Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:36

Уйи бузилган фуқароларга товон тўламаган мулозимлар жазоланди


Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастури оқибатида кўплаб ўзбекистонликлар уйсиз қолди.
Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастури оқибатида кўплаб ўзбекистонликлар уйсиз қолди.

Уйлари бузилган ва ер участкалари давлат тасарруфига ўтган фуқароларга қонунда белгиланган товонни тўламаган маҳаллий ҳокимликлар Адлия вазирлиги танқидига дуч келди. Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи Муродилла Турсунметовнинг “Адолат ва қонун” газетасида ëзишича, 2013 йилда биргина Наманган вилоятида мулозимлар 61 ҳолатда қонун талабларини бузиб, уй жойи бузилган аҳоли вакиллари товон олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.


Озодликнинг Наманган вилояти ҳокимлигидаги манбасига кўра¸ Адлия вазирлигидан келган тақдимномадан кейин уйи бузилган фуқаролар ишини пайсалга солиб¸ уларни товон олишдан маҳрум қилган бир неча мулозимга нисбатан интизомий чора кўрилган.

-Адлия вазирлигининг вилоятдаги ҳудудий бўлими уйи бузилган аҳолига ер участкалари ажратиб берилмагани юзасидан ҳокимликда текшириш ўтказди. Бу текширишда норматив ҳужжатлар қонунга зид тузилгани аниқланди. Бу юзадан Адлия вазирлиги тарафидан вилоят ҳокимлигига танқидий тақдимнома берилди. Тақдимномадаги эътирозлар юзасидан ҳокимлик ходимларига интизомий чора кўрилди¸ дейди Озодликнинг Наманган вилояти ҳокимлигидаги манбаси.

Суҳбатдошнинг тушунтиришича¸ уй – жойлари давлат тарафидан бузилган фуқароларга етказилган моддий зарар маҳаллий бюджет тарафидан қопланиши керак:

-Мутасаддиларнинг сансалорлиги боис товон ололмаган фуқаролар аризаси Адлия вазирлиги тақдимномасида кўрсатилган камчиликларни бартараф қилиш асносида қайта кўриб чиқилди. Уй жойи бузилган фуқаролар қонунда кўрсатилган тарзда товон олишди¸ дейди Озодлик манбаси.

Адлия вазирлиги расмийсига кўра, идоранинг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси тарафидан Бухоро ва Қўқон шаҳарлари¸ Олот¸ Зангиота¸ Бешариқ ва Риштон туманларида ўтказилган текширувларда аҳолига товон тўлашда қонунга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғи Муродилла Турсунметов идоранинг расмий нашри ҳисобланмиш “Адолат ва қонун” газетасида ëзишича¸ кейинги беш-олти ой ичида Наманган вилоятида 61¸ Бухоро вилоятида 47¸ Сурхондарëда 22, Қашқадарëда 18 Жиззах вилоятида 9 ҳамда Фарғона вилоятида 7 норматив ҳужжат мавжуд қонунларга зид тарзда тзулиб¸ аҳолини компенсациядан махрум қилган.

Озодликка маълум бўлишича¸ Жиззахда уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ва Адлия вазирлиги тақдимномаси ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пулини тўлашга мажбур бўлган.

Ўтган йилнинг март-апрел ойларида Жиззахнинг Шароф Рашидов ва Алишер Навоий кўчаларида шаҳар марказини реконструкция қилиш доирасида ўнлаб аҳоли уйлари бузилган эди.

Бунинг оқибатида юзга яқин оила уйсиз қолган, лекин уларга ваъда қилинган товон пули берилмаган эди.

Жиззах шаҳар ҳокимиятининг исмини айтмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, уйи бузилган оилаларга товон пули ўтган ой охирида тўлаб бўлинганини таъкидлади.

Озодлик радиосининг Хоразм вилояти адлия бошқармасидаги манбасининг айтишича¸ ҳокимлик вакиллари бюджетдан товон тўламаслик мақсадида қонунга зид ҳужжатларни тузиб, фуқаролар ҳақига ва омонатига ҳиëнат қилишмоқда:

-Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонунчилик талабларини бузган ҳолда ўзларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарори лойиҳаларини адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилиш ҳолатларига йўл қўйиб келинмоқда.

Бу ўз навбатида улар томонидан қабул қилинадиган қарорларни қонунчилик техникасига мос равишда ишлаб чиқилмаслигига ёки қарорларни қабул қилиш жараёнида нотўғри амалиётнинг шаклланишига, қарорларга қонун ҳужжатлари талабларига зид ҳолатлар кўпайишига олиб келди, дейди суҳбатдош.

Манбага кўра¸ 2012 йилнинг 24 декабрида қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида маҳаллий ҳокимиятнинг ҳар бир ҳужжати ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозим.

-Акс ҳолда уйи бузилганларга товон бермаслик каби қонунсизликлар келиб чиқади. Ҳокимликлар товон тўлаш борасида норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжат тузиш ўрнига фармойиш билан фуқароларни товондан маҳрум қилиш ҳолатларига чек қўйиш лозим¸ дейди суҳбатдош.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон бўйлаб “намунавий уйларни қуриш ва ободонлаштириш” давлат дастурининг амалга оширилиши оқибатида кўплаб ўзбекистонлик ўз уйлари, ерлари ва бошқа турдаги мулкидан маҳрум этилиб, аксар ҳолларда товон пули ололмаётгани кузатилмоқда.

Айниқса, қиш мавсумида ҳам тўхтамаган “ободонлаштириш” дастури оқибатида вилоятларда аҳоли уйлари бузилиб, эгалари кўчада қолганига доир ҳолатлар кузатилди.

Бундан ташқари “намунавий уйларни қуриш” ҳаражатларининг ўқитувчи, шифокорлар ва бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг зиммасига юклатилаётгани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган.

Маҳаллий ҳокимиятларни танқид қилган адлия вазирлиги, давлат дастури Ўзбекистон марказий ҳокимияти ташаббуси ва қаттиқ назорати остида амалга оширилаётганини қайд этмаган.
XS
SM
MD
LG