Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2020, Тошкент вақти: 10:45

Халқаро хабарлар

Бугун Украинанинг Львов шаҳрида ўтказилган ҳаво томошаларида Су-27 русумли ҳарбий учқич томошабинлар турган жойга қулаб тушгани оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди.

60га яқин киши жароҳатланди. Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда. Бугун Украина президенти Леонид Кучма ҳалокат рўй берган Львов шаҳрига учиб кетди.

Кун янгиликлари

Трампнинг ёзувдаги овози: “Россияга қарши уруш”да Украина қанча вақт туриб бериши мумкин?

АҚШ президенти Доналд Трамп 2018 йили донорлар, жумладан, Лев Парнас билан ўтган тушлик чоғида ёзиб олинган аудиоёзувда қайд этилишича, меҳмонлардан, Украина Россия тажовузига қанча вақтгача қаршилик кўрсата олиши мумкин, деб сўраган.

АҚШ оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Associated Press” ва ABC News 24-25 январда қўлга киритган видеодан олинган аудиони эълон қилди.

Аудиода Трамп “Улар Россияга қарши урушда қанча вақт туриб бера олади?” деган саволни беради.

Ёзувда кимдир, “Бизсиз, узоқ вақт туриб бера олмайди”, дейди.

Трамп эса, “Бизсиз”, дея такрорлайди.

Президент яна, расмий Киев Россия билан можарода “ҳамма нарса яхши бўлади”, деб ўйлаганми, деб сўрайди. “Улар, агар сиз қўллаб-қувватласангиз, ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйлайди”, деб жавоб беради кимдир.

“Ҳаммани қўллаб-қувватлаган доим фақат бизмиз ўзи”, дейди Трамп ва Европа мамлакатларини харажатни қоплашда етарлича иш қилмаётганидан шикоят қилади.

Киев 2014 йилдан бери Украина шарқидаги Россияга суянган айирмачиларга қарши уришиб келмоқда, айни уруш чоғида 13 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Россия Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олди, аммо унинг бу қадамини халқаро ҳамжамият тан олгани йўқ.

Хитой президенти Си Цзинпин вазият оғир, аммо муаммони енгиш мумкин деб баёнот берди

Хитой президенти мамлакатидаги вазиятни “жуда оғир” деб атади, чунки тез тарқалаётган коронавирус – тожсимон вирус кўп одамларнинг умрига зомин бўлди, яна кўпчиликка юқди.

Айни чоқда дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам коронавирусни юқтирган кишилар борлиги аниқланмоқда.

Президент Си Цзинпин 25 январда Коммунистик партия раҳбарлари мажлисида мамлакат “янги вируснинг тарқалишини тезлаштираётган оғир вазиятга дуч келгани”, шу пайтгача бунинг оқибатида 56 киши нобуд бўлгани, вирус яна 1 минг 975 кишига юққанини айтди.

Бироқ Си, мамлакат “ушбу жангда ғолиб бўлиши”ни айтиб, ватандошларини тинчлантирмоқчи бўлди. Айни дамда тобора кўпроқ шаҳарларга транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши тўсиб қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Бўҳрон Хитойдаги энг катта байрам – ой тақвими бўйича янги йил кенг миқёсда нишонланишига халақит берди.

Мамлакатнинг Саёҳат хизматлари уюшмаси сайёҳлик агентликларига одамларнинг гуруҳ бўлиб саёҳат қилишини тўхтатиш зарурлигини билдирган.

Афғонистондаги никоҳ тўйига ташланган граната оқибатида камида 20 киши яраланди

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Хост вилоятида номаълум кишилар никоҳ тўйи бўлаётган жойга граната ташлаши оқибатида камида 20 киши ярадор бўлган.

Вилоят ҳукумати матбуот котиби Толиб Мангал 26 январда маълум қилишича, Алишир шаҳрида рўй берган фожиа юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Қўшимча қилишича, ҳужумга нима сабаб бўлгани аниқ эмас. 25 январда рўй берган ҳужум учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Афғонистон пойтахти Кобулда ҳам полиция автомобили қўлбола портловчи қурилмани босиб олиши оқибатида ўша жойда турган бир киши нобуд бўлди, яна тўрт киши яраланди, дейилади полиция тарқатган хабарда.

"25 январь кечқурунги портлаш оқибатида полиция машинаси парчаланиб кетди", деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нусрат Раҳимий.

Бу ҳужум учун ҳам ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Бироқ “Толибон” ҳаракати тез-тез ҳукумат хавфсизлик кучларини нишонга олиб туриши кузатилади.​

Пентагон: Эрон ракета ҳужумлари оқибатида 34 нафар АҚШ аскари бош мия жароҳати олган

АҚШ Мудофаа вазирлиги Эроннинг Ироқдаги Америка базасига ракета ҳужумлари оқибатида 34 нафар ҳарбий ҳизматчиси бош мия жароҳати олганини маълум қилди.

Ҳарбий хизматчиларга мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Бу америкалик расмийлар аввал келтирган рақамлардан кўпдир.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Пентагон расмийлари Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида америкалик аскарлар жабр кўрмаганини айтган.

Оқ уй раҳбари кўрилган талафот жуда кичик бўлганини айтганди.

7 январь оқшомида Эрон Ироқдаги икки ҳарбий базага ракета зарбаси берган эди.

Мазкур базаларда “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши амалиётлар олиб борган америкалик ҳарбийлар бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Ироқдаги ал-Асад ва Эрбил базаларига ўндан зиёд баллистик ракета отилган.

Хитойда  коронавирусдан ўлганлар сони 41 нафарга етди

Хитойда коронавирусдан ўлганлар сони 41 нафарга етди. Касалланганлар сони эса 1300 нафардан ошди.​ Бу ҳақда Reuters агетлиги Хитой соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб хабар берди.

Хитой касаллик ўчоғи ҳисобланган Ухан ва яна 9 шаҳарни ёпиб қўйди. Хитойнинг ёпиб қўйилган Ухан шаҳрида 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Хитойдан ташқари Таиланд, АҚШ, Тайван, Шимолий Корея, Япония, Вьетнам, Франция ва Сингапурда ҳам ушбу касалликка чалинган беморлар қайд қилинди.

Туркия шарқида зилзиладан 22 одам ҳалок бўлди

Туркия шарқида 6,8 магнитудали зилзила рўй берди.

"Анадўлу" ахборот агентлигига кўра, камида 22 одам ҳалок бўлган, саккиз юздан ортиқ одам жароҳат олган, 30 нафарга яқин одам ҳамон вайроналар остида қолмоқда.

Зилзила эпимаркази Туркия шарқидаги Элазиг ва Малатья вилоятларида содир бўлган.

Ерости силкинишлари қўшни Сурия ва Ироқ, шунингдек, Ливанда ҳам сезилган.

24 январь куни Тошкентда ҳам кучсиз ерости силкиниши кузатилди.

Шу куни Тожикистонда икки соат ичида 3 та зилзила рўй берди.

Лукашенко: Россияга қўшилишга рози бўлсам¸ халқ мени бир йил ичида еб қўйган бўларди!

Александр Лукашенко қоғоз заводи ишчилари билан гаплашмоқда.

Александр Лукашенко ўзининг мустақил Беларуснинг сўнгги президенти бўлишини истамаслигини билдирди.

Шклов шаҳридаги қоғоз фабрикаси ишчилари билан 24 январь кунги учрашувда Лукашенко¸ «агар Россияга қўшилиш таклифига рози бўлганимда¸ халқ мени бир йил ичида еб қўйган бўларди»¸ деди жумладан.

Асосан Россия билан муносабатлар мавзуида гапирган Лукашенко¸ Москвани Минскка мунтазам босим қилиб келаëтганликда айблади.

Хусусан Лукашенко¸ Россиянинг нефт секторидаги солиқлар бўйича қўллаган сўнгги маневрини беларусларнинг яшаш даражасини пасайтириш орқали Минск раҳбариятини Россияга қўшилишга мажбурлашнинг навбатдаги уриниши дея баҳолади.

- Буни махсус қилишди. Беларусга босимни кучайтириш учун. Нима мақсадда босим қилишаëтганини эса¸ ўзингиз тушуниб олаверинг¸ деди ишчилар билан учрашувда Беларус президенти.

Лукашенко таъкидича¸ Россия Беларусдан нефть учун жаҳон бозоридаги нархдан қимматроқ тўлашни талаб қилмоқда ва ҳозирча томонлар бу борада келишувга эришмаган.

Евросиë иқтисодий иттифоқида шерик бўлган Россиянинг бундай талаби ортидан¸ Лукашенкога кўра¸ Минск ҳукумати нефтни АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларидан сотиб олиш бўйича музокара бошлаган.

Кейинги йилларда Россия ва Беларус ўртасида иттифоқчилик келишуви доирасида ўзаро интеграцияни янада кучайтиришга қаратилган сўзлашувлар бормоқда.

Кузатувчилар¸ бундай яқинлашув пировардида Россия Беларусни ўз суверенитетидан маҳрум қилишни режалаëтганини айтиб келмоқда.

Айни пайтда мустақил кузатувчилар¸ 2020 йилда Россия Ўзбекистонни Евроосиë иқтисодий иттифоқи ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшиш орқали¸ Каримов даврида Москвага ëн бермай келган Тошкентни ҳам ўзига қарам қилиш уринишини кучайтирганини таъкидламоқда.

Миллиардер Жорж Сорос эҳтимолий ва реал диктаторларга қарши кураш учун 1 миллиард доллар ажратди

89 яшар Жорж Сорос Давосда.

Либерал қадриятлар курашчиси сифатида танилган америкалик миллиардер Жорж Сорос дунë бўйлаб туғилиб келаëтган янги диктаторлар¸ айни пайтдаги реал мустабидларга қарши кураш учун 1 миллиард доллар маблағ ажратишини эълон қилди.

89 яшар Сорос бу баëнотни Давосда ўтаëтган Жаҳон иқтисодий форумидаги чиқишида қилди.

Бу қарорни “ўзининг энг муҳим ва энг узоқни кўзлайдиган лойиҳаси” сифатида тақдим этган Сорос¸ улкан маблағ фуқаролик жамиятига ëрдам берадиган кадрлар тайëрловчи таълим муассаларига сарфланишини таъкидлади.

Ҳозиргача ҳам Очиқ жамият институти тизими орқали демократия ва либерал қадриятларни қўллаб келаëтган Сорос¸ бугун инсониятнинг бурилиш нуқтасида экани ва келаси бир неча йил Дональд Трамп ва Си Цзиньпин каби президентлар тақдирини ҳал қилишини таъкидлади.

Бутун дунë айниқса¸ Европа радикал ўнгчилик ғоялари¸ хусусан¸ ирқчилик¸ миллатчилик ¸диний экстремизм ва антисемитимизм мафкураси кучайиб бораëтган бир пайтда Сорос инсониятни маърифат қутқаришини урғулади.

АҚШ элчиси қирғизистонликлар учун виза чеклови жорий этилганига оид маълумотни тасдиқламади

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу Вашингтон қирғизистонликлар учун виза чекловлари жорий этишга қарор қилганига оид маълумотларни тасдиқламади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Айдарбековга кўра, АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу 22 январь куни Қирғизистон ТИВга чақирилган ва у бу маълумотларни тасдиқламаган.

“Томонлар бу масала бўйича консультация олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, бу таклиф АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан илгари сурилмоқда. 2017 йили АҚШ президенти имзолаган қонунга кўра, 2020 йилда биометрик паспорт амал қилмайдиган мамлакатлар фуқароларининг мамлакатга кириши чекланиши қайд этилган. МДҲ мамлакатларидан фақат Қирғизистонда биометрик паспорт берилмайди”, деди ТИВ раҳбари.

Айдарбековнинг урғулашича, Қирғизистон виза чекловлари объектив вазият эътиборга олинган ҳолда ҳал этилишига умид қилади.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Қўшма Штатларга фуқаролари кириши чекланган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириб, унга яна еттита давлатни киритишни режалаётганига оид хабарлар тарқалганди. Айни дамда виза чекловлари жорий қилинган мамлакатлар рўйхатида Эрон, Ливия, Сомали, Сирия, Яман, Венесуэла ва Шимолий Корея бор. АҚШ бу мамлакатларга нисбатан санкция жорий қилган ёки бу мамлакатларда уруш кетмоқда. Янги рўйхатга Беларусь, Мьянма, Нигерия, Судан, Эритрея, Танзания ва Қирғизистон кириши мумкин.

Қиролича Елизавета Брекзит тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Буюк Британия қироличаси Елизавета II.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II парламент томонидан қабул қилинган мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат қонуний кучга кирди. Унга кўра, Буюк Британия 31 январь куни Лондон вақти билан соат 23.00да Евроиттифоқни тарк қилади.

Қонун бундан аввал бош вазир Борис Жонсон ва ЕИ раҳбарлари ўртасида эришилган битимга асосланади. Мазкур битим эндиликда Европарламент томонидан маъқулланиши керак. Бу 29 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. ЕИнинг қатор мамлакатлари Брекзитдан мамнун эмасликларини айтаётган бўлишига қарамай, қаршилик кўрсатилмайди ва келишилган ҳужжат қабул қилинади.

Буюк Британия Брекзит тўғрисидаги референдумдан уч ярим йил ўтиб ЕИни тарк этмоқда.

Бердимуҳаммедов икки қудратли вазирига сўнгги огоҳлантириш берди

Бердимуҳаммедов Туркманистонни 2006 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Миллий хавфсизлик ва Мудофаа вазирига “ишда йўл қўйган камчиликлари учун “ жиддий танбеҳ берди.

Давлат матбуотининг ëзишича¸ Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиев ва Мудофаа вазири Бегенч Гундогдиев “хизмат ваколатларини рисоладагидай амалга оширмаганлик” ва “йўл қўйилган камчиликлар” учун сўнгги огоҳлантирув олган.

Матбуот хабарларида иккала вазирнинг айнан қайси камчиликлар учун огоҳлантирув олгани очиқланмаган.

22 январь кунги Давлат хавфсизлик кенгаши йиғинида Бердимуҳаммедов Хавфсизлик вазири Бердиев рутбасининг генерал-лейтенантликдан генерал-майор даражасига туширилгани ва унинг Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан ҳам бўшатилганини эълон қилган.

Бердиев бундан олдин ўтган йил ноябрь ойида ҳам Бердимуҳаммедовдан танбеҳ олган эди. Ўшанда Хавфсизлик вазири ўзининг гейлигини тан олган туркман врачи ва унинг оиласи қийноққа солингани халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга учрагани ортидан президентдан огоҳлантириш олган эди.

Бердимуҳаммедов дунëнинг табий газга бой давлатларидан бири саналган Туркманистонни 2006 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Қуддусда Освенцим концлагери озод қилинганининг 75 йиллиги нишонланмоқда

Исроил Бош вазири Бенъямин Нетаняҳу Жаҳон ҳолокост форумида нутқ сўзламоқда.

Қуддусда нацистларнинг Освенцим концентрацион лагери озод этилганининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтмоқда ва унда ўнлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Жаҳон ҳолокост форуми даб аталган маросимда хусусан¸ Россия ва Франция президентлари¸ АҚШ вице-президенти ва яна қирққа яқин давлат расмийлари қатнашмоқда.

Европа бўйлаб антисемитизм қайта бош кўтарган бир пайтда ўтаëтган тадбирда Освенцим лагери жойлашган Польша президенти қатнашишдан бош тортди. У Россия¸ Франция¸ Британия¸ АҚШ ва Германия раҳбарлари билан бир қаторда нутқ қилишига изн берилмагани учун Қуддусга бориш режасидан қайтди.

Тадбир ташкилотчилари¸ унда фақат нацистларга қарши коалицияга қўшилган тўрт давлат ва Германия расмийларига сўз берилганини билдирди.

Ҳолокост даврида қириб ташланган миллионга яқин яҳудийнинг бир миллиондан ошиғи Освенцим концлагерида ўлдирилган

Освенцим озод этилганининг 75 йиллигига бағишланган тадбир Исроил тарихидаги энг катта сиëсий маросимдир. Тадбир хавфсизлигини таъминлашга 10 мингдан ошиқ хавфсизлик кучлари жалб этилган.

Туркиянинг айрим ҳудудларида зилзила содир бўлди

Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Маниса вилоятида 22 январь оқшомида 5,4 балли зилзила рўй берди. Ер силкиниши Манисага яқин бўлган Измир шаҳрида ҳам сезилган.

Маниса расмийларига кўра, зилзила чоғида ҳеч ким жабрланган эмас. Туркия Сейсмология институти маълумотига кўра, 23 январь тонгида Анқарада ҳам 4,5 балли зилзила қайд этилган. Пойтахт расмийлари ҳам ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмаганини билдирганлар.

Туркияда кучли ер силкиниши сўнгги бор 2011 йил октябрида Ван вилоятида рўй берган. Ўшанда 7,2 балли зилзила 600 дан зиёд киши ҳаётига зомин бўлганди.

Лукашенко: Россия Қозоғистондан Беларусга нефть етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда

Беларусь президенти Александр Лукашенко Москва қозоқ нефтининг ўз мамлакатига етказиб берилишига тўсқинлик қилаётганини билдирди. Баёнот Россия билан нефть нархи борасида юзага келган баҳслар қабатида янгради.

Минскда нефть соҳаси экспертлари билан 21 январь куни бўлиб ўтган учрашувда Лукашенко иқтисодий шарт-шароит мураккаблашаётганини урғулади.

"Қизиқ, иттифоқчимиз бошқа бир иттифоқчимизнинг бизга нефть етказиб беришига розилик бермаяпти. Не тонгки, нефть етказиб бериш бўйича ҳозир вазият шунақа ва биз бу муаммони ҳал қилишимиз лозим", деди Лукашенко.

Қозоғистон, Беларусь ва Россия Евросиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси бўлиб ҳисобланади. Мазкур иттифоқдан Россия президенти Владимир Путин собиқ совет республикаларига Москва таъсирини ошириш ҳамда ЕИ ва НАТОга қарши туришда фойдаланишга уриниб келади.

“Россия Федерациясининг солиққа оид маневрлари туфайли республика бюджетига тушадиган даромад камаяди, нефтни қайта ишловчи заводларимизда иш самарадорлиги ёмонлашади. Ҳақиқатан, шу тобда Россия нефтига бошқа муқобил йўқ. Бироқ аввал келишганимиздек, диверсификация йўлидан боришимиз керак”, деган Лукашенко Беларусь нефть етказиб беришда Россия улушини 30-40 фоизга тушириш учун “ҳаракат қилиши лозим”лигини қўшимча қилди.

Беларусь сўнгги пайтларда нефть транзити нархи масаласида Россия билан баҳслашаяпти. Бу Москванинг интеграцияни чуқурлаштириш борасида Лукашенкога босими кучайиши қабатида юз бермоқда. Беларусь ёқилғи етказиб бериш ва молиялаштиришда Россияга қарам, айни пайтда у Россия нефтини Европага етказишда асосий транзит маршрут бўлиб ҳисобланади.

14 январь куни Беларусь бош вазири ўринбосари Дмитрий Крутой Минск Европа мамлакатларидан бир нечтаси, шунингдек Қозоғистон ва Озарбайжонга Россияни айланиб ўтган ҳолда Беларусга нефть сотиш таклифи билан мурожаат қилганини билдирганди. Аввалроқ Қозоғистон нефть етказиб бериш масаласини Беларусь билан 20 январгача муҳокама қилиши айтилган эди.

Ўтган йили Путин ва Лукашенко ўртасида бўлиб ўтган учрашув интеграцияни ривожлантириш нуқтаи назаридан муваффақиятли бўлгани йўқ. Лукашенко ўшанда “тенг” шарт-шароит тарафдори эканини билдирган.

Декабрь ойида Беларусда норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Акция иштирокчилари интеграция бўйича музокаралар шаффоф эмаслигини урғулаб, Россия билан алоқаларнинг янада тиғизлашувига қарши чиққандилар.

Дунëнинг энг бадавлат одами Жефф Безос телефони Саудия шаҳзодаси билан ëзишмадан сўнг ҳак қилинган

Жефф Безос(чапдан иккинчи) Саудия валиаҳд шаҳзодаси(ўртада) билан WhatsApp орқали ëзишиб келган.

The Guardian газетасининг ëзишича¸ Amazon ширкати эгаси Жефф Безос телефони ҳакерлар ҳужумига учраган.

Бу ҳужум Безос Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон телефонидан WhatsApp орқали юборилган видеофайлни олганидан кейин амалга оширилган.

The Wall Street Journal нашрига кўра¸ ҳужум 2018 йил баҳорида бўлган.

Бунгача Безос ва Саудия шаҳзодаси WhatsApp орқали ëзишиб келган.

Ҳакерлик ҳужуми пайтида Безос телефонидаги файллар кўчириб олинган¸ аммо ҳозирча айнан қандай маълумотлар ўғирлангани очиқланмади.

Риëд ҳукмдорлари ўзларининг ҳакерлик ҳужумига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда¸ Безос эса¸ матбуотдаги бу янги маълумотларга муносабат билдирмади.

Ўтгай йил март ойида киберхавфсизлик бўйича таниқли мутахассис Гэвин де Беккер дунëнинг энг бой одами телефонига қилинган ҳужумга Саудиянинг алоқадорлигини айтган эди.

АҚШ нашрлари The Washington Post газетаси ўз шарҳловчиси Жамол Хашоггининг Истанбулдаги Саудия консуллиги биносида ўлдирилишига оид тафсилотларни ëритишни бошлаганидан кейин Риëд Безосга қарши кампания бошлаганини ëзмоқда.

The Washington Post мулкдори Жефф Безосдир.

Швейцария газетаси: Давосда Россия разведкасининг махсус амалиëти олди олинди

Шу кунларда Швейцариянинг Жаҳон иқтисодий форуми ўтаëтган Давос шаҳрида ўтган йил август ойида Россия разведкасининг махсус операцияси олди олинди.

Швейцариядаги Tages-Anzeiger нашрининг 21 январь куни ëзишича¸ 8 август куни мамлакатга келган икки россиялик хавфсизлик хизматлари эътиборини ўзига тортган.

Давоснинг қимматбаҳо меҳмонхонасида тўхтаган икки россияликнинг ҳужжатлари текширилганда¸ улар ўзларининг сантехник эканини айтган¸ айни пайтда¸ дипломатик паспорт кўрсатган.

Швейцария хавфсизлик хизматлари бу икки шахснинг Давос форуми ўтадиган ва меҳмонлар турадиган биноларга махфий эшитиш ускуналари ўрнатиш¸ форум давомида киберҳужум уюштиришга қаратилган махсус амалиëтни йўлга қўйиш учун келганини тахмин қилмоқда.

Россия ТИВ ҳозирча сантехникларнинг қандай қилиб дипломатик паспорт билан Давосга саëҳат қилганига изоҳ бермади.

Жосуслиги тасдиқланмаган икки россиялик август ойидаëқ қўйиб юборилган.

Жаҳон иқтисодий форумининг бу йилги 50-сессиясида 50 дан ошиқ давлат ва ҳукумат раҳбари¸ 3000 дан ошиқ жамоатчилик ва йирик бизнес намояндалари қатнашмоқда.

Тожикистон ССВ мамлакатга хитойликлар келиши чекланишини таклиф қилди

Душанбе аэропорти (иллюстратив сурат).

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ТИВ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан мамлакатга Хитой фуқаролари келиши чекланишини сўраб, расмий мактуб юборди.

Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги 2019-nCoV вируси одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин. Беморларнинг кўпчилиги Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд қилинган. Бу шаҳарда куни кеча 2019-nCoV коронавирусига чалинган тўртинчи киши вафот этган.

Шу билан бирга Шанхай, Пекин ва Гуаньдун вилоятида ҳам беморлар аниқланган - уларнинг ҳаммаси Уханга ташриф буюрган эди. Маълумотларга кўра, янги касаллик ХХРдан ташқарига чиқиб кетган: беморлар Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда ҳам аниқланди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Мирхомуддин Камолзоданинг 21 январь куни Озодликнинг тожик хизматига маълум қилишича, янги вирус ҳақида хабар тарқалиши билан ХХРдан келганлар устидан аэропорт ва Хитой билан чегарадаги НЎПларда назорат кучайтирилган.

“Чегарадаги назорат-ўтиш пунктларида санитар-карантин постлари фаолият юритади. Қандайдир вирус пайдо бўлиши билан, қоидага кўра, назорат кучайтирилади ва постлар туну кун иш режимига ўтади. Ҳар бир аэропортда замонавий диагностика аппаратуралари ўрнатилган ва ХХРдан келган ҳар бир йўловчи шифокорлар кўригидан ўтишга мажбур. Агар вирус аломатлари қайд қилингудек бўлса, фуқаро махсус машинада юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилади”, деди вазир ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига расмий мактуб юбориб, янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан Тожикистонга Хитой фуқаролари, жумладан сайёҳлар келиши чекланишини сўраган.

“Биз Тожикистон аҳолисига хавфли вирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгунга қадар Хитойга бормасликларини тавсия қиламиз”, дея қўшимча қилган М. Камолзода.

Хабарларга кўра, янги 2019-nCoV вируси ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. Беморларнинг ҳаммасида рентгенограмма пневмонияни кўрсатган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 декабрь куни Хитой расмийлари эълон қилган янги касалликни муҳокама қилиш учун 22 январь куни фавқулодда қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирган. Ташкилот қаноатича, вирус манбаси сифатида ҳайвонлар кўрилмоқда. Хитой расмийлари касаллик Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлганини айтаяпти.

Қозоғистон Шинжондан қочган қозоқларни Хитойга топширмоқчи эмас

Хитойнинг Шинжонидан бўлган икки нафар этник қозоқ - Кастер Мусақан ва Мурагер Алимулининг ҳар бирига бир йилдан қамоқ жазоси белгиланди. Қочқинлар ўзларнинг жазо муддатларини манзил-колонияда ўтайдилар. Аммо улар Хитойга бериб юборилмайди.

"Уларнинг қариндошлари билан учрашишга тўла ҳақлари бор. Шу билан бирга Жиноят кодексининг 62-моддасига биноан минимал хавфсизлик муассасасидаги бир кун икки кунга ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг ҳибсда уч ойу уч кун ушлаб турилиши 6 ойу олти кун, деб ҳисобланади. Эндиликда улар беш ойу 24 кун қамоқда бўладилар. Қилмишларига пушаймон бўлганлари учун суд уларни мамлакатдан чиқариб юбормасликка қарор қилди", деди судья Шинар Ўспанова.

Шу пайтга қадар Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида Мурагер ва Кастерни қўллаб-қувватлаш мақсадида акциялар бўлиб ўтган – фаоллар қозоқ расмийларидан уларни Хитойга топширмасликни талаб қилганлар. Суд биносининг ўзида ҳам ўнлаб одам тўпланган.

Икки нафар этник қозоқ 2019 йилнинг кузида ҳужжатсиз Хитойдан қочиб келишган. Аввалига улар Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўнгги йилларда Шинжонда авж олган этник озчилик, жумладан қозоқлар таъқиб қилинаётгани боис қочишга мажбур бўлганларини айтишган ва Қозоғистон расмийларига таслим бўлишган эди. Улар Қозоғистондан ўзларига бошпана беришни сўрашиб, Хитойда қолган оила аъзоларини таъқибдан ҳимоя қилишга чақирган эди. Тергов вақтида улар Шинжонда қамоққа ташланишлари мумкинлиги, шу сабабли тарихий ватанлари бўлмиш Қозоғистондан бошпана сўрашга мажбур бўлганларини айтишган.

Кастер ва Мурагернинг адвокати Бауиржан Азанов тергов бошланишида уларнинг ҳужжатларини миграция хизматига топширган эди. У мижозларига бошпана изловчи шахсларга бериладиган ҳужжат берилишини сўраган. Кастер ва Мурагерга бу ҳужжат берилган, аммо Қозоғистон расмийлари ҳали уларга қочқин мақомини берганича йўқ.

“Ҳаëт томошаси” фильми намойиши ашаддий исломчилар таҳдиди остида тўхтатилди

Покистоннинг айрим ҳудудлари ашаддий исломий партиялар назоратида қолмоқда.

Покистон ҳукумати жамиятдаги ахлоқ полицияси роли ва тоқатсизлик мавзуидаги бадиий фильм намойишини ашаддий ақидапарастлар босими остида вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди.

Режиссëр Сармад Хусат суратга олган “Ҳаëт томошаси” фильми Покистон цензураси тасдиғидан ўтган ва 24 январь куни киноэкранларга чиқиши кутилаëтган эди.

Аммо Покистондаги ашаддий ақидапараст Теҳрик-е Лабайк партияси фильмни “куфр” деб атади ва унинг намойишни тақиқлашни сўради.

Фильм режиссëри ўзининг ашаддий мусулмонлардан ўнлаб ўлим билан таҳдид қилинган қўнғироқлар бўлганини билдирди.

Пунжоб вилояти маъмурияти¸ турли гуруҳлардан бўлган шикоятлар асосида намойишнинг вақтинча тўхтатилгани¸ фильмнинг 3 февраль куни қайта кенгаш муҳокамасига қўйилишини билдирди.

Хусат студияси Теҳрик-е Лабайк партиясини жамоатчилик намойишига ноқонуний аралашувда айблаб судга берди.

Айни пайтда¸ минглаб прогрессив покистонликлар вазиятга аралашишни сўраб¸ Бош вазир Имрон Хонга петиция йўллади.

Фильмда Покистондаги “куфр ва шаккоклик”ка оид қонунларнинг суиистеъмол қилиниши ҳикоя қилинади.

АҚШ Сенатида Дональд Трамп устидан импичмент суди бошланади

Дональд Трамп АҚШ тарихида импичмент қилинган учинчи президент бўлди.

21 январь куни АҚШ Сенатида мамлакат президенти Дональд Трамп устидан импичмент маҳкамаси бошланади.

Демократлар назоратидаги Намояндалар палатаси¸ 2019 йил декабрида АҚШ тарихида учинчи марта¸ Дональд Трампни импичмент қилиш бўйича овоз берган эди.

Намояндалар палатасидаги Демократик партия аъзолари 18 январь куни Трампни давлат ваколатидан ўз шахсий сиëсий манфаати учун фойдаланганлик ва ўз кирдикорларини яшириш учун Конгресс терговига халақит берганликда айбловчи ҳужжатни расман Сенатга тақдим қилди.

Бундай айбловга эса¸ Трампнинг 2020 йилги сайловларда ўз асосий рақиби бўлиши тахмин қилинган демократ Жо Байденга қарши компромат учун Украинага Конгресс томонидан ажратилган маблағни тўхтатиб қўйгани асос бўлди.

20 январь куни Трамп адвокатлари гуруҳи Сенатга топширган 110-бетлик жавоб ҳужжатида демократлар “хавфли равишда” конституцияни бузганликда айбланди ва Сенатдан бу жараëнни тўхтатиш сўради.

Трамп ҳимоячилари импичментдан кўзланган мақсад Трампнинг иккинчи марта президентликка сайланиши олдини олиш эканини иддао қилмоқда.

Президентни қўйилган жиноятларда айбдор деб¸ уни ҳокимиятдан четлатиш учун Сенатнинг учдан икки қисми унга қарши овоз бериши керак. Сенат Трамп мансуб Республикачилар назорати бўлгани учун¸ жараëн сўнггида унинг оқланиши кутилмоқда.

Жаҳон миллиардерлари қўлидаги бойлик қарийб 5 миллиард одамникидан кўпроқдир

Ер юзининг саккиз энг бой одами.

Дунëдаги иқтисодий тенгсизлик «буткул назоратдан чиқиб кетди» ва бунинг оқибатида энг кўп хотин-қизлар зарар кўрмоқда.

Oxfam ташкилотининг Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми арафасида эълон қилган ҳисоботи хулосаси шундай.

Ҳисоботда айтилишича¸ 2019 йилга келиб жаҳондаги саноқли миллиардерлар қўлидаги бойлик жаҳон аҳолисининг 4¸6 миллиарди¸ ëки 60 фоизиникидан ошиб кетган.

Ер шарининг энг бадавлат 22 та миллиардери эса¸ бутун Африка қитъасидаги хотин-қизлар эгалик қиладиган молу мулкни қўшганда ҳам бойроқдир.

Ҳисобот муаллифларига кўра¸ замонавий иқтисодий тузум асосан хотин-қизларни эксплуатация қилиб¸ уларни кам ҳақ тўланадиган оғир ишларга мажбурлаб¸ фойда олиш устига қурилган.

Ҳисоботда¸ даромадга қараб ўсиб борувчи прогрессив солиқ тизими жорий қилиш¸ шунингдек¸ соғлиқни сақлаш тизимида туб бурилиш қилишга оид тавсиялар ҳам берилган.

Давосда Жаҳон иқтисодий форуми бошланди

Швейцариянинг Давос шаҳрида давлат раҳбарлари¸ халқаро ташкилот ва бизнес етакчилари иштирокидаги яна бир Жаҳон иқтисодий форуми иш бошлади.

Форумда 117 давлатдан келган 3000 дан ошиқ сиëсатчи ва тадбиркор иштирок этади¸ улар орасида 50 давлат ва ҳукумат раҳбари¸ 36 нафар миллиардер¸ хусусан¸ Марк Цукерберг, Жорж Сорос ва Билл Гейтс бор.

Форумда сўзга чиқувчилар рўйхатида АҚШ президенти Дональд Трамп¸ Украина президенти Володимир Зеленский, Германия канцлери Ангела Меркель, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Европа марказий банки президенти Кристин Лагард бор. Россия президенти Путин форум ишида иштирок этмаëтир.

Бу йилги форум кун тартибига янги технологиялар ва киберхавфсизлик¸ глобал соғлиқни сақлаш муаммолари¸ меҳнат бозорининг келажаги¸ ҳамда ҳарбий можароларни ҳал қилиш¸ шунингдек экология муаммоларини муҳокама этиш киритилган.

2020 йилги Жаҳон иқтисодий форумида иккита глобал лойиҳага старт берилади. Бу бир миллиардга яқин одамни ўз ичига оладиган маърифий дастур¸ ҳамда ер куррасида 1 миллиард дарахт ўтқазиш ташаббусидир.

Коррупцияда айбланган Интерпол собиқ раҳбари 13¸5 йиллик қамоққа ҳукм қилинди

Маҳкама ҳукми 21 январь куни ўқиб эшиттирилди.

Хитой маҳкамаси коррупцияда айбланган Интерпол собиқ раҳбари Мэн Хунвэйни 13¸5 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

2016 йилдан Интерполга раҳбарлик қилган Мэн Хитойга қилган сафари давомида 2018 йил сентябрида ғойиб бўлган ва кейинроқ Пекин расмийлари унинг пора олишда айбланиб ушланганини маълум қилган эди.

2019 йил июнида бошланган маҳкама жараëнида Мэн Хунвэй икки миллион доллардан кўпроқ пора олганига иқрор бўлди.

Хитой Коммунистик партияси эълон қилган баëнотда¸ Мэн давлат маблағини талон-торож қилиш¸ ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ва партия қарорларини бажармасликда айбланди. Маҳкама арафасида Мэн партия аъзолигидан ҳайдалган эди.

Интерпол раҳбари лавозимига тайинлангунга қадар Мэн Хитой ижтимоий хавфсизлик вазири ўринбосари лавозимида ишлаган ва катта сиëсий нуфузга эга бўлган.

Эрининг қамалишини сиëсий фитна деб атаëтган амалдорнинг хотини Интерполни ўз раҳбарини ҳимоя қилмаганлик учун судга берди.

Тожикистонда “Мусулмон Биродарлар” иши бўйича ушланганлар сони 70 нафарга етди

Душанбедаги Тожикистон ИИВ биноси.

Тожикистоннинг турли минтақаларида фаолияти тақиқланган “Мусулмон Биродарлар” ("Иҳвонул-муслимийн") ташкилотига аъзолик гумони билан ушланганлар сони камида 70 кишига етди.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари бу маълумот юзасидан изоҳ бермаяпти.

Озодликнинг тожик хизмати билан 20 январь куни ўтказилган суҳбатда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз номини ошкор қилишни истамаган икки нафар манба сўнгги икки ҳафта мобайнида фаолияти тақиқланган “Мусулмон Биродарлар” ташкилотига аъзоликда гумонланган Тожикистон фуқаролари сони ошганини билдирган. Жумладан, ИИВнинг иш билан таниш ходимига кўра, бугунги кунга қадар “камида 70 кишига нисбатан” жиноят иш қўзғатилган. Манбанинг маълум қилишича, қўлга олинган кишилар Тожикистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, “экстремистик ташкилот фаолиятини ташкиллаштириш” ва “Тожикистон ҳудудларида фаолияти тақиқланган ташкилотларга аъзолик” моддалари бўйича гумон қилинмоқда. Қонунга биноан бу одамларнинг айби исботлангудек бўлса, уларга нисбатан 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

“Мусулмон Биродарлар” ташкилоти Тожикистон Олий суди қарорига биноан 2006 йилда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

БМТ Кенгаши мажлисида Азимжон Асқаровни озод қилиш таклифи янгради

Азимжон Асқаров.

Қирғизистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлисида сўнгги тўрт йил учун ҳисоботини тақдим этди ва БМТнинг бошқа аъзоларидан қатор таклифларни қабул қилди.

Ирландия вакили Қирғизистонни Ўш воқеалари ортидан умрбод қамоққа ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди.

Қирғизистон Олий суди судьяси Кенешбек Тўқтўмамбетов суд тизимидаги ишларга оид ўз нутқида А. Асқаров ишига ҳам тўхталиб ўтди. У ҳукм Қирғизистон қонунларига мувофиқ чиқарилганини қайд этди ва Асқаровнинг шикоят аризаси яқин орада кўриб чиқилажагини билдирди.

Азимжон Асқаров 2010 йилдаги қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG