Линклар

Шошилинч хабар
11 август 2022, Тошкент вақти: 02:07

Халқаро хабарлар

Ҳотамий мухолифатчиларни қувватлади

Эроннинг собиқ президенти Муҳаммад Ҳотамий президентлик сайловидан сўнг норозилик уюштирганликда айбланган 100 га яқин кишини қувватлаб баёнот берди.

Муҳаммад Ҳотамий Эрон муҳолифатининг етакчи тарафдорларидан бири саналади. Ҳотамий: «Бу суд Конституция, мамлакатнинг бошқа қонунлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига зиддир», деган фикрда.

Шунингдек, у суд мажлисида қонунбузарликлар бўлаётгани, жумладан, судланувчиларнинг адвокатлари суд жараёнига қадар иш мазмуни билан таништирилмаганини танқид қилди.

Судга тортилган 100 киши орасида адвокатлар, собиқ вазирлар ва мамлакатнинг собиқ вице президенти ҳам бор. Улар июн ойида бўлган ва амалдаги президент ғалаба қозонди, деб топилган президентлик сайловидан кейин ўтган намойишларни уюштирганликда айбланмоқда.

Кун янгиликлари

Мирзиёев шахмат олимпиадаси ғолибларини тақдирлашга оид фармонни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, чемпионга айланган ўзбек шахматчилари, уларнинг мураббийлари ҳамда олимпиаданинг бошқа иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Фармонга мувофиқ, миллий терма жамоа аъзолари Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан, терма жамоа мураббийлари Владимир Егин ва Иван Соколов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан, миллий терма жамоа аъзолари Мафтуна Бобомуродова, Маржона Маликова, Умида Омонова, Афруза Ҳамдамова ва Нилуфар Ёқуббоевалар эса “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланади.

Мирзиёев чоршанба куни Тошкент архитектура қурилиш институти талаба ва ўқитувчилари билан мулоқот чоғида шахмат олимпиадаси чемпионларига автомобиль совға қилишга қарор қилганини билдирган.

“Шахматчиларимиз кечқурун уйига 400 миллионлик машина миниб борса, ота-онаси: “Болам, ҳеч нарса қилмасанг ҳам шахмат ўйна”, деб айтади”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.

ЕИ ва Британия Россиядан кўмир сотиб олишни тўхтатди

Европа Иттифоқида жорий йил 10 августидан Россия кўмири импорти учун тўлиқ тақиқ кучга кирди.

ЕИда мазкур чора юзасидан Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан киритилган санкцияларнинг бешинчи пакети доирасида апрель ойи бошида келишувга эришилган. Чоршанба куни Буюк Британия ҳам Россия кўмиридан воз кечди.

Еврокомиссия ҳисоб-китобига кўра, эмбарго Россиянинг хорижга экспорт қилинаётган бутун кўмирининг чорак қисмига (йилига 8 миллиард евро) дахлдор бўлади.

ЕИ Россиядан сотиб олиб келинган кўмир ўрнини Шимолий Америка, Австралия, Колумбия, ЖАР ва Қозоғистондан келадиган кўмир билан тўлдирмоқчи.

Eurostat маълумотига кўра, Қозоғистон шу йил январидан май ойигача ЕИга 1,5 миллион тонна кўмир етказиб берган, бу 2021 йилда етказиб берилган кўмир миқдоридан икки баробар кўпдир.

Европа Иттифоқи Россиядан кўмир олиш тақиқланишини эълон қилганидан кейин Москва ўз экспортини бошқа мамлакатларга, хусусан, Ҳиндистон ва Туркияга йўналтирган. Айни пайтда Россия бу мамлакатларга 50 фоизлик чегирма билан сотишга мажбур бўляпти.

CNN: Россиялик ҳарбийлар Эронда дронлардан фойдаланиш бўйича ўқитилмоқда

Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-129 дрони

Россияликлар бир неча ҳафтадан бери эронликлар ишлаб чиқарган дронлар эксплуатацияси бўйича Эронда ўқитиляпти. Бу ҳақда CNN телеканали разведка маълумотларидан хабардор америкалик мулозим сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимга кўра, бу Москванинг Эрондан дрон сотиб олишга тайёр эканидан далолат берувчи яна бир сигналдир.

Июль ойида CNN Россия делегацияси Shahed-191 ва Shahed -129 дронлари билан танишиш мақсадида Эронга боргани ҳақида хабар қилган. Ўшанда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан Эрон Россияга Украидаги ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш учун юзлаб дрон сотиб олишга ҳозир экани ҳақида билдирган эди.

Дронлар Украинадаги урушда муҳим роль ўйнаяпти. Украина Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar ҳамда АҚШда ишлаб чиқарилган дронлардан муваффақият билан фойдаланмоқда, Россия эса ўзида ишлаб чиқарилган дронларни ишга соляпти. Ҳозирча АҚШ Украинага Gray Eagle русумли кучли дронларни бермаяпти – Вашингтон бу ҳаракат Москва томонидан уруш эскалациясига қаратилган қадам ўлароқ қабул қилинишидан чўчимоқда.

Россия захирадаги аскарларнинг бир қисмини Украина чегарасига жўнатмоқда

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида яшовчи захирадаги аскарларнинг бир қисми 9 август куни мажбурий равишда Украина чегараси яқинидаги ҳудудга “ҳарбий йиғин” учун олиб кетилди. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри ҳуқуқ ҳимоячилари ва захирадаги аскарларга таянган ҳолда хабар берди.

“Бизга техникани таъмирлаш билан шуғулланишимизни айтишди”,- деди военкоматдан чақирув қоғози олганлардан бири.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, уларга захирадаги аскарлардан ўнлаб шикоятлар келиб тушган. Қайд этилишича, улар военкоматларга чақиртирилган ва қандайдир ҳужжатларга имзо чекишга мажбурланган. Шундан сўнг уларни Украина билан чегарадош Белгород вилоятига олиб кетишмоқда. Военкоматларда захирадаги аскарлар тиббий кўрикдан ва хизматга яроқлилик тоифасини тасдиқлаш жараёнидан ўтказилмаяпти.

Нашрнинг манбаларга таяниб ёзишича, “ҳарбий йиғин”лар 60 кунгача давом этади. Унда иштирок этишни истамаганларни “қўлини қайриб олиб кетишмоқда”.

“Паспортлар ва ҳарбий билетларни олиб қўйиб, захирадагиларни ҳарбий қисмларга, кейин эса Белгород вилоятига жўнатишмоқда. Бизга айтишларича, улар техникани таъмирлаш ва снарядларни юклаш билан шуғулланади. Йиғинга чақирилганларнинг ёшлари 26, 30, 40 да ва улар ўзларининг қандай мақомда эканини ҳам билмайдилар”,-демоқда ҳуқуқ фаоллари.

Россиянинг “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат” тўғрисидаги қонунига асосан захирадаги аскарлар ҳарбий йиғинларда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда уларга нисбатан жиноий ёки маъмурий жазо чоралари қўлланиши назарда тутилмаган.

Россия аннексия қилган Қримдаги ҳарбий аэродромда портлашлар бўлди

Портлаш содир бўлган ҳудуд.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Новофедоровка қишлоғи яқинидаги ҳарбий аэродромда портлашлар юз берди ва бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қримнинг Москва томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксёнов 9 август куни ўз Telegram каналида ёзди.

Қрим Соғлиқни сақлаш расмийлари портлашлар оқибатида беш киши, жумладан, бир бола яраланганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, аэродромдаги портлашларга авиация ўқ-дориларининг детонацияси сабаб бўлган. Вазирлик детонацияга нима туртки берганини айтмади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда аэродромдаги портлашлар акс этгани айтилаётган видеолар тарқалган эди. Дастлабки маълумотларга қараганда, аэродромнинг камида иккита жойида портлаш бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий аэродромга четдан ҳужум бўлмаганини тасдиқлади ва жабрланганлар йўқ эканини билдирди.

Украина Мудофаа вазирлиги ҳам портлашлар сабаблари тўғрисида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. Айни пайтда Украина томони мазкур ҳодисадан Россия пропаганда мақсадларида фойдаланиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Россия Украина таркибидаги Қрим мухториятини 2014 йилда босиб олган эди. Жорий йилнинг 24 февралида эса Россия Украинага уруш очди.

Жо Байден Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини тасдиқлади

АҚШ президенти Жо Байден вице президент Камала Харрис (чапда), Швеция элчиси Карин Олофсдоттер ва Финдандия элчиси Микко Хаутала билан ратификация қилинган ҳужжатни имзоламоқда.

АҚШ президенти Жо Байден 9 август куни Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши юзасидан Вашингтон ратификация қилган ҳужжатни имзолади.

AFPнинг хабар беришича, Байден ўз нутқида Шимолий Европа мамлакатлари НАТО доирасида ўзаро мудофаа ҳамкорлиги бўйича “муқаддас мажбурият”ни зиммасига олувчи “кучли, ишончли ва қудратли янги иттифоқчилар бўлиши”га умид билдирди.

Байденнинг айтишича, Владимир Путин раҳбарлигидаги Россия Украинага бостириб кириш орқали “тинчлик ва Европа хавфсизлигини барбод қилди”. “Путин бизни бўлиб ташлайман деб ишонган эди. Бунинг ўрнига у ўзи истамаган натижага эришди”,-деди АҚШ президенти.

АҚШ Сенати 4 август куни Финляндия ва Швецияни НАТОга қабул қилиш учун овоз берди. АҚШ бу икки мамлакатни ташкилотга қабул қилиш учун розилик билдирган ўттиз давлатнинг йигирма учинчиси бўлди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун ташкилотга аъзо барча давлатлар миллий даражада тегишли ҳужжатларни қабул қилиши лозим.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Дўстлик” назорат ўтказиш пункти вақтинча ёпилди

"Дўстлик" чегара пункти.

Андижон ва Ўш ўртасидаги “Дўстлик” назорат ўтказиш пункти янги терминалга кўчиб ўтаётгани муносабати билан 10 август куни Ўзбекистон вақти билан соат 8 дан 12 гача, Қирғизистон вақти билан соат 9 дан 13 гача ёпилади. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

“Дўстлик” пункти Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳудудида жойлашган. Мазкур пунктдан кунига камида 10-15 минг киши ўтиши айтилади.

Икки давлат ўртасида 15 та назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Аммо уларнинг барчасини 2010 йилда Ўзбекистон бир томонлама равишда ёпиб қўйган эди. Назорат ўтказиш пунктлари фақат 2017 йилга келиб қайта очила бошлаган.

Хитой армияси Тайвань атрофидаги ҳарбий машқларни давом эттирмоқчи

Хитой халқ республикаси армияси Тайвань оролини ўраб олиш ва мудофаа қилиш мақсадида ҳарбий машқлар ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар қилди.

Мазкур машқлар қачонгача давом этишига аниқлик киритилган эмас. Халқаро кузатувчилар тахминича, ХХР Тайвань атрофида кенг кўламли ҳарбий машқлар ўтказилишини доимий амалиётга айлантириши мумкин.

Аввалроқ Тайвань Қуролли кучлари жанговар снарядлар воситасида артиллерия машқларини бошлаган эдилар. Улар оролга бўлажак ҳужумни қайтаришни машқ қилганлар. Тайвань расмийлари Хитой ўз ҳарбий машқлари билан оролга ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётганини билдиришган.

Хитой армияси АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан бир кун олдин, яъни 4 август куни ҳарбий машқларни бошлаб, 8 август куни якунига етказган эди.

АҚШ: МРБ террорга қарши кураш ўрнига асосий эътиборини Хитойга қаратади

ХХР раҳбари Си Цзинпин халқаро ҳамкорлик бўйича форумда

АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси террорчиликка қарши кураш ўрнига ўз фаолиятини асосан Хитойга қаратади. Бу ҳақда МРБ директорининг ўринбосари Дэвид Коэн, Associated Press агентлиги хабарига кўра, контртеррор бўлими раҳбарлари билан ёпиқ тарзда ўтказилган учрашув чоғида билдирган.

Коэнга кўра, АҚШ террорчиликларни таъқиб этишни давом эттиради, бироқ эндиликда энг устувор вазифа Пекинни яхшироқ англашга уриниш ва унга қарши туришга қаратилади. Маблағ ва МРБ бошқа ресурсларининг кўпи шу мақсад учун йўналтирилади, бу эса бошқа соҳаларга, шу жумладан террорчиликка қарши курашга ажратилаётган маблағ камайтирилишини талаб қилади, дейишган AP манбалари. Разведка бюджети махфий бўлгани учун бу борада рақамларга аниқлик киритишнинг имкони йўқ.

Агентликнинг ёзишича, МРБда “сокин бурилиш” амалга оширилган: юзлаб ходим Хитой билан боғлиқ лавозимларга ўтказилмоқда. Бошқарма ичида кўпчилик хитой тилини ўрганяпти ва МРБ хитойча гапира оладиган одамларни кўпроқ ёллашга уринмоқда.

АҚШ Хитойнинг йилдан-йилга ошиб бораётган сиёсий ва иқтисодий амбицияларидан хавотирга тушган. Вашингтон қайдича, Пекин АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишга уринган, кибержосуслик билан шуғулланган ҳамда Шинжонда истиқомат қилувчи миллионлаб мусулмон уйғурни лагерларга қамаган.

Бундан ташқари, АҚШ яқин йиллар ичида Пекин ўзини ўзи бошқариб келаётган Тайванни куч билан эгаллаб олишга уриниши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Хитой мазкур оролни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.

ФТБ Трампнинг Флоридадаги резиденциясида тинтув ўтказди

Флоридадаги Мар-а-Лаго резиденцияси.

Федерал тергов бюроси - ФТБ Флоридадаги Мар-а-Лаго резиденциясида тинтув ўтказгани тўғрисида 8 август куни АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп маълум қилди. Трампга кўра, тинтув пайтида у Нью-Йоркда бўлган. ФТБ ходимлари унинг резиденциядаги шахсий сейфини ҳам очишган.

ФТБ расман бу хабарга муносабат билдирмади. АҚШ матбуоти эса ўз манбаларига таянган ҳолда ФТБ ходимлари Трампнинг резиденциясидан у президентлик лавозимини топширганидан сўнг Оқ Уйдан ўзи билан олиб кетган хизмат ва махфий ҳужжатларни қидиришгани тўғрисида ёзди.

Қонунчиликка асосан мазкур ҳужжатлар давлат мулки ҳисобланади ва АҚШ Миллий архиви Трампдан уларни қайтаришни бир неча маротаба талаб қилган. Шундан сўнг Трамп ҳужжатларнинг бир қисмини қайтарганди. Бир неча ой олдин Миллий архив Трампни барча ҳужжатларни топширмаганликда айблаб, Бош прокуратурага мурожаат қилган эди.

Трамп ўз баёнотида ФТБнинг ҳаракатини қоралади. “Бундан аввал АҚШ собиқ президентларига нисбатан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаган. Биз тегишли давлат идоралари билан ҳамкорлик қилганимизга қарамай амалга оширилган бу тадбир асоссиздир”, - деди Трамп.

Новая Каховканинг Россия тайинлаган вице-мэри бандитизмда айбланиб қўлга олинди

Украинанинг Херсон вилояти Новая Каховка шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Виталий Ефименко Россия полицияси томонидан бандитизмда айбланиб қўлга олинди. Унинг уйидан қурол ва бир неча ўн миллион рубль топилди. Бу ҳақда "Коммерсантъ" ИИВга таянган ҳолда хабар берди.

Россия ИИВнинг Херсондаги вақтинчалик бошқармаси ходимлари икки тадбиркорга қилинган ҳужум юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида Ефименконинг изига тушган. ИИВнинг билдиришича, полиция Ефименко доҳил қуролли гуруҳ аъзоларини қўлга олган. Қанча киши ушлангани маълум қилинмаган.

Херсон вилояти Россия армияси томонидан босиб олинганидан сўнг Москва маҳаллий тадбиркор Ефименкони Новая Каховка мэри ўринбосари лавозимига тайинлаган эди. Август ойи бошларида унга суиқасд уюштирилган, аммо у тирик қолган. Украина матбуоти Ефименко Херсонда таниқли криминал авторитет экани ҳақида ёзганди.

6 август куни Новая Каховканинг Москва томонидан тайинланган яна бир вице-мэри Витай Гура ўлдириб кетилган эди. 5 август куни эса Херсон вилоятининг Россия тайинлаган ҳокими Владимир Салдо заҳарлангани хабар қилинган.

Bayraktar дронларини ишлаб чиқарувчи турк ширкати Украинада завод қурмоқчи

Туркиянинг Baykar ширкати Украинада рўйхатдан ўтиб, Bayraktar дронлари ишлаб чиқариладиган завод қурилиши учун ер участкасини сотиб олди. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднар «РБК-Украина» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Киев билан Анқара 2022 йилнинг февраль ойи бошидаёқ Украинада Bayraktar учувчисиз учқичларини ишлаб чиқариш бўйича завод қуришни кўзда тутувчи шартномани имзолаган эди.

Айни пайтда Baykar ширкати раҳбари Халуқ Байрактар июль ойи ўрталарида Туркия ҳеч қачон ўз дронларини Россияга етказиб бермаслигини билдирган.

Финляндияда СССР томонидан совға қилинган ҳайкал мажмуаси олиб ташланди

Хельсинкида 1990 йил бошида ўрнатилган "Бутун дунёда тинчлик" ҳайкали мажмуаси

Хельсинки шаҳрида Совет Иттифоқи томонидан Финляндияга 1989 йилда совға қилинган “Бутун дунёда тинчлик” мажмуаси олиб ташланган. Бу ҳақда Yle телекомпанияси хабар қилди.

Бўйи олти ярим метр келадиган бронза ҳайкали қитъалараро тинчликни тамсил этарди. Трослар воситасида жойидан олинган ҳайкал баржага жойланиб, сақлаш учун Хельсинки Бадиий музейига йўлланган. Шаҳар расмийлари музей вакиллари билан биргаликда мажмуанинг бундан буёнги тақдири ҳақида қарор қабул қиладилар.

YLE хабарига мувофиқ, СССР совға қилган ҳайкалнинг олиб ташлангани мажмуа ўрнатилган майдон ва кўчада транспорт ҳаракатининг қайта йўлга қўйиш режалари билан боғлиқ. Ҳайкал ўрнига йўлак ётқизиш мўлжалланган.

Ҳайкал Берлин девори қулаганидан бир неча кун ўтгач – 1990 йилнинг 14 январида очилган. Мажмуада турли қитъа вакилларининг қўлларида глобусни кўтариб тургани акс этган. Ҳайкалга бир неча бор бўёқ тўкиб кетиш уриниши қайд этилган. Бундан ташқари, 2010 йилда номаълум шахслар уни портлатиб юборишга ҳаракат қилишган.

Июнь ойида Финляндиянинг Котка шаҳри кенгаши 1979 йили Таллиндан совға ўлароқ олинган Ленин ҳайкалини шаҳар марказидан олиб ташлашга рухсат берган. Мазкур қарор ҳайкал “советлар томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятлар” қурбонлари хотирасини ҳақоратлаётгани билан асосланган.

Хитой Тайвань атрофида ўтказилаётган ҳарбий машқларни поёнига етказди

Тайвань ороли атрофидаги машқларда иштирок этган Хитой армияси ҳарбий техникаси

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифининг эртасига Хитой томонидан орол атрофида ўтказилаётган ҳарбий машқлар поёнига етказилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар қилди.

Шу йил 4 августида бошланган машқлар, қайд этилишича, тўрт кун давом этган. Хитой армияси ўз машқлари узоқ манзилли ер ва ҳаво зарбаларини бериш юзасидан ҳарбийлар маҳоратини оширишга қаратилганини билдирган.

Хитойлик ҳарбийлар бундан буён Тайвань йўналишида машқлар “мунтазам” равишда ўтказиб турилишини иддао қилганлар. Уларнинг қарашича, армия Хитойни “бирлаштириш бўйича тарихий вазифа”ни амалга ошириши мумкин.

Тайвань Мудофаа вазирлиги 7 август куни орол атрофидаги машқларда иштирок этган Хитой Ҳарбий-ҳаво кучларининг 66 та учоғи ҳамда 14 та ҳарбий кемаси қайд этилгани ҳақида маълум қилган эди.

Россияда Украинадаги урушда қатнашиш учун қирқдан ортиқ кўнгиллилар батальонлари ташкил этилди

Чеченистоннинг "Ахмат" батальони Украина урушида иштирок этмоқда.

Россияда Украинадаги урушда қатнашиш учун қирқдан ортиқ кўнгиллилар батальонлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Коммерсантъ".

Хабарда айтилишича, жумладан, Санкт-Петербургда "Кронштадт", "Нева" ва "Павловск", Ёқутистонда "Боотур", Приморьеда "Тигр", Қозонда "Алга" ва "Тимер", Чувашияда "Атал", Перм ўлкасида "Парма" ва "Молот", Амур вилоятида "Амурский", Ленинград вилоятида "Невский" ва "Ладожский" кўнгиллилар батальонлари ташкил қилинган.

Расман кўнгиллилар Россия Мудофаа вазирлиги билан бир неча ойдан бир неча йилгача шартнома имзолайди. Уларга яшаётган ҳудудларига қараб ойига 130 мингдан 300 минг рублгача ҳақ тўланади. Кўнгиллиларга, бундан ташқари, “ҳар бир жанговар кун учун” 8 минг рубль кунлик маблағ берилади.

Ўтган ҳафтада АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) Россия регионларида урушга қатнашиш истагида батальонларга қўшилган кўнгиллиларга бериладиган тўловлар кечиктирилаётгани тўғрисида хабар берди.

Маълумотларга қараганда, Россия расмийлари кўнгиллилар барча тўловларни олганидан сўнг урушга қатнашишдан бош тортиши мумкинлигидан қўрққан ҳолда, тўловларни кечиктирмоқда. Бундан ташқари минтақаларда кўнгиллиларга тўлаш учун маблағ йўқлиги ҳам айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG