Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

Суд ҳукми: “Шаршара” колбасасига эшак гўшти қўшилгани "экспертиза йўли билан тасдиқланмади"


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди “Шаршара” колбаса цехига эшак гўшти олиб келиниб¸ маҳсулотларга қўшилгани бўйича очилган шов-шувли иш бўйича 2018 йил 21 май куни ҳукм чиқаргани Озодликка 11 июнда маълум бўлди.

Суд ҳукмининг 11 июнь куни Озодликка юборилган нусхасида ëзилишича¸ “Шаршара” цехидан текшириш учун олинган 275 кг гўшт ичида эшак гўшти борлиги “экспертиза йўли билан тасдиқланмаган”.

Шу асосда суд мажлисига раислик қилган М.Юсупов¸ беш нафар судланувчи устидан очилган жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор чиқарган.

Ўтган йил охирида Бош прокуратура “Шаршара” колбаса цехига 70 килограммга яқин эшак гўшти олиб келиниб¸ колбасага қўшилгани аниқлангани ҳақида расмий баëнот тарқатган эди.

12 июнь куни Озодлик боғланган Бош прокуратура матбуот хизмати Тошкентга Хоразмдан эшак гўшти юборилгани аниқ факт экани¸ бу гўштларнинг қаерга кетгани¸ қолаверса¸ суд ҳукмига нисбатан ўз муносабатини яқин кунларда жамоатчиликка эълон қилишини билдирди.

Мутахассислар хулосаси

Нусхаси Озодликка юборилган Олмазор туман судининг 21 май кунги ҳукмида ëзилишича¸ Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти томонидан 8 ноябрь куни ўтказилган тадбир жараëнида “GOLD PREMIUM PRODUCT” МЧЖга қарашли “Шаршара” номли колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига 69¸60 килограмм гўшт маҳсулоти олиб борилиб¸ текшириш учун цехда бўлган 275 килограмм гўшт олинган. Бироқ¸ “275 килограмм гўшт маҳсулотлари ичида эшак гўшти борлиги аниқланмаган.”

Суд ҳукмининг Озодликка юборилган нусхасидан парча.
Суд ҳукмининг Озодликка юборилган нусхасидан парча.

Бундай ҳукм¸ судда кўрсатма берган мутахассислар хулосасига асосланган.

Судда Тошкент шаҳар Давлат саниратия-эпидемиология назорат марказининг бактериология лабороторияси мудири Ш. Алимова мутахассис сифатида сўралган. Алимова судга “тақдим қилинган гўшт қайси ҳайвоннинг гўшти эканини ўз маркази аниқламаслиги¸ буни фақат экспертиза йўли билан аниқлаш мумкинлиги”ни билдирган.

Судда сўралган Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг Материаллар¸ ашëлар¸ буюмлар криминалистик лабороторияси мудири И.Халилова эса, ўз марказида одам ДНКсини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш мумкинлиги¸ аммо ҳайвон гўштини аниқлаш бўйича “экспертиза ҳаракатлари олиб борилмаслигини” билдирган.

Суд ҳукмига кўра¸ бундай вазиятда “Шаршара”дан олинган гўшт маҳсулотлари орасида эшак гўшти борлиги “экспертиза ўтказиш йўли билан тасдиқланмаган”.

Кўрсатмасидан тонган гувоҳ

Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига нисбатан жиноий иш¸ судланувчи Шавкат Ражабовнинг СВОЖЖДЛҚҚ Департаменти Хоразм вилояти ходимларига берган кўрсатмаси асосида очилган эди.

4 ноябрь куни Хоразмдаги кушхонада ушланган Ражабов¸ ажримда қайд этилишича¸ судга бундай кўрсатмани қўрқитиш асосида берганини билдирган. Ражабов¸ ўзининг Хоразмда битта эшакни 450-500 мингга сотиб олиб¸ сўйдириб¸ улар гўштини (ҳафтасига 80-90 килограмм) Тошкентга – шериги Акром Ачиловга юборганига иқрор бўлган¸ аммо бу гўштнинг айнан “Шаршара”га олиб келинганидан хабари бўлмаганини айтган.

Ачилов эса¸ Ражабовнинг судда берган кўрсатмасига кўра¸ қассобчиликдан хабари бўлмагани учун¸ Хоразмдан юборилган эшак гўштини сигир ва озғин мол гўшти деб ўйлаган.

Айбига қисман иқрор бўлган Ражабов¸ қилган ишига чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб¸ жиноят ишини ЖКнинг 65-моддасига асосан тугатишни сўраган ва ҳакам бу сўровни қондириб¸ уни жавобгарликдан озод қилган.

Ачилов айбига қисман иқрор¸ “Шаршара” ишчиси иқрор эмас

Суд ҳужжатларида ëзилишича¸ суд мажлисида Акром Ачилов Эски Жўва бозорида аравакашлик қилиб юрган пайти - 2017 йил сентябрида “Шаршара” цехини юритувчи Низомиддин Зухуров билан акаси орқали танишгани ва Зухуров ўзига “қандай гўшт бўлса ҳам - арзон сигир ëки ўлган мол гўшти - арзон нархда олишини айтиб¸ ҳар килосидан ўзига 500 сўм қолиши ҳақида келишганини айтган.

Шундан сўнг Ачилов¸ квартирадоши воситачилигида танишган Шавкат Ражабовдан олган гўштни сентябрь ойида “Шаршара” цехига - Низомиддин Зухуровга топширганини айтган.

Айни пайтда Ачилов судга¸ Ражабовдан олинган қанча гўштнинг айнан “Шаршара”га сотилганини¸ “ҳисоб юритмагани учун” аниқ билмаслигини айтган.

Ачилов¸ 2017 йилнинг 7 ноябрь куни Ражабовдан келган 70 кило гўштни “Шаршара” цехига – Зуҳуровга етказиб берганидан сўнг Департамент томонидан ушлангани¸ аммо Зухуров бу гўштнинг эшак гўшти эканини билмаганини айтган.

Зухуров эса судга¸ Ачиловдан олган гўштни “озғин сигир гўшти” деб сотиб олгани ва айбига иқрор бўлмаслигини айтган.

Бош прокуратура баëноти

“Шаршара” колбаса цехидаги маҳсулотларга эшак гўшти қўшилгани ҳақидаги шов-шувли хабарлар ортидан 6 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнот чиқарган эди.

“ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИРЛАР ҲАҚИДА” деб номланган баëнотда¸ “Шаршара”га эшак гўшти олиб келингани ҳам¸ унинг гўшт маҳсулотларига қўшилгани ҳам “аниқлангани” айтилган эди.

Озодлик билан 12 июнь кунги суҳбатда Бош прокуратура матбуот хизмати расмийлари¸ 6 декабрь кунги баëнотнинг департамент тезкор хабари экани ва у терговнинг сўнгги хулосаси эмаслигини билдирди.

“Хоразмдан Тошкентга эшак гўшти¸ хусусан¸ 7 ноябрь куни 70 кг эшак гўшти кириб келгани департамент ўтказган тадбир давомида аниқланган. Бу осмондан олинган гап эмас¸ факт. Бу гўшт қаерга кетди¸ судда унинг колбасага қўшилгани нима учун аниқланмади¸ бу ҳақда прокуратура яқин кунларда ўз муносабатини жамоатчиликка билдиради”¸ деди матбуот хизматининг Озодлик гаплашган мулозими.

Иш муроса билан якун топди?

Озодликка юборилган суд ҳужжатларидан¸ судланувчи Шавкат Ражабовнинг Хоразмда эшак сўйдириб¸ уларни Тошкентдаги шериги Акром Ачиловга юбориб турганига¸ Ачиловнинг эса¸ Ражабовдан олган гўштни «Шаршара» цехи ишчиси Низомиддин Зухуровга сотганига иқрор бўлгани¸ Зухуровнинг эса¸ бу гўштнинг эшакники эканини билмаганини айтгани англашилади.

«Шаршара» цехидан прокуратура томонидан текширишга олинган гўштнинг қайси ҳайвонники эканини Ўзбекистонда аниқ айтиб бера оладиган лаборатория йўқлиги боис суд ишни тугатиб¸ «жиноят натижасида оғир оқибат келиб чиқмагани» боис судланувчиларни жавобгарликдан озод қилган.

Ажримнинг Озодликка юборилган нусхаси.
Ажримнинг Озодликка юборилган нусхаси.

Жараëнга яқин тадбиркорнинг айтишича¸ шу тарзда «масала ҳеч кимнинг бурнини қонатмасдан» ҳал қилинган.

«Шаршара» атайин уюштирилган ҳужум қурбони бўлдими?

«Шаршара» колбаса цехи бошқарувчиларига яқин ҳуқуқшуносга кўра¸ 2017 йил ноябрида бошланган бу тадбир “GOLD PREMIUM PRODUCT” МЧЖси мулкдорлари¸ уларнинг обрў-эътиборга қилинган ҳужумдир.

“Бу ҳужум оқибатида бир одамнинг 26 йиллик меҳнати синди¸ “Шаршара” цехи ëпилди. Текширув бошланиши билан цех тўхтатилиб¸ шундан сўнг ишга тушмади. Ҳали суд ҳукми билан тасдиқланмаган факт билан туҳмат қилиб¸ департамент ходимлари атайин форма 2 дан кўчирмани чиқариб юборишди. Бу эса ноқонуний. Суд ва фақат суд ҳукми билан айбдор ëки айбсиз топиш мумкин. Иш давомида процессуал нормалар бузилган. Шунинг учун депратамент 21 майдаги суд ҳукмига протест киритмади”¸ - деди “Шаршара” колбаса цехи бўйича ўтказилган тергов ва суд жараëнидан яхши хабардор Озодлик суҳбатдоши.

Озодликка аëн бўлишича¸ Gold Premium Product МЧЖ эгаси Тошкентда мустақилликдан кейин ўз бизнес тармоғини яратган 60 яшар Лутфулла Убаевдир.

“Бу одам “Давр-банк”нинг эгаси. Тошкентдаги машҳур “Шаршара” ресторани¸ “Нурафшон” ресторани¸ “Чароғон” тўйхонаси шу одамники. Отаси проводник бўлган¸ ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришди бу одам. 1996 йилдан бери колбаса чиқаради. Ҳозиргача панада юрган одам¸ сиëсатга аралашиб¸ депутатликка номзодини қўйди. Олдинлари ҳам унинг бизнесига қарши бир-икки ҳужум бўлган эди. Бу сафаргиси¸ ҳам унинг бизнесига¸ ҳам имижига қарши зарбадир”¸ деган эди эшак гўшти жанжали бошланганган 2017 йил ноябрида Озодлик гаплашган воқеага бевосита алоқадор тадбиркор.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ «Шаршара»га уюштирилгани иддао қилинаëтган ҳужум буюртмачиси ким эканини очиқлашни истамади.

«Бу гўшт маҳсулотлари бозоридаги рақиблар дея олмайман. Чунки бу можародан ҳамма бирдек зарар кўрди – колбаса бозори ўтирди. Буюртмачи бозордаги рақобатчилардан каттароқ одамлар»¸ - дея иддао қилди Озодлик суҳбатлашган «Шаршара»даги можаро тафсилотларидан яхши хабардор тадбиркор.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG