Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Ўзбекистонда Интернет “авария вазияти”га тушди


16 январь куни бутун Ўзбекистон бўйлаб Интернет фаолиятида жиддий узилишлар юзага чиқди. Эрталабдан ҳам компютер¸ ҳам мобил телефонлар орқали Интернет глобал тармоғига уланмоқчи бўлган ўзбекистонликлар¸ бунга муваффақ бўла олмадилар. Озодлик билан суҳбатда Интернет хизмати кўрсатувчилар¸ муаммонинг мамлакатдаги ягона монополист ҳисобланган Ўзбектелеком билан боғлиқ эканини айтишди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра¸ 16 январь куни Интернетга уланмоқчи бўлган ўзбекистонликлар бунга муваффақ бўла олмаган. Айрим манбалар¸ бутун Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий вақт билан 13:30 дан бошлаб камида ярим соат Интернет мутлақ ўчиб қолганини айтса¸ Озодлик боғланган Тошкентдаги йирик Интернет кафе ходими¸ муаммонинг кун давомида кузатилаëтганини билдирди:

- Ўзбектелекомда муаммо чиқди¸ бугун бир ўчиб¸ бир ëниб турибди. Бу муаммо бутун Ўзбекистон бўйича шунақа. Айнан ҳозир ишлаяпти¸ беш минут олдин ишламаëтган эди. Аммо яна қанча ишлайди¸ буни биз билмаймиз. Биз Интернетни Ўзбектелекомдан оламиз¸ шунинг учун ҳеч нарса қила олмаймиз. Муаммо марказий провайдерда¸ деди Тошкентдаги йирик Интернет кафеларидан бири ходими.

Норасмий эътироф

16 январь кунги узилишлар юзасидан Ўзбектелекомдан расман изоҳ олиш уринишлари натижасиз қолди.

Аммо Ўзбектелекомдаги Озодлик радиоси манбасига кўра, муаммо тўлиқ бартараф этилмаган ва бутун республика Интернет резервдаги спутникдан ишлаяпти.

Маълум бўлишича,Ўзбектелекомнинг авария ҳолатлари учун махсус спутник орқали оладиган Интернети ҳам бор, аммо унинг мижозларни тўлиқ қондириш имконияти анча чекланган.

"Бутун мамлакат DialUp" да ўтиргандек ҳозир", дейди исми сир қолишини хоҳлаган компютер мутахассиси Озодлик радиосига.

Ўзбектелекомдаги Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистонга келадиган Интернет оқими - Қозоғистон орқали Россиядан келади. Бу йўналишдан олинган Интернет ҳам қимматга тушмоқда, ҳам анча секин ишлайди, дейди мутахассис.

Айни пайтда Ўзбектелеком мутасаддилари бу муаммони узоқ муддатга ҳал этиш йўллари устида бош қотирмоқда. Бунинг учун Қирғизистон орқали Хитой йўналишига сармоя ётқизилган.

Озодлик манбасига кўра, Ўзбекистон Қирғизистон билан чегара ҳудудигача оптик толали кабел ётқизиб қўйганига уч йил бўлган. Хитой ҳам Ўзбекистонга Интернет оқимини сотишга қарши эмас. Аммо Қирғизистон транзит учун катта пул сўрамоқда ва айни сабабга кўра бу лойиха тухтаб қолган.

Мамлакатдаги йирик Интернет провайдерларидан саналган Саркор телекомнинг Интернет хизмати учун масъул бўлими рақамларига сим қоқилганда¸ автожавобга қўйилган:

“Ҳозир авария вазияти. Яқин вақт ичида муаммо бартараф этилади”¸ деган мужда қайта-қайта такрорланди¸ холос.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги ахборот технологиялари бўйича мутахассислар¸ Ўзбектелеком расмийлари 16 январь кунги муаммонинг техник характерда эканини билдиргани¸ бироқ бу муаммо тафсилотларини очиқламаганини айтдилар.

Бундан бир неча ой аввал ҳам айни шундай узилиш қайд этилганида Ўзбектелеком муаммога Россиядан Қозоғистон орқали келувчи оптик толали кабел магистралида юз берган авария сабаб бўлганини билдирган эди.

Ўзбекистондаги Интернет провайдерлари траффикни бу соҳанинг ягона монополисти саналган Ўзбектелекомдан олади¸ Ўзбектелеком миллий оператори эса ўз навбатида хориждан келадиган траффикка қарам – миллий интернет траффиги Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи оптик толали кабел орқали Россиядан олинади.

Озодликнинг янги медиа бўйича таҳлилчиси Тўлқин Умаралиев¸ ҳозирча расман очиқланмаëтган жорий муаммога ҳам айни шундай техник носозлик сабаб бўлган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмайди. Айни пайтда¸ бу узилишнинг ҳукумат томонидан Интернетни назоратга олиш амалиëтидаги бир босқич бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этади:

- Биринчидан¸ ташқаридан келаëтган Интернет ўчиб қолган ¸ яъни Қозоғистондан ўтадиган оптик-тола кабелига шикаст етган бўлиши мумкин. Ëки Ўзбекистон ҳукумати тарафидан Интернет билан боғлиқ бирор амалиëт ўтказилаëтган бўлса¸ улар ташқаридан келаëтган Интернетни ўчириб¸ фақат ичкаридаги Интернетга ëхуд Интранетга эркинлик бериши мумкин. Бу нарсани қилса бўлади ва буни Эрон мисолида кўриш мумкин¸ дейди Умаралиев.

Twitter “ўзнет” ҳақида

Интернетга уланишда юзага чиққан муаммо ҳақида ўзбекистонлик Twitter фойдаланувчилари ҳам дарҳол хабар тарқатдилар.

Twitterдаги ëзувлар
Twitterдаги ëзувлар
“Қойил, яна узилиб қолди ҳамма. Ўзбекистон сайтлари яна очилмаяпти.Сизга Ўзбекистондагилардан кимдир шу охирги 1-2 дақиқа ичида нимадир ёздими? Твиттердами, бошқа жойдами?” деб твитдошларидан сўраган @muhsin “ манда Фейсбукда Ўзбекистондан ҳеч ким онлайн эмас, ҳеч ким!” деб ëзди. Бунга жавобан @sherzod “Sen haqsan menda ham shunday ekan. Tinchlikmikan?” деб ëзган бўлса¸ Bosco “у меня то же самое. что-то случилось с интернетом” деб жавоб берди.


2013 йилнинг сўнгги ойларида Озодликка мурожаат қилган аксар муштарийлар¸ “2014 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати Интернетни¸ хусусан¸ мобил Интернетни узиб қўяр экан. Twitter, Facebook, Одноклассники каби ижтимоий тармоқлар Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилар экан. Шу тўғрими?” деган саволга жавоб истадилар.

2014 йилнинг 16 январь куни бутун Ўзбекистон бўйлаб Интернетга боғланишда кузатилган узилишлар¸ кўпчилик мижозлар томонидан ана шу тақиқ ва ялпи узилишга тайëргарлик сифатида талқин этилди.

Ўзбекистондаги айрим кузатувчилар¸ президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг Twitter тармоғи орқали ҳокимият юқори поғоналарида бораëтган ички курашни жамоатчиликка сиздира бошлагани¸ хавфсизлик кучларини ўзлари учун ноқулай вазият туғилган кезда¸ Интернетни ўчириб қўйиш ҳадисини олишга ундаганини қайд қилмоқдалар.

Ўзбекистон – Интернет душмани

Ўзбекистон Чегара билмас мухбирлар каби қатор мустақил халқаро ташкилотлар томонидан дунëдаги Интернет душмани деб топилган давлатлар рўйхатида қолиб келаëтир. Ҳукумат йиллардан бери мустақил оммавий ахборот воситалари ва мухолифат саҳифаларини тўсиб қўйган. Ўзбекистонда ëпилган сайтлар орасида Озодлик саҳифаси ҳам бор.

Айни пайтда¸ Интернет тезлик ва сифатига оид статистика йиғиш билан шуғулланувчи Оokla ширкати рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон Интернет тезлиги бўйича жаҳондаги 188 мамлакат ўртасида 170-ўринга қўйилди.

Бу рейтингга мувофиқ Ўзбекистон Интернет тезлиги бўйича минтақадаги ўз қўшнилари Қозоғистондан 118 поғона, Тожикистондан 113 поғона, Қирғизистондан эса 89 поғона пастга қўйилди ва бу соҳада фақат 30 йилдан бери урушдан боши чиқмаëтган Афғонистонгина Ўзбекистондан ëмонроқ бўлиб чиқди.
XS
SM
MD
LG