Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2022, Тошкент вақти: 01:56

Халқаро хабарлар

Россия патриархи ҳамжинс никоҳларда қиёмат аломатларини кўради

Рус православ черкови раҳбари Кирилл ғарб давлатлари томонидан бир жинсли никоҳларнинг тан олинишида охирзамон аломатларини кўради.

Бу ҳақда патриарх Москвадаги Қозон жомеъ черковидаги ибодатдан кейин билдирди.

Россиялик православлар пешвосига кўра, “Муқаддас Русь тупроқларида масъият ҳеч қачон давлат қонуни билан мустаҳкамланмаслиги учун қўлдан келган барча ишни қилиш зарур”. Акс ҳолда, патриарх фикрича, “халқ ўз-ўзини маҳв қилиш йўлига тушиб қолади”.

Кун янгиликлари

Путин Байденни АҚШ Мустақиллик куни билан табрикламайди

Байден ва Путин Женева саммитида. 2021 йил июнида олинган фотосурат.

Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Жо Байденга АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан табрикнома жўнатмайди. Путин матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, АҚШ Россияга нисбатан “нодўстона сиёсат” олиб бораётгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинди.

Песковнинг айтишича, “айниқса жорий йилда Қўшма Штатларнинг Россияга нисбатан нодўстона сиёсати кульминация нуқтасига кўтарилди”.

АҚШ Мустақиллик куни ҳар йили 4 июлда нишонланади. 1776 йилнинг 4 июлида АҚШнинг Британия қироллигидан мустақил экани тўғрисидаги декларация қабул қилинган.

Путин расман кўп йиллардан бери Грузия ва Украина президентларига турли саналар муносабати билан табрик жўнатмайди. У сўнгги марта Украина президенти Януковични 2013 йилнинг декабрида Янги йил билан табриклаган.

2019 йилда Путин Зеленскийни ҳам президентлик сайловида ғолиб чиққвани муносабати билан табрикламаган.

Зеленский Лисичанскни қайтариб олишга ваъда берди

Украина президенти Владимир Зеленский украин қўшинларининг Лисичанскдан чекинишига изоҳ бераркан, армия тактика ҳамда замонавий қурол-аслаҳа етказиб берилиши ҳисобига шаҳарни қайтариб олажагини айтди.

“Украина ҳеч нимани бериб қўймайди. Москвада Луганск вилояти ишғол этилгани ҳақида Путинга ҳисоб бераётганлар 24 февраль олдидан, босқиннинг илк кунларида, баҳорда ва ундан кейин қандай ҳисобот берганларини, нималарни ваъда қилганларини бир эсга олсинлар. Ўтган шунча вақт мобайнида нимани қўлга киритишганию бунинг учун нималарни бой берганларини реал баҳоласинлар. Уларнинг бу ҳисоботлари ҳам олдингилари каби барбод бўлажак”, деди Зеленский ўз мурожаатида.

3 июль куни Украина армияси Бош штаби чекиниш қарори “оккупация кучларининг артиллерия, авиация, ялпи ўт очиш реактив тизимлари, ўқ-дори ва шахсий таркиб борасида” бир неча баравар устунлиги шароитида қабул қилинганини маълум қилди. Бош штабга кўра, шаҳар мудофаасини давом эттириш мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин эди.

“Биз ўз жангчиларимиз, одамларимиз ҳаётини асраймиз. Йиқилган деворни қайта қурамиз, еримизни жанг билан қайтариб оламиз, аммо одамларни эҳтиёт қилиш керак”, деди ўз мурожаатида Владимир Зеленский.

Лисичанск – Луганск вилоятининг украин қўшинлари назорат қилиб турган сўнгги шаҳри бўлиб қолаётганди.

Якшанба куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Лисичанск шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ва шу муносабат билан ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси “озод этилгани” ҳақида Владимир Путинга ҳисоб берди.

Сўнгги кунларда Лисичанск зўр бериб ўққа тутилаётган эди. Аввалроқ Россия ҳарбийлари Лисичанск яқинида, Северский Донец дарёсининг нариги соҳилида жойлашган Северодонецк шаҳрини босиб олишди. Северодонецк ишғол этилиши арафасида буткул вайрон қилинган эди.

Лисичанск Москва тарафидан Украинанинг саноат маркази бўлмиш Донбассни босиб олиш учун муҳим нуқта ўлароқ кўрилади.

Покистонда автобус ағдарилиши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди

Балужистондаги авариялардан бири.

Покистон жануби-ғарбида жала ёғиши оқибатида давонда кетаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилди. Бунинг оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди.

Балужистон вилоятидаги Ширани округи расмий вакили Маҳтоб Шох автобусда 35 йўловчи бўлганини айтди. Айни пайтда аврия жойида қутқарувчилар ишламоқда.

Автобус Исломободдан Кветтага кетаётган эди. Барча йўловчилар катта ёшдаги эркаклар бўлган. Ағдарилиш оқибатида тан жароҳати олган йўловчилардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Покистонда кўп қурбонлар бериладиган бу каби йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир этилади. Бунга инфраструктуранинг ёмонлиги, автомашиналар техник ҳолатининг қониқарли эмаслиги ва ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига амал қилмаслиги сабаб қилиб кўрсатилади.

Ўтган ойда Балужистоннинг бошқа бир туманида ҳам автобус довондан жарга қулаб тушган ва 22 киши ҳалок бўлганди.

Россия чегарадан ўтишда COVID-19 га ўрнатилган барча чекловларни бекор қилди

Россия 15 июлдан бошлаб COVID-19 муносабати билан чегарани кесиб ўтишда ўрнатилган барча чекловларни бекор қилди. Мазкур чекловлар пандемия муносабати билан 2020 йилнинг мартида жорий этилган эди.

Россияга денгиз ва ҳаво йўллари орқали киришга ўрнатилган чекловлар 14 июнда бекор қилинган эди. 15 июлдан бошлаб эса Россияга ер усти транспорти билан ҳам кириш мумкин бўлади. Аммо Беларус фуқароларидан ташқари бошқа барча мамлакатлардан келаётганларга чегарадан ўтишда ПЦР-тест топшириш талаби сақлаб қолинади.

Роспотребнадзор 1 июлдан бошлаб ниқоб тақиб юриш, тунда умумий овқатланиш шаҳобчалири фаолиятини тўхтатиш, оммавий тадбирлар ва митинглар ўтказишни тақиқлаш каби қатор чекловларни бекор қилган.

Роспотребнадзор чекловлар сўнги тўрт ойдан бери коронавирус ҳолатлари озайиб бораётгани муносабати билан бекор қилинганини, вазият мураккаблашган тақдирда чекловлар қайта тикланишини билдирди.

Тбилисида евроинтеграция талаби билан муддатсиз норозилик ҳаракати бошланди

Тбилисидаги норозилик чиқишидан лавҳа, 2022 йил 3 июли

“Уят” нотижорат ташкилоти Грузия ҳукуматига қўйган етти кунлик ультиматум муддати тугаганидан сўнг Тбилисида, парламент биноси олдидаги Руставели марказий кўчасида 3 июль куни ўн минглаб одам тўпланди. Бир ҳафта муқаддам ушбу ташкилот лидерлари “Уйга – Европага” номли оммавий ижтимоий ҳаракатни тузишган эди, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати.

Ультиматумга мувофиқ, бош вазир Ираклий Гарибашвили якшанба кунигача истеъфо бериши, иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси эса мамлакатга Евроиттифоқ аъзолигига номзод мақоми берилиши учун лозим 12 шартни бажариш мақсадида халқ ишончи “техник ҳукумати” тузилишига розилигини эълон қилиши керак эди.

Руставели майдонидаги акцияда митинг то Гарибашвили ҳукумати истеъфо чиққунига қадар давом этиши ҳақида қарор ўқиб эшиттирилган. Митинг тинч, грузин ва украин миллий қўшиқлари садолари остида ўтмоқда.

17 июнь куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина ва Молдовага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақоми берилганини маълум қилган. Грузияга эса номзод бўлиш учун қатор шартларни бажариш вазифаси топширилган. Мамлакат қатор тизимли ислоҳотлар ўтказиши, хусусан, сиёсий ва иқтисодий ҳаётни олигархлар таъсиридан чиқармоғи, суд ҳокимияти мустақиллигини, журналистлар ҳамда турли озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминламоғи лозим.

Бош вазир Гарибашвили истеъфога чиқишдан бош тортган, иқтидордаги партия раиси Ираклий Кобахидзе эса мухолифатга ЕИ шартларини босқичма-босқич бажариш учун бир нечта парламент комиссияси ташкил этишни таклиф қилган.

Мухолифатдаги партиялар, жумладан, улардан энг йириги – Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракати” “Грузия орзуси” билан музокараларда “ҳеч қандай маъно йўқ”, деб ҳисобламоқда.

Қозоғистонда қорақалпоғистонлик намойишчиларни дастаклаб митинг қилган мигрантлар қўлга олинди

Атираудаги полиция автомобили (иллюстратив сурат)

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида 1 июль куни шаҳар майдонидаги стихияли митингдан сўнг ўнлаб киши ушланди. Уларнинг аксарияти сўроқдан кейин озод қилинган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Атирау вилояти полициясидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Полиция маълумотига кўра, жума куни Атираудаги майдонда 75 чоғли одам рухсат этилмаган митинг ўтказган.

“Кўпчилиги қўлга олиниб, сўроқ қилингач, қўйиб юборилди. Ҳозирда “Мигрант” тезкор-профилактика тадбири ўтказилмоқда, ушланганлар орасида Атирау вилоятида ҳужжатсиз, ноқонуний бўлиб турганлар бор эди. Уларга маъмурий жарима қўлланди. Айримлари суд қарорини кутишмоқда”, дея маълум қилган Озодликка департамент матбуот хизмати.

Полиция қайдича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари бошқа чет элликлар ҳам бўлган.

Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида 1 июль Ўзбекистон Конституциясига киритилажак ўзгартишларга қарши оммавий митинг бўлиб ўтгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. Нукусда тасвирга олингани айтилаётган видеоларда майдонда тўпланган минглар одамлар “Даулет!” дея хитоб қилаётгани акс этган. Хорижда истиқомат қилувчи қорақалпоқларга кўра, митингчилар аҳолини 5 июль куни тинч митингга чиқишга даъват қилган Даулетмурат Тажимуратовни озод этишни талаб қилганлар.

Ўзбекистон ИИВ “жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаслик ва фуқаролар турли ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш мақсадида” митингчиларга куч ишлатганини тан олган.

Эртасига Қорақалпоғистон ҳукумати “давлат бошқаруви идораларини босиб олишга уринишлар” бўлгани ҳақида маълум қилган. Республика олий вакиллик органи, ҳукумати ҳамда ИИВнинг 2 июлдаги қўшма баёнотида “тартибсизлик ташкилотчилари” одамларни Нукусдаги маъмурий бинолар олдидаги майдонга тўплаб, “ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга урингани” ҳақида гап боради. Баёнотга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “тартибсизлик ташаббускорларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўхтатган” ва қаршилик кўрсатганларни қўлга олган.

Норозилик манзарасида Ўзбекистон Қозоғистоннинг Мангистау вилояти билан чегарани ёпган. Бу расман ахборот тизими ишдан чиққанлиги билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 3 июлидан 2 августигача фавқулодда ҳолат жорий этган. Президент фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқ-тартиботни тиклаш шуни тақазо этишини айтган.

Дания пойтахтидаги савдо марказида амалга оширилган ҳужумда камида 3 киши қурбон бўлди

Копенгаген полицияси вакиллари воқеа жойида, 2022 йил 3 июли

Даниянинг Копенгаген шаҳри жанубида рўй берган отишма натижасида камида 3 киши нобуд бўлди, ўқдан яраланган яна 3 кишининг эса аҳволи оғир, дея хабар қилди Би-би-си.

Ҳодиса 3 июль куни Field's савдо марказида содир бўлган. Field's Даниядаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлиб, унда 140 та дўкон ва ресторанлар жойлашган.

Полиция ҳодиса ортидан 22 ёшли даниялик йигитни қўлга олган, милтиқ ва патронларини эса мусодара қилган. Йигитнинг исми очиқланмаяпти, фақат унинг Данияда туғилгани маълум, холос. Полиция вакиллари ҳодисанинг террор хуружи бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.

Field's савдо маркази Royal Arena стадионининг ёнида жойлашган. 3 июль куни у ерда британиялик қўшиқчи Гарри Стайлзнинг концерти бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ шаҳар полицияси хавфсизлик нуқтаи назаридан концерт бекор қилинишини талаб қилган.

Туркияда муҳтамалан ўғирланган дон юкланмиш ZHIBEK ZHOLY кемаси қўлга олинди

Туркияда Россия ширкати томонидан ишлатилаётган ғалла юкланмиш ZHIBEK ZHOLY кемаси қўлга олинган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Украина элчиси Василь Боднар сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Киев Туркиядан кемадаги юк ўғирланмаганини текширишни сўраган.

ZHIBEK ZHOLY юк кемаси 4,5 минг тонна ғалла олиб кетаётгани айтилган. Бироқ Украина прокуратураси кемадаги юкнинг 7 минг тонна эканини иддао қилмоқда.

Кема Россия кучлари томонидан ишғол қилинмиш Бердянскдан йўлга чиқиб, Истанбулдан 130 километр нарида бўлган Карасу портига етиб келган.

Юк кемаси Қозоғистоннинг KTZ Express ширкатига тегишли, бироқ у Россиянинг Green-Line ширкати томонидан ижарага олинган.

Украинанинг Анқарадаги элчиси туркиялик терговчилар кемадаги ғалла қаерда етиштирилганига оид текширувга 4 июлдан киришажакларини билдирган.

Қозоғистон Африкага тинчликпарвар кучларини жўнатади

Қозоқ ҳарбийлари.

Қозоғистон парламенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучлари миссиясидаги қозоқ ҳарбийлари сонини кўпайтириш тўғрисида президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифини маъқуллади.

Парламент тасдиқлаган ҳужжатга мувофиқ, бундан буён Қозоғистон Қуролли кучлари Жанубий Африка республикаси, Мали, Конго ва Ливандаги тинчлик ўрнатиш миссияларида иштирок эта олади.

Мудофаа вазири Руслан Жаксиликовга кўра, бундан аввал ҳам қозоқ аскарлари тинчликпарварлик миссияларида иштирок этиб келган.

“Халқаро вазиятнинг оғирлашиб бораётгани ортидан Қозоғистон президенти номи айтилган тўрт мамлакат ҳудудидаги БМТ тинчликпарвар миссияларида қозоқ аскарлари сонини кўпайтиришни таклиф қилмоқда”,-деди Жаксиликов. Унга кўра, мазкур миссияларда иштирок этган қозоқ аскарлари уч баробар кўпроқ иш ҳақи олади.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 2014 йилдан бери Қозоғистоннинг 45 зобити БМТнинг Ғарбий Сахрои Кабир, Кот-д Ивуар ва Ливандаги миссияларида ҳарбий кузатувчи бўлиб ишлаб келмоқда.

2018 йилдан эса 520 қозоқ аскари БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари қаторида хизмат ўтамоқда.

Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди

Россия томонидан бомбардимон қилинган уй.

Украина расмийлари Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши яраланганини билдирди. Уларнинг барчаси тинч аҳоли бўлган. Россия кўп қаватли уйни ва дам олиш масканини бомбардимон қилган.

"1 июль тунги соат бирларда Белгород-Днестр туманига қарашли шаҳар типидаги посёлканинг бомбардимон қилиниши оқибатида 9 қаватли турар жой биноси қисман вайрон бўлди, уйга туташ дўкон ёниб кетди. Иккинчи ракета эса дам олиш масканига тушган”,-дейилади Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида.

Украина ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Россия бу манзилларни Х-22 русумидаги ракетлар билан Ту-22 самолёти воситасида бомбардимон қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Эронда ўн нафар маҳкум яширин равишда қатл этилди

Иллюстратив сурат.

Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган Норвегия ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти 29 июнь куни Караж шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган ўн нафар маҳкум яширин равишда дорга осиш йўли билан қатл қилинганини билдирди.

Iran Human Rights ташкилотининг 30 июнда билдиришича, дорга осилганлардан 8 нафари қотилликда, икки нафари жинсий зўравонликда айбланиб судланган эди.

Баёнотда таъкидланишича, жорий йил бошидан июнь ойининг охиригача Эронда жами 239 маҳкум қатл қилинди. Июнь ойида кунига уч маҳкум қатл қилинган.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Эронда ўлим ҳукмларининг 85 фоизи яширин равишда, яъни жамоатчиликка ошкор қилинмаган ҳолда амалга оширилади.

Каспийбўйи мамлакатлари “бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик”ка келишиб олишди

Каспий денгизи (иллюстратив сурат)

Ашхободда 29 июнь куни бўлиб ўтган Каспий саммитида Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Эрон ва Қозоғистон президентлари Каспийбўйи давлатлари “бир-бирининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, бир-бирига куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойиллари асосида” фаолият юритишини тасдиқлашди. Бу ҳақда Оқўрда сайтида маълум қилинган.

Каспий саммитида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевлар иштирок этишган. Хусусан, Путин мазкур саммитда қатнашиш учун Украинада уруш бошланганидан бери илк бор хорижга сафар қилгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, томонлар яна қуйидаги принципларга риоя қилиш юзасидан келишиб олганлар:

Каспий денгизидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, уни тинчлик, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳудудига айлантириш, Каспий денгизига алоқадор барча масалаларни тинчлик билан ҳал қилиш;

Каспийбўйи давлатларининг қуролланишида барқарор мувозанатни таъминлаш, ҳарбий қурилишларни барча соҳилбўйи давлатлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мантиқий масофа доирасида амалга ошириш, бир-бирининг хавфсизлигига путур етказмаслик;

Каспий денгизида соҳилбўйи давлатларига тегишли бўлмаган қуролли кучлар бўлишига йўл қўймаслик;

Соҳилбўйидаги бирон-бир давлатнинг ўз ҳудудини исталган соҳилбўйи давлатига қарши агрессия ва бошқа ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун бошқа давлатларга бермаслиги;

ҳар бир соҳилбўйи давлати кемаларининг ўз ҳудудий сувлари сарҳадларидан ташқарида эркин сузиши;

Каспий денгиздан бошқа денгизлар ҳамда Дунё океанига эркин ўтиш ва қайтиш ҳуқуқи;

соҳилбўйи давлатининг Каспий денгизи экотизими етказган зарари учун жавобгарлиги.

Ҳужжатда жами 17 та банд мавжуд.

Бу Каспийбўйи мамлакатларининг ҳисоб бўйича олтинчи саммитидир. Аввалги саммитлар Ашхобод (2002 йил), Теҳрон (2007), Боку (2010), Астрахань (2014) ва Ақтау (2018) шаҳарларида ўтказилган.

2018 йил 12 августида Каспийбўйидаги беш мамлакат президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолаган. Бироқ Эрон парламенти мамлакат Каспий денгизи ҳудудининг энг кам қисмига эгалик қилишини айтиб, ҳали мазкур ҳужжатни ратификация қилган эмас. Аммо Озарбайжон, Россия, Туркманистон ва Қозоғистон парламентлари конвенцияни тасдиқлаган.

Конвенцияга кўра, Каспий денгизи суви юзасининг асосий қисми кўл эмас, балки денгиз деб ҳисобланади. Каспий денгизи умумий фойдаланишда қолади, унинг туби ва қазилма бойликлари ҳудуддаги қўшни давлатлар ўртасида ўзаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқ асосида тақсимланади. Кемачилик, балиқчилик, илмий тадқиқотлар ҳамда магистрал қувурлар ётқизиш ишлари ўзаро келишилган қоидалар асосида амалга оширилади.

Индонезия президенти Путинга Зеленскийнинг хабарини етказди

Индонезия президенти Жоко Видодо Москвада Владимир Путин билан музокаралар чоғида унга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг “бир хабари”ни етказган. Бу ҳақда Видодонинг ўзи матбуотга маълум қилди.

Индонезия раҳбари хабар мазмунини очиқламаган, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш учун бажонидил воситачилик қилажагини билдирган. Видодо Путин билан музокаралардан бир кун аввал, яъни 29 июнь куни Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган эди.

Путин билан Видодонинг учрашуви 30 июнь куни Кремлда бўлиб ўтган. ОАВлар қайдича, Индонезия президентини кутиб оларкан, Путин уни Россияда кўришдан мамнунлигини ва “бу унинг мамлакатга илк ташрифи эканини билиши”ни айтган. Ҳолбуки, Путин билан Видодо 2016 йил майида Сочида учрашган эдилар. Ўшанда ҳам Россия президенти Видодога уни қабул қилишдан жуда мамнун эканини изҳор этган.

Кечаги музокаралар чоғида Путин Видодога Индонезияга қишлоқ хўжалиги ўғитлари етказиб бериш давом эттирилишига ваъда берган, бу савдо алоқалари уруш туфайли оқсаб қолган эди. Айни пайтда Россия раҳбари Ғарб мамлакатларини глобал озиқ-овқат инқирозини юзага келтиришни истаётганликда айблаган.

Индонезия ҳозирда G20 (“Катта йигирматалик”) гуруҳига бошчилик қилмоқда. Жорий йилнинг ноябрида Индонезиянинг Бали оролида G20 саммити ўтказилиши белгиланган. Анжуманга Владимир Зеленский ҳам таклиф этилган. Бироқ у Владимир Путин ҳам саммитда бўлиши эҳтимолини назарда тутиб, ўз иштироки “у ерда кимлар бўлишига” боғлиқлигини урғулаган. Россия G20 гуруҳининг доимий аъзоси бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Жоко Видодо “Катта йигирматалик”нинг Балидаги саммитида Владимир Путин шахсан қатнашишини истисно этиб, Россия президенти билан мулоқот видеоалоқа орқали ташкил қилиниши билдирган эди.

Байден: “Россия Украинага бостириб киргани учун катта бадал тўлайди”

Жо Байден НАТО саммитидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида, Мадрид, 2022 йил 30 июни

Яқин кунларда Вашингтон Украинага ракетага қарши мудофаа тизимлари дохил қурол-аслаҳа соҳасида 800 миллион долларлик қўшимча ёрдам кўрсатишини эълон қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Мадриддаги НАТО саммити якунларига кўра ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирди.

“Биз Украинага қанча керак бўлса, шунча дастак берамиз”, деди Байден.

Оқ уй етакчисига кўра, Россия қўшни давлат ҳудудига бостириб киргани учун катта бадал тўлайди, уруш эса Украина мағлубияти билан тугамайди.

Ўз сўзида Байден урушнинг Россияга кўрсатишга улгурган таъсирига ҳам эътибор қаратди: мамлакат 15 йилда эришган иқтисодий ютуқларини бой берган, санкциялар туфайли қатор технологияларга йўл тўсилгани учун Москва нефть қазиб олиш соҳасида қийинчиликларга дуч келмоқда.

“Украина Россияга кучли зарбани аллақачоноқ бериб бўлди — Россия ўзининг халқаро майдондаги эътиборидан жудо бўлди. Россия шундай вазиятдаки, бутун дунё унга қараб: “Сиз бутун мамлакатни ишғол қилишга уриндингиз, Киевни эгаллаб олишга ҳаракат қилдингиз, аммо мағлуб бўлдингиз. Сиз Донбассни эгаллаб олишга уриндингиз ва ҳали ҳам бу ишни уддалай олганингиз йўқ”, деб айтаётгандай”, деди АҚШ президенти.

Байденга кўра, у уруш бошланмасидан олдин Россия президенти Владимир Путинни “агар у Украинага бостириб кирса, бундан НАТО нафақат кучлироқ, балки унинг сафи янада жипсроқ бўлиши” ҳақида огоҳлантирган.

“Путин альянсимиз ичига нифоқ сола оламан, деб ўйлаган. У бизни заифлаштираман ва альянс бўшашиб қолади, деб ўйлаган. Аслида у бунинг бутунлай тескариси бўлган натижага эга бўлди. У НАТОни финляндизация қиламан, деб ўйлаганди, аммо аксинча Финляндиянинг натолизациясига эришди”, дея билдирган Байден.

У Швеция ва Финляндиянинг альянсга таклиф қилиниши ортидан НАТО чегаралари яна 800 милга кенгайганини қўшимча қилган.

Франция президенти: Россия Украина билан урушда ғалаба қозонмаслиги шарт

Франция президенти Макрон НАТО саммитида нутқ сўзламоқда.

Россия Украина билан урушда ғалаба қозонмаслиги шарт, негаки бу Европа Иттифоқи хавфсизлиги учун таҳдид бўлади. Франция президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг Мадридда ўтаётган саммитида мана шундай баёнот берди.

Макрон саммит иштирокчиларига НАТО шарқий йўналишда ўз кучларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилганини ва бу қарор Москва таҳдидлари ортидан қабул қилинганини эслатиб ўтди.

Макрон фикрича, Россиянинг Украинага уруш очганини, Кремль иддао қилганидай, НАТОнинг Россияга агрессия қилиши эҳтимоли билан оқлаб бўлмайди.

Франция президенти ўз нутқи давомида Европа Иттифоқи Россиядан нефть ва газ сотиб олишни қисқартириш мақсадида ўз ички энергетика бозорини ислоҳ қилиши зарур.

Бундан аввал Макрон 15 июнь куни Украина президенти ва ушбу мамлакатнинг бошқа вакиллари “қачондир” Россия билан сулҳ музокаралари олиб боришига тўғри келиши ҳақида гапирган эди. Макроннинг бу каби баёнотлари Киевда норозилик уйғотган.

НАТО Бош котиби Столтенберг жорий саммит натижаларига баҳо берар экан, уни тарихий дея баҳолади. Унга кўра, НАТОга аъзо давлатлар лидерлари саммити кўп нарсаларни ўзгартирди. Жумладан, Россия иттифоққа таҳдид солувчи давлат сифатида тан олинди.

Саммитда Украинани бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Саммит иштирокчилари Украинага яқин кунларда яна 400 миллион евролик ёрдам кўрсатишга келишиб олди.

Бундан ташқари саммитда НАТОни кенгайтириш тўғрисидаги қарор маъқулланди. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Швеция ва Финляндия ташкилотга аъзо бўлишга ариза берди.

НАТО аъзоси бўлган Туркия дастлаб бунга қарши чиқди, аммо 28 июнда Анқара бу икки давлат билан муросага эришди. Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши тўғрисидаги протокол 5 июль куни имзоланиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG