Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:23

Юришлар, Феминнале ва “дугона” билан суҳбат. Марказий Осиё аёллари ўз ҳуқуқлари учун қандай курашмоқда? (ВИДЕО)


Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган 8 март юриши.
Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган 8 март юриши.

Марказий Осиё мамлакатларида аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ачинарли. Минтақада қизлар ва аёллар доимий зўравонлик, камситишларга дуч келади.

Анъанавий патриархал жамият эса феминист жамоалар фаолиятига ҳар жиҳатдан тўсқинлик қилади.

Аммо аёллар таслим бўлмай, ўз ҳуқуқлари учун курашиб келмоқда. “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлмиш “Настошчее время” телеканали Марказий Осиё аёллари ўз ҳуқуқлари йўлида нималар қилаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Қирғизистон

Қирғизистонни феминизм соҳасида минтақадаги энг илғор мамлакат дейиш мумкин. Сўнгги йилларда ҳар 8 март куни пойтахт Бишкекда аёллар ҳуқуқлари учун юришлар ўтказилмоқда.

Аммо ушбу ташаббусларга анъанавий қадриятлар тарафдорлари тўсқинлик қилишга уриниб келади.

Бу йилги тадбирда 500 га яқин одам иштирок этди. Сўнгги лаҳзагача юриш қатнашчилари полиция ҳибсга олиши ёки ўзларига ҳужум уюштирилишидан хавотирда эди, аммо юриш провокациясиз ўтди. Қатнашчилар қўлида тутган плакатлардаги ёзувларнинг асосий мавзуси зўравонликка қарши кураш эди.

Қирғизистонда аёлларнинг ўз оилаларида калтакланиши, зўрлик ва қотиллик қурбони бўлиши кўп учрайди, зўрлаш ва шафқатсиз қотиллик қурбони бўладилар. Боз устига, улар ҳар вақт эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга эканликларини таъкидлаб туришлари керак.

2020 йилда “Қирқ чоро” миллатчи ҳаракати аъзолари йиллик юриш қатнашчиларига ҳужум қилган эди. Воқеа жойига полиция етиб келди, аммо миллатчиларни эмас, аёлларни ҳибсга ола бошлади.

Бир неча ой олдин Бишкекда МДҲдаги аёллар эркинлигига бағишланган биринчи феминист кўргазма – феминнале бўлиб ўтди. Кўргазманинг баъзи экспонатлари ва чиқишларга жамоатчилик турлича муносабат билдирди. Масалан, фоҳишалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини кўтарган аёл ва яланғоч қиз шаклидаги бокс қопи қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Оқибатда феминнале куратори дўппосланди ва кўргазмани ўтказган Тасвирий санъат музейи директори ишдан бўшатилди. Бундан ташқари, расмийлар жамиятнинг анъанавий асосларига зид деб ҳисоблаган баъзи экспонатлар кўргазмадан олиб ташланди.

Қозоғистон

Қозоғистонда ҳам феминист ҳаракатлар анча фаол. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Олмаотада аёллар ҳуқуқлари учун тинч юришлар бўлиб ўтади. Иштирокчилар расмийлардан аёлларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилишни талаб қиладилар.

Жорий йилда Олмаотада расман рухсат берилган аёллар марши ўтказилди, сўнг митинг уюштирилди. Тадбирларда 700 га яқин киши иштирок этди. Акция “Зўравонликка йўл йўқ”, “Менинг танам – менинг ишим”, “Феминизм Қозоғистонни қутқаради” каби шиорлар остида ўтди.

Юриш қатнашчилари оиладаги зўравонликка қарши курашиш тўғрисида қонун қабул қилишни ҳамда аёллар ва эркаклар ҳуқуқларини, шу жумладан, улар оладиган иш ҳақларини тенглаштиришни талаб қилдилар.

Ўтган йилги юриш қатнашчилари ҳибсга олинмади, бироқ акциядан бир неча кун ўтиб, унинг икки ташкилотчиси майда безорилик ва рухсатсиз митингда қатнашгани учун жаримага тортилди.

Қозоғистон аёлларининг ёрқин чиқиши 2019 йил февраль ойида бўлганди. Ўшанда кўп фарзандли оналар давлат томонидан ижтимоий ёрдамни кучайтиришни талаб қилиб, норозилик намойишларига чиқдилар. Акцияларга Нур-Султон шаҳрида ота-онаси тунги ишдалигида уйда чиққан ёнғин сабабли беш нафар боланинг ўлгани туртки берди. Ўшандан бери мамлакатда аёллар митинглари мунтазам ўтказиб келинади.

Ўзбекистон

Ўтган йил ёзида Ўзбекистонда аёллар ҳимоясига бағишланган биринчи оммавий акция бўлиб ўтди. Акция давомида қизлар феминист шиорлар билан кўчага чиқдилар.

Акция жуда камтарин ўтганига қарамай, унга муносабат тажовузкор бўлди. Аммо ана шундай қаршиликлардан кейин ҳам Ўзбекистонда аёллар ўз ҳуқуқлари учун курашишни давом эттирмоқда.

Хусусан, ўтган баҳорда Тошкентда оилавий зўравонликдан азият чекаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун “Айбдор эмасман” халқаро фестивали ўтказилди. Унинг доирасида шаҳарнинг турли жойларида маблағ тўплаш ва аёллар инқироз марказларини қўллаб-қувватлаш учун фильм намойишлари, муҳокамалар, маърузалар, концертлар ва спектакллар ўтказилди.

Тожикистон

Тожикистонда шаклланган феминист ҳаракат йўқ. Бундан ташқари, аёлларнинг овози оилада ҳам, давлат ишларида ҳам ҳал қилувчи таъсирга эга эмас. Аёллар ҳуқуқлари асосан ижтимоий тармоқлар даражасидагина муҳокама қилинади.

Ўтган йили феминист фаоллар кафеда учрашув ўтказишни режалаштирдилар, аммо иккита муассаса маъмурияти уларга сўнгги дақиқада рад жавобини берди.

18 ёшли Амиран Карацев Тожикистондаги аёлларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам бериб келади. У ўзини феминист деб атайди ва “Instagram”да Душанбеда шуҳрат қозонган блогни юритади. Карацевнинг айтишича, кўплаб танишлари унинг фикрларини эшитгач, у билан алоқани узган.

Туркманистон

Нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Туркманистон инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият энг аянчли аҳволда бўлган мамлакатларнинг биридир. Дунёдаги энг тоталитар тузумлардан бири ҳисобланувчи Туркманистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳар қандай чиқишни аёвсиз бостиради.

Шунга қарамай, “Instagram”да бир йилдан бери “Jora” (туркман тилида “дугона” маъносини англатади) лойиҳаси мавжуд.

Саҳифа маҳаллий ўспирин қизларга ўз ҳуқуқлари тўғрисида маълумот беради. Саҳифа қизларга “йўқ” дея билиш, саломатликка эътибор қаратиш ва шахсиятни ривожлантиришни ўргатиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG