Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:00

Хоразмга уч ойда хориждан 14 та тобут келди


“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилнинг уч ойи давомида Россия, Қозоғистон, Украинадан Хоразмга 14 нафар меҳнат муҳожирининг тобути келган. Сўнгги уч йил давомида уч хоразмлик меҳнат муҳожирининг ўлиги хорижда қолиб кетган.

Жорий йилнинг 25 апрел куни Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани Маданият қишлоғида яшовчи 56 яшар Қадамбой Ўтамовнинг тобути Россиядан келтирилди.

Бу ҳақда Озодликка “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов маълум қилди.

- Ўтамов Қадамбой ака Россия фуқаролари томонидан ўлдирилган. Лекин маълум бир ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан унинг оиласига ëки яқинларига унинг ўлими ҳақида ҳеч қандай ҳужжат берилмаган. Қадамбой ака тўғрисида бирор-бир суриштирув ëки тергов ишлари олиб борилмаяпти. Шу иш билан фалонча милиция идораси ëки фалонча прокуратура шуғулланаяпти, деган ҳужжатлар умуман йўқ, дейди ҳуқуқ фаоли.

“Нажот” ташкилоти ўтказган мониторинг натижасига кўра, жорий йилнинг ўзида Янгибозор туманида яшовчи 32 яшар Анвар Қўчқоров, 39 яшар Одилбек Хидиров, 40 яшар Шоназар исмли шахслар ҳам темир тобутда Россиядан келтирилган.

- Хоразм вилоятидан бу йил январ, феврал, март ойларида 5000га яқин фуқаро оиламни боқаман, деб Россия, Қозоғистон ва Украина давлатларига ишга кетган. Жорий йил бошиданоқ мазкур яқин хориж мамлакатларидан меҳнат “фронти”даги хоразмликларнинг она юртларига ўзлари эмас, темир тобутлари кела бошлади. Уларнинг сони бугунгача 14 нафарга етган. Бу рақам фақат "Нажот" мониторингги натижасида аниқлангани. Аслида кўп бўлиши мумкин. Янгибозор тумани бу рўйхатнинг бошида турибди. Бу туманга йил бошидан буён тўрт фуқаронинг ўлиги келди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳайтбой Ёқубовга кўра, “Нажот” ташкилоти ўтказган мониторинг натижасида аниқланишича, хориждан тобути келаётган хоразмликларнинг ўлими сабаблари номаълум қолмоқда.

- Кейинги бир неча йил ичида қанча хоразмлик фуқаролар ўлиб келди. Шуларнинг бирортасида оиласидан қолган етим болаларга Россия, Қозоғистон ëки Украина давлатидан пенсия ëки нафақа тайинланмади. Уларнинг ишлари суд ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларида кўриб чиқилмади. Ëпиғлиқ қозон ҳамма вақт ëпиқлигича қолиб кетаяпти. Бизларнинг мазкур давлатлардаги элчиларимиз ëки элчихона вакиллари шу нарса билан шуғулланишмайди, дейди ҳуқуқ фаоли.

“Нажот” ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги уч йил ичида Хоразмнинг Гурлан, Урганч тумани ва Хива шаҳридан бўлган уч фуқаронинг ўлиги рус ўлкасида қолиб кетган.

Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг турли сабабларга кўра қурбон бўлиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

Жорий йилнинг апрелида Нижний Новгород шаҳрида 40 яшар ўзбекистонлик фуқаро пичоқлаб ўлдирилган.

Ўтган йилнинг декабрида Калининградда Ўзбекистон фуқароси бўлган икки эркак ва бир аёл заҳарланиб ўлган.

Ўтган йилнинг 25 декабр куни Санкт-Петербургнинг Приморский туманидаги бозорлардан бирида чиққан ёнғинда уч ўзбек мардикори ҳалок бўлган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Москванинг Одинцово туманида чиққан ёнғин оқибатида 2 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири куйиб ўлган.

Ўтган йилнинг апрелида Москванинг Качалово бозоридаги ангарлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида 17 ўзбек ўлган.
XS
SM
MD
LG