Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:41

OzodDayjest: “Ўрта асрлар шароитида” даволанган 25 кунлик чақалоқ охир-оқибат нобуд бўлди


Иллюстратив сурат.

25 кунлик чақалоғидан айрилган тошкентлик Елена Саревская шифокорлар устидан арз қилди. Хусусий бандлик агентликларидан 30 таси шу пайтгача бирорта ҳам талабгорни чет элга юбормаган. Юқори мақомга эга инсонлар орасида ҳам ОИВга чалинганлар борлиги иддао қилинди.

________________________________________________

25 кунлик чақалоғидан айрилган аёл шифокорлар устидан арз қилди


25 кунлик чақалоғидан айрилган тошкентлик аёл Елена Саревская шифокорлар устидан арз қилди (www.daryo.uz, 3 декабрь). Мусибатзада аёлга кўра, болалар жонлантириш бўлимларида элементар дори-дармонлар, кислород ниқоблари етишмайди.

“Фарзандимни иссиқ сув билан тўлдирилган баклажкалар билан иситишди. Бу нимаси? Биз ўрта асрларда яшаяпмизми?.. Фарзандимни энди қайтариб бўлмайди. Бироқ бундай ёрдамга муҳтож болалар жуда кўп. Биз бутун республика аҳолиси касал болаларнинг ё операциясига, ё дорисига пул йиғамиз. Бошқа нормал мамлакатларда бундай ҳолат кузатиладими?” дея саволга тутади соғлиқни сақлаш вазирини Е.Саревская.

Аёл ўз мурожаатида, шунингдек, тиббиёт муассасаларидаги коррупция ҳақида гапирган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фарзандини йўқотган Елена Саревскаяга ҳамдардлик билдирган. Маълум қилинишича, 2 декабрда вазирнинг буйруғи билан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ўлим қайд этилган тиббий муассасада текширув бошланган.

Фирибгарликни касб қилиб олган хусусий бандлик агентликлари фаолияти фош этилди


Ўзбекистонда ташкил этилган хусусий бандлик агентликларининг аксари фирибгарликни касб қилиб олган (“Даракчи”, 5 декабрь). Масалан, “Human” хусусий бандлик агентлиги мансабдорлари Чехия, Япония, Германия, Болгария каби давлатларга ишга жўнатиш ваъдаси билан фуқароларнинг 20 миллиард сўмдан зиёд пулини ўзлаштирган.

Мамлакатда фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш лицензиясига эга 65 та агентлик фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 30 таси шу вақтга қадар бирорта ҳам талабгорни чет элга юбормаган. Мақолада ушбу ҳолат “замонавий судхўрлик феномени” деб аталган.

ОИВга чалинган беморларга ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаш ҳолатлари кузатилмоқда


Ўзбекистонда жарроҳларнинг ОИВга (одам иммун танқислиги вируси) чалинган беморларга ёрдам кўрсатишни рад этиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақда “Ишонч ва ҳаёт” нодавлат ташкилоти раиси, 20 йилдан буён ушбу хасталик билан курашиб келаётган Сергей Учаев Hook.report нашрига берган интервьюсида маълум қилган. С.Учаевга кўра, бундай ҳолатларда “Ишонч ва ҳаёт” каби нодавлат ташкилотларнинг ҳуқуқшунослари кўмакка келади ва шифокорларга ёрдамдан бўйин товлаш ноқонуний экани тушунтирилади.

Қайд этилишича, аҳоли ОИВ борасида етарли ахборотга эга эмас ва жамиятда ушбу хасталикка чалинганлардан қочиш кайфияти кучли.
“Ишонч билан айтиш мумкинки, ОИВ инфекцияси аллақачон аҳолининг заиф гуруҳлари чегарасидан чиққан. Айни пайтда жамиятдаги юқори мақомга эга инсонлар орасида ҳам ОИВга чалинганлар мавжуд”, дейди С.Учаев. Аммо улар аҳоли ОИВ борасида етарли маълумотга эга эмаслиги сабаб ўз хасталикларини очиқлашмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида келтирилишича, 1 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистонда ОИВга чалинганлар сони 42098 нафарни ташкил этади. Жорий йилнинг 10 ой давомида мамлакатда 3337 та ОИВга чалиниш ҳолати қайд этилган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG