Ўзбекистон хабарлари
Рамазон ойи бошланди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 17 июл куни "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди.
Дин ишлари қўмитаси маълумотига кўра, мазкур қарорга асосан масжидлар, мақбаралар ва қабристонлар атрофи тозаланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилган.
20 июл Рамазон ойининг биринчи куни ҳисобланргани учун Ўзбекистондаги 2037 масжидда тарових намозини ўқиш 19 июлда бошланди.
Дин ишлари қўмитаси рамазон ойида мамлакатдаги 733 масжидда Ҳатми Қуръон қилинишини билдирди.
Кун янгиликлари
Олмаотадаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги хостеллардан бирида юз берган ёнғинда ҳалок бўлган 13 киши орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда “Газета.uz” Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар берди. Айни пайтда ТИВ расмий сайтида бу борада ҳозирча маълумот берилмади.
Хабарда айтилишича, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар 23 ёшда бўлган йигитлардир.
“Ҳозирда мамлакатнинг Олмаотадаги бош консуллиги шаҳар ҳокимлиги ва тегишли идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. ТИВ ҳалок бўлганларнинг яқинларига уларнинг жасадларини ватанга етказишда ҳар томонлама ёрдам беришини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Озодлик радиоси Олмаотада 30 ноябрь куни эрталаб юз берган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.
Хостел уч қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олмаота бошқармаси ёнғин чиққан пайтда хостелда 72 киши бўлганини билдирди. Улардан 59 нафари ёнаётган бинодан чиқишга улгурган. Қолганлар эса ис газидан заҳарланиб, ташқарига чиқишга улгурмаган.
Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрда ўтган видеоселектор йиғилишида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишга кўрсатма берди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бунга сув манбаларининг йил сайин камайиб бораётгани сабаб бўлди.
Президент йиғилишда сув ресурсларининг фақат 20 фоизи Ўзбекистонда, қолгани эса қўшни давлатларда шаклланишига эътибор қаратди. Унга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши прогноз қилинмоқда.
Мирзиёевнинг айтишича, сув танқислигига қарамай, сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Президент Ўзбекистондаги жами сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланишини, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув ишлатилаётгани, иқлими ва ери Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув сарфланаётганини алоҳида таъкидлади.
“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам”, дейилади расмий хабарда.
Президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Унга кўра, бунинг учун канал ва ариқларни бетонлаш муҳим вазифадир.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 миллиард доллар даромадни бой бермоқда.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.
Мирзиёев БМТнинг иқлим ўзгариши анжуманида иштирок этиш учун Дубайга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
БМтнинг иқлим бўйича глобал саммитда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашади.
Тадбир кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидаларини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, “яшил” тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суришда кенг ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Мирзиёев саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ўзбекистон иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда эса Париж битими иштирокчиси бўлди.
Ўзбекистон дори ва электротехника ишлаб чиқаришга 700 миллион доллар йўналтирмоқчи

Ўзбекистонда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотлар улуши бор-йўғи 18 фоизни ташкил қилади, эҳтиёжнинг қолган қисми эса импорт ҳисобидан қопланаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 28 ноябрда ўтган йиғилишда маълум қилди.
Мирзиёевнинг айтишича, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган. Лекин бу аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қопламаяпти.
Шундан келиб чиққан ҳолда, президент энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказишга кўрсатма берди. Бунинг учун 600 миллион доллар йўналтирилади.
Хабарда айтилишича, йиғилишда мутасаддилар 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берган.
Йиғилишда электротехника саноатига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Президентга кўра, бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон йилига 800 миллион долларлик электротехника товарларини импорт қилмоқда.
Мирзиёевга кўра, электротехника саноатини ривожлантириш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарур.
“Келгуси йилга мўлжалланган 2 миллиард долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади”,-дейилади расмий хабарда.
Соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.
“Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди. Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025 йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
“Росатом”: Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолашга тайёрланмоқда

Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолашга тайёрланмоқда, деб хабар берди ТАСС “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвга таянган ҳолда.
“2019 йилда, бизнинг тушунишимиз бўйича, асосий қарорларни қабул қилдик. <…> Пандемия кўп жараёнларни тўхтатиб қўйди, лекин мен ўзбек лойиҳасини тўхтатиб қўйилган лойиҳа деб айта олмайман. <…> АЭС қурилиши юзасидан шартнома устида ишлаш якуний паллага етиб келди”,-деди Лихачёв.
Унга кўра, “Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига АЭСнинг кичик қувватли энергоблоклари ва мутахассисларни тайёрлаш юзасидан қўшимча таклифлар ҳам киритилган.
“Шартнома бўйича иш интенсив равишда давом этмоқда. Ўйлайманки, яқин орада шартномани имзолаш арафасида турибмиз”,-деди Лихачёв.
Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашини билдирган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани ҳам хабар қилинган эди.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.
Ўтган йил июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.
2022 йил декабрь ойда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонда АЭС қуриш билан боғлиқ келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини айтган.
35 ёшли аёл ноқонуний пиротехника савдосида айбланиб учинчи марта маҳкамага тортилди

Фарғона вилоятида туғилган ва Тошкент вилоятида яшаб келган 35 ёшли С.М. исмли аёл пиротехника буюмларининг ноқонуний олди-сотдиси бўйича хавфли рецидивист деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди жорий йил 17 ноябрь куни чиқарган ҳукмга мувофиқ, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2501-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятда (хавфли рецидивист томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда келгусида ўтказиш мақсадида сақлаш ва ташиш) айбланган ва унга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Тергов ҳужжатларига кўра, фуқаро С.М. умумий қиймати 13,6 млн сўм бўлган 102 дона “7SHOTS” номли пиротехника буюмларини Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги уйида қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Пиротехника воситаларини бошқа шахсга сотиш мақсадида “Нексия-3” русумли машинасида Тошкентга олиб келаётганда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида қўлга олинган.
Аниқланишича, С.М. 2022 йил май ва 2023 йил март ойларида ҳам Жиноят кодексининг айнан 2501-моддаси бўйича маҳкамага тортилган.
ИИВнинг портлаш техника экспертизаси хулосасида қайд этилишича, судланувчи сотишга уринган пиротехника воситалари Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, хавфлилик даражасига кўра IV тоифага мансубдир.
Суд ҳукмида ашёвий далил тариқасида олинган пиротехника буюмларини йўқ қилиш уқтирилган.
Ўзбекистонда ҳар йили Янги йил байрами арафасида пиротехника буюмларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайгани кузатилади.
Расмий статистикага қараганда, мамлакат божхона органлари жорий йилнинг 11 ойи мобайнида 67 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, 1 млрд 55 млн сўмлик 830 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйган.
Жиззахда ОИТСни тарқатишда айбланган эркак 5 йилга қамалди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 35 ёшли эркак Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасида (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) белгиланган ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилди.
Озодлик тасарруфидаги суд ҳукмига кўра, мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди ёпиқ мажлисида судья А.Норбеков раислигида кўриб чиқилган.
2018 йилдан буён Жиззах вилояти ОИТСга қарши курашиш диспансерида назоратда турган фуқаро С.Ҳ. бошқа шахсларни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирмаслик тўғрисида расман огоҳлантирилган. Аммо у касаллигини яширган ҳолда Ғаллаорол туманида яшовчи, 21 ёшли З.Ж. билан жинсий алоқа қилиб, аёлни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдирган.
Тергов ҳужжатларида С.Ҳ., шунингдек, З.Ж.нинг шахсий сирини ташкил этувчи маълумотларни ғаразли мақсадда ижтимоий тармоқларда тарқатгани ва уни фуқаролар орасида шарманда қилгани қайд этилган.
Аниқланишича, оилали ва икки фарзанднинг отаси бўлган С.Ҳ. биринчи гуруҳ ногирони саналади.
Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судининг 2023 йил 1 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, фуқаро С.Ҳ.га ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон қонунчилигида шахс ўзида ОИТС инфекцияси борлигини била туриб ўзга шахсга касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.
2021 йилда 40 нафарга яқин эркакка ОИТС юқтиришда айбланган бухоролик аёл 6,5 йилга қамалган эди.
Республика ОИТСга қарши курашиш маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 48658 киши одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан яшамоқда. Сўнгги 10 ойлик таҳлиллар ушбу инфекция 77 фоиз ҳолатда жинсий алоқа, 10,6 фоиз парентерал ва 0,2 фоиз вертикал йўллар билан юққанини кўрсатган.
Метронинг “Қўйлиқ” бекатида эркак ўз жонига қасд қилди

Тошкент метрополитенининг “Қўйлиқ” бекатида 28 ноябрь соат 14:58 да номаълум эркак ўзини ҳаракатланиб келаётган поезд тагига ташлади.
Метрополитен матбуот котиби Тўйчи Мирзаев дастлабки маълумотларга қараганда, “барча ходимлар эркакнинг ўлганини тасдиқлаётгани” ҳақида билдирди. Унга кўра, “ҳозирча суриштирув ишлари якунланмаган”.
Бундан олдинроқ Метрополитен матбуот хизмати “Қўйлиқ” бекатида номаълум эркак ўзини поезд остига ташлагани ортидан “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг бир томон қисми вақтинча ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.
Матбуот хизмати дастлабки суриштирув ишлари якунлангач, қўшимча маълумот берилишини билдирган.
ОАВ: Тошкентда ўқувчининг ўлимига ток ургани сабаб бўлган. Аввалроқ расмийлар буни рад этганди

Суд тиббий экспертизаси Тошкент шаҳридаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берди. Бу ҳақда Бош прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда “Газета.uz”, Kun.uz ва “Дарё” 28 ноябрда хабар берди.
Мазкур хабар чоп этилган пайтда Бош прокуратура сайтида, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу борада маълумот берилмаган.
Хабарларда айтилишича, суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши натижасида юз берган. Экспертиза ўқувчининг “чап қўли кафт соҳасида электр токи уриши излари борлигини ҳам аниқланган”.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.
Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.
Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.
“Газета.uz”нинг ёзишича: “кейинроқ бошқарма ўз хабарини таҳрирлади ва боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани айтилган қисмини олиб ташлади”.
Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда очиқ эълон қилинадиган маълумотлар рўйхати кенгайтирилди

Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан очиқ эълон қилиниши шарт бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилди.
Фармонга асосан, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб ҳудудлар кесимида Ҳажга бориш учун навбатда турганларнинг ягона онлайн навбати, болаларни давлат болалар боғчаларига навбати ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар сифатида тан олинади.
Бундан ташқари давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби, марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ элон қилиниши шарт.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқ эълон қилинадиган маълумотлар рўйхатига киритилади.
“Антиструмин” жанжали ортидан уч аёл врач қамоққа олинди. Врачлар ассоциацияси норозилик билдирди

Ўзбекистонда “Антиструмин” препарати болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлгани ортидан уч нафар шифокор аёл қўлга олинди.
Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 7 ва 16 ноябрь кунларидаги ажримлари билан гумон қилинувчилар Н. А., Ф. Х., ва Х. Г., га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур эҳтиёт чорасини қўллашни бош прокурор ўринбосари илтимос қилган.
Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бунга норозилик билдириб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди. Мурожаатда қамоққа олинган врач аёлларга енгилроқ эҳтиёт чораси қўллаш илтимос қилинган.
Врачлар ассоциациясига кўра, қўлга олинган шифокорларнинг барчаси фан доктори илмий унвонига эга бўлган олималардир. Мурожаатда мустақил юристлар бу уч аёлнинг 167-моддаси билан айбланиши тўғрилигига шубҳа билдиргани таъкидланади.
Мазкур хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура ҳам бу масалада расмий баёнот тарқатди. Бош прокуратура “тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилаётгани”ни таъкидлаган ҳолда, “тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка” чақирган.
20 сентябрда Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” препарати берила бошланган эди. 21 сентябрда Наманган вилоятининг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги орадан икки ой ўтгачгина болалар йод препаратидан заҳарланганини расман тан олди.
Краснодарда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Краснодар шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида оммавий муштлашув содир этилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.
Агентликнинг билдиришича, муштлашув 25 ноябрда Краснодар шаҳридаги “Точно” корхонасининг қурилиш объектда содир бўлган. Корхонага тегишли қурилиш кранидан фойдаланиш масаласида ўзаро келишмовчилик оқибатида 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир ўртасида жанжал келиб чиққан.
“Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия ваколатхонаси ходимлари томонидан корхона раҳбарияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда томонларни ўзаро келиштирган ҳолда жавобгарликка тортмасдан ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади билдирувда.
Россияда ўзбек меҳнат муҳожирлари иштирокида оммавий жанжаллар бундан авваллари ҳам юз бериб турган. Масалан, 2019 йилда Москвада, 2021 йилда эса Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар иштирокида оммавий муштлашувлар содир этилгани қайд этилган.
Тошкентда Jah Khalib концертига сохта билетлар сотилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкентда қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига сохта билетлар сотилгани аниқланди ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, сохта билет сотганлар Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбланмоқда.
Аввалроқ Humo Arena мажмуасида Jah Khalib концертига кириш пайтида тартибсизликлар юз бергани ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
Тартибсизлик иштирокчиларини тарқатиш учун Миллий гвардия жалб қилинган. Айрим Telegram каналларда тартибсизликлар пайтида бир неча киши ўлгани тўғрисида ҳам маълумотлар берилганди. Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ бу маълумотларни тасдиқламади ва одамлар ўлганини рад этди.
Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси эса тартибсизликларга концертга сохта электрон билетлар сотилгани сабаб бўлганини билдирган.
Расмий маълумотда айтилишича, концертга 10 мингдан ортиқ электрон чипта сотилган. Концертга келганларнинг чипталари iTicket ходимлари томонидан QR-коди орқали текширилган. Концертга келган мингдан ортиқ фуқароларнинг билетлари сохта бўлгани учун ташқарида қолиб кетган ва улар тартибсизликларни келтириб чиқарган.
Мухолифатдаги "Эрк" партияси бош котиби босим ва тазйиқлар туфайли истеъфога чиққани билдирилди

Мухолифатдаги Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси бош котиби вазифасини бажариб келаётган Бахтиёр Исабек истеъфога кетди. Бу ҳақда "Эрк" партияси 26 ноябрь куни тарқатилган баёнотда билдирилган.
Баёнотда аввалги бош котиб – профессор Отаназар Орипов “оилавий машаққатлар ва соғлиги ёмонлашгани сабабли” ваколатларини топширгани ортидан бу вазифа партия фаоли Бахтиёр Исабекка топширилгани, аммо “Мирзиёев режими” унга нисбатан ҳам тазйиқ-таъқиб давом эттиргани, натижада босим ва тазйиқларга дош беролмаган Бахтиёр Исабек бир ҳафта муқаддам касалхонага тушгани урғуланган.
Айни пайтда таниқли тилшунос олим Бахтиёр Исабекнинг партия сафидан чиқмаслигини билдиргани ҳам қўшимча қилинган.
“Эрк” партияси 1991 йил сентябрида Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган илк мухолиф партия ҳисобланади. 1991 йили муқобиллик асосида ўтган биринчи ва охирги президент сайловида Ислом Каримовга рақиб бўлган "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳ расман 12 фоиздан кўпроқ овоз олган. Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини айтади.
Каримов бошқаруви даврида сиёсий саҳнада четлатилган "Эрк" партияси мамлакат ичкариси ва ташқарисида таъқиб қилинган, бироқ “Эрк” фаолларига кўра, партияни ëпиш ëки фаолиятини тугатиш ҳақида суд қарори ë-да бошқа расмий ҳужжат мавжуд эмас. “Эрк” партияси 2019 йилда партия фаолиятини давом эттириш масаласи юзасидан Ўзбекистон Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди.
2020 йил январида ўша пайтдаги адлия вазири Русланбек Давлетов партиянинг бир гуруҳ тарафдорини қабул қилган. Учрашув пайтида вазир уларга: “Бундай партия тарихда қолди, унутинглар” деган ҳамда “1991 йилги ҳужжат ўз кучини йўқотган”ини қайд этган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистонда мухолифатга йўл берилиши ҳақида гапирган эди.
Тошкентдаги ёшлар билан учрашув чоғида у “Мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?” дея риторик савол қўйган.
"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак", деган президент Мирзиёев.
Ўзбекистон президентининг бу гаплари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонда 22 декабрдаги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимдаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани айтганидан сўнг янграган.
Ўша пайтда Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилганди.
Президентнинг “шу ернинг нонини еб, сувини ичган” мухолифат зарурлиги ҳақидаги гапидан икки ҳафта ўтгач, Адлия вазири “Эрк” партияси гуруҳини қабул қилган. Ундан олдин мухолифатдаги “Бирлик” партияси вакиллари ҳам Адлия вазирлиги бошқарма бошлиқлари томонидан қабул қилинган эди.
"Бирлик" партияси Марказий кенгаши аъзоси Анвар Усмонов ўша пайтда Озодликка "охирги марта 2019 йилнинг декабрида "Бирлик" вакиллари аризасини Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи олиб қолган"ини айтган.
Ўзбекистон ва Қозоғистонни боғловчи янги темир йўл линияси қурилиши бошланди

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон чегарасигача узунлиги 152 километр бўлган Дарбаза – Мақтаарал янги темир йўл линияси қурилиши бошланди. Бу ҳақида Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур лойиҳа қурилиши якунланганидан сўнг юкларни мавжуд Сариагаш–Тошкент темир йўл участкасидан янги линияга йўналтириш ва Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташиш ҳажмини ошириш имконияти пайдо бўлади.
Темир йўл қурилиши икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Сирдарё станциясигача бўлган масофада Ердаут – Мақтаарал линиясини қурилади. Иккинчи босқичда эса Ўзбекистон давлат чегараси яқинида Жетисай филиали фойдаланишга топширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун 19,7 минг тонна релс, шунингдек, 280 минг дона темир-бетон шпал ва релсли маҳкамлагичлар харид қилиш режалаштирилган.
Расман билдирилишича, йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир.
Янги темир йўл линиясининг қурилиши ортидан 3400 иш ўрни яратилади. Лойиҳада Қозоғистон таркибининг улуши 85 фоизни ташкил этади.
Таъкидланишича, Афғонистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга кетаётган юклар бу йўналиш бўйлаб тезроқ ҳаракатланади. Шунингдек, Сариагаш -Тошкент темир йўл участкасидаги тирбандлик бартараф этилади.