Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2024, Тошкент вақти: 02:29

Халқаро хабарлар

Суриянинг Алеппо университетида портлаш рўй берди

Сурия шимолида жойлашган Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги университетда портлаш рўй берди.

Сурия давлат телевидениеси сешанба кунги портлаш учун “террорчилар”ни айблади.

Расмийлар "террорчи" деганда одатда ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчиларни назарда тутади.

Ҳужум оқибатида қанча талафот кўрилгани ҳақида ҳукумат дарҳол маълумот тарқатмади.

Бироқ қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти портлаш оқибатида 15 киши ўлгани, ўнлаб одам жароҳат олганини билдирди.

Хабарларга кўра, Алеппо университети Сурия армияси назоратида бўлган ҳудудда жойлашган.

Кун янгиликлари

Мексикадаги президент сайловида илк бор аёл номзод ғалаба қозонди

Мексикадаги президент сайлови ғолибаси Клаудия Шейнбаум (ўртада)
Мексикадаги президент сайлови ғолибаси Клаудия Шейнбаум (ўртада)

Мексикада бўлиб ўтган президент сайловида сайловчиларнинг энг кўп овозини Клаудия Шейнбаум жамғаришга муваффақ бўлган. У мамлакат тарихида илк аёл президент бўлиши кутилмоқда.

Мехико мэри ва ҳукмрон партия вакиласи бўлган 61 ёшли Клаудия Шейнбаум, Мексика Миллий сайлов институти маълумотига кўра, 57,28 фоиз овоз билан сайлов пойгасининг пешқадамига айланган.

Шейнбаум сайловчиларнинг 30,06 фоизи овозини йиғолган собиқ сенатор ва “Куч ва юрагимиз Мексика учун” мухолифат коалицияси номзоди Ксочитль Гальвесни ортда қолдирган.

Учинчи ўринда 10,3 фоиз овоз тўплаган Хорхе Альварес Майнес бормоқда.

Сайловнинг расмий натижалари 3 июнь оқшомида эълон қилиниши кутилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирнинг ўзида Мексиканинг амалдаги президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор Мексика мустақил бўлганидан буён ўтган 200 йил ичида илк бор давлат раҳбари лавозимини аёл киши эгаллашини эътироф этган.

CNN телеканали буни “ўзининг патриархал маданияти билан танилган мамлакат учун улкан ютуқ” деб атаган.

Қозоғистон “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқарди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Қозоғистон “Толибон” режимини террорчилар рўйхатидан чиқарган. Бу ҳақда маълум қилган президент Қасим-Жомарт Тоқаев бу иш толиблар назорати остидаги Афғонистон ҳукумати билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун амалга оширилганини блилдирган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” Қозоғистон Олий судининг 2005 йил 15 мартидаги қарори билан террор ташкилоти деб топилган ҳамда мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланган эди.

Оқўрда матбуот хизматига кўра, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши мажлиси иштирокчилари билан 3 июнь куни Олмаотада бўлиб ўтган учрашувда Афғонистондаги вазиятга тўхталган. Тоқаевга кўра, ҳозирда стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб қилиш бўлиш ҳисобланади.

Замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканини англашдан келиб чиққан ҳолда, Қозоғистон толиблар режимини террор рўйхатидан чиқариб ташлади”, дея билдирган Тоқаев.

У Олмаота шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш бўйича БМТнинг минтақавий марказини барпо қилиш бўйича Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган.

1996–2001 йиллар мобайнида Афғонистон назорат қилиб келган “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида яна Кобулни эгаллаб, ҳокимият жиловини қўлга киритган эди. Кейинроқ қозоғистонлик мулозимлар толиблар билан алоқа ўрнатишган.

“Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариш нияти борлиги ҳақида Қозоғистон расмийлари ўтган йил декабрида эълон қилишган.

Учинчи июнь ҳолатига кўра, “Толибон” ҳали ҳам Қозоғистон ҳукумати сайтида ёйинланмиш тақиқланган ташкилотлар рўйхатида турибди.

Грузия парламенти раиси баҳсли қонун лойиҳасини имзолади

Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили
Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили

Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили танқидчилар Россиянинг хорижий агентларга оид қонуни нусхаси деб ҳисобловчи “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда у 3 июнь куни Тбилисида ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.

Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасига қарши овоз берган, мухолифат тарафдорлари эса норозилик акциялари уюштиришган. Ҳужжат Ғарб мамлакатлари томонидан кескин танқид қилинган. Ҳужжатга мамлакат президенти Саломе Зурабишвили томонидан вето қўйилган, у қонунни имзолашдан бош тортган. Бироқ “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси парламентдаги етарли овоз билан президент ветосини айланиб ўтишга муваффақ бўлган.

Янги қонунга мувофиқ, шу йил августиданоқ 2023 йил маълумотларига кўра даромадининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан олган оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари хорижий кучлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўлароқ рўйхатдан ўтишни бошлашлари лозим. Бу талаб Грузияда асосан ғарб жамғармалари билан бирга ишлайдиган онлайн-нашрлар ва НҲТларнинг аксариятига дахлдор бўлади, дея қайд этган “Эхо Кавказа”.

Муаллифлар ҳужжатда репрессив чоралар йўқлиги ва нотижорий сектордаги ташкилотлар шаффофлигини оширишга мўлжалланганини таъкидлашмоқда. Улар қонун Россиянинг эмас, АҚШ қонунчилиги меъёрларига ўхшашлигини иддао қилишяпти.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан Қўшма Штатлар ва Грузия ўртасидаги алоқалар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган. Ҳужжат имзоланганидан кейин Европа Иттифоқи мамлакатларининг қатор вакиллари Грузиядан ЕИга аъзоликка номзод мамлакат мақомини қайтариб олиш ҳамда Тбилиси билан визасиз тартибни бекор қилишга чақиришган.

АҚШ: Оҳайодаги отишмада бир киши қурбон бўлди, 24 киши яраланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШнинг Оҳайо штатида 2 июнга ўтар кечаси содир бўлган отишмада бир киши ҳалок бўлган, камида 24 киши жароҳат олган.

Отишма тун ярмидан оғганда Акрон шаҳрида содир бўлган. Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, воқеа жойида ўқотар қурол ва ўнлаб гильза топилган.

Акрон полицияси маълумотига кўра, жароҳат олганлардан кўпчилигининг яраси ҳаёт учун хавфли эмас, қолган бир неча кишининг эса “аҳволи жиддийроқ”.

Ҳуқуқ-тартиботчилар отишма сабаблари ҳамда ҳужумчи ёки ҳужумчилар шахси ҳақида ҳали оғиз очганлари йўқ. Ҳодиса ортидан бирор киши қўлга олингани ҳақида ҳам маълум эмас.

Қўшма Штатларда ўқотар қурол устидан назоратни кучайтириш ҳақида баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатда отишлар натижасида қирққа яқин одам нобуд бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден мунтазам равишда бунга оид қонунчиликни “оқилона” ислоҳ қилишга чақириб келади. Бу чақириққа америкаликлар ўзини ўзи мудофаа қилишга ҳақли эканини урғулаётган Миллий мерганлик ассоциацияси қатъиян қарши чиқиб келмоқда.

Россия ва Украина сўнгги 4 ой ичида илк бор асир алмашди

Архив сурати
Архив сурати

Россия Мудофаа вазирлиги февраль ойи бошидан буён биринчи марта Украина билан асир алмашилганини маълум қилди. Алмашув ортидан Россияга 75 нафар ҳарбий қайтган, Украинага ҳам 75 нафар ҳарбий асир топширилган.

Вазирлик қайдича, алмашувга Бирлашган Араб Амирликлари воситачилик қилган.

Икки мамлакат ўртасида 75 га 75 формуласи бўйича асир алмашилганини кейинроқ Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам тасдиқлаган.

Айни пайтда Россия билан Украина ўртасида ўзаро жасадлар ҳам алмашилган. Россия Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиевнинг РБК нашрига маълум қилишича, Украина Россияга 45 жасадни топширган.

Украина ҳарбий асирлар билан муносабат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штаби вакиллари жангларда ҳалок бўлган 212 нафар украиналик ҳарбийнинг жасади ватанига қайтарилганини билдиришган. Улар Донецк, Запорожье, Луганск ва Харьков йўналишларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган ҳарбийлар бўлган.

Россия билан Украина ўртасида сўнгги бор ҳарбийлар жасадини алмаштириш 26 апрель куни бўлиб ўтганди. Ўшанда Россия томонига 36 та, Украина томонига эса 140 та жасад топширилган, дея хабар қилган “”Коммерсантъ” нашри.

Алсу Курмашеванинг ҳибс муддати 5 августгача узайтирилди

Алсу Курмашева
Алсу Курмашева

Қозондаги Совет тумани суди Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашеванинг ҳибс муддатини 2024 йил 5 августигача узайтириш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг Idel.Реалии лойиҳаси хабар қилди.

Алсу Курмашева 228 кундан буён тергов ҳибсхонасида қолмоқда.

Суд мажлисига Австралия ва Чехия элчихоналари вакиллари келишган. Маҳкама терговчи илтимосига кўра ёпиқ тартибда ўтказилган. Журналистлар ва элчихона ходимлари суд залига судья маслаҳат хонасига чиқиб кетганидан кейингина киритилган.

Суд қарори эълон қилинишидан аввал Алсу Курмашева журналистларга болалар томонидан ўзига йўлланган расмларни кўрсатган.

“Менга бир-бирларини танимайдиган ота-оналар ўз фарзандларининг расмларини жўнатишибди. Мен бу одамларни танимайман. Мана бу расм Санкт-Петербургдан бўлган уч яшар қизалоқники, буниси эса америкалик боланинг расми. Ота-оналар улардан озодлик, бахт, қувонч расмини чизишни сўрашган ва болалар мана бунақа ажойиб расмларни чизиб беришган. Булар, афтидан, мен бу йилги ёзда кўришим мумкин бўлган ягона дарахт ва майсалар бўлганини ҳисобга олган ҳолда, жуда бебаҳодир ва 1 июнь арафасида булар энг яхши нарсалардир”, деган журналист аёл.

У ўз фарзандларининг овозини сўнгги марта 2023 йил октябрида эшитганини ҳам қўшимча қилган. Алсу Курмашевага қўнғироқ қилиш тақиқланган, хатлар ҳам аҳён-аҳёнда келиб туради.

Журналист аёлнинг эри ва фарзандлари Прагада истиқомат қилади. Россия ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган Курмашева ҳибсга олинишидан аввал шу шаҳарда ишлар эди.

У Россияга касал онасидан хабар олиш учун ўтган йилнинг май ойида келган. Маҳаллий расмийлар даставвал унинг мамлакатдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилишган, октябрь ойида эса ҳибсга олишган.

Апрель ойи охирларида АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни Алсу Курмашева ҳамда Россиядаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирган. “Журналистиканинг жиноят эмаслиги мутлақо аниқ”, дея таъкидлаган Байден.

Шу йилнинг 25 апрелида Европарламент депутатлари Курмашева ва Гершкович дохил Россияда тутиб турилган сиёсий маҳбусларнинг барчасини “зудлик билан ва шартсиз озод қилиш”га чақирувчи резолюцияни маъқуллаган эди.

Алсунинг қўлга олиниши аввалроқ Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция

ҳукуматлари, шунингдек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили, Европа парламенти президенти, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Европа кенгашининг журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш бўйича ўз чақириғини ёйинлаган.

Шу билан бирга, Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси, Халқаро матбуот институти каби халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг қўлга олинишини қоралаб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган.

Словения ҳукумати Фаластинни мустақил давлат деб тан олди

Словения ҳукумати Фаластин давлати мустақиллиги ва суверенитетини тан олди. Бу ҳақда 30 май куни Словения ТИВ маълумот тарқатди. Фаластин мустақиллиги тамоман тан олиниши учун ҳукумат қарори мамлакат Миллий ассамблеяси – парламенти томонидан тасдиқланиши лозим. Бу иш яқин орада амалга оширилиши тахмин қилинмоқда.

Словения ташқи ишлар вазири Таня Файон: “Мен Словения ҳукумати бу тарихий қадамни қўйганидан хурсандман: исроиллик ва фаластинликлар ўз фарзандларини ўз мамлакатларида тинч, хавфсиз ва фаровон шароитда ўстириш ҳуқуқига эгалар. Фаластиннинг тан олиниши бу икки мамлакат ва халқнинг биргаликда тинч-тотув яшаши учун ягона йўлдир”, дея баёнот берган.

Словения ТИВ Европадаги бошқа мамлакатларни ўзидан ўрнак олишга чақирган. Вазирлик Словения Ғазо секторида ўт очишнинг тўхтатилиши, гаровдагиларнинг озод этилиши ҳамда Фаластин мухториятини қўллаб-қувватлаш учун ислоҳотлар амалга оширилишини талаб қилишини урғулаган.

Аввалроқ 28 май куни Европадаги уч мамлакат – Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини тан олганини эълон қилган эди. Бунга жавобан Исроил Осло, Дублин ва Мадриддаги элчиларини чақириб олишини билдирган.

Исроил бир неча ойдан буён Фаластин мухториятига қарашли Ғазо секторида ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда. Амалиёт АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан бошлатилган. ҲАМАС вакилларининг ўшандаги ҳужумида 1200 дан зиёд одам қурбон бўлган, 250 чоғли киши гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб чиқиб кетилган. Уларнинг 100 дан зиёди тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас.

Бу орада ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида тинч аҳоли вакилларидан 36 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлгани, 80 мингдан зиёд киши тан жаҳорати олганини билдирган.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.

Харьковда тураржой биносига берилган зарба оқибатида 5 киши қурбон бўлди

Россиялик ҳарбийлар зарбаси оқибатида шикаст етган "тез ёрдам" машинаси
Россиялик ҳарбийлар зарбаси оқибатида шикаст етган "тез ёрдам" машинаси

Харьковда тураржой биносига берилган ракета зарбаси оқибатида қурбон бўлганлар сони беш кишига, жароҳатланганлар сони эса 23 кишига етди. Бу ҳақда Украина Миллий полициясининг Харьков вилояти бошқармаси маълум қилди.

Полиция маълумотига кўра, ҳалок бўлганларнинг икки нафари уй ичидан, яна бири снаряд тушган корхона ҳудудидан топилган.

Зарба натижасида уй подъездларидан бирининг 4- ва 5-қавати бутунлай вайрон бўлган. Жабрланганлар орасида 12 ёшли бола ва бир қиз бор, дейилган хабарномада.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов россиялик ҳарбийлар қўшалоқ зарба тактикасидан фойдаланишганини маълум қилган: воқеа жойига медиклар ва қутқарувчилар келганидан кейин у ерни қайта ўққа тутишган. Пировардида бир тиббиёт ходими яралаган, “тез ёрдам” машинасига шикаст етган.

Прокуратура маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар Харьковни Белгород вилояти ҳудудидан туриб С-300 ва С-400 ракеталари билан нишонга олишган. Улар томонидан бешта ракета отилган бўлиб, улардан бири беш қаватли уйга теккан, қолганлари ён-атрофга тушган. Зарбалар оқибатида 20 дан зиёд тураржойга шикаст етган, хусусий корхона биноси вайрон бўлган.

Сўнгги пайтларда Украинанинг Харьков шаҳри ва вилояти ҳар куни россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилмоқда.

АҚШдаги суд: Ҳайъат Трампни “айбдор” деб топди

Дональд Трамп
Дональд Трамп

Нью-Йорк судидаги ҳайъат 30 май куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмномасини эълон қилди. У айбловнинг барча 34 банди бўйича айбдор деб топилган. Айблов ҳукмномаси асосидаги ҳукм кейинроқ чиқарилади. Бу иш 11 июль куни амалга ошиши кутилмоқда. Шу тариқа, Трамп сайловгачаёқ судланиши мумкин. У жаримага тортилиши, шартли жазо муддати ёки ҳақиқий қамоқ жазоси олиши мумкин.

Қайд этилишича, ҳайъатдаги 12 ҳакамнинг ҳаммаси “айбдор” дея овоз берган. Трамп ўрталарида гўё бўлиб ўтган жинсий алоқа ҳақида жим туриши учун порноактриса Сторми Дэниэлс тўланган пулни яшириш мақсадида (бу ҳолат 2016 йилдаги президент сайловида номзодга халақит бермаслиги учун) иш ҳисоботини сохталаштирганликда айбдор деб топилган. Трамп бу йилги сайловга ҳам номзодини қўйиб, Республикачилар партиясини қаторасига учинчи марта тамсил этмоқда.

Ҳукмнома эълон қилинганидан кейин мухбирлар саволига жавоб бера туриб, Трамп ўзи устидан ўтказилаётган жараённи “шармандали, сохталаштирилган” деб атаган. У суд уюштирилгани учун айбни Жо Байден маъмуриятига юклаган: “Бу иш Байден маъмурияти томонидан мухолифни, сиёсий мухолифни яралаш, унга жароҳат етказиш мақсадида қилинди”.

Дональд Трампга айблов эълон қилган Манхэттен туман прокурори Элвин Брэгг Трампнинг танқидини рад этиб, прокурорлар “фактлар ва қонун талабига риоя қилганлари”ни билдирган.

Ҳозир кўп саслар эшитилмоқда, бироқ аҳамиятга эга бўлган ягона овоз ҳайъат ҳакамларининг овозидир ва улар ўз сўзларини айтишди”, деган у.

Республикачилар партиясидан бўлган бир неча сиёсатчи Дональд Трампни дастаклаб чиқишган. Сенатдаги республикачилар озчилиги раҳбари Митч Макконелл айбловни асоссиз деб атаган ва апелляция судига ҳукмномани бекор қилишни таклиф қилган.

Президент Байден ҳайъат қарорига тўғридан-тўғри изоҳ берган эмас. “Дональд Трампни Чўзинчоқ кабинетга (Оқ уйдаги президент хонаси) киритмасликнинг ягона йўли - бу сайлов қутиларидир”, деб ёзган Жо Байден ижтимоий тармоқларда ўз сайлов фондига иона учун саҳифага ҳавола қолдирар экан.

Ҳукм чиққанидан кейин адвокатлар унинг устидан судга ариза беришлари кутилмоқда. Трамп ўзининг айбсиз эканини таъкидламоқда.

Бу ҳукмнома билан боғлиқ воқеалар қандай ривож топишидан қатъи назар, бу Дональд Трампнинг сайловда иштирок этишига халақит қилолмайди. Президент сайловида ғалаба қозонса, ҳатто қамоқ жазосига ҳукм қилинган тақдирда ҳам, президент лавозимига киришади. Таҳлилчилар унга нисбатан қамоқ жазоси тайинланиши эҳтимоли кам эканини айтишмоқда.

Бу АҚШ тарихида собиқ президент жиноятда айбдор деб топилиши билан боғлиқ илк ҳодисадир.

Эронда президентликка номзодларни рўйхатга олиш бошланди

Эронда 30 май куни президентликка номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни бошланди. Муддатдан илгари сайлов 19 май куни вертолёт қулаши туфайли президентлик лавозимини эгаллаб турган Иброҳий Раисий вафот этгани муносабати билан кейинги ойда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Озодликнинг форс хизмати хабарига кўра, президентликка номзодларни рўйхатга олиш беш кун давом этади. Овоз беришнинг ўзи 28 июнга белгиланган. IRNA давлат ахборот агентлиги шу пайтгача 25 чоғли номзодликка даъвогар ариза топширгани, бироқ уларнинг ҳаммаси рад этилганини хабар қилган.

Номзод ўлароқ тасдиқланган даъвогарларнинг якуний рўйхати 11 июнь куни Конституция посбонлари кенгаши томонидан эълон қилинади, бу кенгаш аъзолари Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий тарафидан тайинланади ёки тасдиқланади.

Вертолёт қулаши чоғида вафот этган Раисий 85 ёшли Хоманаийнинг муҳтамал вориси ўлароқ кўриларди. Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди – олий руҳоний бўлмиш оятуллоҳ бошқаради.

Иброҳим Раисий 63 ёшда эди. У президент лавозимини 2021 йилда эгаллаган. Аввалроқ Раисий Эрон бош прокурори ва суд ҳокимияти раҳбари лавозимларида ишлаган. У ташқи сиёсатда ҳам, ички сиёсатда ҳам қаттиққўл бошқарув тарафдори бўлиб ҳисобланарди. Раисийнинг мамлакат ичидаги ва хориждаги танқидчилари унинг ўта жиддий жиноятлар, хусусан 1988 йилдаги режим мухолифларининг оммавий қатл этилиши учун масъул эканини айтиб келишади.

Ҳонконгда 14 нафар фаол қўпорувчиликда айбдор деб топилди

Ҳонконгда фуқаровий эркинликларни ҳимояси учун учирилган плакат (архив сурати)
Ҳонконгда фуқаровий эркинликларни ҳимояси учун учирилган плакат (архив сурати)

Ҳонконгдаги суд 30 май куни маҳаллий парламентга норасмий сайлов уюштириш йўли билан ҳукуматни ағдариб ташлашга уринганликка оид иш доирасида 14 нафар демократ фаолни қўпорувчилик фаолиятида айбдор деб топди. Улар қолган умрларини қамоқда ўтказишлари мумкин.

2021 йилда жами 47 нафар гумонланувчига айблов эълон қилинган. Улардан икки нафари оқланган, бироқ Адлия вазирлиги бу ҳукм бўйича судга апелляция аризасини топширган, шу сабабли улар қарор чиққунига қадар гаров асосида қўйиб юборилади. Аввал айбига иқрор бўлган судланувчиларнинг яна 31 нафари суд қарорини кутмоқда.

Бу Хитой томонидан киритилган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун доирасида ўтказилаётган энг йирик маҳкама жараёнидир.

Ҳуқуқбонлар дохил танқидчилар қонунчиликдаги ўзгаришлар Ҳонконгдаги ўзгача фикрлилик, фуқаровий эркинликларни бостириш ҳамда қўрқув муҳитини яратишга қаратилган, деб ҳисоблашади. Бироқ Пекин мазкур чора-табирлар минтақада тартиб-интизом ва барқарорликни сақлаш учун зарурлигини билдириб келмоқда.

Қонун Хитойнинг коммунистик раҳбарияти ташаббуси билан 2020 йилда — Ҳонконгдаги йирик аксилҳукумат намойишларидан кейин бир йил ўтиб киритилган.

Буюк Британия ва Австралия 30 май куни суд томонидан эълон қилинган қарорни “минтақада Хитой томонидан демократияга босим ўтказилиши” дея қоралаб чиқишган.

Буюк Британия Ҳонконгни 1997 йилда Хитойга ўтказиб берган. Махсус маъмурий ҳудудга камида 50 йилга кенг кўламли мухторият тақдим этилган. “Бир мамлакат, икки тизим” сиёсатига мувофиқ, Ҳонконгни у ерда яшаган турғунлар бошқариши, Хитой эса фақат ташқи сиёсат ва мудофаа учун жавоб бериши лозим. Сўнгги йилларда, демократ фаоллар фикрича, Пекин Ҳонконг мухториятини жиддий чекловчи бир қатор чораларни амалга оширган.

Бишкекдаги рейдларда 64 нафар ноқонуний мигрант ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бишкек шаҳрида милиция ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши навбатдаги рейд ўтказиб, Қирғизистон ҳудудида ноқонуний юрган чет эл фуқароларини аниқлашган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳуқуқ-тартиботчиларга кўра, рейд чоғида милиция пойтахт ҳудудида ноқонуний яшаб, ишлаётган 64 нафар хорижликни ШИИБга олиб келган.

Уларга қарши Қирғизистон ҳудудида юриш ва ишлаш тартибини бузганлик бўйича жами 48 та баённома тузилган, тартиббузарларга умумий ҳисобда 264 минг сўмлик (3 минг АҚШ доллари атрофида) жарима солинган.

Қирғизистонда махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартиботчилар апрель ойидан буён Қирғизистонда ноқонуний яшаётган ёки ишлаётган хорижликларни аниқлаш бўйича фаол иш олиб боришмоқда. Бу каби тадбирлар май ойи ўрталарида Бишкекда чет эллик талабалар билан маҳаллий ёшлар ўртасида чиққан можаро ортидан янада кучайтирилган. ИИВнинг ана шундай рейдларидан бири натижаларига кўра, аниқланган тартиббузарлик туфайли етказиб бериш хизматида ишловчи 400 дан зиёд хорижлик талабанинг меҳнат фаолияти тўхтатилган.

Хорижликларга қарши давом этаётган рейд ва текширувлар манзарасида Қирғизистон ИИВ хорижликларга нисбатан мамлакатга кириш ва юриш тартибини бузганлик учун жарима миқдорини оширишни таклиф қилган.

Исроил армияси Филадельфия йўлагини ўз назорати остига олди

Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегара (архив сурати)
Миср билан Ғазо сектори ўртасидаги чегара (архив сурати)

Исроил армияси Ғазо сектор билан Миср чегарасидаги 14 километрлик қалқон ҳудуд бўлмиш Филадельфия йўлагини ўз назорати остига олган. Бу ҳақда 29 май оқшомида Исроил нашрлари ҳарбийлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.

Қалқон ҳудуди томонда исроиллик аскарлар Ғазо ва Миср ўртасидаги 20 та туннель ҳамда АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи жангчилари томонидан фойдаланилган 80 дан зиёд ерости йўлини топишган. Исроиллик ҳарбийлар бу ерости йўллари орқали Мисрдан Ғазога жиҳодчилар учун қурол-аслаҳа етказиб бериб турилганини иддао қилишмоқда.

Исроил Ослодаги келишувдан кейин 1995 йилдан бошлаб Филадельфия йўлагини назорат қила бошлаган ва бу назорат исроиллик ҳарбийларнинг 2005 йили Ғазо секторига бутунлай чиқиб кетгунига қадар давом этган. Ўша пайтда Исроил армияси чегаранинг Миср тарафидан назоратини мисрликларга, Фаластин мухторияти томонидан назоратни эса фаластинликларга топширган эди.

Фаластин мухторияти чегарани ҳокимият тепасига ҲАМАС гуруҳи келган 2007 йилга қадар назорат қилиб келган.

Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиёт доирасида Филадельфия йўлагини ўз назоратига олишга қарор қилгани жорий йил бошида маълум бўлган эди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўша пайтда, агар исроилликлар Миср билан Ғазо ўртасидаги чегарани назорат қилмайдиган бўлса, ҲАМАС билан урушни якунлай олмаслигини билдирган. The Wall Street Journal нашри бунга оид қарор кўпроқ Исроил томонининг Қоҳира билан музокараларига боғлиқ экани ҳақида ёзган.

Филадельфия йўлаги Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳри орқали ўтади. Исроил армияси Рафаҳ марказига кириб боргани ҳақида 28 май куни маълум бўлган эди. Рафаҳликлар Исроил ҳарбийлари тунда “шаҳарни танклардан ўққа тутиб, ҳаво зарбалари бергани”ни айтишган.

Исроил армияси томонидан 27 майга ўтар кечаси Рафаҳга берилган зарба чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, камида 45 киши қурбон бўлган, юзлаб одам яраланган.

Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти ҲАМАС вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан бошлаган.

Исроил Рафаҳни “жиҳодчиларнинг сўнгги таянч нуқтаси” деб ҳисоблайди.Politico нашрининг ёзишича, АҚШ разведкаси амалиёт бошидан буён ҲАМАС ўз шахсий таркибининг 30-35 фоизини йўқотди, деб ҳисоблайди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлгани, 80 мингдан зиёд киши тан жаҳорати олганини билдирган. Уруш шароитида бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ.

AI: Ўтган йили дунё бўйлаб 1153 та ўлим ҳукми ижро этилди

Amnesty International вакилларининг Эрондаги қатлларга қарши намойишидан лавҳа (архив сурати)
Amnesty International вакилларининг Эрондаги қатлларга қарши намойишидан лавҳа (архив сурати)

Дунёда суд ҳукми билан амалга оширилган қатллар сони ошиб бормоқда, ўтган йили бу кўрсаткич 2015 йилдан буён энг юқори даражада бўлди. Бу ҳақда Amnesty International (Халқаро Амнистия) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 29 май куни эълон қилинган ҳисоботида айтилган.

Ҳуқуқ фаоллари 2023 йили дунё бўйлаб жами 1153 та ўлим ҳукми ижро этилганини қайд қилганлар. Бу эса 2022 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 30 фоизга кўпдир.

Бунга Хитойда амалга оширилган қатллар киритилган эмас, чунки бу мамлакат расмийлари ижро этилган ўлим ҳукми статистикасини келтиришмайди. Улар сони бир неча минг экани айтилади, бу эса Хитойни қатллар сони бўйича дунёда биринчи ўринга олиб чиқади.

Ўтган йили 2428 та ўлим ҳукми чиқарилган. Amnesty International Яқин Шарқ мамлакатларида, айниқса Эронда ўлим ҳукмлари сони кескин ошганини қайд этган. У ерда 853 та қатл амалга оширилган.

“Эрон расмийлари инсон ҳаётини сариқ чақага олмасликларини намойиш этишмоқда”, дейилган ҳуқуқбонлар баёнотида. Уларга кўра, Эронда хусусан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун ҳам одамлар ўлимга ҳукм қилинмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига мувофиқ, энг кўп қатл Хитой, Эрон, Саудия Арабистон, Сомали ва АҚШда амалга оширилмоқда. Қўшма Штатларда бир йил ичида 24 киши қатл этилган. 2022 йили бу мамлакатда 18 та ўлим ҳукми ижро этилганди.

Ўтган йили 16 та мамлакатда қатллар амалга оширилган, бу AI ўз ҳисоботларини чиқара бошлаган 2015 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. Қайд этилишича, ўтган йили Беларусда битта ҳам қатл амалга оширилган эмас.

Дунёдаги мамлакатларнинг аксариятида ўлим ҳукми қонун бўйича бекор қилинган, постсовет ўлкалари дохил айрим мамлакатларда эса ўлим ҳукмига нисбатан мораторий эълон қилинган.

Amnesty International ҳисоботи суд томонидан чиқарилган ўлим ҳукмларини ўз ичига олган. Турли можаролар чоғида, шу жумладан Украина урушида кузатилгани каби судловсиз қатллар эса мазкур ҳисоботга киритилган эмас.

Арманистонда Россиянинг “Биринчи канал”и ёйини тўхтатилди

Арманистонда Россиянинг “Биринчи канал”и ёйини тўхтатиб қўйилган. Armenpress агентлигининг юқори технологияли саноат вазири Мхитар Айрапетян сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, телеканал ёйинининг тўхтатилиши қарз масаласи билан боғлиқ.

Айрапетянга кўра, “Биринчи канал”нинг хориждаги юридик шахси бўлган 1st Channel World Network икки ярим ойдан буён йиғилган қарзларини тўламай, “шартнома бўйича ўз мажбуриятини бажармаган”, шунинг учун ҳам унинг жамоатчилик мультиплексидаги ёйини вақтинча тўхтатилган.

Март ойида Арманистон расмийлари мультиплексда кремлпараст бошловчи Владимир Соловьёв муаллифлигида “РТР-Планета” телеканалида чиқадиган иккита дастур ёйинини тақиқлаб қўйган эди. Мазкур қарор “минтақада қайд этилган доимий ҳуқуқбузарликлар асосида” қабул қилингани айтилган.

Соловьёвнинг дастури блокировка қилингунига қадар Арманистон ТИВ Россия элчихонасига оммавий телекоммуникациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган шартнома бузилгани ҳақида нота йўллаган. Ўша пайтда Айрапетян гап қанақа ҳуқуқбузарлик ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, бироқ “нохуш ҳодиса Россия каналларидан бирида 25 февраль куни кузатилган”ини айтган. Озодликнинг арман хизмати ўшанда 25 февраль куни “Вечер с Владимиром Соловьёвим” дастурида бир неча бор Арманистон ва унинг раҳбарияти тилга олиниб, қатор таҳқирловчи иборалар янграгани ҳақида ёзганди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 телеканалига берган ва февраль ойида ёйинланган интервьюда кузда Россия вакиллари арманистонликларни кўчаларга чиқиб, ҳукуматни ағдариб ташлашга чақиргани, Россия телеканаллари эса олти йилдан буён мунтазам равишда ҳукумат ва шахсан унга қарши пропаганда олиб бораётганини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG