Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Навоий ва монологчи


Эски-туски бозорида Раҳматжон акани ҳамма "монологчи" деб атайди. Оддий бир монтëрнинг бундай исм соҳиби бўлишига эски бир радиола сабаб бўлган эди.

(Марҳум журналист Раҳматжон ака Омонов хотирасига бағишлайман)


Раҳматжон ака уйма-уй юриб эски электр асбоблари сотиб олиб юрганда, кимдир уйидан эски радиола олиб чиқиб берди.

Раҳматжон ака радиолани уйига олиб борди. Куйган предохранителини алмаштирган ҳамони сариқ бахмал қоплама бурчагидаги яшил тугма ярқ этиб ëнди.

Раҳматжон ака радиола ичидаги пластинка чангини артиб йилтироқ игнали дастакнинг тумшуғини баркашга теккизиши биланоқ гулдурос овоз янгради.

“Халқимга бўлган муҳаббатим Гулига бўлган муҳаббатимнинг бир учқунудур¸ холос”.

Пластинкада Ҳамза театрида ўйналган Алишер Навоий спектаклининг овози муҳрланган эди.

“Жувонмарг кетган бечора ғунчаний ҳам унутма.” Бу сўзларни эшитган Раҳматжон аканинг кўзига ëш келди. 11 ëшида зотилжамдан ўлган қизи Гулнора эсига тушди. Россияга мардикорликка кетган хотини ва икки ўғлини ўйлаб эзилди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

“Яна кўз ëшими. Кўнглимни бузма . Бу ғам дарëсида кемадай сузма. Бу дарë хавфлидур¸ ғарқ қилгуси бот...
Эссиз тақдир экан қайдин билибмиз¸ Азизим дунëга бевақт келибмиз.”

Раҳматжон ака шу туни ухламади. Радиопостановкани қайта-қайта эшитди. Ëдлаб ҳам олди.

Эртасига Раҳматжон бозорни бошига кийиб Навоий монологини ўқиди. Бозорда изғиб юрган солиқчиларга қарата “Хўтик бирлан кучукни қанчалар қилма тарбият¸ ит бўлур эшшак бўлур бўлмаслар асло одамиий” деганида¸ бозордагилар хандон отиб кулди.

Раҳматжон ака бора-бора монологни замонга мослаб айтиш ҳадисини олди.

Бир-икки тўйда монолог айтган эди¸ одамлар тарафидан яхши қаршиланди. Раҳматжон монолог айтаëтган пайтда ҳофизлар тин олиб тушган пулларни тор ғилофига солишар¸ раққосалар эса кўйлак алмаштириб олишарди.

Ўртага тушган пулдан бир-икки сўм Раҳматжон акага ҳам тегадиган бўлди. Боз устига тўйда қорин ҳам тўяди¸икки кулча¸ қанд қурс қийиқчага тугилиб қўлтиққа ҳам урилади.

Хуллас¸ эски-туски бозорининг касодини шоу бизнес ямаб кетадиган бўлди.

Шанба куни эрталабки изғиринда бозорда турган Раҳматжон ака кўнглини кечқурунги тўй умиди илитар эди. Камазчи Аминбой ака икки ўғлини бирданига уйлаëтган эди.

Болалар коляскасига жо бўлган эски-туски темир терсакларга харидор ҳам йўқ эди. Битта наркоман бола келиб насияга паялник сўради. Раҳматжон ака бу болани қувиб солди. Вақт пешиндан ошди. Сотилган нарса йўқ. Тўйга етишиб борай¸ деган Раҳматжон ака аравани уй тарафига қараб итарди.

Тўй бўлаëтган жойни топиш қийин эмас. Карнайдан чиқаëтган бир¸ бир¸ бир¸¸ деган овоз тарафга қараб юрсангиз ҳеч янглишмайсиз. Тўйни маҳалла оқсоқоли очиб бериб микрофонни йилтироқ камзил кийган ҳезмижоз ўртакашга узатди.

“Жаҳоннинг шодлиги йиғилса буткул¸ Дўстлар суҳбатидан бўлолмас устун.”

Ўртакаш тилидан мингинчи бора янграëтган Рудакийнинг бу сўзларидан кейин сўз олган зампрокурор ëшларга бахт тилаб юртбоши тахтига кўз тикаëтган номаълум террорчиларнинг гўрига ғиштлар қалади..

Кейин заправкачи Шокир бир нарса деб ғудранган бўлди. Суд ижрочиси¸ райстат бошлиғи табрикларидан кейин микрофон Раҳматжон ака қўлига тегди.

Кўк изолента билаан ўраб ташланган кумушранг микрофонни қўлига олган Раҳматжон ака:

“Мозорим устида очиб гул ғунчалар қилганда ханда “ дейиши биланоқ ўртага жимлик чўкди.

Давранинг xос бурчагида ҳурматли меҳмонлар қаторида ўтирган вилоят замҳокими Эшбўтаев бу жимликдан ҳушëр тортиб монолог ўқиëтган кишига тикилди.

“Сиз ва биз кўра олмаган баxтли ва адолатли ¸тўқ ¸фаровон кунлар, албатта, авлодларимизга насиб қилажак”.

Эшбўтаевнинг ëнида ўтирган облкултура бошлиғи тушунтириш берди. “Навоий монологи бу. Алим Хаджаевич ўйнаганлар“.

- Да? - савол аломати билан қаради Эшбўтаев.

Облкултурани каттаси ўзининг театр соҳасидаги билимини бошлиқлар олдида намойиш қилиш мавриди келганини англади. “Алим Хаджаевич Ҳамза театрида партком эдилар раҳматлик. Қани ўша кишининг хотираси учун юзта олдик. “

Қадаҳлардаги арақ бошлиқлар ошқозонидан ўрин олгач миядаги хавотирлар ҳам юрт ташқарисига бадарға бўлди.Одатда камгап Эшбўтаевнинг жағи очилди.

“Қирғизистонда Алишер деган бир тирранча журналистни ўлдириб кетишибди. Тили бошига етди бу энағарни.”

“ Мавлоно Хондамир¸ олтин қаламингуз бирлан авлоддан авлодга етгувчи тарих саҳифаларига рақам қилингкум ¸Алишер мирзонинг ўлими¸ зулм хонадони бошқараëтган исқирт салтанатнинг инқирозидан даракдур”.

Эшбўтаевнинг яна кайфи қочди. “Буни лицензияси борми ўзи¸репертуари тасдиқланганми. Бунақа политичиский гапларни айтиш учун разрешенияси борми?”

Облкултура раҳбари елкасини қисди.

Раҳматжон ака эса дунëни унутиб наъра тортар эди.

“Сиз Қуръонга қўл қўйиб қасам ичиб бу қасамга хиëнат қилдингуз. Халқимизни очлик ва ғам дарëсига улоқтирдингиз. Халқимиз орасига нифоқ уруғини сочдингиз. Асл ўғлонларимизни зиндонбанд қилдингиз. Одамларга нон ўрнига тош бердингиз¸ балиқ ўрнига илон тутқаздингиз. Халқ очликдан қийналаëтган бир пайтда мулозимларингиз мешдай семирмоқда. Мамлакатда порахўрлик авж олди. Эътироз билдирганларни тилини суғурдингиз.”

Эшбўтаев бу гапларни эшитиб кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Шу пайт унинг қўлидаги телефон жиринглаади. “Да. Ест. Конечно. Сайлов арафасида ғиринг этган овоз чиқишига йўл қўймаймиз.Ест. А как же? “

Телефонда гаплашаëтган Эшбўтаев қўли билан шофëри Маратга имо қилди. “ Ўчир анавини овозини“¸ деди Эшбўтаев.
Марат ўқдай учиб бориб Раҳматжон қўлидан микрофонни тортиб олишга уринди.

“Сиз атрофингиздаги оқил одамларни мамлакатдан қувдингиз. Миллат ва мамлакатни жар ëқасига олиб бордингиз. Сиз....”

Раҳматжон аканинг лунжига келиб тушган Маратнинг мушти монологга нуқта қўйди.

“Заткнис. Тоже мне Наваий”

Кисавурлик қилиб қўлга тушиб Навоийдаги қамоқхонада уч йил жазо ўтаган Марат Навоий деган сўздан нафратланар эди.

Оғзи бурнидан қон оқаëтган Раҳматжон акани тўйхонадан чиқариб юборишди. Тўй эгаси Амин ака узр сўрагандай бўлиб Раҳматжон аканинг қўлига елим халта тутқазди. Халтада тўртта сомса¸битта арақ бор эди. Лунжидаги қонни қўлрўмол билан артаëтган Раҳматжон акага Амин аканинг раҳми келди. Чўнтагини кавлаб озроқ пул чиқарди. “Хафа бўлманг ака. Ҳозир вазият чатоқ . Ортиқча гапириб бўлмайди.”

Раҳматжон ака елим халтани қўлтиғига қисиб пулни чўнтагига солди. Иштонини ҳўл қилган боладай ийманиб тўй эгасига жилмайиб қараб қараб аста тўйхонадан узоқлашди.

Бу вақтга келиб тўйхонада шоқол базми бошлангаан эди. Ичиб олган ëшу қари эркаку аëл ваҳший бир тарзда рақсга тушар¸ улар устида пуллар чирпирак каби учарди.

Ярим яланғоч ашулачи қиз мирофонни олиб қўшиқ куйларди.

“Агар сизнинг кўнглингизни ололмасам¸ аразингиз очилмайди¸ аразингиз.”

Қишлоқнинг ой ëруғи тушган ëлғизоëқ йўлида дайди итдай боши эгик кетаëтган Раҳматжон ака Навоий монологининг сўнгги сатрларини айтарди.

“Мен умримга сира ачинмаймен¸ аммо зое кетган панду насиҳатларимга ачинадурмен. Мен энди халқимнинг миллатимнинг орасига кетдим..”

Раҳматжон ака бу гапларни деярли шивирлаб айтди ва атрофга хавотир билан қараб қўйди.

Атрофда эса ҳеч ким йўқ эди.
XS
SM
MD
LG