Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 21:08

АҚШ Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилди


Дональд Трамп

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси 18 декабрь кечга яқин президент Дональд Трампга импичмент эълон қилди. Энди иш кўриб чиқиш ҳамда айблов ҳукмини эълон қилиш ва уни лавозимидан четлатиш масаласини кўриб чиқиш учун Сенатга юборилади.

Трампга иккита модда: хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва Конгрессга қаршилик кўрсатиш бўйича айблов эълон қилинди. Демократлар кўпчилик бўлган Вакиллар палатаси иккала модда бўйича айбловни ҳам ёқлаб овоз берди.

Трамп, мамлакат конституциясида кўзда тутилганидек, оғир жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун расман айбланаётган учинчи президентдир.

Айбловлар республикачи президент Трампга тегишли. У 2020 йилда бўлиб ўтажак президент сайлови олдидан сиёсий рақибининг ишини тергов қилиш учун чет эллик иттифоқчисидан – бу ўринда Украина – ёрдам сўраш билан президентлик ваколатини суиистеъмол қилганини айтилмоқда

Трампга қўйилаётган иккинчи айб импичментга сабаб бўладиган ҳолатни тергов қилиш учун фактларни аниқлаш юзасидан Вакиллар палатаси талаб қилган минглаб ҳужжатларни бермагани ва гувоҳларнинг Конгресснинг тергов ўтказаётган қўмиталарида сўроқ беришига рухсат этмаганидир.

Трамп Мичиганда бўлиб ўтган митингда демократлар “ўн миллионлаб ватанпарвар америкаликлариннг овозини йўққа чиқаришга уринмоқда”, деди 2016 йилда ўзи ғалаба қозонган президент сайловини назарда тутиб.

Трамп, “улар бизни лавозимимиздан четлаштира олишига ишониш қийин”, деб айтди.

У олдинроқ импичментга оид терговни “ажина овлаш”, гувоҳларни сўроқ қилган Конгресс қўмиталарини “кенгуру судлари” (“нохолис судлар”) деб атаган эди.

Импичмент эълон қилишга асос бўлган конституция моддалари айблов хулосасига тенг ва қонун чиқарувчи юқори палата – Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Ҳужжат Сенатда январь ойида кўриб чиқилади ва суд мажлисига Олий суд раиси Жон Робертс раислик қилади.

Бироқ импичмент эълон қилиш бўйича овоз берилганидан сўнг Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси импичмент моддаларини Сенатга қачон юбориши ёки юбориш-юбормаслигини айтмади.

У бунинг ўрнига ҳужжатни Сенатга юбориш хусусида “нима бўлишини кўрайлик-чи”, деди. Пелоси Вакиллар палатасидаги демократлар Сенат судига кимни айбловчи қилиб жўнатишни айта олмаслигини, бунинг учун Сенат судни қандай тартибда ўтказишини билиши кераклигини маълум қилди.

Айблов ҳукми чиқариш учун Сенатнинг 2/3 қисми овоз бериши керак бўлади. Сенатда республикачилар кўпчилик бўлгани учун оқловчи ҳукм чиқарилиши кутилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG