Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:16

Озиқ-овқат тақчиллиги, яширин навбатлар ва ҳибсга олишлар - Туркманистонда нима бўляпти?


Туркманистон пойтахти Ашхобод аҳолиси 11-микрорайондаги 4-сонли давлат магазини атрофида эрталабдан навбатга турган пайтда олинган сурат. 2021 йил, 1 май.
Туркманистон пойтахти Ашхобод аҳолиси 11-микрорайондаги 4-сонли давлат магазини атрофида эрталабдан навбатга турган пайтда олинган сурат. 2021 йил, 1 май.

Ашхободнинг давлат дўконларида имтиёзли нархларда деярли маҳсулот қолмади. Бунга қарамасдан, одамлар навбат кутишда давом этмоқда.

4 май куни Озодликнинг Туркманистондаги мухбирлари Ашхобод ва вилоятлардаги вазият тўғрисида хабар бердилар.

4 май куни Ашхободдаги кўплаб дўконларда субсидияланган нархларда маҳсулотлар қолмаган. Баъзи дўконларда, хусусан, 79-сонли магазинда савдо бўлмаслиги ҳақида ёрлиқ илиб қўйилган.

Андалиб кўчасида жойлашган «Пайтагт» савдо марказида одамлар эрталаб соат бешдан бошлаб савдо бошланишини кутган.

Мухбирларнинг сўзларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида дўконларга маҳсулот етказиб беришда жиддий узилишлар кузатилмоқда. Шу билан бирга, маҳсулот олаётган харидорлар ўтмаган товарларни сотиб олишга мажбурланмоқда.

Ғазабланган харидорларнинг турли хил савдо органларига муддати ўтган товарларни мажбуран сотиш тўғрисида кўрсатма берилган ҳужжатларни кўриш талаблари ҳеч қандай натижа бермаган.

Бунга қарамасдан, пойтахтдаги дўконлар олдида навбат кутишга норасмий тақиқ қўйилган. Сўнгги ҳафталарда навбат кутаётган одамлар дўконлар яқинидаги биноларнинг орқасида яширина бошлаган.

«Ҳозирча, аввалгидек аҳвол жуда ёмон. Эҳтиёткорлик билан ва дўкондан нарироқда навбатга туришингиз керак. Агар дўкон сотувчилари полицияга шикоят қилса, сизни олиб кетишлари мумкин», - деди Озодлик мухбири 4 май куни.

Навбат кутишга қўйилган тақиқ ҳам норасмий бўлиб қолмоқда. Ҳеч ким навбатлар ман этилган расмий буйруқ нусхасини ололмади.

Озодликнинг ҳукуматга яқин манбаларининг маълум қилишича, пойтахт мутасаддиларининг навбат кутишни ман этишига президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов дўконлар яқинидаги гавжум навбатлар отасини «обрўсизлантиришини» айтгани туртки бўлган.

Ўшандан бери Туркманистон ҳукумати навбатларни йўқ қилиш учун турли чораларни кўрмоқда. Хусусан, навбат кутганлар ҳибсга олингани ва жаримага тортилган ҳақида хабарлар бор.

«Хроника Туркменистана» мустақил нашрининг хабар беришича, 30 апрелдан бошлаб Ашхободдаги давлат дўконларидаги навбатларни йўқ илиш учун янги чоралар жорий қилинган.

Хусусан, эрталаб навбат кутаётганлар харид қилишни истайдиган маҳсулотлар бозор нархларида сотила бошлаган. Масалан, бир килограмм шакар 9 манат ўрнига 26 манат, 1 литр ўсимлик ёғи 18 манат ўрнига 42 манат, 1 килограмм товуқ гўшти 16 манат ўрнига 40 манат нархда сотилмоқда.

Кўпчилик бу нархларда харид қилмайди. Куннинг иккинчи ярмида айни маҳсулотлар давлат белгилаган имтиёзли нархларда сотилмоқда.

Айни пайтда, ҳудудларда маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ вазият янада оғирроқдир. Давлат дўконларида имтиёзли нархларда сотиладиган деярли ҳеч нарса қолмаган.

4 май куни Мери шаҳридаги мухбир ҳозирги пайтда давлат дўконларида фақат туз давлат нархларида сотилаётгани, қолган барча маҳсулотлар бозор нархларида сотилаётганини айтди. Давлат дўконларида шакар, товуқ, ун, тухум ва сариёғ умуман йўқ.

Нон ҳафтасига икки марта имтиёзли нархда сотилмоқда. Одамлар тунги соат иккидан навбат кута бошлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Озодликнинг мухбирларининг сўзларига кўра, аҳоли орасида ваҳима кучаймоқда, чунки озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда сотиш тизими яқинда бекор қилиниши ҳақида хавотир юзага келган.

Мамлакат ҳукумати инқироз сабабларини аҳолига тушунтирмай келади. Ҳукумат озиқ-овқат сиёсати соҳасидаги режаларини эълон қилмайди. Аксинча, Туркманистон раҳбарияти бир неча йилдан буён мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги тўлиқ таъминлангани, маҳаллий маҳсулотлар ҳажми ўсиб бораётгани ва импорт ўрнини босиш сиёсати муваффақиятли амалга оширилаётганини иддао қилиб келади.

Аслида эса ҳукумат киши бошига кўпи билан 5 килограмм ун сотишни белгилайдиган нормани тўлдиришни уддасидан чиқа олмаяпти. Бундан ташқари, февраль ойида имтиёзли маҳсулотлар нархи оширилди.

Туркманистонда озиқ-овқат инқирози ва нон танқислиги 2018 йил охиридан бери давом этмоқда. Ўшандан бери расмийлар имтиёзли маҳсулотлар сотиш бўйича бир неча марта чеклов киритди. Сўнгги ойларда вазият сезиларли даражада оғирлашди.

Ойлик озиқ-овқат пайоги, яъни маълум вақтга мўлжаллаб бериладиган озиқ-овқат миқдори озайтирилди, давлат дўконларида имтиёзли нархларда сотиладиган маҳсулотлар сони янада қисқарди, уларни сотиб олиш бўйича янги чекловлар киритилди.

Бундай шароитда аҳоли нон ёпиш учун турли усуллардан фойдаланишга, жумадан, муддати ўтган макарон, паст сифатли гуруч, маккажўхори ва жўхорини майдалаб, ун қилишга мажбур бўлмоқда.

Аввалроқ Озодлик манбалари ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда сотиш тизимини бекор қилишни режалаётгани ҳақида маълум қилишган эди.

XS
SM
MD
LG