Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:23

Вячеслав Охунов:"Гулдор пардани йиртайлик!"


Слава Охунов Ўзбекистонда бўғилса-да¸ топталса-да¸ урилса-да қайсарларча тирик қолаëтган эркин руҳнинг ўзига хос рамзидир.
Слава Охунов Ўзбекистонда бўғилса-да¸ топталса-да¸ урилса-да қайсарларча тирик қолаëтган эркин руҳнинг ўзига хос рамзидир.

Бугунги рассомларга аянч борлиқ ва одам ўртасига гулдор парда осиш талаби қўйилмоқда. Менинг назаримда¸ ҳақиқий рассом бу гулдор пардани йиртиши ва одамларга воқеликни тўлалигича кўрсатиши лозим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбек рассоми.

Рассом Вячеслав Охунов бугунги Ўзбекистонни "қаерига борсанг ҳам бошинг билан уриладиган ëпиқ тизим" сифатида кўради.

"Боши берк кўча"
Унинг "Боши берк кўча" деган видеоперформенсида боши билан деворга урилаëтган иложсиз бир ўзбек тасвирланади.

Чор Россияси даврида “Бир оëқда турган мужик” деган карикатура бўлар эди. Бойлар ерини олиб қўйган деҳқоннинг томорқаси шунчалик кичраядики, фақат унинг бир оëғигина сиғади.

- Мен ҳам Ўзбекистонда бир оëқда турибман, холос. Бутун ижодим хориж кўргазмаларида намойиш қилинмоқда. Венеция, Сидней, Истанбул ва бошқа ўнлаб шаҳарларда ижод қиламан. Кейинги 18 йил ичида ҳосил бўлган Ўзбекистондаги “санъат” муҳитида менга жой йўқ. Менинг санъатим Ўзбекистон мулозимлари чизган чегарага сиғмайди. Улар ижтимоий муаммоларга тегинилмасин, дейди. Мени эса айнан сиëсий-ижтимоий мавзулар қизиқтиради¸ дейди Вячеслав Охунов.

Эслатиб ўтамиз¸ 1948 йил туғилган Охунов Москвадаги Суриков номидаги тасвирий санъат олийгоҳини битириб келиб¸ Ўзбекистонда 80- йилларда янги ижодий тўлқинга асос солган эди. Унинг “Тонгги ëнғин” асарини ўша пайтдаги Рауф Парфи ва Муҳаммад Солиҳ ташбеҳлари билан муқояса қилиш мумкин.

Охуновнинг Венецияда намойиш қилинган “Бурчак” асари ўзбек режими туб моҳиятини фош қилувчи асар сифатида кўрилади.

Вячеслав Охунов ўз устахонасида.
Вячеслав Охунов: Бу бир мажоз-метафора. Ўзбек жамияти деб аталган тузумда фаол бир инсоннинг бурчакка тиқилиши¸ иложсиз ва имконсизлиги акс этади. Бу метафора ҳукуматнинг инсон эркига тўсиқ қўйгани ва парвоз истагида бўлганларнинг қанотини қирқиши ҳақида мажозий ишорат.

Мен бу мавзуни “Янги Осиë тўлқини” кўргазмасида ҳам давом эттириб¸ “Боши берк кўча” деган видеоартни суратга олдим. Бу лавҳада ëш йигитларнинг Тошкентнинг Эски шаҳрида тентираши ва қаерга борса¸ қайси томонга бурилса ҳам боши берк кўчага кириб қолаверишини тасвирладим. Бундай асарга Ўзбекистон музейларида ўрин йўқ¸ чунки режим ўзбек рассомлари олдига “Ўзбекистон жаннатдур” деган суратлар чизиш вазифасини қўйган.

Ҳукумат кўрмоқчи бўлган гўзал манзарани ўзбек рассоми янада сайқаллаб¸ ялтиллатиб бўяб бежасин¸ деб умид қилади. Бу суратларда ҳар ер гулу гулистон¸ муаммолар йўқ¸ ўзини ўлдираëтганлар йўқ¸очлар йўқ¸ яланғочлар йўқ¸ маҳбуслар йўқ¸ фақат биллур каби ялтироқ бир манзара бор¸ холос. Мен рассомларнинг бундай позицияси билан сира келиша олмайман.

Озодлик: Умуман Шарқ рассоми¸ айтайлик ўзбек рассоми¸ гулу-ифорлар ва булбуллар навосидан илҳом олади¸ деган тушунча бор. Яъни сизнинг илҳом манбаингиз қаерда?

Охуновнинг Венециядаги la Biennale di Venezia фестивалида намойиш қилинган "Режим мадҳияси" инсталяциясида айнан сарлавҳанинг тескариси акс этади.
Вячеслав Охунов: Қафас ичида чирқиллаб қафас эгасини хушнуд қилишга уринган қуш аҳволи бошқаю¸ эмин-эркинлик ичида чарх ураëтган қуш манзараси бутунлай бошқа. Аммо эркин қушни кўриш учун эркин муҳитга чиқиш лозим. Агар мажоз тили билан айтсак¸ ëпиқ системадан очиқ тизимга ўтиш керак. Мен Ўзбекистонда эркин қуш қидириб сал силжисам¸ бошим деворга урилади. Бу девор мен учун тузум метафорасидир.

Менинг уйимда Берлин деворининг бир парчаси бор. Бу девор парчасини мен девор эндигина бузилган пайтда ўзим учун синдириб олган эдим. Бу парчага қараб мустабидлик тузуми¸ албатта ¸синади¸ бизни ўраган деворларнинг бари бир кун келиб йиқилади¸ деган умидга чўмаман.

Берлин девори йиқилганига мана бугун 20 йил тўлди. Аммо Ўзбекистон ичига қарасангиз¸ ғиж-ғиж деворларни кўрасиз. Президент биноси билакдай келадиган чўян панжаралар билан ўралган. Ҳар ерда девор¸ чеклов¸ панжара. Қачон тугайди бу девор кўтаришлар? Руҳимизни тўсаëтган сиëсат деворичи? Эркин сўз чеклови¸ эркин саëҳат чеклови¸ эркин сайлов чеклови¸ эркин фикр чеклови. Жамият энг элементар демократик ҳуқуқлардан мосуво.

Мен бир рассом сифатида қаршиман бундай тузумга. Агар мен мунозара юрита олмасам¸ баҳслаша олмасам¸ фикр баëн қила олмасам¸ менинг борлигимдан маъно қайда?

Охуновнинг Верешагиннинг машҳур суратига мухаммас услубида ишланган "Оқсарой" коллажи
Озодлик: Сиз каби рассом назарида ҳокимият нима?

Вячеслав Охунов: Мен бугунги ҳукумат шамойилини совет даврида кўрган эдим. Ўша тутум демонтаж бўлмади. Ҳукумат ўзини ҳимоя қиламан¸ деб ҳужумга ўтган. Ҳужум нишонлари эса биз. Биздаги шахс мустақиллиги аломатлари¸ эркин одамга хос жамики ҳуррият бу режим нишонида.

Бу ҳужумлар кўпчиликнинг сукутли ризоси фонида кечмоқда¸ авом эса қўрқади¸ жуда қўрқади. Тўғрироғи қўрқитилиб ўтакаси олинган.
Одамлар ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишга қўрқишади. Қўрққанга эса қўша кўринади.

Озодлик: Рассом нима қилиши керак ëки нима қила олади? Масалан¸ сиз нима қилиш тарафдорисиз?

Вячеслав Охунов: Биз одамларни даҳшатга соладиган борлиқ ҳақиқатини кўрсатмоғимиз зарур. Борлиқни! Йўқликни эмас. Чунки инсонда тафаккурурни қайта кодлаш деган тизим бор.

Инсон чиройли манзарали суратга боқиб “Вой¸ қандай яхши” деган гипнозга тушади. Бугунги рассомларга аянч борлиқ ва одам ўртасига гулдор парда осиш талаби қўйилмоқда. Менинг назаримда¸ ҳақиқий рассом бу гулдор пардани йиртиши ва одамларга воқеликни тўлалигича кўрсатиши лозим.
XS
SM
MD
LG