Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 20:42

Вашингтонлик адвокат: Зеленский учун лоббичиларни “яхши ниятда” ёллаганман


Украина президент Володимир Зеленский

Америкалик бир адвокат Вашингтон шаҳридаги лоббичилик билан шуғулланувчи фирмани Украинадаги президент сайлови кампанияси вақтида Володимир Зеленскийнинг обрўсини кўтариш учун ёллаганини маълум қилди. У “Озодлик” радиоси билан суҳбатда Зеленский учун яхши ниятда чўнтагидан ўша фирмага 70 минг АҚШ доллари тўлаганини билдирди.

− Бу ўзимнинг ташаббусим эди... ва бу ишни қилганимдан хурсандман, − деди Маркус Коэн 7 августда ўзининг лоббичилик иши ҳақида Вашингтондан телефон орқали.

Жорий йил баҳорида Вашингтондаги Signal Group Consulting, LLC лоббичилик фирмаси 7 ҳафта давомида Коэннинг топшириғини бажарган. У ўша вақтда президентликка номзод бўлган Зеленскийнинг вакили бўлганини иддао қилмоқда. Фирманинг вазифаси комик актёрнинг АҚШ пойтахтидаги “обрўсини кўтариш” бўлган.

Signal Group 17 июлда АҚШ Адлия вазирлигига Коэннинг топшириғи билан Зеленский номидан нима ишлар қилгани хусусида ҳисобот берган эди.

Муаммо шундаки, Зеленский нима иш қилинганию Коэн билан таниш эканини қатъиян рад этди, Коэннинг ўзини эса топиб бўлмай қолди.

Украина билан ҳамкорлик бўйича бир неча ўн йиллик тажрибага эга 6 таҳлилчи ва сиёсий маслаҳатчи Коэнни умуман танимаслигини айтди. “Озодлик” мухбири Киевдаги Коэн айтган манзилга борганида, савдо марказидаги айтилган офис ўрнида кийим-кечак дўкони ва тирноқ пардозлаш салонидан бошқа нарса йўқлиги маълум бўлди. Қизиғи шундаки, Украинанинг “Вавилон” хабарлар сайти ўша манзил Зеленскийнинг сайловолди кампанияси расмий вебсайтида ҳам кўрсатилганини аниқлади.

Зеленскийнинг сайловолди кампаниясида ишлаган Святослав Ярошнинг фикрича, ўша манзил ҳеч бир офиссиз почта қутиси бўлиб, фақат “хатларни олиш” учун хизмат қилган.

Пировардида бу масалада Коэн ҳам, Зеленский ҳам тушунтириш беришга мажбур бўлди.

Улар иккита нарса ҳақидаги гаплар тўғри эканини тан олди: Зеленский президентликка номзод сифатида апрель ойида Қўшма Штатларда обрўсини кўтариш учун профессионал ёрдам сўрамаган ҳамда у Коэнга Signal Group фирмасига тўлаган 70 000 долларлик харажатини қоплаб бермаган.

Коэн эса Зеленский билан сайловолди кампанияси вақтида шахсан учрашганини ва ўша пулни “яхши ниятда” тўлаганини айтди.

Зеленский 8 августда Истанбулга расмий сафари чоғида “Озодлик” радиосининг мурожаатига жавобан матбуот котиби орқали Коэн билан учрашганини инкор этмади, аммо сайловолди кампанияси тадбирлари тиғиз бўлгани учун адвокат билан ўша учрашувини эслай олмаслигини билдирди. Аммо у Коэн ёки бошқа бировдан ўз фойдасига иш қилишни илтимос қилмаганини айтди.

45 яшар Коэн Вашингтон шаҳрида туғилиб ўсган, Мэриленд университети қошидаги Кинг Грэй номли ҳуқуқ мактабини битирган.

Коэн Зеленский кимлиги ҳақида илк марта бир дўстининг дўсти сабаб унинг сайловолди кампанияси раиси Иван Баканов билан учрашуви чоғида эшитган экан. Сиёсатчига айланган комик актёрнинг “коррупцияга қарши позицияси”дан қаттиқ таъсирланибди.

Коэн Киев шаҳридаги Зеленский сайловолди кампанияси бош қароргоҳига Баканов билан бирга борганида бўлғуси президент билан учрашганини, Баканов эса кейинчалик Украина Хавфсизлик хизмати бошлиғи этиб тайинланганини таъкидлади.

У нега ўзини сиздан четга оляпти, деган саволга Коэн, “у ўзини четдан келган киши деб билади ва сиёсатдаги бошқа кишилардан ўзгача деб ҳисоблайди”, деб жавоб берди.

Коэн Бакановга яқин бўлиб қолганини ҳамда уни ақлли ва ғайриоддий киши деб билишини айтади.

Ушбу воқеа ҳақида фикр сўраш учун Бакановни топиб бўлмади, аммо Signal Group фирмаси раҳбарлари ва таҳлилчилари у билан учрашганини гапириб берди.

15 апрелда Баканов Вашингтонга келган ва Коэннинг айтишича, Signal Group фирмаси вакиллари билан учрашган. Улар Баканов билан етакчи иқтисодий масалаҳтчи Олег Дубина учун турли учрашувлар ташкил қилган.

Зеленский сайловолди кампанияси вакиллари Дубинанинг ўша вақтдаги ролини инкор қилади.

Дубина 2002-2003 йилларда президент Леонид Кучманинг маслаҳатчиси бўлган. 2007 йилда “Украинанинг “Нафтогаз” компанияси раҳбарлик ҳам қилган.

Коэнга кўра, Дубина Баканов иштирок этган ҳар бир учрашувда қатнашган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG