Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:25

Ўзбек амалдорлари ҳалолроқ бўлиши лозим


Халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон коррупция масаласида "ёмонларнинг ёмони", дея таснифланади.
Халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон коррупция масаласида "ёмонларнинг ёмони", дея таснифланади.

Ўзбекистон ўз қонунларини халқаро стандартларга мослаш ва давлат идоралари ҳалоллигини ошириш орқали коррупцияга қарши курашни жадаллаштириши керак. Маркази Парижда жойлашган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳафта бошида эълон қилган ҳисобот хулосалари шундай.

Собиқ иттифоқ республикаларида коррупцияга қарши курашга доир лойиҳа амалга ошираётган ташкилот ҳиоботига илова қилинган баёнотда “Коррупцияга қарши Истамбул ҳаракат плани” номли ташаббусга қўшилган давлат сифатида Ўзбекистон сиёсий ирода намойиш этиши лозимлиги урғуланади.

Ҳисоботда Ўзбекистон коррупция муаммосини ҳал этиш учун туб ислоҳотлар амалга ошириш, жумладан жиноят кодексини БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига мослаштириш, давлат расмийлари ҳаллолиги ва масълуиятини ошириш, коррупцияга қарши кураш натижаларини жамоатчиликка ошкор қилиш, давлат амалдорларидан ўз даромадларини ошкор этишни талаб қилиш каби чораларни тадбиқ қилиш тавсия қилинади.

ИҲТТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари лойиҳаси раҳбари Инеса Гаика Озодлик билан суҳбатда бу тавсиялар анча некбин бўлсада, Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўпроқ сиёсий ирода кўрсатилса уларни амалга ошириб бўлади, дейди.

- Ўзбекистон бундан бир неча йил аввал БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясини қабул қилди ва бу мазкур муаммони ҳал этишга сиёсий ирода ва қизиқиш борлигидан далолатдир. Ундан кейин бу соҳада миллий стратегияни ишлаб чиқиш бўйича муайан уринишлар бўлди. Лекин бу каби ислоҳотлар вақт талаб қилади ва изчил давом эттирилиши лозим. Ҳамма гап Ўзбекистон бу ислоҳотларни қанчалик тез амалга ошириш истагида эканида. Ҳаммаси уларнинг ўзигагина боғлиқ бўлади. Биз бу борада халқаро меъёрлардан келиб чиқиб, тавсия бера оламиз холос, дейди ИҲТТ вакили.

Ўзбекистонда коррупция даражаси систематик тус олганини айтиб келади мутахассислар. Турли халқаро ташкилотлар ва ғарб матбуоти ишлаб чиққан рейтингларда Ўзбекистон дуёнинг энг коррупциялашган мамлакатлари ўнлигига киритилган.

ИҲТТ амалга ошираётган “Коррупцияга қарши Истамбул ҳаракат плани” номли ташаббусдан ташқари, ўтган ой Европа Иттифоқи Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш бўйича қиймати 10 миллион ерврога тенг дастурни бошлади.

Бундай халқаро лойҳалар эса, кўпчилик таҳлилчилар фикрича, қандайдир натижаларни келтирасада, Ўзбекистон каби мамлакатларда коррупцияга оид асл вазиятни хас-пўслашига ҳисса қўшади.

ИҲТТ вакили Инеса Гаика бу каби фикрларни қўллаб қувватламайди.

- Бу масала тез-тез кўтарилади. Лекин бу лойиҳа қандай амалга оширилиб, унинг натижалари жамоатчиликка қандай етказилишига боғлиқ. Бу соҳада жуда кўп иш қилинди. Албатта, биз йирик ислоҳотлар амалга оширилиб, улкан ютуқларга эришилди, деган иддаолардан йроқмиз, лекин қандайдир ишлар қилинмоқда. Лекин сиз кўтарган муаммо ҳам йўқ эмас, шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ўзи амалга ошираётган ишлар ва режалар ҳақида жамоатчиликка кўпроқ маълумот берса, фойдадан ҳоли бўлмасди, менимча, дейди ИҲТТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари лойиҳаси раҳбари Инеса Гаика.

Ўзбекистонда коррупция даражаси йил сайин ошиб бораётгани айтилади. Жаҳон бўйлаб коррупция муаммосини ўрганадиган Transparency International халқаро ташкилоти ўзининг 2011 йилги Коррупция даражасига оид ҳисоботига илова қилган рейтингида Ўзбекистонни 182 давлат ичида 178 ўринга қўйди.

Халқаро мутахассислар фикрича, кейинги бир йил ичида Ўзбекистонда коррупция муаммоси, айниқса, сиёсат ва жамоат секторларида чуқур илдиз отишда давом этган.

АҚШда чиқадиган Thedailybeast.com нашри ҳам яқинда эълон қилган дуёнинг энг коррупциялашган 20 давлати рейтингида Ўзбекистонни рўйхатнинг энг остига қўйди.
XS
SM
MD
LG