Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:50

Блог: Ўзбекистонда кечаси жононга бориш учун лицензия олиш керак


“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси савоб иш бошлади: эндиликда бу муассасанинг махсус комиссияси ҳар бир янги қўшиқни назоратдан ўтказиб, уни махсус гувоҳнома билан таъминлайди. Ташкилот вакили Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг маҳаллий жарналистларга айтишича, мақсад "маънисиз қўшиқлар яралишининг олдини олишга эришишдир".

“Ўзбекнаво”нинг ташаббусини олқишлаган бир тингловчимиз Озодлик билан боғланиб, бир ойдан кейин иш бошлайдиган комиссияга ўз таклифларини етказиб қўйишни сўрадики, унинг айтганларини ёзиб олдик.

- Миллатнинг, Рауф Парфи ибораси билан айтганда, “ғоявий жиҳати”ни ихоталашни ўзининг корпоратив зиммасига олгани учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбариятидан энасини тўйиб эмган бузоқдай миннатдорман, деб гап бошлади тингловчи.

Айни пайтда, ўзини Тақиқ Тарапдорийип, деб таништирган тингловчимиз фикрича, Бирлашма бошлаган иш бироз чаладир. Яъниким, гувоҳномалар фақат энди ёзиладиган қўшиқларга жорий этилмоқда.

- Хўш, шу пайтгача ёзилган ашулалар ҳужжатсиз қолаверадими, деб масалани қобирғасидан қўйди у, - ретрони қўмсовчиларнинг кўнгил кўчасига кириб ғоявий жиҳати заиф, партия ва ҳукуматнинг бош линиясига ёт, мафкураси бузуқ хиргойилар радио ва Интернетга чиқиб кетаверса, ҳар-хил бало-қазолардан асраб-авайлаб ўстираётганимиз янги авлодни бузиб олмаймизми?

Тақиқ Тарапдорийип фикрининг исботи учун бир неча қўшиқни мисол келтирар экан, ҳар бир мисол кетидан Бирлашма махсус комиссияси қарори лойиҳасини ҳам тақдим этди.


Қўшиқ рақам 1:

Пойизингни жилдирган,
Ўтхонаси билан дўнгалаги
Двинскага кетди Андижонни
Мард йигитининг бир бўлаги.


Комиссия хулосаси лойиҳаси (КХЛ): Бу қўшиқ, биринчидан, Украина можароси фонида Тошкент-Москва муносабатларига акс таъсир кўрсатиши, иккинчидан, бир неча миллион ўзбек мардикорининг Россияда ишлаб юрганига ишора бўлиб эшитилиши мумкин.

Қарор: Гувоҳнома берилмасин.


Қўшиқ рақам 2:

“Победа”нинг эшиги очилса ёпилмайди,
Фабриканинг қизлари червонга сотилмайди


КХЛ: Қўшиқни ундаги Совет даврини эслатувчи “Победа”ни Асакадан чиқаётган “Нексия”га алмаштириб сақлаб қолса ҳам бўлар эди. Лекин “фабрика қизларининг червонга сотилмаслигини” эслатиш уларнинг Рус рублига, Турк лирасига, Озарбайжон манатига, Таиланд батига, Грузин ларисига, БАА дирҳамига, Тожик сомонийсига ва бошқа қатор валюталарга сотилаётганига ишора бўлиши мумкин.

Қарор: гувоҳнома берилмасин.


Қўшиқ рақам 3:

Куларман бир унга, бир бунга қараб,
Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр.


КХЛ: Бу қўшиқ муаллифи келтирилган сатрларни “Куларман бир сенга, бир сенга қараб, Қўйнимдаги сенсан, кўнглимда ҳам сен”, деб ўзгартиришга рози бўлса, марҳамат, айтаверсин ашуласини. Асл вариант эса, тингловчи шуурида ўйнаш тутишни машруълаштириб қўяди. Демак, матн ўзгартирилмаса,

қарор: гувоҳнома берилмасин.


Қўшиқ рақам 4:

Жононга бордим бир кеча,
Бир бир босиб астогина.
Жанон ётур ноз уйқуда,
Чертдим эшик астогина.


КХЛ: Бу қўшиқни шарҳлашгаям одам ийманади. Бунга қиёсланса, қўшиқ рақам 3 моральний тоза кўринади.

Қарор: гувоҳнома берилмасин.


Қўшиқ рақам 5:

Лаълихон ҳайда қўйингни боқаман,
Лабларингда писта-бодом чақаман.


КХЛ (Комиссия хулосаси лойиҳаси): Бу қўшиқ қаҳрамонлари ҳаётининг аниқлик киритилиши зарур бўлган жиҳатлари мавжуд. Биринчидан, лирик қаҳрамоннинг қўй боқишга лицензияси борми, солиқдан қарзи йўқми, коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ тўлаганми? Иккинчидан, Лаълихоннинг боши очиқми-йўқми, балки у бировнинг ҳалол хотинидир? Бу саволларга аниқлик киритишини сўраш керак муаллифдан. Акс ҳолда

қарор: гувоҳнома берилмасин.

Тақиқ Тарапдорийип мухбирингиз билан суҳбат давомида “Дўлана”, “Сумалакдан тош топдим” ва бошқа ўнлаб қўшиқлар юзасидан ҳам фикрларини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг янги қўшиқларни назоратдан ўтказиб, уларни махсус гувоҳнома билан таъминлайдиган махсус комиссиясига етказиб қўйишни сўрадики, биз уларни Бирлашмага почта орқали заказной хат билан жўнатишга сўз бердик.

Шунча кетганнинг бири, майли, заказной хат пулиям биздан. Ахир гап миллатнинг, Рауф Парфи ибораси билан айтганда, “ғоявий жиҳати”ни ихоталаш устида кетаяпти!

Тақиқ Тарапдорийип суҳбат адоғида махсус комиссия мумтоз ашулаларниям назардан қочирмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, ишни Шашмақомнинг ғоявий-мафкуравий мазмунини тафтиш қилишдан бошлаш керак.

Шу фикр айтилганидан сўнг суҳбат узилдию бироздан сўнг телефонимиздан яна “Воҳай бола” янграй бошлади. (Узр, “Воҳай бола” – телефонимизнинг рингтони, уни ўчириб, ўрнига маънавий бақувват рингтон ёзишга сўз берамиз)

- Лаббай, дедик.

- Яна мен, Тақиқ Тарапдорийиппан, деди Тақиқ Тарапдорийип, гап мундай, ўйлаб қарасам, ўзбекнинг биронта ҳам ўянсиз қўшиғи йўқ экан. Шунинг учун биратўла ҳаммасини тақиқлаб қўявериш керак.

- Тарапдорийип брат, ахир одам қўшиқсиз яшай олмайдику?!

- Биламан, шунинг учун ҳарбий маршларни қолдирса бўлади. Бу соҳада жаҳон тажрибаси ҳам бор. Масалан, фақат ўз кучига таянадиган, яъни Чўчхе таълимоти билан яшайдиган Шимолий Кореяда карисларга эрталабдан кечгача, кечдан эрталабгача фақат ҳарбий маршлар эшиттирилади. Ўзбекистон эса, ўзингиз биласиз, ҳеч кимдан кам эмас, ўзига хос ва ўзига мос мамлакат, яъни карисларникидан кам эмас таълимотимиз. Тушундингизми? Хуллас, шу гапни “Ўзбекнаво”га етказинг, деб тайинлади Тақиқ Тарапдорийип.

- Хўп, дедик, заказной хатга илова қиламиз.

Тақиқ Тарапдорийипнинг айтмишларини нашрга
Сарвар Усмон тайёрлади.
XS
SM
MD
LG