Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:50

Ўзбекистон тоғли ҳудудларида сел кутилмоқда


Ғаллаоролнинг ўтган йили сел босган қишлоқларида уйи бузилганлар ҳануз чодирларда яшамоқда.
Ғаллаоролнинг ўтган йили сел босган қишлоқларида уйи бузилганлар ҳануз чодирларда яшамоқда.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизматидан олинган маълумотларга кўра, 6-10 март кунлари мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин совуши, тоғли ҳудудларда эса сел келиши ва қор ёғиши кутилмоқда.


Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати ҳудудий бўлинмаларидан биридан олинган маълумотга кўра, 5 март куни оқшом жойлардаги метеостанцияларга тоғли ҳудудларда сел келиши ҳақида шошилинч хабар келиб тушган.

"Бизга бошқармамиздан шошилинч хабар келган. 6 мартдан бошлаб ҳаво кескин совийди. 8 мартдан 9 мартга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -4 - -5 даражагача совуши кутилаяпти. Тоғли жойларда сел келиши кутиляпти", деди Сирдарё вилоятидаги метеостанциянинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистоннинг Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари тоғли ҳудудларида жойлашган бир қатор қишлоқларини ўтган йили сел босган ва Озодликка боғланган аксар тингловчилар селнинг келишидан бехабар бўлганларини айтган эдилар.



Озодлик мухбири об-ҳавони кузатиш хизмати ходимларидан тасодиф туфайли олган бу хабар ортидан дарҳол ўша тингловчиларга қўнғироқ қилди.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманининг сел эҳтимоли мавжуд аҳоли пунктида яшовчи Набижон Жўрабоев бу ҳақда у яшаб турган ҳудудда ҳеч гап йўқлигини айтди.

- Бизда унақа гап йўқ. Ҳокимият менинг уйимдан юз метр нарида ҳеч қанақа огоҳлантирув бўлмади. Телевидение ва радиода ҳам бунақа гап йўқ. Ўтган йили ҳам сел тўсатдан келган, ҳеч ким огоҳлантирмаган,- деди Набижон Жўрабоев.

Ўтган йилнинг феврал ойида Ғаллаорол туманининг бир неча тоғли қишлоқлари — Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ ва Тошкамар қишлоқлари сув остида қолган эди.

Жумладан, туманнинг Сарбозор қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қўшсарой қишлоғида истиқомат қилувчи 45 ёшли Ёдгор Шодибоев сел боис 8 хоналик уйи қулаб тушганини сўзлаб берган эди.

Бу оиланинг аҳволидан хабардор Набижон Жўрабоевга кўра, селда уйини йўқотган оилаларнинг айримлари ҳануз чодирларда яшамоқда.

- Бир йил бўлаяпти мана. Ҳалиям чодирда яшаб турибди, ўша Жума деган қишлоқдаги оила. Мен шахсан билганим шу. Бунақалар қанча,- дейди Жўрабоев.

Озодлик сел эҳтимоли ҳақидаги хабар ортидан Ғаллаорол тумани ҳокимлигига боғланди.

Ҳокимликнинг ўзини таништирмаган мутасаддиси сел келиши эҳтимолидан хабари борлигини айтди, лекин аҳоли бундан огоҳлантирилмагани ҳақидаги маълумотларни инкор қилди.

"Менга хабарнома келди, мен уни орготделга бердим. Улар маҳалларларга тарқатган бўлиши керак. Бизда эҳтиёт чоралари кўрилади. Ёмғир ёғаётган ҳолатда қишлоқма-қишлоқ юриб, сел кўтариладиган жойларга қопчиқларни тахлаб чиқади", деди Ғаллаорол туман ҳокимлигининг ўзини танитиштирмаган мутасаддиси.

Сел келиши эҳтимолидан аҳолини огоҳлантириш учун масъул ходим, дея телефон рақами тақдим қилинган ҳокимиятнинг ташкилий ишлар бўйича мутасаддиси Тўлқин ака билан Озодлик мухбири боғлана олмади.

Ўтган йилнинг феврал ойидаги кучли селдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратган эди.

Бу малағ уйини сел олган ёки селдан зарар кўрган 234 та уй эгаларининг имтиёзли нархда қурилиш материаллари харид қилиши учун сарфланиши айтилган эди.

Бироқ, селдан жабр кўрган ғаллаоролликларнинг бу ёрдам ҳозирга қадар тўлалигича уларга етиб келмагани ҳақидаги даъволарини Ғаллаорол тумани ҳокимлиги мутасаддиси инкор қилди.

"Ёрдам пуллари бериляпти. Ёрдам берилаяпти", дея мужмал жавоб берган ҳокимият вакили қарийб 3 миллиардлик ёрдамдан, ҳатто неча дона уй қурилгани ёки таъмирлангани ҳақида ҳам маълумот бермади.

Дарвоқе, ўтган ҳафта давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин исиши кузатилди.

Мамлакатнинг жанубий вилоятларидаги Термиз, Қарши каби шаҳарларида истиқомат қиладиган тингловчиларимизнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтанинг жума ва шанба кунлари ҳаво ҳарорати 27-30 даражагача кўтарилган.

Ҳавонинг кескин исиши ортидан юрак ва астма касаллиги билан хаста фуқароларнинг аҳволини оғирлаштирган.

Сурхондарёдаги шифохоналардан бирининг ходими келгуси ҳафтада ҳавонинг кескин совуши кутилаётганидан хабари борлигини айтар экан, сурункали касаллиги бор беморларга шифокор назоратида бўлиб туришни тавсия қилди.

- Астма, қон босими борлар келиб турибди касалхонамизга. Об-ҳавонинг ўзгарганиям сабаб бўлаяпти, бунинг устига хроник касаллар қўзийдиган вақт келдику. Врач назоратида бўлиб туришлари керакда, деди шифохона ходими.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG