Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2020, Тошкент вақти: 20:05

Франция ва Макрон: ИИВ "радикал ва исломга ёт ғоялар"ни тарқатишдан огоҳлантирди


Ўзбекистон ИИВ мулозими ижтимоий тармоқларда тарқатилаëтган радикал чиқишлар кузатувга олинганини билдирди

29 октябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда блогерларни радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатишга жазо борлигидан огоҳлантирди.

Расмий огоҳлантириш ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Франция ва унинг президентига қарши ғазаб ва бойкот кампаниясини қўллаб-қувватловчи чиқишлар манзарасида янграмоқда.

16 октябрь куни Францияда содир этилган террорчилик ҳужуми ортидан президент Макрон сўз ва ифода эркинлигини ҳимоя қилиши ва сиёсий исломга қарши курашини икки ҳисса кучайтириши ҳақида баёнот қилган эди.

Бунинг ортидан Яқин Шарқ ва бошқа мусулмон давлатларда Франция маҳсулотларига бойкот кампанияси бошланиб кетди.

Ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонликлар бу кампаниянинг лидерига айланган Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Франция ва президент Макронга қарши чиқишларини қўллаб-қувватлади.

Маҳаллий таҳлилчилар ўзбек сегментида, ИИВ баёнотида тилга олинган радикал кайфиятларни тарқатаётганлар айнан Туркиянинг жорий раҳбаридан илҳомланганига ишонишади.

Бундай мазмундаги пост муаллифларига қарата “Макронга сочаëтган ғазабингизни Ўзбекистонда халқни хўрлаëтган ҳокимларга сочинг”, дея таклиф берган иқтисодчи олим Ғолиббек Холназаров YouTube даги чиқиши ортидан ўлим таҳдидлари остида қолганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Холназаров Ўзбекистон ҳукуматини Францияда аслида нималар бўлаëтгани ҳақида жиддий маълумот ва таҳлил бермаслик орқали “жоҳилликни кучайтираëтганлик”да айблади.

ИИВ баëноти

29 октябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонликлар томонидан ëйинланаëтган радикал чақириқларга биринчи марта муносабат билдирди.

Телеграм каналида тарқатилган расмий баëнотда ИИВ ўзбекистонликларни “турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш” учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.

ИИВ бундай ҳаракат учун Жиноят кодексининг 156-модда (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244 прим 3-модда (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) сида жазо белгиланганини эслатди.

156-моддага кўра:

Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек, миллий, ирқий, этник мансублиги ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

244 прим 3-моддага мувофиқ:

Диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

“Ислом динига ёт бўлган ғоялар” аниқламаси

Расмий баëнот ортидан Озодлик ИИВ Матбуот хизмати билан боғланиб¸ “ислом динига ёт бўлган ғоялар” тушунчасига аниқлик киритишни сўради.

Вазирлик мулозими Жиноят Кодексининг баëнотда келтирилган моддаларида бу ғояларга аниқлик киритилганини билдирди.

Сўз эркинлиги¸ демократия ва дунëвийлик”ни кимдир “ислом динига ёт бўлган ғоялар” деб талқин қилишга уринса¸ бу хато бўлади. Бу ғоялар Ўзбекистонда қонунчилик билан ҳимояланган”¸ деди ИИВ мулозими.

Ички ишлар вазирлигининг Озодлик гаплашган бошқа мулозими Ўзбекистон ҳукумати исломни “тинчлик ва ўзаро тоқатлилик” ғояларига қурилган дин деб билиши ва “ислом динига ëт бўлган ғоялар” деганда террорчилик¸ бошқа дин вакиллари ëки бирор динга мансуб бўлмаганларга нисбатан агрессияни назарда тутишини билдирди.

Блогерларга алоҳида огоҳлантирув

29 октябрь кунги баëнотида ИИВ журналист ва блогерларга махсус мурожаат қилди.

Вазирлик улардан “омма эътиборига ҳавола қилинаётган маълумотларни аввало қонунга хилоф эмаслигини ўрганиб чиқиш”ни сўради.

Франциядаги ҳужум ва президент Макроннинг баëнотлари ортидан Фэйсбук ва Инстаграмда ўн минглаб фолловерлари бор айрим ўзбек блогерлари ИИВ диний ва ирқий адоват қўзғашига ишора қилаётган мазмундаги постларни жойлади.

Бу каби постлар ва уларнинг остидаги шарҳларни кузатган қатор таҳлилчи ва блогерлар тармоқларнинг ўзбек сегментидаги радикал кайфият ва чақириқлардан жиддий ташвиш изҳор қилинган мақолаларни эълон қилишди.

Жумладан, блогер ва тадбиркор Фируз Аллаев ўзининг Телеграм каналида Франция раҳбари ислом эмас, балки "исламизм" ҳақида гапирганини айтиб, дин ва сиёсий ғояни бир-биридан ажратишга чақирди.

Озодлик гаплашган ИИВ мулозимлари¸ вазирлик тармоқлардаги чиқишларни яқиндан кузатаëтгани ва қайси блогер ва шарҳ қолдирганларга қандай чора кўрилгани ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирди.

Ўлим таҳдиди остида қолган олим

Иқтисодчи олим Ғолиббек Холназаров ўз мамлакатидаги жиддий муаммолар қолиб¸ аксил-Франция ва аксил-Макрон кайфиятларига қўшилган ўзбекистонликларга ўзига хос таклиф билан чиқди.

Олим уларни шунча куч ва шижоатни маҳаллий муаммолар ечими¸ хусусан¸ аксарияти ўзини мусулмон деб биладиган ўзбекистонликлар ҳақларини топтаëтган маҳаллий ҳокимларга норозилик билдиришга сарфлашга чақирди.

Youtube ва бошқа порталларда тарқаган бу мурожаати ортидан Холназаров ўлим таҳдиди остида қолди.

"Мен ўзбек жамиятини жуда яхши биламан. Булар узоқдаги жазавага қўшилиб¸ бақир-чақир қилишга уста¸ аммо бурнининг тагида бўлаëтган жиноятларга кўз юмиб¸ лом-мим демай ўтираверади. Тармоқда мен ва бошқа фикрловчи қатламга ҳар хил никлар билан таҳдид қилаëтганлар реал ҳаëтда ўзи ва бошқалар ҳуқуқини топтаëтган амалдорнинг қўлини ўпади"¸ - дейди Холназаров.

Ўзбекистондаги маърифатли қатламни диний радикаллардан қўрқиб жим турганлик учун танқид қилган иқтисодчи олим¸ радикал кайфиятларнинг кучайишида жорий ҳукуматни айблади.

"Франциядаги масжидларнинг асосий қисмини Форс кўрфазидан юборилган салафий имомлар¸ қолганини эса¸ Эрдўғон Туркиясидан борган имомлар бошқариб келган. Макрон сиëсий ислом¸ радикализм ва террорчилик кучайганидан кейин бу нарсани тўхтатди – бундан сўнг Франциядаги масжидларни Францияда ўқиганлар бошқаради¸ деди. Бу Эрдўғон учун Франциядаги сиëсий ричагдан ажраш , дегани. У шунга жазавага тушяпти. Агар бизнинг ҳукумат жаҳонда бўлаëтган воқеалар ҳақида аниқ маълумот берилишини истаса¸ маҳаллий телаканаллар орқали маърифат тарқатиши керак. Макрон исломни ҳақорат қилмагани¸ ислом номидан ўз мамлакатидаги дунëвий қадриятларга уруш бошлаган радикалларга қарши қонуний кураш бошлаганини тушунтириши керак", - деди Холназаров.

29 октябрь куни мамлакат жанубида бир неча янги ҳужумлар содир этилди. Франция расмийларига кўра, ҳужумлар террорчилик ҳаракати дея кўрилмоқда.

Ницца шаҳридаги қадимий черков ибодатчиларига қилинган ҳужум оқибатида камида уч одам ҳалок бўлди. Хабар қилинишича, ҳужумчи "Оллоҳу акбар" деб қичқирган.

Орадан икки соат ўтиб, Франция жануби шарқидаги Авиньонда юз берган ҳужумда полициячиларни пичоқ билан нишонга олган эркак ҳам "Оллоҳу акбар" дея қичқирган. Ҳужумчи отиб ўлдирилган.

Президент Макрон Франция яна бир марта "исломчилар ҳужуми"га учраганини айтди.

Ҳужум ортидан Франциядаги хавфсизлик кучлари фавқулодда сафарбарлик ҳолатига келтирилди.

XS
SM
MD
LG