Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:49

Фориш ҳокими муовини "Халқ банки" бўлими бошлиғидан ҳақоратлагани учун узр сўради


Бобур Обилқосимов 14 октябрь куни "Халқ банки" туман бўлими бошлиғи вазифасидан четлатилганини айтди.

Жиззах вилоят, Фориш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари "Халқ банки"нинг шу тумандаги бўлими раҳбарини телефон орқали уят сўзлар билан ҳақоратлаганини тан олди ва Озодлик орқали ундан кечирим сўради.

Куни кеча Ютюбда эълон қилинган аудиоёзувда бир бошлиқнинг унга тобе одам билан телефон сўзлашуви акс этган. Видео муқовасида "Тўйчиев Ҳаким Равшанович, Жиззах вилоят, Фориш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари" деб ёзилган. Туман ҳокими ўринбосари сўкаётган амалдор эса, банк ходими Бобур Обилқосимов эканлиги айтилган.

Аудиода ҳоким ўринбосари банк бошлиғини ухлаб қолиб, пахта теримига бағишланган мажлисга келмагани учун уят сўзлар билан ҳақоратлагани акс этган.

Озодлик билан мулоқот давомида Тўйчиев ҳам, Обилқосимов ҳам аудиодаги овозлар уларникилигини тан олди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Бобур Обилқосимов ишдан бўшатилгани маълум бўлди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00
Бевосита линк


Телефон суҳбатида ҳокимнинг биринчи муовини ухлаб қолгани учун мажлисга келмаганини айтган "Халқ банки" туман бўлими раҳбарини ҳақоратли сўзлар билан сўкади.

ҲТ: Нимага йиғилишга келмадинг?

БО: Ухлаб қолибман, ҳозир боряпман.

ҲТ: С...каним борми сени уйқунгни.

БО: Бораман ҳозир.

ҲТ: Ёқадими иш, ёқмаяптими? Қ....қа оёғингни ўпаман деб ялиниб келувдингми, қанжиққа ўхшаб ухлаб қоладиган бўлсанг.

БО: Ака 5 гача ишлагандик.

ҲТ: С..каним борми уйқунга, тур нах-й бўлмаса. Теримга одам қўйиб, пахтангни тўғирла, чиқмасанг с--аман....

Бобур Обилқосимовнинг Озодликка айтишича, у ҳоким муовини Ҳаким Тўйчиев билан телефон суҳбатини 30 сентябрь куни ёзиб олган.

Ухламай, ишлаганим учун мажлисга борадиган аҳволда эмас эдим. "Ухлаб қолибман", деб айтсам "уйқунга фалоним", деб сўкиб кетди.

- Ўша куни ишда тонгги 5 гача ҳисобот тайёрлаб эрталаб 7га белгиланган мажлисга боролмаганман. Ухламай, ишлаганим учун мажлисга борадиган аҳволда эмас эдим. "Ухлаб қолибман", деб айтсам "уйқунга фалоним", деб сўкиб кетди. "Шахсимга тегманг", десам "шундай тегаманки", деб мени ҳақорат қилди, - дейди Обилқосимов.

Ҳақоратлангани ҳақида туман прокуратурасига арз қилиб, шу аудиони тақдим қилганидан сўнг Обилқосимов 14 октябрь куни банк бўлим бошлиғи вазифасидан четлатилганини айтди.

- Ўзимизни Фориш туман прокуратурасига бердим, "шунақа-шунақа бўляпти, чора кўриб берингизлар" дедим. Бу аудиони ва яна бундан олдинги аудиоларни бердим уларга. Чунки, ҳоким муовини доим камситиб келган-да. Камситишини олдиндан билиб телефонда ёзиб олганман. Прокуратурадагилар "кўриб чиқамиз", деб ҳеч қандай чора кўрмади. Қайтанга 14 октябрда мени ишдан бўшатишди, - дейди Обилқосимов.

Фориш тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ​тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳаким Тўйчиев 31 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда банк бўлими раҳбарини сўкканини тан олиб, кечирим сўради.

Мени овозим, тан оламан. Ҳа, уч-тўрт марта такрорланганидан кейин шунга мажбур бўлдим, жаҳлим чиққанидан сўкканман, тан оламан. Жаҳл келса ақл кетади, дейишадику.

- Менинг овозим, тан оламан. Ҳа, уч-тўрт марта такрорланганидан кейин шунга мажбур бўлдим, жаҳлим чиққанидан сўкканман, тан оламан. Жаҳл келса ақл кетади, дейишадику. У вазифасини қилмаса бошқа нима дейишим керак? Уни шахс сифатида сўкканим учун кечирим сўрайман, лекин банк ходими сифатидаги иши учун ҳеч қачон кечирим сўрамайман. Чунки мен уни ўз вазифасига лойиқ деб билмайман мен шу комплексни раҳбари сифатида, - деди Тўйчиев.

Ҳоким биринчи муовини банк бўлими раҳбарига 20та одамни пахтага чиқариш ҳақида топшириқ бергани, аммо у бажармай, мажлисга келмай, ухлаб қолдим, деб айтиши унинг жаҳлини чиқарганини айтди.

- Топшириқ бундай бўлган. 20 та одам, кам таъминланган, кам даромадли одамни 20 тасини пахтага чиқариб ўшани даромадли қилдириш. Унга шундай топшириқ берилган. У шу топшириқни бажармаган. Йиғилишларга менсимай қараган, такрор ва такрор бўлаверганидан сўнг шунга мажбур бўлдим, - деди Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳаким Тўйчиев

"Халқ банки"нинг туман бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Бобур Обилқосимов одамларни пахтага чиқариш унинг вазифасига кирмаганини айтади.

- Мен маҳаллада ишлайманми одамларни пахтага чиқариш учун, мен банк бўлими раҳбари бўлган бўлсам. 20 та одам пахтага чиқар, деяпти, у ёқда банк ишларимиз қолиб кетяпти. Ҳоким биринчи муовини шу комплекснинг раҳбари сифатида ишимизга аралашади, лекин вазифамизга кирмайдиган топшириқларни бермасин-да, - деди Бобур Обилқосимов.

"Халқ банки" Фориш туман бўлимига бир йил раҳбарлик қилган. Унинг айтишича, шу йилнинг 14 октябрь куни у "Халқ банки"нинг вилоят бўлими раҳбарияти томонидан омонат ёки аҳолидан пул жамғариш режасини бажармаганлик важи билан лавозимидан бўшатилган.

Обилқосимов ҳозир ишсиз.

- Ҳокимлар банк ходимини ҳақоратлаб, кечирим билан қутилиб қолаверадими? Қани адолат? Мен уч фарзандим билан ишсиз қолиб кетавераманми?!, Омонатни бажармадинг, деб бўшатишди мени, лекин вилоят бўйича ҳеч ким бу режани бажармаганди, - деди 35 ёшли Обилқосимов.

Озодлик Фориш тумани ҳокимининг биринчи муовини банк бўлими бошлиғи Обилқосимовни ҳақоратлагани ва кейинчалик у лавозимидан олингани юзасидан "Халқ банки" матбуот хизматидан изоҳ ололмади.

Туман ёки вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари шу ҳудудлардаги банк раҳбарларига ҳукмини ўтказишга ҳаққи борми, деган савол ҳам очиқ қолмоқда.

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг қўли остидагиларни ҳақоратлаши учраб туради.

Шу йил июнида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиоёзув Озодликка сиздирилган эди.​

Унда овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг “ичагини суғуриб, бошига салла қилиш”, билан таҳдид қилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.​

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG