Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:15

Янгийўлда секс видеоси тарқаб кетган ўқувчи қиз ўзини осди. Прокуратура видеони чиқарганни қидирмоқда


Ўқувчи қизнинг секс видео тарқаши ортидан иснодга чидолмай ўзини осгани айтилмоқда.
Ўқувчи қизнинг секс видео тарқаши ортидан иснодга чидолмай ўзини осгани айтилмоқда.

Тошкент вилоят, Янгийўл туманидаги ўрта мактабнинг 11- синф ўқувчиси 9 март куни ўз уйи ҳаммомида осилган ҳолатда топилди.

Синфдошларининг Озодликка айтишича, ўлимидан олдин қизнинг номаълум йигит билан орал секс қилаётгани видеоси тармоқда тарқалиб, овоза бўлган.

Туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг 12 март куни Озодликка айтишича¸ Н. қишлоғида 9 март куни юз берган воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) бўйича иш очиб суриштирув олиб борилмоқда.

Синфдошларининг иддаосича¸ Янгийўл туманидаги ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси юзи кўринмаган номаълум йигит билан орал секс қилаётгани видеоси овоза бўлиши ортидан ўзини осган. ​

(17 яшар ўқувчи қизнинг исми ва қайси мактабда ўқигани Озодликка маълум, лекин шахсий ҳаëт дахлсизлиги боис буни очиқламаëтир -таҳр.)

Марҳуманинг синфдошларидан бири Озодликка воқеа Янгийўл туманининг Н. қишлоғида 9 март куни бўлганини айтди.

Видео тарқаб кетганидан кейин қиз уйи ҳаммомига кириб ўзини осган.

- У эркак кимлигини билмаймиз. Видеода у кўринмайди. Бизнинг мактабдан, деб айтишяпти у болани. Шу бола бу қиз билан секс қилаётганини видеога тушириб, тарқатиб юборган. Ҳаммаси шу 9 март куни мактабдан кейин бўлаяпти. Видео тарқаб кетганидан кейин қиз уйининг ҳаммомига кириб ўзини осган. Ҳозир милиция мактабда болаларни бирма-бир сўроқ қилаяпти, - деди марҳуманинг синфдошларидан бири.

Марҳуманинг Озодлик гаплашган қўшнилари ҳам қиз секс видеоси чиқиб кетганидан сўнг ўзини осганини тахмин қилади.

- Телефонидан ҳалиги видео чиқибди. Шу видеони унга ҳам юборишган экан, кўриб иснодга чидай олмаган бўлса керак, ҳаммомда ўзини осиб қўйибди. Сешанба куни қизнинг жанозаси бўлди.

Марҳуманинг онаси қизининг ўлими ҳақида Озодликка гапиришни истамади.

Қўшниларининг айтишича, қиз оилада икки фарзанднинг бири бўлган.

Шу видеони чиқиб кетиши бир қизни ўлимига сабаб бўляпти

- Ювош қиз эди. Бу ерда айб кимдир шундан фойдаланиб видеосини чиқариб юборганида бўлаяпти. Шу видеони чиқиб кетиши бир қизнинг ўлимига сабаб бўлаяпти.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани Ички ишлар бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси уйида осилган ҳолда топилган 17 яшар қизнинг ўлими юзасидан туман прокуратураси тергов олиб бораётганини билдирди.

- Бу бўйича 103-модда бўйича тергов олиб борилаяпти, сизга шундан ортиқ маълумот беролмайман, - деди ИИБ навбатчиси.

Ўзбекистонда секс можаро ёки зўрланиши ортидан қизларнинг ўз жонига қасд қилиши учраб туради.

2015 йилда Янгийўл туманининг Ниёзбоши қишлоғида жинсий зўрланган икки қиз ўзини поезд тагига ташлаб жонига қасд қилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

2018 йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG