Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 03:16

Қозоғистонда номаълум аёллар журналистларга ҳужум қилди, оператор камерасини синдирди (ВИДЕО)


Журналистларга номаълум аёллар ҳужум қилган жойда турган полиция ходими. Олмаота шаҳри, 2019, 22 июль

Қозоғистонда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси ўтказишни режалаштирган матбуот-анжуманида иштирок этиш учун борган Озодлик радиоси операторлари ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари журналистлари номаълум шахслар томонидан ҳужумга учради. Ҳужум қилган аёллар журналистларнинг техникасини ишдан чиқарди, режалаштирилган тадбир тўхтаб қолди.

Озодлик радиоси мухбири Нургул Тапаева ва видеооператор Токмолда Кусаиновга Инсон ҳуқуқлари бюроси жойлашган бизнес марказда беш нафар номаълум аёл ҳужум қилди.

22 июль куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да журналистлар режалаштирилган матбуот анжуманини ёритиш учун бизнес марказга етиб борган, лекин матбуот хонасига етгунларича ҳужумга учраган: аёллар операторга ҳужум қилиб, видеокамерани синдирган. Сўнгра камера аккумуляторини тортиб олишган, смартфонга содир бўлаётгани ҳодисани ёзиб олишга уринган мухбирни калтаклашган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси ходими Сергей Дувановнинг айтишича, “Давлат оналар ва болалар билан курашмоқда” мавзусидаги анжуман бошланишидан 20 дақиқа олдин 20 га яқин аёл бизнес марказга келган. Анжуман давомида Олмаота шаҳрида ҳибсга олинган кўп фарзандли Оксана Шевчук иши тафсилотларини айтиб бериш режалаштирилган эди.

Шевчук ва ёлғиз оналар Гулзипа Жаукерова ва Жазира Демеувалар май ойида норозилик акциясида қатнашгани учун икки марта қўлга олинган эди. Улар Қозоғистонда тақиқланган “Қозоғистон демократик танлови” ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ҳаракатга қозоқ расмийлари танқидчиси Мухтор Аблязов 2009 йилда асос солган.

Дувановнинг айтишича, номаълум аёллар Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюросида режалаштирилган матбуот анжумани ўтказилишига тўсқинлик қилган. Улар у ерга келган журналистларга камера ишлатишга рухсат бермаган, айримларнинг смартфонларини тортиб олишган, ёзув техникасини ишдан чиқаришган. Жабр кўрганлар орасида КазТАГ агентлиги ва “Алмати” шаҳар телеканали вакиллари ҳам бор.

Номаълум аёллар ташкилотчиларга матбуот анжуманининг бекор қилинганини эълон қилиш имкониятини бермаган. Анжуманда Шевчук адвокати Галим Нурпеисов ва унинг онаси Екатерина Шевчук иштирок этиши режалаштирилган эди.

Тез тиббий ёрдам бўлими Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюросидан жароҳат олган Мурат Прмагамбетовни олиб кетган. Прмагамбетов ўзини мамлакатдаги сиёсий воқеаларга қизиққан оддий фуқаро деб атади. Унинг айтишича, матбуот анжумани ҳақида Facebookда хабар топган.

Озодлик билан суҳбатда Прмагамбетов:

- Мен тўққиз ойлик болани (Оксана Шевчукнинг кичик қизи Ева) кўтариб олган Екатерина Николаевнани (Оксана Шевчукнинг онаси) бир неча тажовузкор аёл ўраб олганини кўрдим. Мен уни ҳимоя қилиш учун олдига бордим. Шу пайт Екатерина Николаевна қочиб қутулишга муваффақ бўлди, мени эса ерга йиқитиб, телефонимни тортиб олишди ва дўппослай бошлашди, - деди.

Полиция ярим соатда ҳодиса жойига келди. Журналистларнинг сўзларига кўра, тажовузкор аёллар унгача бинони тарк этган. Полиция фақат битта аёлни қўлга олган. Полиция ходимлари журналистларнинг шикоятларини қабул қилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси ходимлари матбуот анжуманига тўсқинлик қилиш ҳолати биринчи марта кузатилмаётганини айтишди. Аввалги ҳолатлардан кейин бюро ходимлари полицияга мурожаат қилишган, аммо айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Жорий ойда Қозоғистонда Озодлик журналистларига икки марта ҳужум қилинди. 6 июль куни номаълум шахс пойтахт куни байрамида норозилик акциясини тасвирга олаётган Оркен Жоямерген ва Эржан Амирхановларга кўзни ачитувчи спрей билан ҳужум қилган эди.

XS
SM
MD
LG