган брифингда маълум қилди.

Асадов тадбиркорлардан таклиф ва мурожаатлар 31 июлгача қабул қилинишини таъкидлади ва маҳаллий журналистларни бу жараённи фаолроқ ёритишга чақирди.

Савдо-саноат палатаси 20 июлда яқин кунларда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказишни режалаштиргани ҳақида маълумот берган эди.

Палата тадбиркорлар 20 июлдан 31 июлгача ўз бизнесини кенгайтириш ва ривожлантиришга туртки берадиган ғоя ва таклифлар билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон президентига мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам иддао қилган.

Бироқ тадбиркорлардан ўз таклиф ва мурожаатларини “тўғридан-тўғри президентга эмас”, балки ҳар бир тумандаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ёки Штаб “Call-маркази”га жўнатиш сўралган.

Статистика қўмитаси бозорлардаги озиқ-овқат нархларини эълон қилди

10 дона тухум 5000 – 14000 сўмдан сотилмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакат бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархини эълон қилди.

Қўмитанинг билдиришича, нархлар марказий деҳқон бозорларида ўтказилган кузатув натижалари бўйича қайд этилган.

Қўмита маълумотида таъкидланишича, айни пайтда 1 кило суякли мол гўшти 45000 – 68000 сўмдан, қўй гўшти 52000 – 80000 сўмдан сотилмоқда.

1 кило картоша 1500 – 5000 сўм, пиёз 800 – 3000 сўм, сабзи 2500 – 10500 сўм, гуруч 5000 – 18000 сўм, шакар 7500 – 9000 сўм бўлмоқда.

10 дона тухум 5000 – 14000 сўмдан, 1 литр ўсимлик ёғи 14000 – 24000 сўмдан сотилмоқда.

Тошкентда 38 ёшли судья коронавирусга чалингани ортидан вафот этди

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Акмал Эргашов 26 июль куни 38 ёшида вафот этди.

Qalampir.uz нашрининг Олий суддан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, А. Эргашов аввал коронавирусга, кейин эса пневмонияга чалинишини ортидан вафот этган.

Марҳумнинг 2007-2015 йилларда Олий судда фаолият юритгани, 2015 йилдан бери эса жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси лавозимида ишлаб келгани айтилган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 125 мингга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 25 июль ҳолатига кўра, 124 минг 995 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, якшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида 705 нафар киши коронавирусга чалинган, 482 нафар кишида эса пневмония аниқланган.

Ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 811 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 119 минг 449 нафарга етган.

Вазирлик ўтган 25 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 7 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 839 нафарга етганини қўшимча қилган.

Испаниядан Ўзбекистонга тезюрар поезднинг янги таркиби олиб келинди

Ўзбекистонга аввалроқ келтирилган "Афросиёб" поездларидан бири

Испаниянинг Patentes Talgo S.L.U. ширкати томонидан ишлаб чиқарилган ва июль ойи бошида Ўзбекистонга йўлланган тезюрар поезднинг янги таркиби 24 июль оқшомида Тошкентга етиб келган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маълумотига кўра, “Афросиёб”нинг янги таркиби Испаниядан Ўзбекистонгача 8200 километр масофани босиб ўтган. Янги таркибнинг 11 та вагон ва 2 та локомотивдан иборатлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, бу Испаниядан олиб келинган ушбу русумдаги поездларнинг бешинчисидир.

“Жорий йил якунига қадар яна битта шу турдаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд келтирилади”, дейилган хабарномада.

Янги таркиб Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Бухоро ва Тошкент-Қарши йўналишлари бўйлаб, йил охиригача олиб келинадиган поезд эса Тошкент-Хива йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши кутилмоқда.

Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг том қисмида ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасидаги кўп қаватли уйнинг том қисмида 25 июль куни ёнғин чиққан.

ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 13:48 да содир бўлган.

Офатни бартараф этишга 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 14:12 да етиб боришган ва ёнғин соат 14:29 да ўчирилган. Натижада томнинг 620 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Вазирлик ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқлиги, айни пайтда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланаётганини билдирган.

Ишга кирмоқчи бўлган фуқаролардан кейинги йилдан диплом маълумотлари талаб қилинмайди

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январидан эътиборан ишга кирмоқчи бўлган кишилардан диплом маълумотлари талаб қилинмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан ўтган ҳафта якунида имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.

Фармонга мувофиқ, кейинги йил бошидан давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотлар ҳам талаб қилинмайди:

  • тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари;
  • лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотлар;
  • давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотлар;
  • қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
  • кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотлар;
  • жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотлар;
  • жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;
  • жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;
  • фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотлар.

Шу билан бирга, аҳолидан молиявий ҳисоботлар нусхалари, жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномалар, ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш ҳам бекор қилинади.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат идоралари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Токио-2020: Улуғбек Рашитов Ўзбекистонга биринчи олтин медални тақдим қилди

Улуғбек Рашитов амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши даянга чиқди ва уни мағлуб этди.

Улуғбек Рашитов Ўзбекистон тарихида таэквондо бўйича биринчи Олимпиада чемпионига айланди. Улуғбек Рашитов амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши даянга чиқди ва уни мағлуб этди.

34:29 ҳисобида якунланган беллашувдан сўнг Рашитов олтин медалга сазовор бўлди.

Бунга қадар Ўзбекистон тарихида таэквондо бўйича ҳеч ким Олимпия чемпиони бўлмаган эди.

Бундан аввал 2015 йилда Дмитрий Шокин Ўзбекистон тарихида таэквандо бўйича илк Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. У 2016 йилда Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида Осиё чемпиони бўлган эди.

Токио Олимпиадасидаги сўнгги чиқишидан сўнг Оксана Чусовитина катта спорт билан хайрлашди

46 ёшли Оксана Чусовитина жаҳон тарихидаги “афсонавий гимнастикачи” ҳисобланади.

Ўзбек спортининг фахри Оксана Чусовитина Токио Олимпиадасида сўнгги чиқишини амалга оширди ва катта спорт билан хайрлашди. Уни Олимпиада иштирокчилари қарсаклар билан кузатиб қолди.

Токиодаги “Ariake Gymnastics” аренасидаги гимнастика мусобақаларида иштирок этаётган Чусовитина 14.166 балл олди. Бу балл унинг финалга чиқиши учун камлик қилди.

46 ёшли Оксана Чусовитина жаҳон тарихидаги “афсонавий гимнастикачи” ҳисобланади. У қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган.

Токиода у саккизинчи марта Олимпиада ўйинларида иштирок этади ва Гиннес китобидаги рекордини янгилайди.

Оксана Чусовитина Барселонада 1992 йилда ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби. Оксана Чусовитина Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонларига эга.

Тошкентда 13 киши ўлдирилган “16 февраль” воқеаларида айбланганлардан 5 нафари оқланди

Одил судлов рамзи бўлган Фемида.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди 24 июль куни 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб судланган 5 нафар собиқ божхоначини оқлади.

1999 йилда чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлган собиқ божхоначилар орадан 22 йил ўтиб Тошкент вилояти судига аппеляция шикояти билан мурожаат қилган эди.

1999 йилда улар Жиноят кодексининг 208-моддаси (давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслик) бўйича айблов қўйилган эди.

Ўшанда уларнинг барчаси суд ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ амнистияга тушган ва тайинланган жазони ўташдан озод қилинганди.

1999 йил 16 февралда Тошкентдаги Мустақиллик майдони яқинида портлашлар содир этилган. Портлашларда расман 13 киши ҳалок бўлгани, юздан ортиқ одам жароҳатлангани билдирилган.

Ўшанда президент Ислом Каримов портлашларни диний экстремистлар томонидан уюштирилган террор ҳаракати деб баҳолаганди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорликда айбланиб, юзлаб кишилар озодликдан маҳрум этилган.

Кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари феврал портлашлари аслида ҳукуматнинг сиёсий мухолифларини йўқ қилишига қўл келганини таъкидлашади.

Тошкент вилоятининг 8 минг гектарга яқин ҳудуди пойтахт таркибига ўтказилди

Тошкент вилояти харитаси.

Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Мирзо Улуғбек туманлари Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари ҳисобига 7,8 минг гектардан кўпроққа кенгайтирилди.

“Газета уз”нинг билдиришича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши бу борада 23 июль куни қарори қабул қилган.

Қарорга асосан Сергели туманига Зангиота туманидан 1827,1 гектар, Бектемир туманига Юқори Чирчиқдан 490 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 1134,2 гектар, Мирзо Улуғбек туманига Қибрай туманидан 2294,6 гектар, Яшнобод туманига Қибрай туманидан 2107,4 гектар ер ўтказилди.

Айни пайтда Сергели туманидан 33,8 гектар ер Зангиота туманига, Бектемир туманидан 137,5 гектар ер Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилди. Тошкент вилоятига Тошкент шаҳридан жами 171,3 гектар ер ўтказиб берилди.

Ўзбекистонда стратегик ривожланиш билан махсус агентлик шуғулланадиган бўлди

Агентлик Кенгашига президентнинг ўзи раислик қилади.

Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш мақсадида Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, президент бу борада “Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Агентлик президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор томонидан бошқарилади.

Агентлик Кенгашига эса президентнинг ўзи раислик қилади. Шунингдек, Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилади.

Ўзбекистонда бир ҳафтада коронавирусдан 27 киши ўлди

Душанба кунигача жами ўлганлар сони 805 киши эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 24 июль куни вирусга чалинганлардан яна 6 нафари вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусдан ўлган беморлар сони 27 кишига етди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан то 19 июль, душанба кунигача жами ўлганлар сони 805 киши эди. Ҳафта охири- шанба, 24 июльга келиб уларнинг сони 832 кишини ташкил қилди.

24 июль куни 731 кишида коронавирус, 494 кишида зотилжам аниқланди. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 124 290 кишига етди.

Тошкент шаҳрида 119, Жиззах вилоятида 91, Тошкент вилоятида 88, Сурхондарё вилоятида 79, Самарқанд вилоятида 73, Фарғона вилоятида 72 кишида касаллик аниқланди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистонда 63, Наманган вилоятида 31, Хоразм вилоятида 28, Сирдарё вилоятида 23, Андижон вилоятида 20, Қашқадарё вилоятида 16, Бухоро вилоятида 15, Навоий вилоятида 13 бемор қайд этилди.

Касалликдан соғайганлар жами 118638 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Тошкент ИИББ Жаҳонгир Отажонов устидан очилган ишни судга оширди

Жаҳонгир Отажонов

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хонанда Жаҳонгир Отажонов ишини судга оширди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

“Ж.Атажановнинг қилмишида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”)да кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар 23.07.2021 йилда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилди”, дейилган хабарда.

ИИББ Жаҳонгир Отажоновни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларини ҳақорат қилган видеомурожаатини жойлаштирганликда, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан тахқирлаганганликда айбламоқда..

ИИББ матбуот хизмати хабарида айтилишича, ”Ж.Атажанов қилган ишидан пушаймонлигини билдирган”.

Жаҳонгир Отажоновнинг ўзидан ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган президент сайловига номзод этиб кўрсатган Жаҳонгир Отажонов шу ойда сиёсатдан вақтинча чекиниши ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттириши тўғрисида баёнот берган эди.

Қарор: Камбағаллар оладиган ипотека кредити учун кафолатни ҳокимликлар беради

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги "Ипотека банки" бўлими олдида навбат. 29 Июнь, 2020 йил.

Вазирлар Маҳкамаси 24 июлда қабул қилган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга биноан
2022 йил 1 августигача тажриба тариқасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафилликларини бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартиби жорий қилинади.

Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар қилди.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, кафиллик рўйхатдаги қарз олувчиларга банклар томонидан ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича берилади.

Кафиллик берилганлиги учун ҳокимликлар томонидан тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

Кафиллик ҳокимликлар томонидан “Халқпарвар” комиссияларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.

Ушбу тартиб 2022 йил 1 августга қадар амалда бўлиши хабар қилинди.

Президент: АҚШдан 3 млн доза вакцина келади

Ўзбекистон президенти мамлакат аҳолисини огоҳликка, бефарқ бўлмасликка ва фаолроқ эмланишга чақирди. Бу ҳақда, президент 23 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида гапиргани тўғрисида матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев: «Жуда катта машаққатлар билан вакциналарни олиб келяпмиз. 4 август куни яна 3 млн доза вакцина Америкадан келади. Ҳозир ҳам вакцина бор, лекин одамлар ишонмаяпти» деган.

Нашрнинг эслатишича, 20 ва 21 июль кунлари Ўзбекистонга жами 2 млн доза вакцина олиб келинган. Жами вакцина захираси 21 июль ҳолатига кўра, 9 млн 580 минг дозани ташкил қилмоқда. Улардан 370 минг дозаси «Спутник V», 710 минг дозаси AstraZeneca, 8,5 млн дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир.

Аввалроқ, Республика махсус комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 21 млн аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

COVID-19: Янги аксилрекорд қайд этилди

23 июлда Ўзбекистонда 773 киши коронавирус инфекциясига чалингани қайд этилди, вирус ҳаммаси бўлиб шу кунгача 123 559 кишига юққан. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.

ССВга кўра, 23 июлда қайд этилган кўрсаткич янги аксилрекорддир.

Бундан ташқари, кеча кун давомида 507 нафар кишида пневмония аниқлангани маълум қилинди.

23 июль куни 659 нафар бемор касалликдан соғайиб, соғайганлар жами 117 962 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 826 нафарни ташкил қилди.

Маълумот учун, бундан аввалги антирекорд 22 июль куни қайд этилган бўлиб, унда 738 киши коронавирус юқтириб олгани қайд этилган эди.

Президент Мирзиёев 64 ёшга тўлди

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан “хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари табрикламоқда”.

Шавкат Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоят, Зомин туманида шифокор оиласида туғилган.

Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғилнинг отаси, беш нафар набиранинг бобоси экани айтилади. Президентнинг расмий таржимаи ҳолда қайд этилишича, унинг турмуш ўртоғи З.М. Ҳошимова муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Мирзиёев 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган, муҳандис-механик. Расмий таржимаи ҳолда айтилишча, Мирзиёев техника фанлари номзоди, доцент унвонига эга. У "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Мирзиёев 2003 йилда Ислом Каримов тавсияси билан Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Бош вазири лавозимига тасдиқланган. 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис уни қайта бу лавозимга тасдиқлаган эди.

2016 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон президенти этиб сайланган.

Сайловга старт берилган кунда Президент ҳокимларга халқ билан ишлашни кучайтиришни буюрди

Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида айтди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари матбуот хизматига кўра, аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Баъзи маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Президент жумладан мана бундай деган:

Кўпчилик вилоят ҳокимларининг қабул куни ҳар ойнинг тўртинчи шанбаси, яъни бир ойда бир марта қилиб белгиланган. Эртадан бошлаб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт”.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясига старт берилган кунда бўлиб ўтди.

Президент Мирзиёев бундан 5 йил олдинги сайловдан кўп ўтмай - 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси ташкил этилган.

Муфтий Усмонхон Алимовнинг Москвада даволанаётгани маълум қилинди

71 ёшли Усмонхон Алимов 2006 йил августидан буён Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ва бош муфтий лавозимини эгаллаб келади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Москва шаҳрида ўпка ва қон томир касалликлари муолажасини ўтамоқда.

Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

"Ҳазратнинг ҳолатлари барқарор. Зарур, барча чора-тадбирлар малакали шифокорлар томонидан амалга оширилмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ҳақларига Аллоҳ таолодан шифои комил, тан-сиҳатлик, узоқ умр, мусулмон умматига ва халқимизга узоқ йиллар хизмат қилишларини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб қоламиз", дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 23 июль куни тарқатган хабарда.

Аввалроқ диний идора муфтийнинг 71 ёшли муфтийнинг шифохонада оғир аҳволда ётгани ҳақижда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни рад этган эди.

19 июль куни тарқатилган хабарда муфтий навбатдаги муолажани олаётгани ва унинг аҳволи барқарорлиги таъкидланган.

"Маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан ҳазратнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда. Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини "одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлиши" ҳақида огоҳлантирган.

Усмонхон Алимов 2006 йил августидан буён Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ва бош муфтий лавозимини эгаллаб келади.

Ўзбекистонда президент сайловига старт берилди, сайлов куни 24 октябрга белгиланди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 23 июлидан президент сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг жума куни бўлиб ўтган мажлисида билдирилган.

МСК матбуот хизмати қайдича, тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санасини президент сайлови куни, деб белгилаган.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига жорий йил февраль ойида киритилган ўзгартишларга мувофиқ, мамлакатда бундан буён президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши қайд этилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу галги президент сайлови 2021 йил 24 октябрига белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.

Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган.

Ўзгидромет ҳафта охирида ҳарорат яна +46 даражагача кўтарилиши мумкинлигини очиқлади

Ўзбекистонда 24-26 июль кунлари ҳаво ҳарорати яна аномал даражада исиши кутиляпти.

Гидрометеорология хизмати маркази бу ҳолатни “Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши” билан боғлаган.

“Ўзгидромет” мутахассисларига кўра, мазкур кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 4-6° га юқори бўлади.

“Кундуз кунлари ҳаво 40-43° гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-46° гача исийди”, дейилган марказ хабарномасида.

“Ўзгидромет” ҳафта охирида мамлакатнинг айрим ҳудудларида чангли бўрон кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани, ҳарорат иқлимий меъёрлардан ҳатто 7-10° га юқори бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Тошкентдаги Ботаника боғи ташрифчилар учун бир ҳафтага ёпилмоқда

Тошкентдаги Ботаника боғи

Тошкентдаги Ботаника боғи ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада боғ шу йил 23 июлидан 31 июлига қадар ташрифчилар учун ёпиқ бўлиши айтилган. Бунга Ботаника боғида "2021/2022-ўқув йилида Президент мактабларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари ўтказилиши" асос қилиб келтирилган.

Аввалроқ Озодлик шу йил 1 июнидан “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилинган боғ ҳудудида велосипед, самокат ва скутерларда ҳаракатланиш қатъиян тақиқлангани ҳақида хабар қилган эди.

БМТ мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер Ўзбекистондаги фаолиятини якунлади

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер президент Шавкат Мирзиёев билан (president.uz фотоси)

БМТ мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер 22 июль куни Ўзбекистондаги миссиясини якунлади. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Фрейзер хонимнинг шу йил 1 сентябридан БМТ Дастурлар ва сиёсат бошқармаси раҳбари, БМТнинг 132 мамлакатдаги агентликлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари сифатида иш бошлаши кутилмоқда.

2017—2021 йиллар ичида Ўзбекистонда юритган фаолияти давомида Хелена Фрейзер Оролбўйи минтақаси бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этган, БМТ тизимларининг Ўзбекистондаги конструктив иштирокини кенгайтиришга кўмаклашган. Унинг ёрдамида БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қайта фаолият бошлаган, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилган ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилган.

Хелена Фрейзер “Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фондини ташкил этиш ва самарали фаолият юритишини таъминлаш тўғрисидаги республикамиз ташаббусини халқаро миқёсда илгари суришга қўшган салмоқли ҳиссаси” учун Ўзбекистон президенти фармони билан 2019 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG