Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:06

Туркманистон: "Толибондан ҳам хавфли" коронавирус


Коронавирус қурбонлари дафн этилган қабристон. Туркманистон, июль, 2020

Пандемия бошланишидан 18 ой ўтиб Туркманистон, ниҳоят, COVID-19 га нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқмоқда (гарчи мамлакат ҳукумати ҳамон рад этишда давом этаётган бўлса-да).

“Eurasianet” нашрининг ёзишича, сиёсат ўзгариши муҳим кадрларни алмаштиришдан бошланган.

25 август куни президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ишдаги жиддий камчиликлари учун” Мамедмурод Гелдиниёзовни Бош вазирнинг соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва спорт масалалари бўйича ўринбосари вазифасидан озод қилди. Унинг ўрнини мамлакатнинг пешқадам олими, ҳукумат икки йилча муқаддам молиялашни тўхтатиб қўйган Фанлар академиясининг раҳбари Сапардурди Тойлиев эгаллади.

Кадрлар алмашиши тегишли тузилмаларга раҳбарликни кечроқ бўлса-да, ўз мутахассисига топширишга уринишдек кўринади.

Бош вазир ўринбосаридан ташқари, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари ва айни пайтда Давлат санитария-эпидемиология хизмати раҳбари бўлган Арслонгилич Гилижов ҳам лавозимидан бўшатилиб, ўнинг ўрнига Юқумли касалликлар бошқарув маркази бош директори бўлиб ишлаб келган Майрат Маммедов тайинланди.

Ҳатто тайинланганига бир йил тўлмаган Давлат миграция хизмати бошлиғи Бекмурат Овезовни ҳам “жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун” ишдан олишди. Вакант лавозимга Назар Атагараев ўтирди. Афтидан, Бердимуҳамедов давлат чегаралари вируслар хуружидан етарли даражада қўриқланмаяпти, деб ўйлаган.

Бу барча тайинловлар ҳақида Вазирлар маҳкамасининг касалликлар тарқалишига қарши кураш бўйича давлат фавқулодда комиссияси фаолияти муҳокамасига бағишланган йиғилишида эълон қилинган эди.

Ҳокимият расмийлари Туркманистонга коронавирус кириб келганлиги фактини тан олишдан бош тортаётган бўлса-да, Бердимуҳамедов у ҳақида “башарти мамлакатимизда COVID-19 тарқалаётган бўлса” қабилида, яъни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2020 йил декабридаги тавсиялари руҳида гапиради: шифокорлар аҳоли билан профилактика чоралари тўғрисида суҳбатлар ўтказиши керак, “мамлакатнинг барча бурчакларида” дезинфекция ишлари бажарилсин, оммавий жамоат тадбирларини ўтказишга нисбатан чекловлар жорий қилиниши лозим, одамлар тўпланиши олдини олиш мақсадида шаҳар жамоат транспортидан фойдаланишни қулайлаштириш керак, офис ва уйларда респиратор касалликлари тарқалишига тўсиқ бўладиган ҳарорат сақлансин ва ҳоказо.

Профилактика чораларига келсак, ўтган ҳафтада Туркманистон Россиядан “Спутник V” вакцинасининг янги партиясини олди. Бироқ бу партияда неча доза вакцина бўлганлиги ҳақида бирор маълумот эълон қилинмади. Қисқаси, қанча одам эмланганини билишнинг иложи йўқ, бу эса мамлакат “жамоавий иммунитет”га салгина бўлса-да ўхшайдиган нарсага қанчалик яқинлашганини тасаввур қилиш имконсизлигини англатади.

Амстердам шаҳрини макон тутган Turkmen.news интернет-нашри расмий Ашхободнинг жиддий касаллик тарқалишига ўхшаш ҳолатларни яширишга уринишларини ҳар доим биринчи бўлиб фош қилиб келган. Яқинда ушбу нашр Туркманистоннинг коронавирус инфекциясига қарши кураш режаси тафсилотларини эълон қилди.

Айтилишича, Касалликлар тарқалишига қарши кураш бўйича фавқулодда комиссиянинг 29 августдаги йиғилиши баённомасига мувофиқ, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун мамлакатда кенгайтирилган қоидалар тўплами жорий қилинди. Хусусан, ўрта махсус ўқув юртлари ҳамда ўрта мактаблар ўқувчиларини масофадан ўқитиш, имтиҳонларни топшириш муддатларини узайтириш, давлат хизматчиларини сменали ишлашга ўтказиш, 1 октябрдан мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни чеклаш каби чоралар кўзда тутилган.

Бироқ, айни чоғда ушбу чораларга зид, мантиқсиз қарорлар ҳам йўқ эмас. Масалан, ой охирида нишонланадиган Мустақиллик куни тантаналарига ҳозирлик кўриш учун 4 минг нафар давлат хизматчиси бутун ой бўйи репетиция қиладиган бўлибди. Аслида байрам куни Ашхобод марказидаги ҳукумат трибунаси ёнидан 11 минг нафар ОТМ талабалари парад қилиб ўтиши керак эди, лекин, ҳарқалай бу режа бекор қилинибди. Бунинг ўрнига трибуна олдидаги майдон сунъий гуллардан ишланган безаклар билан тўлдирилар экан.

Фавқулодда комиссия баённомага айрим бандлар, жумладан, мамлакатга киришига ва ундан чиқиб кетишига рухсат берилган мансабдор шахслар ва хорижий техник мутахассислар рўйхати юзасидан батафсил изоҳлар киритиб ижобий маънода кўпчиликни ажаблантирди, дейиш мумкин. Мисол учун, “TAPI Pipeline Company Limited” ширкати бош ижрочи директори Муҳамметмурат Амановга 2 сентябрь куни Дубайдан юк учоғида қайтишга рухсат этилган.

Афтидан ҳукумат Бетарафлик куни нишонланадиган 12 декабрга қадар аҳволни эпақага келтириш учун шу чораларнинг ўзи кифоя, деб қаттиқ ишонмоқда. Шу қадарки, Бердимуҳамедов байрам тадбирларида иштирок этиш учун Евроиттифоқнинг бош сиёсий идораси бўлмиш Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелни таклиф этган. Таклифни қабул қилганига кўра, Мишель турман диктаторининг фақат ўз кибр‑ҳавосини “аллалаш”га қаратилган ишларини дастаклаш билан жамоатчиликда қандай таассурот уйғотиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган, шекилли.

Агарда Мишель бу сиёсий ноз-карашмалари билан Бердимуҳамедовни Афғонистон қочқинларининг бир қисмини қабул қилишга кўндиришни кўзлаган бўлса, бекорга заҳмат чекмагани маъқул эди. Туркманистон раҳбари Мишель билан телефон орқали суҳбатида Туркманистон 1990-йиллардаги фуқаролар урушлари даврида Афғонистон ва Тожикистон фуқароларига бошпана бериш бўйича тарихий тажриба орттирган бўлса-да, бу сафар COVID-19 билан боғлиқ хавф-хатар ёрдам кўрсатиш имкониятини йўққа чиқарганини айтди.

Бердимуҳамедов муғомбирлик қилди. Унинг ҳукумати Кобулни босиб олган одамлар эндиликда Афғонистон Ислом Амирлиги деб атаётган мамлакат билан ҳамкорлик қилишга биринчилар қаторида бажонидил розилик берган. Ашхободнинг қочқинларни қабул қилиш қарори толибларни ранжитиши тайин эди.

30 август куни туркман дипломатлари, шунингдек соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик идоралари вакиллари транспорт ҳаракатини тиклаш масаласини муҳокама қилиш мақсадида Афғонистоннинг чегара ҳудудлари вакиллари билан учрашди. Нияти яхшилигини амалда кўрсатиш учун Ашхобод инсонпарварлик ёрдами сифатида қўшниларга тиббиёт жиҳозлари етказиб берди.

Ҳозирги пайтда икки чегара йўлаги орқали ҳар куни қарийб 70 та темир йўл вагони ҳамда 160 та юк машинаси ўтказилмоқда. Туркман мулозимларига кўра, асосан нефть маҳсулотлари, суюлтирилган газ, ғалла ва истеъмол моллари ташилмоқда. Афғонлар ҳатто Туркманистондан келтириладиган маҳсулотлар учун божхона тўловларини камайтирди.

Мавжуд вазият сақланишини таъминлаш мақсадида 30 август куни Туркманистон билан Афғонистонни боғловчи Акина – Андхўй темир йўлининг Туркманистон томонидан молияланаётган участкасида қурилиш ишлари қайта бошланди, дея маълум қилди Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги. “Акина” ўтиш жойи июль ойи бошларида Андхўй тумани толиблар қўлига ўтганидан сўнг ёпиб қўйилган эди.

Толибоннинг иқтидорга келиши оқибатлари ҳали хийла мавҳум эканига қарамай, Туркманистон ТАПИ Трансафғон газ қувури, шунингдек, Афғонистон ҳудуди орқали юқори кучланишли электр узатиш линиясини тортиш лойиҳаларини тиқиштиришда давом этмоқда. Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайшийнинг 26 август куни Ашхободга ташрифи чоғида ҳам бу масалалар муҳокамасига кенг ўрин берилди. Покистон оммавий ахборот воситалари Қурайший гўё Афғонистон ТАПИ лойиҳасидан транзит ва роялти кўринишида 1 миллиард доллар пул ишлаб олиши ҳақидаги эски гапни тилга олгани ҳақида ёзиб чиқди.

Бироқ бу ишлар амалга ошиши учун ким маблағ бериши ҳақида лом-мим дейилмади. “TAPI Pipeline Limited” ширкати раҳбарининг юк учоғида Дубайга қатнаб юрганига қараганда айнан газ қувури лойиҳасига катта умид боғланган.

XS
SM
MD
LG